Ҳозир ҲИЖРАТ борми?!

Lotin alifbosida

Мавзуга кириш

Hozir Hijrat bormiПайғамбаримиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз давридаги мусулмонлар билан бирга азиз ватанлари бўлмиш Макка шаҳридан Ясриб шаҳрига кўчиб ўтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг якка-ёлғиз ўзлари кўчиб ўтмайдилар-ку! Шунинг учун, у зоти шарифнинг атрофидаги барча мусулмонларга кўчиш фарз қилинган эди. Ана шу кўчиб ўтишлари араб тилида “ҳижрат” – “кўчиш” деб аталади. Ушбу ҳижратдан “ҳижрий йил” ҳисоби бошланган, яъни “кўчиб ўтганликнинг биринчи йили, иккинчи йили ва ҳоказо”, деб номлана бошлаган. Ушбу ҳижрат сабабидан Ясриб шаҳри Мадина деб атала бошлаган. Ана шу ҳижрат сабабидан Маккадан Мадинага кўчиб борганлар “муҳожир” – “кўчиб борувчи” ёки “кўчиб ўтувчи”лар деб аталган.

Бизнинг давримизга келиб айрим тоифалар: “Ҳижрат ҳозир ҳам фарз. Ҳижрат қилмоқ вожиб бўлди. Ўзингиз яшаб турган ўлкалардан кўчиб кетмоғингиз шарт. Агар кимки ҳижрат қилмаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади, ҳатто ҳижрат қилмаганлар кофирдир”, деганга ўхшаш фикрларни айтишиб, диний арконлардан, шаръий ҳукмлардан яхши хабардор бўлмаганларни чалғитиб, адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Исломнинг ҳижрат ҳақидаги фикри қандай, айниқса, унинг ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий ҳукми қанақа эканини бугун рўй-рост айтишга зарурат бор. Зотан, диний-миллий иммунитет ҳосил қилмасдан туриб, бу чалғитувчи фикрга муносиб жавоб бериш мушкил. Ҳозирда ҳақиқатдан ҳам ҳижрат фарзми ёки вожибми? Ҳижрат шариатнинг асосими, у диннинг бирор устуними? Ҳижрат қилмаган мусулмон кофир бўлиб қоладими?

Мавзуга киришишдан олдин шу мавзуга тааллуқли бир ҳақиқатни айтмасдан иложимиз йўқ. Исломда барча янгиликларга бидъат деб қаралади, яхшиси олинади, ёмони рад қилинади. Янги фикрлар ҳам қандай бўлишидан қатъи назар – дунёвий бўладими, диний бўладими, уларга худди шундай қараш керак бўлади. Исломда ота-боболарга эргашиш, эски анъаналарга қайтиб иш кўриш, миллий-диний қадриятларга содиқ қолиш қадрланади. Зотан, миллий-диний қадриятлар минг йиллардан бери қадр топиб келмоқда! Ҳижрат ҳақидаги гаплар борасида ҳам худди шундай қилмоқ керак бўлади. Қаранг ва мени тушунишга ҳаракат қилинг: совет ҳукуматидан олдин Марказий Осиёни чоризм деб аталган рус подшолиги босиб олди. Улар-ку қозиликни, вақф мулкчилигини, муфтийликни барбод қилган бўлса-да, динга бир мунча эркинлик берган эди. Бироқ, улар ўрнига келган большивек совет ҳукумати динни ҳам диндорликни ҳам мутлақо қатоғон қилди. Абдулазиз қори дада Тошкандий раҳимаҳуллоҳнинг гувоҳлик беришларича, Бухоронинг ўзида беш юз нафар; ҳа-ҳа, беш юз нафар уламонинг ўзларига қабр ковлатиб, тириклай кўмиб юборган ҳам шу советлар бўлади. Советлар мол-дунёни ҳам борбод қилди, хусусий мулкчиликка мутлақо чек қўйди. Қатоғонлик даврида Марказий Осиёлик минглаб олиму уламолар, зиёлилар жисмонан йўқ қилиб юборилди. Ана шу даврда ҳам, масалан, қадим Бухорода минг-минглаб талабаларга дарс берган мударрислар, мадраса охундлари, Аллоҳ таолонинг муболағали айтадиган бўлсак, “дарёни терс оқизадиган” валий авлиёлари бор эди. Лекин, ана шу динни йўқотишга рўй-рост урунган тузум даврида, олиму уламолар қатоғон қилинган машъум замонда ҳеч бир олим ҳижрат фарз бўлди, деган эмас! Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигингизни сўрайман! Ўша даврларда ҳеч бир уламо ҳижрат фарз бўлди, деб ўз ватанини ташлаб кўчиб кетган эмас. Тўғри, Қошғарга, Афғонга, у ердан Арабистон томонларга ўтиб кетганлар бўлган. Лекин, улар советларнинг касофатидан ўз мол-дунёсидан, мулк-амлокларидан айрилган бой-бадавлат кимсалар ва тужжор савдогар одамлар эди. Ўша даврлардан олдинроқ ўқиш баҳонасида бошқа ўлкаларга кетган айрим олимларгина юртларига қайтмай қўя қолган бўлиши мумкин. Лекин, уларнинг кўпчилиги ҳам ўз ватанларига қайтиб келдилар. Жумладан, Марказий Осиёнинг улуғ устозларидан бири, Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳ Афғонистон ва Ҳиндистонда йигирма йиллар таҳсил олиб бўлганидан сўнг яна ватанларига қайтиб келдилар. Қатоғон даври айни авжига чиққан вақтда қайтиб келдилар! Ҳижрат фарз бўладиган бўлса, нимага ўша давр уламолари ҳижрат қилиб кетмадилар? Чунки, улар ўз ватандошларини ташлаб кетмадилар, ўз ватанларида бақадри имкон дин-диёнатни сақлаб қолишга урундилар, ўз ватанини ва ўз халқини ўйладилар. Советлар даврида чўчқабоқар бўлиб бўлса-да, совет идорасининг ўзида қоровул бўлиб ишласа-да, колхознинг қоп-қора ишчиси бўлган бўлса-да, жон сақлаб, ватандошларини ўйлаб-куйиниб яшашни, алалоқибат яхши кунлар келишидан умидвор бўлган ҳолда, ҳеч бўлмаганда қўни-қўшниларга, маҳалладаги айрим одамларга мусулмонликнинг йўқолиб кетмаслигини уқтириш мақсадида ҳижратдан оғиз очмасдан, ҳижрат қилиб кетишни ўйламасдан яшаган уламолар ўтганлигини бугун Марказий Осиёнинг ҳар бир шаҳридан топишимиз мумкин. Душман шаҳардан чиқиб кетишни таклиф қилган бўлса-да, чиқиб кетишни хаёлга ҳам келтирмаган буюк мутасаввиф Нажмиддин Кубро қуддиса сирруҳу каби ушбу зотлар ватанларини ҳимоя қилмоқни мақсад қилиб, ўз юртларида қолгандилар. Аллоҳ уларнинг ҳаммасини раҳмат қилсин! Ишонасизми, бугунги кунда Ҳиндистон ва Покистон уламолари ҳижрат мавзуси кўтарилган давраларда Марказий Осиё уламоларининг ана ўша қатоғонлик даврлардаги биз айтган мана шу ватанпарварлик хислатларини ўрнак қилиб кўрсатадилар.

Ҳижратни диннинг асоси дейдиганлар хаворижлардир!

Аслини олганда, “Ҳижрат ҳозир ҳам фарз. Ҳижрат қилмоқ вожиб бўлди!” ёки “Ҳижрат диннинг асосидир, у шариатнинг устуни. Кимки ҳижрат қилмаса, гуноҳкори азим бўлади. Ҳижрат қилмаган кофир”, дегувчилар барча даврларда топилиб турган. Ундай фикрни ошкора айтувчилар хаворижлар, аҳли суннат ва жамоатдан ташқари чиққанлар, эканлиги маълум. Бунга бир воқеани келтиришимиз керак:

Таниқли саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Абу Авфо разийаллоҳу анҳу бир гуруҳ шогирдлари билан илк хаворижлар олдидан ўтиб қолибдилар. Унинг шогирдлари бу зотнинг кимлигини таништириб, “Бу Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳазратлари бўладилар!”, дебдилар. Шунда Абу Феруз деган хавориж: “Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!”, дебди. Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобасини менсимаяпти, ҳижрат қилмаган, деб туриб таъна қилаяпти. У зот: “Аллоҳнинг душмани нима деяпти?”, деб сўрабдилар. Одамлар унинг: “Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!”, деяётганини айтишибди. Шунда, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо разийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳижрат қилганимдан сўнг яна ҳижрат бор эканми?!”, деб туриб, бундай дебдилар: طوبى لمن قتلهم او قتلوه – “Улар билан курашган ёки шу мақсадда  вафот қилганларга жаннат башорати бўлсин!” (Аҳмад, 4/19172, 19433).

Яъни, саҳиҳ экани таъкидланган мазкур ривоятнинг мазмуни шуки, “Ҳижрат бор, ҳозирда ҳижрат фарз, ҳижрат қилмаган яхши инсон бўлмайди”, дейдиганлар хаворижлар экан, хаворижларнинг бугунги кундаги давомчилари экан. Мазкур ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси хаворижлар билан курашган одамга жаннат башоратини берганлар.

Ҳижратнинг асосий сабаби

Мақоламиз аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг атрофларидаги барча саҳобалари – мусулмонлар билан бирга Макка шаҳридан кўчиб кетишларининг фарз қилинганини айтган эдик. Мусулмонлар имконига қараб, бирин-кетин, секин-асталик билан бирма-бир Мадина шаҳрига кўчиб бордилар. Ҳатто Маккада яшамаётган бошқа қабилалардаги мусулмонлар ҳам Мадинага кўчиб келишга мажбур эдилар. Чунки, ислом пайғамбарини қўллаб-қувватлаш ва шариатнинг диний пойдеворини биргаликда тиклаш зарурати бор эди. Бу ерда ҳижратнинг “иллат”и – шаръий бош сабаби мусулмон ўз жонини ёки ўз динини асраб-авайлаши эмас эди. Буни яхши тушуниб олишингизни илтимос қиламан! Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари якка-ёлғиз кўчиб кетганларида ҳам дин асраб-авайланар эди. Ҳабашистоннинг подшоҳи Нажоший разийаллоҳу анҳу мусулмон бўлиб бўлган эди. Мадиналиклар орасида анча-мунча одамлар аллақачон мусулмон бўлиб бўлган эдилар, улар Аллоҳнинг барҳақ элчисини мунтазир бўлиб кутишаётган эдилар. Бу ерда ҳижратнинг айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларидаги мусулмонларга фарз қилинганининг сабаби, Аллоҳнинг ушбу барҳақ элчисини қўллаб-қувватлаш, маънавий ҳимоя қилиб туриш ва руҳий мадад бўлиб туриш эди. Шунинг учун, ўша даврдаги маккалик мусулмонларнинг ҳаммаси – эркагу аёл, ёшу қари, соғлому бемор, ёш болалар, ҳомиладор аёллар, ҳур инсонлар ва қуллар – барча-барчаси ҳижрат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни кўчириб-кўчириб, охирроғида ўзлари кўчиб кетдилар. Қолган-қутган, кўчишга вақтида имкон топа олмаганлар, ҳатто жуда оғир беморлар ҳам кейинроқ кўчиб бордилар. Шундан сўнг қарийб ўн йил давомида мусулмонлар куч-қудратга эга бўлдилар, мустаҳкам ва мустақил давлат барпо қилдилар, исломий-сиёсий тизим ярата олдилар. Шундан кейингина ўзларининг отамаконлари бўлмиш Макка шаҳрини фатҳ қилдилар. Макка фатҳ қилингандан сўнг ҳижрат ҳукми бекор қилинди! “Энди, ҳижрат йўқ!”, дейилди. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадан энди Маккага қайтиб келишни хоҳламадилар. Ҳижратдан асосий кўзланган мақсад маънавий ҳимоя ва руҳий мадад бўлгани боис у зоти шарифнинг атрофларидаги бирорта мусулмон Маккага қайтиб келмади.

 Ҳозир ҳижрат йўқлигига энг катта далил

Ҳижратни ҳозир ҳам фарз дейдиганлар саҳиҳлигини инкор қила олмайдиган, уларнинг ўзларининг “муҳаддис”лари ҳам саҳиҳлигини тан олган, аъло даражадаги саҳиҳ ҳадиси шариф борки, унда ҳозир ҳижрат йўқлиги аниқ-тиниқ (сариҳ) ва ҳеч қандай эҳтимолларсиз иборалар билан таъкидланган. Муҳаддислар султони Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўплами “Саҳиҳи Бухорий” – “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларида ўндан ортиқ жойида: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадиси шарифни келтирганлар. Ҳозирда ҳижрат фарз, деб оламга жар солаётганларнинг ўзлари айрим ихтилофли масалаларни қўзғаш мақсадида доим Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ номидан фойдаланадилар, у зотнинг асарларидан иқтибос келтиришни яхши кўрадилар. Қизиқ! У зот ривоятидаги, асарида ўндан ортиқ жойида келтирилган: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадис ҳақида лом-мим демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ, ҳеч қандай эҳтимоллар йўқ, сариҳ ва саҳиҳ ҳадисдир!

Мушожеъ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ўз укаси Мужолид разийаллоҳу анҳуни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: يبايعك على الهجرة – “Сизга ҳижрат борасида байъат қилмоқчи”, деганлар. “Байъат” деганда устознинг ўз шогирдларидан қўл олиб, бирор ишни қилишга ёки қилмасликка қасамёд қилдириши тушунилади. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

لا هجرة بعد فتح مكّة و لكن أبايعه على الإسلام

“Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ! Лекин ундан ислом борасида байъат оламан!”, деганлар (Бухорий, 4/3079).

Мазкур ҳадисда ҳатто ҳижрат исломнинг асоси эмаслигини, унинг бирорта рукни ҳам эмаслиги, ҳатто фарз ва вожиб у ёқда турсин, суннат бўларлик савобли амал ҳам эмаслигини билдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратдан эмас, исломдан байъат олишларини билдирмоқдалар.

Тобеъинларнинг икки улуғ олими Убайд ибн Умайр ал-Лайсий раҳимаҳуллоҳ билан бирга Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг зиёратларига борибдилар. Суҳбат давомида ҳижрат борасида сўрашибди. Шунда, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо: “Бугун ҳижрат йўқ! Бир вақтлар мусулмонлар дини сабабли фитнага тушиб қолмаслик мақсадида Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қочган эдилар. Энди эса Аллоҳ исломни зоҳир қилди. Бугун ҳар ким хоҳлаганча парвардигорига ибодат қилаверади”, деганлар (Бухорий, 5/3900).

Тобеъинларнинг яна бир улуғларидан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!”, деганлар. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу унга: لا هجرة اليوم – Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, деганлар (Бухорий, 5/4309).

Умавий халифалардан Марвон таниқли саҳобалар Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳу, Рофеъ ибн Хадиж разийаллоҳу анҳу ва Зайд ибн Собит разийаллоҳу анҳу билан бирга сўрида ўтирган эканлар. Суҳбатда Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳу: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган ҳадиси шарифни айтибдилар. Шунда халифа Марвон: “Ёлғон гапираяпсан!”, деб туриб, қўлидаги дарраси билан у зотни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобасини уришга чоғланиб қолибди. Бу ерда ўтирган икки буюк саҳоба: “У тўғри гапираяпти”, деб халифани тўхтатиб қолибдилар (Аҳмад, 5/21671). Мазкур ривоятни “Мажмаъ аз-завоид”да саҳиҳ дейилган.

Муҳаддислардан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар саҳиҳ деб таъкидлаб ривоят қилишларича, “Наср сураси” (“Иза жоа насруллоҳ”) нозил қилинганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммага уни ўқиб берибдилар ва “Мен ва саҳобаларим яхшидир. Одамларнинг барчаси яхши. Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, дебдилар (Аҳмад, 3/11183; Ҳоким, 3/3017;).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Сафвон ибн Умайя разийаллоҳу анҳу одамларнинг: “Ҳижрат қилмаган кимса жаннатга кирмайди! Ҳижрат қилмаганларнинг дини йўқ!”, деб юрганларнинг гапини эшитиб қолиб, “Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрамагунимча уйимга кирмайман!”, деб қасам ичибдилар. Бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганларида, у зоти шариф: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар. Аслида, “Ҳижрат қилмаган кимса жаннатга кирмайди!”, деган гапнинг чиқишига сабаб бор экан. Бир неча одам Сафвон ибн Умайя разийаллоҳу анҳунинг уйини тунабди. Қўлга тушган ўғрилар ҳижрат қилиш учун ўзларига маблағ йиғишаётганини, чунки ҳижрат қилмаган кимса жаннатга кирмаслигини, ўғирлик қилиб топилган ҳаром-ҳариш маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи бўлишаётганини айтишибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдига олиб борилганда, у зот ўғриларнинг қўлини чопишга буюрибдилар. Сафвон ибн Умайя разийаллоҳу анҳу: “Мен уларни кечирдим!”, десалар ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ерга олиб келишдан олдин кечирсанг майли эди”, деганлар (Аҳмад, 3/15341).

Қаранг, бугунги кунда ҳизбчиларми, янги хаворижларми, бузғунчи “мусулмон”ларми, ўзларига “Мақсадга эришиш йўлида ҳаром ишларни ҳам қилиш мумкин!”, деган ботил фатвони чиқариб олишган. Шу йўлда улар одам ўлдиришдан ҳам, ҳаром-ҳариш мол-дунё тўплашдан ҳам, аёл-қизларнинг номусига тегишдан ҳам, оммавий қотилликлар уюштиришдан ҳам, намозхонларни масжидларда портлатиб юборишдан ҳам, ўзларига мушрик-кофирларни раҳнамо қилиб олишдан ҳам, қайтишмайди. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратга тайёргарлик ниятида ўғирлик қилганларнинг қўлларини, “Ҳижрат йўқ!” дея аямай чопиб ташлатганлар.

Абдурраҳмон ибн Сафвон разийаллоҳу анҳу Макка фатҳи пайтида ўз отасини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келибдилар. “Ё Расулуллоҳ! Сизга ҳижрат қилишга байъат қилгани келдик”, дейишибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўнмабдилар. Улар Ҳазрати Аббос разийаллоҳу анҳу билан дўст эканлар. Дарҳол у зот сув улашаётган жойга борибдилар-да, воқеани тушунтирибдилар. Ҳазрати Аббос разийаллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳисалломнинг севимли амакилари бўлгани боис: “Мана, ўзим байъат қилдираман-да!”, деб қасам ичиб, уларни олдига солиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борибди. У зоти шариф яна кўнмабдилар. Ҳазрати Аббос разийаллоҳу анҳу қасам ичганларини айтибдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини чўзиб, “Келинг, амакимнинг қасамини кечдим. Ҳижрат йўқ!”, деганлар (Аҳмад, 3/15590).

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз амакилари Ҳазрати Аббос разийаллоҳу анҳунинг кўнгиллари учун бўлса-да, номига бўлса-да, ҳижратга байъат олмадилар. Чунки, ҳижрат мутлақо тўхтатилган эди.

Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Қурайшнинг бир гуруҳ ёш йигитлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига – Мадинага ҳижрат қилишга чоғланиб қолибдилар. Ота-оналари уларни бундан ман қилибдилар. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига етиб борибди. Шунда, у зоти бобаракот: لا هجرة بعد الفتح – “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, дебдилар (Табароний, 14/657).

Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилиб кетганларидан кейин ҳижрат йўқдир!”, деганлар (Насоий, 4/4171; Абу Яъло, 1/186).

Хаворижлар илк чиққан вақтда Басрадан чиқиб кетиб, ўзларининг лагерларига бориб жойлаша бошлабдилар. Одамларга “Ҳижрат фарз. Биз билан ҳижрат қилинглар!”, деб ҳаммани ҳижратга даъват қила бошлабдилар. Одамлар буюк саҳоба Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳунинг олдига келиб, улар ўзларини муҳожирлар деб аташаётганини айтибдилар. Шунда, Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу: “Улар шайтонга ҳижрат қилганлар. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар-ку!”, деган эканлар (Абдурраззоқ, 10/18662).

Имоматчиликка ҳақлироқ ким? Ҳозир ҳижрат йўқлигига бир далил

Ислом фиқҳида намозга имом бўлишга ким ҳақлироқ, деган масала мавжуд. Фиқҳий матн китобларида бу борада қуйидагилар айтилган:

و الأولى بالإمامة الأعلم بالسنّة ثمّ الأقرأ ثمّ الأورع ثمّ الأسنّ

“Имоматчиликка авло кимса суннатга олимроғи, сўнгра қироатлироғи, сўнг парҳезкорроғи, сўнгра ёши улуғроғидир” (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 17).

“Мухтасар ал-Виқоя”даги худди шу иборалар бошқа бир матн китоби Абулбаракот ан-Насафий раҳимаҳуллоҳнинг “Канз ад-дақоиқ” асарларида бу тариқа келтирилган:

و الأعلم أحقّ بالإمامة ثمّ الأقرأ ثمّ الأورع ثمّ الأسنّ

“Олимроқ кимса имоматчиликка ҳақлироқдир, сўнг қорироқдир, сўнгра парҳезкорроқдир, сўнгра ёши улуғроқдир” (Абулбаракот ан-Насафий. Канз ад-дақоиқ. – Бўмбай: Фатҳ ал-карим, 1887. – Б. 32).

Бироқ, саҳиҳ ҳадиси шарифларда парҳезкор ўрнига ҳижратда муқаддамроқ кимса имоматчиликка ҳақлироқ, дейилган:

يؤمّ القوم … فإن كانوا فى السنّة سواء فأقدمهم هجرة فإن كانوا فى الهجرة سواء قأقدمهم سلما اسلاما  او سنا

Агар суннатда тенг бўлсалар, уларнинг ҳижратга муқаддамроғи қавмга имом бўлади. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, унда ислом жиҳатидан (ёки ёш жиҳатидан) муқаддамроғидир” (Муслим, 1/673; Термизий, 1/235; Абу Довуд, 1/584; Ибн Ҳиббон, 5/2127; Ҳоким, 1/886; Табароний, 17/600; Байҳақий, 3/4911; Дорақутний, 1/1096; Абу Авона, 2/1071; Аҳмад, 4/17138; Таёлусий, 1/618; Ибн Абу Шайба, 1/3470; Абдурраззоқ, 2/3808).

Ҳижрат ўрнига парҳезкорлик айтилганининг сабабини қилни қирқ ёрадиган, ҳадиси шарифларнинг маъно-мазмунини ҳаммадан кўра, ҳатто ўша ҳадисларни ривоят қилувчи муҳаддислардан-да яхшироқ билувчи фақиҳларимиз бундай тушунтирганлар. Жумладан, “ал-Ҳидоя”нинг машҳур шарҳи “Фатҳ ал-қадийр”да бундай дейилган:

و الذى فى حديث الصحيح بعدهما التقديم بأقدمية الهجرة و قد انتسخ وجوب الهجرة فوضعوا مكانها الهجرة عن الخطايا و فى الحديث و المهاجر من هجر الخطايا و الذنوب

“Саҳиҳ ҳадисда олимроқ ва қорироқдан кейин ҳижратда муқаддам бўлган кимса тақдим қилинган. Дарҳақиқат, ҳижратнинг вожиблиги бекор қилинган – мансух бўлган. Бас, унинг ўрнига уламолар хатоликлардан “ҳижрат” қилишни қўйганлар. Ҳадисда: “Ҳақиқий муҳожир хатолар ва гуноҳлардан ҳижрат қилган кимсадир”, дейилган” (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадийр. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1892. – Б. 246).

Яна бир таниқли ҳанафий олими, ҳадисшунос Акмалуддин ал-Бобуртий раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳидоя”га битган шарҳи “ал-Иноя”да бундай деганлар:

إنما فى الحديث بعد ذكر الأعلم ذكر أقدمهم هجرة لكن أصحابنا جعلوا مكان الهجرة الورع و الصلاح لأنّ الهجرة كانت منقطعة فى زمانهم فجعلوا الهجرة عن المعاصى مكان تلك الهجرة و الورع إجتناب عن الشبهات و التقوى الإجتناب عن المحرمات

“Албатта, ҳадисда билимдонроқнинг зикридан сўнг ҳижратда муқаддамроқ зикр қилинган. Лекин, уламоларимиз ҳижратнинг ўрнига вараъ ва солиҳликни қилганлар. Чунки, ҳижрат қилиш саҳобаларнинг замониданоқ тўхтатилган. Демак, уламолар ушбу ҳижратнинг ўрнига гуноҳлардан “ҳижрат” қилишни олганлар. Вараъ шубҳалардан четланиш, тақво эса ҳаром нарсалардан узоқ бўлишдир” (Акмалуддин ал-Бобуртий. ал-Иноя. 1-жилд. (“Фатҳ ал-қадир” ҳошиясида). – Миср: Амирия, 1892. – Б. 246).

Яна бир таниқли ҳанафий олими Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ бундай деб қайд қилганлар:

و لم يذكر الورع فى الحديث السابق و إنما ذكر فيه بعد القراءة الهجرة لأنّها كانت واجبة فى إبتداء الإسلام قبل الفتح فلما إنتسخت بعده أقمنا الورع مقامها

“Ўтган ҳадисда вараъ – парҳезкорлик зикр қилинмаган. Унда қироатдан сўнг ҳижрат зикр қилинган эди. Чунки, ҳижрат ибтидои исломда – фатҳдан (Макка фатҳидан) олдин вожиб бўлган. Ундан сўнг эса ҳукми бекор қилинган (насх қилинган, мансух бўлган). Биз эса унинг ўрнига парҳезкорликни қўйдик” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 608).

Демак, фақиҳларимиз қарашларига кўра ҳам, ҳижрат саҳобалар даврида бўлиб ўтган. Сўнг унинг вожиб бўлиш ҳукми бекор қилинган. Ҳозир ҳижрат лозим бўлмагани учун ҳам фиқҳда имоматчиликка ҳақлироқ кимсалар орасида уни зикр қилинмаган.

Мерос олиш масаласи: ҳозир ҳижрат йўқлигига иккинчи далил

Ислом фиқҳида мерос ҳуқуқи алоҳида эътиборга эга. У алоҳида илм бўлиб, “фароиз” деб аталади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

تعلموا الفرائض و علموه فإنه نصف العلم و إنه ينسى و هو أوّل ما ينزع من أمّتى

“Фароизни ўрганинглар ва уни ўргатинглар! Зотан, у илмнинг ярмидир. Албатта, у унутилиб кетади. У умматимдан кўтариладиган илк илмдир” (Ибн Можа, 2/2719; Ҳоким, 4/7948; Байҳақий, 6/11955; Дорақутний, 4/4101; Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 5/5293).

Ўрганиш-ўргатиш буюрилган, бутун бошли исломий илмларнинг ярми деб аталган, бироқ, уммат орасидан илк кўтарилиб, унутила бошлайдиган фароиз – мерос ҳуқуқида битта масала мавжуд. Ушбу масалани унутмасдан билиб олишимиз бизга ҳижрат ҳақида янги бир тасаввурни тақдим қилади.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мавжуд:

و الذين آمنوا و لم يهاجروا ما لكم من وَلياتهم من شئ حتى يهاجروا

“Имон келтирган-у, лекин ҳижрат қилмаганлар то ҳижрат қилмагунларига қадар, улар билан валийлик қилиш сизлар учун жоиз эмасдир” (Анфол, 72).

Мазкур оятдаги “валийлик”дан мурод қариндошлик алоқалари, яқин қариндошларнинг бир-бирлари мол-мулкларига эгалик қилишлари тушунилади. Тафсирларда эса ҳижрат қилганлар бир-биридан мерос ола билиши, акс ҳолда, ҳижрат қилмасдан ўз юртида қолганлар ҳижрат қилганлардан ёки ҳижратдагилар ҳижрат қилмаганлардан мерос ола билмаслиги баён этилгани қайд қилинади. Ҳижрат қилмасдан қолганлар гарчи ҳижратдагиларнинг энг яқин қариндоши бўлса ҳам, мазкур оят ҳукмига биноан мерос ололмас эди. Бу ҳукм Макка фатҳигача бўлган! Макка фатҳ бўлганидан сўнг ҳижрат мансух бўлгани боис ушбу ҳукм ҳам ўз-ўзидан бекор қилинди. Демак, ҳижрат фарзлиги масаласи аллақачон ўз-ўзидан тўхтатилгани боис ҳозирда, масалан, Мусулмон Шарқида яшаётган кимса Ғарбда яшаётган қариндоши билан “валийлик” алоқаларини қила олади.

Бу ҳақида “Имомлар қуёши” деган фахрли унвонга сазовор бўлган таниқли ҳанафий фақиҳи Шамс ал-аимма ас-Сарахсий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Китоб ал-Мабсут” номли асарларининг бир неча ўринларида зикр қилиб ўтганлар (Шамсиддин ас-Сарахсий. Китоб ал-Мабсут. – Байрут: Дор ал-Маърифат, 1989. 4-жилд. – Б. 223; 10-жилд. – Б. 6).

Шамс ал-аимма ас-Сарахсий раҳимаҳуллоҳ ҳижрат фарзлиги бекор қилингани учун ҳижрат қилганлар билан ҳижрат қилмаганлар орасида “валийлик” бўлмаслиги ҳақидаги ҳукм ҳам бекор этилганини яна бир асарлари “Шарҳ ас-Сийар ал-кабир” асарининг “Арабларнинг ҳижрати” номли бобида ҳам айтиб ўтганлар (Қаранг: Шарҳ ас-Сийар ал-кабир // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 1/51).

Ҳаждаги бир масала: ҳозир ҳижрат йўқлигига учинчи далил

Муҳаддислардан Ибн Хузайма раҳимаҳуллоҳ ва Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ “Шак-шубҳасиз, у саҳиҳдир!” ҳамда “Имом Бухорий ва Имом Муслим шартига кўра саҳиҳдир” деб зикр қилган ҳаж тўғрисидаги ҳадиси шариф бор:

إذا حجّ الصبى فهى له حجّة حتى يعقل فإذا عقل فعليه حجّة أخرى و إذا حجّ الأعرابى فهى له حجّة فإذا هاجر فعليه حجّة أخرى

“Агар ёш бола ақли етгунча ҳаж қиладиган бўлса, ҳажи ўзигадир. Ақл-идрокли бўлганидан сўнг унга яна бир ҳаж лозим бўлади. Агар аъробий ҳаж қилса, ҳажи ўзи учундир. Ҳижрат қилганидан сўнг унга бошқа яна ҳаж лозим бўлади” (Ибн Хузайма, 4/3050).

Мазкур ҳадисда ёш боланинг ҳажи жуда тушунарли. Гўдак, балоғатга етмаган ёш бола ҳаж қилса, ҳажига савоб олади. Лекин, унга ҳаж фарз бўлмаган. Ҳаж балоғатга етган мусулмонга фарз. Шунинг учун, у бола балоғатга етганидан сўнг яна ҳаж қилиши лозим бўлади.

Бу ерда аъробийнинг ҳажи масаласи қизиқ. У балоғатга етган, ақл-ҳуши жойида. Ҳаж қилишга имкони бор. Ҳаж қилса, фарз ҳаж ундан соқит бўлиши керак. Бироқ, мазкур ҳадисга кўра, у ҳижрат қилганидан сўнг яна унга ҳаж фарз бўлиб қолар экан, аввалги ҳажи ҳисобга ўтмас экан. Қаранг, бирорта араб ҳаж қилса-ю, ҳижрат қилмагани учун унинг ҳажи эътиборга олинмаса, нима бўлади? Ҳозирги замонда бунга бирорта араб кўнадими? Ўзи мадиналик, жиддалик ёки наждлик, диръиялик араб ҳаж қилган бўлса-ю, энди у ҳижратни қаерга қилиши керак, ҳижрат қилиб бўлиб, яна ҳажга бошқадан келадими? Бу қанақаси бўлди?!

Муҳаддис Абу Бакр ибн Хузайма раҳимаҳуллоҳнинг ўзи ана шу жойда бу саволга жавоб бериб, бу ҳукм ҳижратдан олдин – Макка фатҳидан аввал бўлган эди. Макка фатҳидан сўнг ҳижрат бекор қилингани боис, эътибор беринг, ҳижрат “соқит ва ботил” бўлгани учун аъробийнинг ҳажи муҳожирнинг ҳажи билан баб-баробар бўлади, яъни, аъробий ҳажини қайта қилиши шарт бўлмайди, деганлар.

 

Фақиҳлар ҳижратнинг ҳукмини “мансух” – бекор қилинган, деганлар

Ҳанафий фақиҳлари биз ўрганаётган “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!” ҳадиси шарифини носих – ҳукмни бекор қилувчи деб қабул қилганлар. Шунинг натижасида ҳижратни мансух – ҳукми бекор қилинган, деб ҳисоблаганлар. Жумладан, ҳанафийликдаги, балки тўрт мазҳаб фиқҳидаги энг йирик ҳажмли фиқҳий манба ҳисобланувчи “ал-Муҳит ал-бурҳоний”да юртдошимиз, фақиҳ Бурҳониддин Ибн Моза ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

لأنّ الهجرة كانت فريضة يومئذٍ ثمّ انتسخ لقوله عليه السلام لا هجرة بعد الفتح

“Чунки, ҳижрат ўша кунда фарз эди. Сўнг “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, дейилган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси туфайли ҳукми бекор қилинди” (Бурҳониддин ал-Бухорий. Ал-Муҳит ал-бурҳоний // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 2/99).

Абу Бакр ал-Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадойеъ ус-санойеъ”да бундай деганлар:

   لأنّ الهجرة كانت فريضة يومئذٍ ثمّ نسخت بقوله صلى الله عليه و سلم لا هجرة بعد الفتح

“Чунки, ҳижрат ўша кунда фарз бўлган эди. Сўнгра “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, деган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси билан ҳукми бекор қилинган” (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ус-санойеъ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 671).

Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “Шарҳ ан-Ниқоя”да бундай деганлар:

ثمّ لمّا كانت الهجرة بعد الفتح منسوخة لقوله صلى الله عليه و سلم لا هجرة بعد الفتح اى بعد فتح مكّة كما رواه البخارى

“Ҳижрат фатҳдан кейин мансух бўлган эди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлиги учундир. Чунончи, уни Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлар” (Али ал-қори. Фатҳ боб ал-иноя. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Арқам, 1997. – Б. 282).

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ “аш-Шарҳ ал-кабир” асарларида: “”Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!” ҳадиси борасида бундай деганлар:

 و أمّا الأحاديث الأوّل فأراد بها لا هجرة بعد الفتح من بلد قد فتح و قوله لصفوان انّ الهجرة قد انقطعت يعنى من مكّة لأنّ الهجرة الخروج من بلد الكفار فإذا فتح لم يبق بلد الكفار فلا تبقى منه هجرة و هكذا كلّ بلد فتح لا تبقى منه هجرة انما الهجرة النيّة

“Аммо аввалги ҳадисларга келсак, унда бирор шаҳарнинг фатҳидан кейин ҳижрат йўқлиги айтилган. Сафвон разийаллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта, ҳижрат кесиб тўхтатилган”, деганлари Макка учун айтилган. Чунки, ҳижрат кофирларнинг шаҳарларидан чиқиб кетишдир. Қачонки, кофирларнинг шаҳри қолмаса, ундан ҳижрат қилиш ҳукми ҳам қолмайди. Шунингдек, ҳар бир фатҳ қилинган шаҳардан ҳижрат қилиш қолган эмас. Эндиги ҳижрат – фақатгина ниятдан (гуноҳдан сақланишдан) иборатдир!” (Ибн Қудома. аш-Шарҳ ал-кабир. 10-жилд // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдори солис, 2006. –  Б. 10/380.).

Бекор қилинган ҳукмга амал қилинмайди!

Биз юқоридаги бўлимларда ҳанафий уламолари ҳижратнинг ҳукмини: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, деган саҳиҳ ҳадиси шарифга асосланиб, мансух – бекор қилинган ва тўхтатилган, деганларини кўриб чиққан эдик. Бекор қилинган ҳукмга амал қилиш эса шаръан жоиз эмас. Ҳатто амал қилишга урунишни ҳаром деган уламолар ҳам бор. Демак, ҳижратнинг ҳукми бекор қилинган экан, унга амал қилишга уруниш асло жоиз эмас. Жумладан, “Имомлар қуёши” деб улуғланган Шамс ал-аимма ас-Сарахсий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Усул ал-фиқҳ” асарларида бундай деганлар:

فيجب العمل بالناسخ و لا يجوز العمل بالمنسوخ فإن لم يعلم ذلك فحينئذٍ يجب المصير الى السنّة لمعرفة حكم الحادثة

“Бас, бекор қилувчи ҳукмга амал қилиш вожиб бўлади. Ҳукми бекор қилинганга амал қилмоқ жоиз бўлмайди. Агар мана шуни билмаса, у ҳолда, ҳодиса ҳукмини билмоқ учун суннатга қайтмоқ вожиб бўлади” (Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Сарахсий. Усул ас-Сарахсий. 2-жилд // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдори солис, 2006. –  Б. 2/13.).

Ҳижратнинг ҳукми бекор қилингани ёки қилинмаганини билмайдиган кимсага Шамс ал-аимма ас-Сарахсий раҳимаҳуллоҳ суннатга мурожаат қилишни таклиф қилмоқдалар. Агар суннатга қарайдиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига: “Мен ҳам ҳижрат қилмоқчиман. Ҳижрат қилаверайми?”, деб ҳижратга махсус тайёргарлик кўриб келган саҳобани орқасига қайтариб юборганлари ҳақидаги ривоятни айтамиз. Бу ривоятни ҳеч қандай далил бекорга чиқарган эмас! Унинг ўзи бекор қилувчидир. Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб, “Эй Расулуллоҳ! Менинг туяларим бор. Лекин, мен ҳижрат қилишни хоҳлаб турибман. Нима буюрасиз?”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг закотини бераяпсанми?”, дедилар. У тасдиқ жавобини берди. “Сутини соғиб, ичаяпсанми?”, деб сўрадилар. У яна тасдиқ жавобини берди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Орқангга қайт, ўз ишингни қилавер. Аллоҳ таоло амалингдан бирортасини йўқ қилмайди. Ҳижрат иши эса оғирдир!”, деб марҳамат қилдилар (Аҳмад, 3/11637; Абу Яъло, 2/1271).

Ҳанафийларнинг усул ал-фиқҳига оид “Фавотиҳ ар-раҳамут” номли манбасида бундай дейилган:

أقول يجب على المكلف إعتقاد أنّ الناسخ خطاب من الله تعالى و إلا اى و ان لم يجب فهو يعمل بالمنسوخ و لو عمل به لأثم قطعا فإنّ العمل بالمنسوخ حرام

“Мен айтаман: бандага насх қилувчи ҳукмни Аллоҳ таоло томонидан буюрилган деб эътиқод қилмоғи вожиб бўлади. Акс ҳолда, у мансухга – ҳукми бекор қилинган ҳукмга амал қилиб қолади. Агар унга амал қиладиган бўлса, гуноҳкор бўлиши қатъийдир. Зотан, мансухга амал қилмоқ ҳаромдир!” (Абдулали ал-Ансорий. Фавотиҳ ар-раҳамут би-шарҳ Мусаллам ас-субут. 3-жилд // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдори солис, 2006. –  Б. 3/133.).

  

Тўрт мазҳабда ҳозирги ҳижрат масаласи

Ҳозирда аҳли суннат ва жамоатда тан олинган тўрт мазҳаб бор, холос. Улардан бошқа мазҳаблар аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифа ва оқимлардир. Бизнинг мазҳабимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ асос солган ҳанафийлик мазҳабидир! Ҳижрат масаласини биз ҳанафийлик мазҳабига кўра кўриб чиқдик. Унга кўра, ҳижрат Макка фатҳидан сўнг бекор қилинган бўлиб, ҳозирда ҳижрат на фарз ва на вожиб ва на суннат амал ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафий мазҳабига кўра ҳуда-беҳудага ҳижрат қилмоққа урунмоқ гуноҳкорлик экан. Аҳли суннат ва жамоатдаги бошқа мазҳабларнинг қарашларини ҳам билиб, ушбу қарашларни тўғри тушуниб олиш фойдадан холи эмас, албатта.

Шофеъийлар ва ҳанбалийлар кофиристон бўлган юртда мусулмон кимса ўз ибодатларини қила оладиган бўлса, кофирларнинг динсизлик фитнасига тушиб қолмайдиган бўлса, ундай одамга ҳижрат вожиб бўлмайди, акс ҳолда бўлса, вожиб бўлади, дейдилар. Бироқ, фитнадан сақлана олишга ишончи бўлмаса, унга ҳижрат мустаҳаб бўлади. Аксинча, шофеъийлик мазҳабида кофиристонда яшаётган мусулмон ўзи турган жойида ислом динини зоҳир қила олиши ва атрофдагиларга мусулмонликни ибрат ва ўрнак қилиб кўрсата олишга имкони бўлса, ўша жойда турмоғи афзалдир. Моликийлар ҳижратни иккига бўлиб ўрганадилар. Биринчиси, ватандан қочиб кетиш, иккинчиси, бошқа ватанни талаб қилиш. Буларнинг ҳар бири бир қанча турларга бўлинади. Масалан, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бидъатлар ошкор бўлган, ўтган улуғ уламолар ҳақорат қилинадиган жойдан кўчишни лозим деб ҳисоблаганлар. Ҳолбуки, бугун дунёнинг барча мамлакатларида бу хилдаги нохуш ҳолатлар мавжуд. Шунингдек, моликийликда ҳалол меҳнат қилишнинг иложи йўқ жойдан ҳам кўчиш керак, дейилган. Талаб ҳижратига моликийлар ҳаж, илм, касбу кор каби ниятларда вақтинчалик бир жойга кўчиб боришни тушунганлар. Умуман олганда, бугунги кунда ибодатларни қила олмайдиган, инсон ўз диний мажбуриятларини адо эта олмайдиган бирорта юрт дунёда йўқ бўлса керак. Бинобарин, бугунги кунда ҳеч бир мазҳабда ўз юртини ташлаб бошқа юртга кўчиш фарз ёки вожиб даражасида талқин қилинмайди.

 

Уруш давридаги ҳижрат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозирги давримизни – мусулмонлар ўртасида уруш-жанжал ва фитналар авж олган вақтларни башорат қилиб, аъло даражадаги саҳиҳ бўлган ҳадиси шарифларида бундай деганлар:

يتقارب الزمان و ينقص العمل و يُلقى الشحّ و تظهر الفتن و يكثر الهرج قالوا يا رسول الله أيّم هو قال القتل القتل

“Қиёмат яқин қолганда, амал қилиш камайиб кетади, хасислик учрайди, фитналар зоҳир бўлади, “ҳарж” кўпаяди”. Шунда саҳобалар сўрашди: “Эй, Расулуллоҳ! “Ҳарж”  нима?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уруш-Уруш!”, дедилар (Бухорий, 9/7061; Муслим, 4/157; Абу Довуд, 4/4257; Ибн Можа, 4/4052).

Мазкур ҳадиснинг бошқачароқ ибораларда ҳам ривоят қилинган вариантлари бор. Масалан,

إنّ من ورائكم أيّاما يُرفع فيها العلم و يكثر فيها الهَرْجُ قالوا يا رسول الله ما الهَرْجُ قال القتل

“Албатта сизларнинг ортингизда (яъни, олдингизда) шундай кунлар борки, унда илм кўтарилади ва “ҳарж” кўпаяди”. Шунда саҳобалар сўрашди: “Эй, Расулуллоҳ! “Ҳарж”  нима?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уруш”, дедилар (Термизий, 4/2200).

Энди, қаранг: одамларни уруш-жанжаллар гирдобига тортмоқчи бўлганлар: “Бизнинг олдимизга келинг, бизга ҳижрат қилиб келинг, бизга қўшилиб, жиҳод қилинг!”, деб қанчалик жар солаётган бўлмасин, ҳар қанча ўзларига қўшилмаганларни, қўшилишни хоҳламаганларни кофирга чиқариб, ўлдириб юбораётган бўлмасин, уларга бориб қўшилишда – улар айтаётган томонларга ҳижрат қилишда хайр йўқдир! Улар ўз ватанларида хоинлик қила-қила, жиноятларни содир қила-қила, қочиб кетиб, дунёнинг қайсидир гўшасига бекиниб, “Мен ҳижрат қилиб келдим!”, деб гердайгани билан, унинг ҳижратида яхшилик йўқ! Ундан кўра, уйда ўтириб, ибодатга, илмга машғул бўлиш лозим. Зотан, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар саҳиҳ деб келтирган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

العبادة فى الهرج كالهجرة الىّ

“Уруш-жанжал вақтида ибодатга машғул бўлиш менинг олдимга ҳижрат қилиб келган кабидир!” (Муслим, 4/2948; Термизий, 4/2201; Ибн Можа, 4/3985; Ибн Ҳиббон, 13/5957; Табароний, 20/488; ат-Таёлусий, 1/932).

Демак, мусулмонлар орасида уруш-жанжаллар, ҳар хил фитналар авж олган даврларда ибодат қилиб, уйдан кириб-чиқиб, тинчликда-осойишталикда юриш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилгандек бўлади. Бас, шундай экан, ҳар хил сохта динфурушларнинг жиҳод, ҳижрат каби шиорларига алданиб қолмасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, ибодатингизга машғул бўлаверинг. Шунда, жанг майдонлари ва тоғ-тошлар ораларида эмас, уйингизда ажратиб қўйган ибодатгоҳингизда, масжидларнинг меҳроблари – шайтон ва нафс билан уруш қиладиган жойларига яқинроқ ўтирганингизда жиҳоднинг ҳам, ҳижратнинг ҳам савобини топасиз, иншаАллоҳ.

Ҳижрат қила олмаганлар нима қилади?

Жаннат башорати берилган машҳур саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар (Термизий, 2116):

إنك أن تدع ورثتك أغنياء خير من أن تدعهم عالة يتكففون الناس وإنك لن تنفق نفقة إلا أجرت فيها حتى اللقمة ترفعها إلى في امرأتك

قال قلت يا رسول الله أخلف عن هجرتى قال إنك لن تخلف بعدى فتعمل عملا تريد به وجه الله إلا ازددت  به رفعة ودرجة ولعلك أن تخلف حتى ينتفع بك أقوام ويضر بك آخرون اللهم أمض لأصحابى هجرتهم ولا تردهم على أعقابهم

“Сен болаларингни бой ҳолатда ташлаб кетишлигинг, уларни инсонларга муҳтож ҳолда фақир қилиб ташлаб кетганингдан кўра яхшироқ. Сен [оилангдагиларга] қандай нафақа қилсанг, унга ажр оласан. Ҳатто аёлингнинг оғзига соладиган бир луқма таомингда ҳам ажр бордир”.

Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳу айтади:

Мен: “Ҳижратимдан орқада қоламанми?”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилдилар:

“Сен ортда қолсанг ҳам, Аллоҳнинг розилигини истаб бирор иш қиладиган бўлсанг, албатта, мартаба ва даражанг зиёда бўлаверади. Сен ортда қоладиган бўлсанг, эҳтимол, айрим одамлар сендан фойда кўрар, бошқалар зарар кўрар. Эй, Аллоҳим, асҳобларимнинг ҳижратини давом эттир. Уларни орқаларига қайтарма!”.

Саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳу мабодо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилолмай қолса, нима бўлишини сўраб олганлар. Албатта, оиласини бой-бадавлат қилиш, фарзандларини бошқаларга муҳтож қилмайдиган қилиш, оиласидагиларга ҳалол луқма едириш вожиб амаллардан бири. Шунинг учун, оламларга раҳмат қилиб юборилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен ортда қолсанг ҳам, Аллоҳнинг розилигини истаб бирор иш қиладиган бўлсанг, албатта, мартаба ва даражанг зиёда бўлаверади”, деб марҳамат қилганлар. Яъни, ҳижрат қила олмасликдан маъюс бўлиш керак эмас. Инсон ўз юртида туриб ҳам савобли ишларни қилиши мумкин. Одамзот ўз Ватанини обод қилмоққа, ватандошларини, ўз оиласидагиларни тинч-тотув, роҳат-фароғатда яшашлари йўлида хизмат қилишга уриниши керак. Шунда, унинг мартаба ва даражаси, обрў ва эътибори, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, зиёда бўлиб бораведи. Бироқ, инсоннинг ҳаёти бир хил кечмайди. У хато қилиб қўйиши ҳам мумкин. Зотан, хато қилмайдиган банданинг ўзи йўқ: “Сен ортда қоладиган бўлсанг, эҳтимол, айрим одамлар сендан фойда кўрар, бошқалар зарар кўрар”. Муҳими, хатолар ўз вақтида аниқланиб, уларни тузатилиши, қайта хатога йўл қўймасликка уринилиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб кетганларида, у зот билан бирга ҳамма мусулмонлар олдинма-кетин кўчиб кетган эдилар. Маккада қарийб мусулмонлар қолмади, чунки уларга ҳижрат фарз қилинган эди. Агар бирор инсон мусулмонлар жамоасидан айрилиб, якка ўзи узоқ муддат мушриклар билан қоладиган бўлса, албатта, ўзига ва ўзгаларга зарар қилиб қўйиши мумкин эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана ўшандай зарарларни назарда тутган эдилар. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Аллоҳим, асҳобларимнинг ҳижратини давом эттир. Уларни орқаларига қайтарма!”, деб дуо қилгандилар. Барча мусулмонлар Мадинага кўчиб кетиб, роппа-роса ўн йил умр кечирдилар. Макка фатҳ қилинди, у ердаги мушрикларнинг барчаси мусулмон бўлди. Шундан сўнг ҳижрат буткул тўхтатилди ва айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадиси шариф марҳамат қилинди.

Гуноҳлардан ҳижрат қилмоқ лозим!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган ҳукм айтилгани билан ҳижратнинг бир тури – маънавий ҳижрат то қиёматгача сақланиб қолганлигини таъкидлаш даркор! Бу гуноҳлардан ҳижрат қилиб, уларни тарк этиб, тақво ва диёнат томон юзланмоқдир. Асли ҳижрат ҳам мана шудир. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

المسلم من سلم المسلمون من لسانه و يده و المهاجر من هجر ما نهى الله عنه

“Мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кимсадир! Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсадан ҳижрат қилган кимсадир!” (Бухорий, 1/9).

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган мазкур машҳур ҳадисда нима учун муҳожир кимсани таърифлашдан олдин мусулмон кимсанинг таърифи берилган, нимага тилидан ва қўлидан бошқалар озор чекмайдиган кимсанинг мусулмон экани айтилмоқда? Чунки, айримлар ҳижратни баҳона қилиб гуноҳ ишлардан сақланмасликлари мумкин, бошқа мусулмонларга озор етказадилар. “Ҳижрат қиламан!”, деб ўз ота-оналарини ҳам норози қиладиганлар бор, ҳижрат қилиб борган жойларида бошқа мусулмонларни ўлдиришдан ҳам қайтмайдиганлар бор, у ерда жим ўтирмасдан ўз юртини, ўз юртдош ва ватандошларини ёмонлаб, кофирга ва золимга чиқариб тиллари билан озор етказадиганлар бор. Шунинг учун, ўшандай ҳижрат ҳақиқий эмаслигини билдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлик билан бирга муҳожирликни баён қилганлар. Ҳақиқий ҳижрат қандай эканидан огоҳлантирганлар. Демак, гуноҳларни тарк қилган кимса ҳақиқий мўъмин ва муҳожирдир. Қаранг, бошқа ҳадиси шарифда бундай дейилган:

المؤمن من أمنه الناس على أموالهم و أنفسهم و المهاجر من هجر الخطايا و الذنوب

“Мўъмин – ундан одамлар ўзларининг моллари ва жонларига омонда бўлган кимсадир! Муҳожир – хатоликлар ва гуноҳлардан ҳижрат қилган кимсадир!” (Ибн Можа, 2/3934).

Шунинг учун, ҳадисда: والمهاجر من هاجر السوء – “Муҳожир – ёмонликдан ҳижрат қилган кимсадир!”, дейилган (Ибн Ҳиббон, 2/510).

Ҳа, бадан билан қилинадиган ҳижрат – ўз ватанини ташлаб бошқа жойга кўчиб кетиш вақтинчалик заруратдир. Лекин, гуноҳларни ва ёмонликларни тарк қилиб, маънавий ҳижрат қилиш мўъминнинг бутун ҳаёти давомидаги фарзидир, инсониятга юклатилган абадулабад вазифадир, у қиёматгача боқийдир. Энди, мана бу ҳадиси шарифга эътибор қаратинг:

إنّ الهجرة خصلتان إحداهما ان تهجر السيئات و الأخرى ان تهاجر الى الله و رسوله و لا تنقطع الهجرة ما تقبلت التوبة و لا تزال التوبة مقبولة حتى تطلع الشمس من المغرب فإذا طلعت طبع على كلّ قلب بما فيه و كفى الناس العمل

“Албатта, ҳижратнинг икки хислати бор. Бири, ёмонликлардан ҳижрат қилмоқдир. Бошқаси, Аллоҳ ва унинг Расулига ҳижрат қилмоғингдир. Демак, ҳижрат тавба қабул бўлгунича тўхтамайди. Тавба эса қуёш мағрибдан чиққунига қадар мақбул бўлаверади. Қуёш кунботиш томондан чиқадиган бўлса, ҳар бир қалб ўзида бор нарсаси ила муҳрланиб қолади, одамларга амали етарли бўлиб қолади” (Аҳмад, 1/1671; Баззор, 1/1054).

Мазкур ҳадис шарифда айнан “ҳижрат тавба қабул бўлгунича тўхтамайди”, дейилишидан тўхтамайдиган ҳижрат бу маънавий бўлиб, гуноҳларни тарк қилиш, ҳақиқий ҳижрат – ёмонликлардан тавба қилмоқ эканини тушунмоқ қийин эмас. Ҳадисда айтилаётган “Аллоҳ ва унинг Расулига ҳижрат қилмоқ” эса тавба қилгандан кейин яхшилик томонга ўзгариш, ибодатларга юз буриш, ҳар соат ва ҳар онида хаёлан Аллоҳ ва унинг Расули билан бирга бўлиш экани ойдинлашади. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

لا تنقطع الهجرة حتى تنقطع التوبة و لا تنقطع التوبة حتى تطلع الشمس من مغربها

“Ҳижрат тавба кесилмагунча кесилмайди. Тавба эса то қуёш мағрибидан чиққунча узилмайди” (Абу Довуд, 2/2481; Насоий, 5/8711; Доримий, 2/2568; Байҳақий, 2/18234; Аҳмад, 4/16952; Табароний, 19/907).

Демак, тавба эшиклари очиқ экан, инсон ихлос билан тавба қилиб, ёмонлик ва гуноҳларни тарк қилса, ҳижрат савобига мушарраф бўлар экан, қиёмат куни ҳақиқий муҳожирлар қаторида турар экан. Бундан бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирганлар. Биз ҳижратни ана шундай – гуноҳлардан тавба қилиш деб тушунмоғимиз керак!

Хулоса

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга ислом динини дин қилиб берганига, мусулмон қилиб яратганига шукрлар айтмоғимиз керак! Ислом дини илм динидир. Илмсизликнинг, жаҳолатнинг охири вой бўлиши аниқ. Исломий тушунча ва масалаларни нотўғри тушуниб олиш ёки бошқаларга нотўғри етказиш орқали мусулмонларнинг бошига бугун жуда кўп ташвишлар, муаммолар ва фитналар тушмоқда. Афсуски, бугун бутун дунё мусулмонлари жаҳолат ва нодонлик қурбонлари бўлмоқдалар. Ана шундай, инсонни жаҳолатга ва алалоқибат ҳалокатга гирифтор қиладиган тушунчалардан бири “ҳижрат” бўлиб, унинг шаръий истилоҳдаги маъно-мазмунини ва ҳукмини билмаслик оқибатида айрим мусулмонлар фалокатга юз тутмоқдалар. Аъло даражадаги саҳиҳ ҳадиси шарифда: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, дейилган. У олдин фарз қилинган ҳижратнинг ҳукмини бекор қилувчидир. Ана шу ҳадиси шарифга биноан аҳли суннат ва жамоат таълимотидан оғишмаган мусулмонлар ва уларнинг уламолари инсоннинг яшаб турган жойидан бошқа жойга кўчиб кетиши бир пайтлар фарз бўлган ҳижратнинг ҳукмини бекор қилинган, деб тушунганлар. Айниқса, ҳанафий олимлари илм таҳсили ёки касбу кор мақсадида зарурат юзасидан вақтинчалик ҳижрат бўлиши мумкинлигини айтганлар, холос. Лекин, жами мусулмонлар ва бутун дунё ислом уламолари азалдан ҳижратнинг маънавий турини то қиёматгача боқий деб ҳисоблайдилар. Ушбу маънавий ҳижрат инсоннинг гуноҳ ва ёмонликлардан тавба қилиб, тоат ва яхшилик томон кўчиши, йўналишидир. Тавба эшиклари то қиёматгача очиқ экан, инсон ўз вақтида тавба қилмоғи фарз бўлиб қолаверади.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизга шариат ҳукмларини тўғри тушуниб, унга ихлос билан амал қилиш тавфиқини берсин! Парвардигори олам мусулмонларни адаштирмасин, уларни бир-бирларига самимий, ўзаро меҳр-оқибатли қилсин! Жами мўъмин-мусулмонларни Яратганнинг ўзи иттифоқ ва ҳамжиҳат айласин! Омин!

Ҳамидуллоҳ Беруний. 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *