Хаворижлар (1-қисм)

Ҳижрий бешинчи асрнинг йирик илоҳиётчи, муфассир ва мунозарачи олими Абулмузаффар Исфароиний қаламига мансуб “ат-Табсир фид-дин ва тамйиз ул-фирақин-нажия ъанил-фирақил-ҳаликин” номли асарининг бешинчи боби.

Таржимон: Ботиржон қори

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Умумий хаворижлар тоифаси йигирмата оқимга бўлинади. Иншааллоҳ рисолада улар ҳақида маълумот оласиз. Буларнинг ҳаммасини асосан икки ақида бирлаштиради:

1. Ҳазрати Али, Усмон, “Жамал воқеаси” иштирокчилари, икки ҳокимлик[1] ва икки ҳокимликни тан олганларнинг барчасини кофирдир—деган бузуқ ақида;

2. Уммати муҳаммадиядан ким гуноҳ қилса, бас, у кофирдир ва жаҳаннамда абадий қолади—деган ботил ақида;

Аммо хаворижлар ичида “ан-Наждот”ларнинг фикри бу масалада сал бошқача бўлган: улар гуноҳ қилган киши иймондан ажраб кофир бўлмайди, бироқ неъматга шукр қилмаганлари учун куфрони неъмат маъносида кофир бўлди дейилади, деган ғояни илгари суришади.

Шунингдек, уларни бирлаштириб турувчи машҳур ғояларидан яна бири “золим ситамкор раҳбарга қарши чиқиш жоиз” деб билишларидир!

Хаворижлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини кофир деб фатво беришганлари оқибатида уларнинг ўзлари иймонларидан ажраганида шубҳа йўқдир.

Биринчи оқим

Хаворижлик ақидаси остида бирлашувчи оқимларнинг аввалгиси “ал-муҳаккима ал-увла” деб номланган[2]. Хаворижлар ичида биринчи бўлиб “ҳукм фақат Аллоҳники бўлади”, деган ғояни илгари сурган шахс Мардос хорижийнинг акаси Урва ибн Ҳудайр эди. Баъзи тарихчилар томондан Язид ибн Осим муҳорибий деган маълумотлар ҳам бор. Айтилишича Урва “Бани яшкур” қабиласидан бўлиб “Сиффин” жанггида Али розияллоҳу анҳу билан туриб Муовия розияллоҳу анҳуга қарши жанг қилган. Икки лашкар бирлашиб кетгач, у майдон ўртасига чиққан ва икки лашкар аскарларидан биттадан одамни ўлдириб майдонда: “мен Алига ҳам, Муовияга ҳам қаршиман, уларнинг ҳукми ҳукм эмас. Ҳукм фақат Аллоҳникидир!”—деб ҳайқиради. Урвани ўша заҳоти Ҳамадонлик бир аскар ўлдирган. (Урванинг шу ҳайқириғи Ислом уммати учун тасаввур қилиб бўлмас даражада улкан фитналар, миллионлаб мусулмонларнинг ёстиғини қуритиши-ю кўплаб обод ерларнинг вайрон қилинишига асос бўлишини у ерда хозир бўлганларнинг бирортаси ҳали билишмас эди.)

Кейин “Сиффин жангги”да ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тарафдорларидан бўлган бир гуруҳ Урванинг ҳайқириғидан таъсирланади ва у илгари сурган ғоя тўғри деган шубҳа уларга тинчлик бермай қўяди. Ҳазрати Али билан Кўфага қайтиб келишгач, у кишидан ажраб чиқиб Ҳаруро[3]га қайтиб кетишади. Улар ўн икки минг нафар жангчи эди. Шундан кейин “ҳарурийлар” деб номлана бошлашди. Уларнинг бошлиғи ўша вақтда Абдуллоҳ ибн Кувоа ва Шибс ибн Рабъийлар[4] эди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уларга қарши чиқади ва илмий асосли тарзда ҳужжатлар билан мунозара қилади. Абдуллоҳ ибн Кувоа[5] минг нафар атрофидаги жангчилар билан тавба қилади ва ҳазрати Алидан омонлик тилаб авф сўрашади. Қолганлар эса залолатда қолишади ва Наҳравон[6] тарафга чиқиб кетишиб, ўзлари ичидан икки кишини амир этиб сайлаб олишади. Улар Абдуллоҳ ибн Ваҳб Росий[7] ва Ҳарқус ибн Зуҳайр ал-Бажлий[8] иккиси бўлган.

Хаворижлар шу кетишда Наҳравон йўлида Абдуллоҳ ибн Хаббоб ибн Арс[9] розияллоҳу анҳуга йўлиқишади. Хаворижлар у кишига: “бизга отангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадисларидан айтиб беринг”—деб сўрашади. Шунда у киши: Отамдан эшитганман, у шундай дерди: “Яқинда катта фитна бўлади. Унда ўтириб олганлар тик тургандан яхшироқдир! Тўхтаб олганлар юрганлардан яхшироқдир! Секин одимлаганлар чопқиллаб югурганлардан яхшироқдир! Кимки ўша фитнада ўлдирилиши мумкин бўлса-да, бировни ўлдиришга асло қасд қилмасин!”[10]деган мазмундаги ҳадисни сўзлаб беради. Бироқ, бу ҳадис хаворижларга маъқул келмади. Чунки бу ҳадисда айнан улар назарда тутилган эди. Ҳадисни эшитгач уларнинг асаблари ўйнаб Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ўлдириш пайига тушишди ва ўлдиришди ҳам. Ул зотнинг қонини сувга оқизишди. Қон сув юзасида худди узун тасма каби дарёнинг бир тарафидан иккинчи тарафигача чўзилиб оқди. Қаттоллар Абдуллоҳ ибн Хаббобнинг ўзи билан кифояланишмади, балки, у кишидан кейин унинг уйига бостириб бориб болаларини ва аҳли оиласидагиларни ҳам ўлдиришди. Тақдирида адашиш битилган кўплаб одамлар хаворижларга қўшила бошлади, уларнинг шон-шавкати ортиб сон-саноғи кўпайиб кетди.

Шундан сўнг ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тўрт минг нафар жангчи билан ҳаворижлар устига лашкар тортади. Лашкарнинг бошида Адий ибн Ҳотам ат-Тоий[11] эди. Лашкар одимлаб бораркан, хаворижларнинг айбларини айтиб қораланган ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга таҳсинлар ёзилган шеърни айтишиб, бир-бирларини руҳлантириб боришарди. Уларга яқинлашганда Али розияллоҳу анҳу бир элчи юбориб Абдуллоҳ ибн Хаббобнинг қотилини топширишларини сўрайди. Хаворижлар: “уни ҳаммамиз тенг ўлдирганмиз, имкон туғилса сени ҳам ўлдирамиз”—деб жавоб беришади.

Шунда Али розияллоҳу анҳу уларнинг қаршисига чиқиб дейди:

— Эй қавм, мендан ажраб кетишингизга сабаб бўлган қандай гиналаринг бор?

— Улар: биз “Жамал” воқеасида сенинг ёнингда турдик ва рақибни қувиб солдик. Ўшанда бизга уларнинг молини ҳалол қилдинг, бироқ хотинлари ва болаларини асир олишимизга изн бермадинг. Жангда енгилганларнинг моли ҳалолу хотин ва болалари ҳаром бўларканми?! Сен бизга ё иккисни ҳам ҳалол қилишинг ё бирданига барини ҳаром қилишинг керак эди—дейишди.

— Али розияллоҳу анҳу бу ишининг сабабини тушунтирди: аввало, молларини мубоҳ қилишимнинг сабаби шуки, улар мен етиб боришимдан олдин Басрада байтулмолга бостириб киришган эди. Шуни жазоси ўлароқ уларнинг молларини сизларга ҳалол қилдим. Жамал воқеасида уларнинг хотинлари ва болалари қатнашмади. Улар бегуноҳ эди. Шу билан бирга улар мусулмонлардир! Мусулмон аёл ва болаларни асир олиш ва қул қилиш жоиз эмас! Шунингдек, агар уларнинг хотинларини сизларга ҳалол қилсам бирортангиз Оиша розияллоҳу анҳони ҳам асир олган бўлардику?! Ҳазрати Алидан бу жавобни эшитган хаворижлар хижолат бўлишди лекин барибир паст келмасдан ул зотга яна шундай эътироз қилишди:

— Сенга гина қилиб қарши чиқишимизга бошқа сабаб ҳам бор: Сен Муовия билан келишув куни шартномага “Мўминлар амири Али ибн Абу Толиб ва Муовия келишув қиладики…”—деб ёзган эдинг. Муовия сен билан баҳслашди ва: “сени мўминлар амири деб тан оладиган бўлсак сенга қарши чиқмас эдик”—деди. Худди шу вақтда сен келишув шартномасидан ўз исмингни ўчириб ташладинг. Агар мўминлар устида рост раҳбар бўлганингда Муовияга розилик бермасдинг…?!—дейишди.

— Али розияллоҳу анҳу бу ишига ҳам изоҳ берди: Мен Набий алайҳис-салом қилган ишни қилдим. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суҳайл ибн Амр[12] билан сулҳ тузган чоғда шартномага аввал: “Бу—Аллоҳнинг расули Муҳаммад ва Суҳайл ибн Амр шартномасидир”—деб ёзгандилар. Шунда Суҳайл эътироз билдириб: “Сени Аллоҳнинг расули деб билганимизда сенга қарши чиқмасдик. Сен отанг ва ўз исмингни ёз”—деган. Набий алайҳис-саломнинг буйруғи билан аввалги ёзув ўчирилиб, ўрнига “Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ва Суҳайл ибн Амр шартномаси”—деб ёзилган эди. Ўшанда менга Расулуллоҳ: “яқинда куни келиб сен ҳам шу кўйга тушасан”—деган эдилар. Мен ҳам Муовия билан келишув шартномамизда исмимни “амирул-мўминин” деган сифатни ўчириб. Фақат исмимни ёзишим Расулуллоҳнинг изни билан ва Ул зотга тобелик билан бўлган.

— Кейин хаворижлар айтишдики, нега сен икки ҳокимликка рози бўлдинг? Нега ўшанда “халифаликка лойиқ бўлсамгина тасдиқланглар”—дединг. Нега ўз халифалигингда шакка бординг. Агар иккиланмаганингда ундй демасдинг?! Ва халифалик даъвосини қилмасдинг?!

— Али розияллоҳу анҳу уларга яна тушунтира кетди: хусуматчиларимга нисбатан инсофли бўлишни истадим. Ва улардаги нафрат ҳиссини сўндирмоқчи бўлдим. Агар икки ҳокимлик даврида “менга овоз беринглар, менга ҳукм беринглар”, деб айтганимда, бунга Муовия рози бўлмасди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Нажронлик насронийлар билан лаънатлашув пайтида худди шундай йўл тутгандилар. Ул зот насронийларга: “Сизга келган илмдан кейин, ким сиз билан у ҳақида тортишса: “Келинглар, бизнинг болаларимизни ва сизнинг болаларингизни, бизнинг аёлларимизни ва сизнинг аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра ёлбориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз[13]—дедилар. Расулуллоҳнинг насронийлар билан баҳсда бундай шартни таклиф қилишлари аслида инсоф юзасидан бўлган, Ўзларининг расул эканликларида шакка борганидан эмас.

Бунинг мисолини ушбу ояти каримада ҳам кўриш мумкин: “Сиз: “Сизга осмонлару ердан ким ризқ берур?” деб айтинг. “Аллоҳ берур! Албатта, биз ёки сиз ҳидоятда ёхуд очиқ-ойдин залолатдадирмиз”[14].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни Баний Қурайзада ҳакам қилиб тайинлашларида ҳам аслида яҳудларга нисбатан инсофли бўлишлари асос бўлган эди. Аслида эса ҳакамлик Расулуллоҳники эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша ишлари комил одиллик ва тўғрилик билан эди. Мен эса янглишдим. Шунинг учун шу балоларга гирифтор бўлиб турибман.

Али розияллоҳу анҳу хаворижларга ўз ишларининг сабабларини ҳужжатлари билан тушунтириб бергач, улардан саккиз минг нафари тавба қилиб У кишидан омонлик сўрашди. Тўрт минг нафари эса ўз фикрларида қолиб жанг тарафдори бўлишди. Ҳазрати Али тавба қилганларга: “улар орасидан ажралиб мен тарафга ўтинглар”—деб амр қилди. Тавба қилмаганларга қарши жангга киришишдан олдин Али розияллоҳу анҳу ўз аскарларига шундай дейди: “Биздан ўлганлар ўн нафарга етмасин, улардан эса ўн киши ҳам нажот топмасин!”. Жанг бошланди. Аллоҳнинг қудрати ила тўрт минг хаворижга қарши кечган жангда Али розияллоҳу анҳунинг лашкарларидан атиги тўққиз кишигина ўлдирилди холос. Хаворижлар эса тамом қириб битирилди илло, тўққиз нафари қочиб қолишга эришди.

Жанг бошида Ҳарқус ибн Зуҳайр деган хорижий Али розияллоҳу анҳунинг қаршисига чиқиб: Аллоҳга қасамки, сен билан жанг қилишдан фақат Аллоҳнинг розилиги ва охиратда нажот топишни мақсад қилганмиз—деб қасам ичди. Ҳазрати Али эса унга жавобан Аллоҳ таолонинг ушбу оятини тиловат қилди: Сиз: “Сизларга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? * Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, ўзларини гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир”, деб айтинг”[15].

Кейин уларга ташландилар ва Абдуллоҳ ибн Ваҳбни яккама-якка олишувда ўлдирди. Жанг авжига чиқиб кетди. Ҳазрати Алининг асҳоблари бидъатчиларга қарши шиддат билан ташланар, уларни ер билан яксон қилишга астойдил киришиб кетган эдилар. Ва ниҳоят бидъатчи хаворижлар қирилиб битди. Улардан атиги тўққиз нафаригини аранг омон қочиб қолишди. Улардан икки нафари Сижстонга қочиб борди. Яна икки нафари Ямандан паноҳ топди. Икки нафари Уммонда жон сақлади. Икки нафари Жазирада, сўнгги биттаси эса акбор ноҳиясида яширинди. Хозирги кундаги хаворижлар ўша тўққиз нафар хаворижларга эргашиб кўпайган издошлари ҳисобланишади.

Али розияллоҳу анҳу аскарларига Елиндорни топиб келишларини буюрди. Аскарлар уни яшириниб ётган еридан тутиб келтиришди. Текшириб кўришса унинг ҳақиқатан ҳам худди хотинларники каби эмчаги бор экан. Шунда Али розияллоҳу анҳу: Аллоҳ ҳам, расули ҳам рост айтган экан!—деди ва елиндорни ўлдиришга амр қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанггида ўлжа олинган молларни тақсимлаётган чоғида худди ўша елиндор Ул зоти шарифга: “Ҳой Муҳаммад адолат қил, адолат қил!”—деганди. Шунда унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “хароб бўлгур, зиён тортгур, мен адолат қилмасам бошқа ким адолат қилади?!”—дейди. Кейин: “шу одамни орқасидан бир қавм чиқади, улар диндан худди камондан ўқ отилиб чиққани каби чиқиб кетишади”—дедилар[16].

Хаворижлардан “ал-муҳаккима ал-увла” деб номланган тоифанинг қисқача тарихи шудир. Булар ҳазрати Али ва Усмон розияллоҳу анҳумани, шунингдек, ислом миллатига мансуб фосиқарни кофир деб ҳукм қилишлари учун ўзлари ҳам кофир бўлиб кетишган.

Вақтлар ўтиб Ироқ томонлардан яна бир хорижий тоифа чиқди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу то дор ул-бақога кўчиб, жаннатларга эришгунига қадар уларга махсус ислом лашкарларини жўнатиб, уларга қарши кўплаб жанг олиб борди. Хаворижларнинг кейинги авлодлари ҳам биринчи оқим бўлмиш “ал-муҳаккима ал-увла” тоифаси олға сурган бузуқ ақида ила эътиқод қилишарди. Уларнинг ақидавий бирдамлиги ҳам узоққа бормади. Уларнинг ичидан “Азориқалар” ажраб чиқди. Шу билан улар ичида ихтилоф бошланди.

Давоми бор.

Изоҳлар:


[1] “Икки ҳокимлик”—деганда ҳазрати Али ва Муовия розияллоҳу анҳунинг ўзаро сулҳи назарда тутилган. Ҳижрий 36 йили халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қатл этилгандан кейин, у кишининг қариндоши Муовия розияллоҳу анҳу ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳуларнинг тарафдорлари орасида кескин қарама-қаршиликлар келиб чиқади. Муовия розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари халифа Али розияллоҳу анҳудан учинчи халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг қотилларини топиб жазолашни талаб қилишарди. Ҳазрати Али халифаликка мутасадди бўлгач, орадан икки йил ўтиб 38 йили икки орада уруш бошланди ва бу уч ой давом этади. Охир оқибати янада аянчли тугаши мумкин бўлган вазият халифа Али розияллоҳу анҳу тарафдорларини Муовия розияллоҳу анҳу тарафдорлари (умавийлар) билан келишув музокараси олиб боришга мажбур қилади. Бу ҳолат эса Али розияллоҳу анҳу тарафдорларидан бир қисмига маъқул келмайди (манбаларда 12 минг киши дейилган) ва улар халифа Али розияллоҳу анҳуни келишувчиликда айблаб, у кишидан ажраб чиқиб кетишади. Ва кейинчалик халифа Али розияллоҳу анҳуга ҳам, умавийларга ҳам қарши уруш эълон қилишади. Худди шу 12 минг кишилик гуруҳ ХОРИЖИЙЛАР деб тарихга муҳрланади. Яъни, ҳаққоний халифа итоатидан бўйин товлаб ажраб чиққанлар.

[2] Бундай ном олишларига уларнинг “ҳукм фақат Аллоҳникидир” деган фикрни илгари суришлари эди. Уламолар бу фикрлари ҳақида қуйидаги хулосани берганлар: “калиматун ҳаққун урийда биҳал-батил” (ҳақ сўз, бироқ у билан ботил мақсад кўзланган).

[3] Кўфадаги шаҳар номи. Ҳаруро “ҳарурия”ларнинг пайдо бўлиш маркази бўлган.

[4] Бу одам Али розияллоҳу анҳу хаворижларга қарши жанг қилган чоғда у кишининг лашкорбошиларидан эди. Ҳазрати Алига хоинлик қилиб хаворижларга қўшилиб кетган ва улар ичида раислик даражасига кўтарилган

[5] Абдуллоҳ ибн Кувоа Али розияллоҳу анҳунинг насиҳати ила тавба қилган.

[6] Бағдод ва Халвон оралиғидаги жой номи.

[7] Хаворижларнинг раисларидан бири. Ҳижрий 38 йили “Наҳрувон” жангида қатл этилган.

[8] Бу ҳам хаворижларнинг раҳнамоларидан бири. Ҳижрий 38 йили “Наҳрувон” жангида қатл этилган. У “зий садия” (елиндор) лақаби билан танилган.

[9] Бу зотнинг ўзи ҳам отаси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган. Наҳравон жанггидан олдин хаворижлар тарафдан қатл этилган.

[10] худди шу мазмундаги бошқа лафзли ҳадисни имом Бухорий ва имом Муслим ўз саҳиҳ тўпламларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

[11] Энг кўп умр кўрган саҳобалардан бири. Ҳижрий 68 йили 120 ёшида вафот этган.

[12] Суҳайл ибн Амр Ҳудайбия сулҳида қурайш қабиласи номидан вакил бўлган. Кейинчалик Исломни қабул қилиб, яхши мусулмон сифатида ном қолдирган. Аллоҳ рози бўлсин.

[13] Оли Имрон сураси 61 оятидан иқтибос.

 فَمَنْ حَآجَّكَ فِيهِ مِن بَعْدِ مَا جَاءكَ مِنَ الْعِلْمِ فَقُلْ تَعَالَوْاْ نَدْعُ أَبْنَاءنَا وَأَبْنَاءكُمْ وَنِسَاءنَا وَنِسَاءكُمْ وَأَنفُسَنَا وأَنفُسَكُمْ ثُمَّ نَبْتَهِلْ فَنَجْعَل لَّعْنَةَ اللّهِ عَلَى الْكَاذِبِينَ

[14] Сабаъ сураси 24 оят.

 قُلْ مَن يَرْزُقُكُم مِّنَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ قُلِ اللَّهُ وَإِنَّا أَوْ إِيَّاكُمْ لَعَلَى هُدًى أَوْ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

[15] Каҳф сураси 103-104 оятлар.

[16] Худди шу мазмундаги ҳадисни бир-бирига яқин лафзлар билан икки шайҳ ва бошқа муҳаддислар ривоят қилишган. Жамъул-фавоид. 2/288.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *