«Мунийра» рисоласи

Рисолани .pdf форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

Мазкур «Мунийра» (“Нурлантирувчи”) деб аталган рисола 1913 йилда Оренбургда М.А.Ҳусаинов матбаасида нашр этилган. Асар бор йўғи 16 саҳифадан иборат. Унинг муаллифи ХХ аср бошларида яшаб-ўтган татар олими, масжид имоми Муҳаммад Содиқ ал-Усмоний раҳимаҳуллоҳ бўладилар.

«Мунийра» рисоласининг титул варағида муаллиф томонидан мазкур рисоладан олдин “Мунжия” (“Нажот берувчи”) номли 31 (ўттиз бир) савол-жавобли (мавзули) асар битганлиги, бироқ, у узайиб кетгани боис мактаб ўқувчилари уни бир йилда ўқиб тугата олмаганлари сабабли 25 (йигирма беш) мавзудаги савол-жавоблардан иборат кичкина рисолача ёзганлигини қайд қилганлар.

Рисола савол-жавоб тарзида тузилган. Унинг ўзбек китобхонларига ҳам бошланғич диний-ақидавий масалалардан хабардор берувчи бўлгани боис табдил ҳозирги замон тилига мослаб ўгирилди.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

 БИРИНЧИ ДАРС

Аввало бандаларга иймон фарз. Иймоннинг таърифи эса бундай:

“ал-Иймону иқрорун би-л-лисон ва тасдиқун би-л-қалб, бима жоа биҳи мин индиллоҳи Муҳаммадун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам” (“Иймон тил билан иқрор қилмоқ ва қалб билан тасдиқламоқдир. Бу эса Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ҳузуридан келтирган нарсаларга ишонмоқдир”).

Иймон икки хил бўлади. Бири, “иймони ижмолий” (ёки “иймони мужмал”) дейилади, яъни иймон келтириладиган нарсаларни жамлаб, қисқа қилиб айтиладиган иймон. Иккинчиси, “иймони тафсилий” (ёки “иймони муфассал”) дейилади, яъни батафсил қилиб, айрим-айрим қилиб айтиладиган узун иймон.

“Иймони ижмолий” қуйидагича:

“Аманту биллаҳи кама ҳува би-асмаиҳи ва сифатиҳи ва қабилту жамиъа аҳкамиҳи!” (“Аллоҳга Унинг исмлари ва сифатлари билан бирга ишондим ва Унинг жами ҳукмларини қабул қилдим!”).

Энди, бир кимса ушбу равишда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло томонидан келтирган ҳукмларнинг ҳар бирини ҳақ ва рост деб тили билан иқрор қилиб, кўнгли билан ишонса, ўзи “иймони тафсилий”ни билмаса, у кимса “иймони ижмолий” билан иймон келтиргани учун куфр зулматидан қутилиб, ҳақиқий мўъмин-мусулмон бўлиб ҳисобланади. Лекин, “иймони тафсилий”ни билмагани учун осий ва гуноҳкор бўлади. Зеро, “иймони тафсилий” билан иймон келтирмоқ ҳар бир кимсага вожибдир.

Имтиҳон: Аввало бандаларга нима фарз? Иймоннинг таърифи қандай? Иймон неча турли бўлади? “Иймони ижмолий” нима? “Иймони ижмолий” калимаси қандай? “Иймони ижмолий” калимасининг маъноси қандай? Инсон қандай қилиб ҳақиқий мўъмин-мусулмон бўлиб ҳисобланади?

ИККИНЧИ ДАРС

“Иймони тафсилий” қуйидагича:

“Аманту биллаҳи ва малаикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи ва-л-йавми-л-охири ва-л-қадари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таъала ва-л-баъси баъд ал-мавти” («Иймон келтирдим – ишондим Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, ҳамма пайғамбарларига, ҳамма китобларига, қиёмат кунига, ҳар бир яхши ва ёмон ишлар Унинг ирода ва тақдири ила бўлмоғига ва ҳамма ўлганларни иккинчи тирилтирмоғига»).

Бунда иймон келтириладиган ҳар бир нарса батафсил қилиб, узун қилиб айтилди.

Имтиҳон: “Иймони тафсилий” калимаси қандай? “Иймони тафсилий”нинг маъноси нима?

 

 УЧИНЧИ ДАРС

Аллоҳ таолога иймон келтирув:

Аллоҳ таоло бордир. Бор бўлмоғи ўзидандир. Ҳамда у бирдир. Шериги ва ўхшаши йўқдир. Ҳеч бир томонда, ҳеч бир маконда бўлмас. Борлигининг аввали ва охири йўқдир. Барча камчилик сифатлардан пок бўлиб, ҳар бир гўзал сифатлар билан сифатланган бир Зотдир.

Фаришталарга иймон келтирув:

Аллоҳ таолонинг фаришталари Аллоҳ таолонинг ҳурматли қулларидир. Ҳар вақт Аллоҳ таолонинг амрига бўйсинмоқ уларнинг иши. Гуноҳ қилмоқдан, еб-ичмоқдан, эркак-хотин бўлмоқдан йироқ бўлган, нурдан яратилган жисмлардир.

Имтиҳон: Аллоҳ таолога иймон келтирмоқ қандай бўлади? Фаришталарга иймон келтирмоқ қандай бўлади?

ТЎРТИНЧИ ДАРС

Китобларга иймон келтирув:

Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига тушурган китоблари бир юз тўрт китобдир. Тўрттаси катта китоблар: “Таврот”, “Забур”, “Инжил” ва “Қуръон”. Юзтаси кичик китоблар, яъни варақлардир. Уларни “суҳуф” дейилади. Ўн саҳифа Одам алайҳиссаломга, эллик саҳифа Шийс алайҳиссаломга, ўттиз саҳифа Идрис алайҳиссаломга, ўн саҳифа Иброҳим алайҳиссаломга тушурилган. “Таврот” Мусо алайҳиссаломга, “Забур” Довуд алайҳиссаломга, “Инжил” Исо алайҳиссаломга, “Қуръон” бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга берилган. Ушбу айтилган китобларнинг ҳар бири ҳақ ва ростдир, деб инонмоқ лозим. Лекин, аввалги китоблар Қуръони шариф билан мансух бўлуб, бекор қилинган бўлиб, Қуръонга амал қилмоқ вожибдир.

Имтиҳон: Китобларга иймон келтирмоқ қандай бўлади? Муқаддас китоблар нечта?

БЕШИНЧИ ДАРС

Пайғамбарларга иймон келтирув:

Аллоҳ таолонинг пайғамбарларининг аввалгиси Одам алайҳиссалом, охиргиси бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдир. Бу икки зотнинг ораларида на қадар пайғамбар бор бўлса, уларнинг ҳар бири ҳақ ва ростдир, деб инонмоқ лозим.

Қиёмат кунига иймон келтирув:

Бу дунё тугаб, мезон тарози ўрнатилади. Савол-жавоб бўлиб ўтади. Охират куни албатта бўлади. Бу кунга асло шак-шубҳа йўқ, деб инонмоқ лозим.

Имтиҳон: Пайғамбарларга иймон келтирув қандай бўлади? Қиёмат кунига иймон келтирув қандай бўлади?

ОЛТИНЧИ ДАРС

Тақдирга иймон келтирув:

Аллоҳ таолонинг бор қилган нарсалари қай тариқа бўлади, инсон қачон туғилади, қачон ўлади, бой бўладими, камбағал бўладими, яхшими-ёмонми – буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг азалда билиб, ўлчагани ва ҳукм қилгани бўйича бўладилар, деб инонмоқ лозим.

Қайта тирилишга иймон келтирув:

Чириб, тупроқ бўлиб, йўқга чиққан аъзоларни Аллоҳ таоло олдинги каби яратиб, тирилтириб, қабрдан турғазмоқни ҳақ деб инонмоқ лозим.

Имтиҳон: Тақдирга иймон келтирмоқ қандай? Қайта тирилтиришга ишониш қандай?

ЕТТИНЧИ ДАРС

Аллоҳ таолонинг “сифати субутия”си, яъни маъносида йўқлик бўлмаган сифатлари саккиздир: ҳаёт, илм, қудрат, басар, самъ, ирода, калом ва таквин.

Ҳаёт – тириклик сифати. Илм – билмоқ сифати. Қудрат – кучи етмоқ сифати. Басар – кўрмоқ сифати. Самъ – эшитмоқ сифати. Ирода – тиламоқ сифати. Калом – сўйлашмоқ сифати. Таквин – бор қилмоқ сифати.

Имтиҳон: “Сифати субутия”нинг маъноси нима? Аллоҳ таолонинг “сифати субутия”си нечта? Аллоҳнинг саккизта сифатларининг маъноси нима?

САККИЗИНЧИ ДАРС

Аллоҳ таоло ушбу саккиз сифатлари сабабли саккиз исм билан номланган. Яъни, Аллоҳ таоло Ҳайдир, Олимдир, Қодирдир, Самиъдир, Басирдир, Муриддир, Мутакаллимдир, Мукаввиндир.

Маънолари будир:

Ҳаёт сифати билан Ҳайдир, яъни Аллоҳ таоло тирикдир. Тириклиги бизники каби эмас. Унинг тириклиги эт, қон, тан, жон билан, емоқ-ичмоқ билан бўлмайди. Балки ўзига лойиқ сифат билан бўлади.

Илм сифати билан Олимдир, яъни Аллоҳ таоло билгувчидир. Билмоқлиги бизники каби эмас. Унинг билмоғи ўрганмоқ-ўргатмоқ ёки ўйламоқ билан бўлмайди. Балки ўзига лойиқ сифат билан бўлади.

Қудрат сифати билан Қодирдир, яъни Аллоҳ таоло кучи етгувчидир. Кучининг етмоқлиги бизники каби эмас. Унинг кучи ёрдам истамоқ билан бўлмайди. Балки ўзига лойиқ сифат билан бўлади.

Имтиҳон: Аллоҳ таоло ушбу саккиз сифат сабабли неча исм билан номланган? Аллоҳ таолонинг Ҳай дейилишининг маъноси нима? Аллоҳ таолонинг Олим дейилишининг маъноси нима? Аллоҳ таолонинг Қодир дейилишининг маъноси нима?

ТЎҚҚИЗИНЧИ ДАРС

Басар сифати билан Басирдир, яъни Аллоҳ таоло кўрувчидир. Кўрмоқлиги бизники каби эмас. Унинг кўрмоғи кўз билан бўлмайди. Балки ўзига лойиқ сифат билан бўлади.

Самъ сифати билан Самиъдир, яъни Аллоҳ таоло эшитгувчидир. Эшитмоқлиги бизники каби эмас. Унинг эшитмоғи қулоқ билан бўлмайди. Балки ўзига лойиқ сифат билан бўлади.

Ирода сифати билан Муриддир, яъни Аллоҳ таоло тилагувчидир. Тиламоқлиги бизники каби нуқсонли эмас. Унинг тиламоғи нима нарсани тиласа, ўша нарса қатъан бор бўлур, агар тиламаса, у нарса асло бор бўлмас.

Калом сифати билан Мутакаллимдир, яъни Аллоҳ таоло сўйлашгувчидир. Сўйлашмоқлиги бизники каби эмас. Унинг сўйлашмоғи оғиз-овоз ёки лаб билан бўлмайди. Балки ўзига лойиқ сифат билан бўлади.

Таквин сифати билан Мукаввиндир, яъни Аллоҳ таоло барча нарсаларни бор қилувчидир. Аллоҳ таоло ўзининг тилаги билан бор қилувчидир.

Имтиҳон: Аллоҳ таолонинг Басир дейилишининг маъноси нима? Аллоҳ таолонинг Самиъ дейилишининг маъноси нима? Аллоҳ таолонинг Мурид дейилишининг маъноси нима? Аллоҳ таолонинг Мутакаллим дейилишининг маъноси нима? Аллоҳ таолонинг Мукаввин дейилишининг маъноси нима?

ЎНИНЧИ ДАРС

Аллоҳ таолонинг “сифати салбия”си, яъни маъноларида йўқлик бўлган сифатлари бешдир: қидам, бақо, ваҳдоният, мухолафат ли-л-ҳаводис, қиём би-нафсиҳи.

Маънолари будир:

Қидамнинг маъноси Аллоҳ таолонинг аввали бўлмаслик.

Бақонинг маъноси Аллоҳ таолонинг охири бўлмаслик.

Ваҳдониятнинг маъноси Аллоҳ таолонинг зотида, сифатида, афъолида шериги ва ўхшаши бўлмаслик.

Мухолафат ли-л-ҳаводиснинг маъноси Аллоҳ таоло яратганларининг ҳеч бирига ўхшамаслигидир. Шунингдек, махлуқотнинг ҳеч бири Аллоҳ таолога ўхшамас.

Қиём би-нафсиҳининг маъноси Аллоҳ таоло турадиган ўринга муҳтож эмаслигидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳеч кимнинг туғдиришига муҳтож эмасдир.

Имтиҳон: “Сифати салбия”нинг маъноси нима? Аллоҳ таолонинг “сифати салбия”лари нечта? “Сифати салбия”лар қайсилар ва уларнинг маънолари қандай?

ЎН БИРИНЧИ ДАРС

Ушбу беш сифат сабабли Аллоҳ таолога беш исм айтилур. Аллоҳ таоло Қадимдир, Боқийдир, Воҳиддир, Мухолиф ли-л-ҳаводисдир, Қоим би-нафсиҳидир.

Аллоҳ таоло қидам сифати билан Қадимдир. Яъни, Аллоҳ таолонинг аввали йўқдир.

Аллоҳ таоло бақо сифати ила Боқийдир. Яъни, Аллоҳ таолонинг охири йўқдир.

Аллоҳ таоло ваҳдоният сифати ила Воҳиддир. Яъни, Аллоҳ таолонинг зотида, сифатида ва афъолида шериги ва ўхшаши йўқдир.

Аллоҳ таоло мухолафат ли-л-ҳаводис сифати ила Мухолиф ли-л-ҳаводисдир. Яъни, Аллоҳ таоло махлуқотнинг ҳеч бирига ўхшамас, яратилганларнинг ҳам ҳеч бири Аллоҳ таолога ўхшамас.

Аллоҳ таоло қиём би-нафсиҳи сифати ила Қоим би-нафсиҳидир. Яъни, Аллоҳ таоло турмоқ ўринларига муҳтож эмас. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳеч бир кимсанинг туғдиришига муҳтож бўлмайди.

Имтиҳон: Ушбу бешта “сифати салбия”лари сабабли Аллоҳ таоло нечта исм билан номланган. Ушбу бешта исмнинг маънолари нима?

ЎН ИККИНЧИ ДАРС

Қуръонда баён қилинган йигирма саккиз пайғамбарнинг исмларини билмоқ вожибдир. Улар қуйидагилар:

Аввалгиси, Одам. Иккинчиси, Идрис. Учинчиси, Нуҳ. Тўртинчиси, Ҳуд. Бешинчиси, Солиҳ. Олтинчиси, Иброҳим. Еттинчиси, Лут. Саккизинчиси, Исмоил. Тўққизинчиси, Исҳоқ. Ўнинчиси, Яъқуб. Ўн биринчиси, Юсуф. Ўн иккинчиси, Айюб. Ўн учинчиси, Шуайб. Ўн тўртинчиси, Мусо. Ўн бешинчиси, Ҳорун.

Имтиҳон: Нечта пайғамбарларнинг исмларини билмоқ вожиб? Улар кимлар?

ЎН УЧИНЧИ ДАРС

Ўн олтинчиси, Довуд. Ўн еттинчиси, Сулаймон. Ўн саккизинчиси, Илёс. Ўн тўққизинчиси, Ал-Ясаъ. Йигирманчиси, Зулкифл. Йигирма биринчиси, Юнус. Йигирма иккинчиси, Зулқарнайн. Йигирма учинчиси, Луқмон. Йигирма тўртинчиси, Узайр. Йигирма бешинчиси, Закариё. Йигирма олтинчиси, Яҳё. Йигирма еттинчиси, Исо. Йигирма саккизинчиси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Лекин, Узайр, Луқмон ва Зулқарнайн тўғрисида турли фикрлар бўлган. Айримлар уларни пайғамбар дедилар, айримлар эса авлиё деганлар.

Имтиҳон: Қолган пайғамбарлар кимлар? Қайси пайғамбарларнинг паййғамбарлиги ҳақида ихтилоф бўлган?

ЎН ТЎРТИНЧИ ДАРС

Пайғамбарлар ҳақида билув вожиб бўлган сифатлар бештадир:

Аввало, ҳар қайси пайғамбарлар тўғри сўзли бўлмоғи керак.

Иккинчиси, омонатга хиёнат қилмаслиги керак.

Учинчиси, Аллоҳ таоло нима нарсаларни буюрган бўлса, ушбу ҳукмларнинг ҳар қайсини мукаммал равишда умматларига етказмоқлари керак.

Тўртинчиси, ҳар қайси пайғамбарлар ақлли бўлмоқлари керак.

Бешинчиси, ҳар қайси пайғамбарлар гуноҳдан пок бўлмоқлари керак.

Имтиҳон: Пайғамбарлар ҳқида вожиб бўлган сифатлар нечта? Улар қайсилар?

ЎН БЕШИНЧИ ДАРС

«Тавҳид калимаси», яъни Худонинг ягоналигини айтиладиган муқаддас гап мана бу: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ!».

Унинг маъноси: “Ҳақлик узра қуллуқ қилинмиш зот йўқдир, магар Аллоҳ таологина бор. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлини кўрсатишга юборилган элчиси ва пайғамбаридир”.

«Шаҳодат калимаси», яъни Худонинг ягоналиги ва пайғамбарнинг ҳақлигига гувоҳлик бериладиган муқаддас гап мана бу: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу!».

«Шаҳодат калимаси»нинг маъноси қуйидагича: «Гувоҳлик бераман мен ҳақиқатда йўқдир ҳақлик узра қуллуқ қилинмиш зот, магар Аллоҳ таологина бор. Яна гувоҳлик бераман мен ҳақиқатда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг қулидир. Яна у Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлини кўрсатурга юборган элчиси ва пайғамбаридир”.

Имтиҳон: “Калимаи тавҳид” нима? Унинг маъноси нима? “Калимаи шаҳодат” нима? Унинг маъноси нима?

ЎН ОЛТИНЧИ ДАРС

Истиғфор калималарининг саййиди, яъни улуғи будир: “Астағфируллоҳ, аллазий ла илаҳа илла ҳувал Ҳаййул Қаййуму ва атубу илайҳ”.

Унинг маъноси будир: “Гуноҳларимнинг кечирилишини Аллоҳ таолодан истайман! У шундай Аллоҳки, ҳақлик узра қуллуқ қилинмиш зот йўқ, магар Аллоҳ таологина бор. Аллоҳ таоло тирикдир, Аллоҳ таоло доим боқий бўлувчидир. Яна қилган гуноҳларимдан Аллоҳ таолога қайтаман!”.

Имтиҳон: Истиғфор калималарининг улуғи қайси? Унинг маъноси нима?

ЎН ЕТТИНЧИ ДАРС

“Радди куфр калимаси”, яъни куфрдан сақланмоққа сабаб бўладиган калима будир: “Аллоҳумма, инний аъузу бика мин ан ушрика бика шайъан, ва ана аъламу. Ва астағфирука лима ла аъламу. Иннака анта ъалламу-л-ғуйуб!”.

Унинг маъноси будир: “Эй, Аллоҳ! Ҳақиқатда мен Сенга бирор нарсани билганим ҳолда ширк келтиришдан паноҳ сўрайман. Яна Сендан ўзим билмай қилган куфрликларим учун кечиришингни сўрайман. Албатта Сен ғойиб нарсаларни билгувчисан”.

Ушбу “Радди куфр калимаси”ни эрта-ю кеч ўқимоқ куфрдан сақланувга сабаб бўлур, дейилган.

Имтиҳон: “Радди куфр калимаси” қандай? Унинг маъноси нима? “Радди куфр калимаси”ни қайси вақт ўқимоқ керак? “Радди куфр калимаси”ни нима учун ўқимоқ керак?

 

ЎН САККИЗИНЧИ ДАРС

Исломнинг биноси бешдир:

Аввал, «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу!» демоқ. Иккинчиси, беш вақт намоз ўқимоқ. Учинчиси, рамазон ойида рўза тутмоқ. Тўртинчиси, бой бўлган киши йилда бир мартаба закот бермоқ. Бешинчиси, кучи етган киши умрида бир мартаба ҳаж қилмоқ.

Эътиқодда мазҳабим аҳли суннат ва жамоатдир. Яъни, эътиқодим пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари розияллоҳу анҳумнинг йўлида бўлган кишиларнинг эътиқоди кабидир.

Амалда мазҳабим Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳабидир. Яъни, амал қилмоғим Имоми Аъзам ҳазратлари амал қилганларидек унинг мазҳабидадир.

Амалдаги мазҳабларнинг машҳурлари тўртдир. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа, Имоми Молик, Имом  аш-Шофиъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал разийаллоҳу анҳум ажмаъин.

Амалда мазҳабим Қуръони шарифдир.

Имтиҳон: Ислом биноси неча? Ислом биноси деб ҳисобланган нарсалар қайсилар? Эътиқодда мазҳабинг ким? Амалда мазҳабинг ким? Амалдаги мазҳабларнинг машҳурлари қайсилар? Амалда мазҳабинг нима?

ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ ДАРС

Мўъмин бўлган одамнинг зиммасида қирқ фарз бор. Ушбу фарзларнинг тўрттаси истинжода, тўрттаси таҳоратда, учтаси ғуслда, тўрттаси таяммумда, ўн иккиси намоздадир. Ўн икки фарзнинг олтитаси шарт, олтитаси рукн дейилади. Шарт деб намознинг ташқарисидаги фарзларга айтилур. Рукн деб намознинг ичидаги фарзларга айтилур. Фарзларнинг қолган учтаси закотда, учтаси рўзада, тўрттаси таомда ва учтаси ҳаждадир.

Имтиҳон: Мўъмин бўлган одамнинг зиммасида неча фарз бор? Ушбу фарзлар қайси ўринларда?

ЙИГИРМАНЧИ ДАРС

Истинжода бўлган тўрт фарз булардир:

Аввалгиси, жунуб кишининг истинжоси. Иккинчиси, ҳайздан пок бўлган хотиннинг истинжоси. Учинчиси, нифосдан покланган хотиннинг истинжоси. Тўртинчиси, махражидан нажосат дирҳами шаръий миқдоридан ортиқ чиққан кимсанинг истинжоси. Бу миқдор қуюқ нажосатда мисқолдан зиёда бўлмоғи, суюқ нажосатда эса кафт чуқуридан зиёда бўлмоғидир.

Таҳоратда бўлган тўрт фарз булардир:

Аввалгиси, юз ювмоқ. Иккинчиси, икки қўлини тирсаклари билан бирга ювмоқ. Учинчиси, бошнинг тўрт улушидан бир улушига масҳ тортмоқ. Тўртинчиси, икки оёғини тўпиқлари билан бирга ювмоқ.

Имтиҳон: Истинжода бўлган тўрт фарз қайси нарсалар? Таҳоратда бўлган тўрт фарз қайси нарсалар?

ЙИГИРМА БИРИНЧИ ДАРС

Ғуслда бўлган уч фарз булардир:

Аввало, оғзига сув олмоқ. Иккинчиси, бурнига сув олмоқ. Учинчиси, барча жасадни ювмоқ. Сув билан бутун танасини ювмоқ.

Таяммумда бўлган тўрт фарз булардир:

Аввал, ният. Таяммумнинг нияти будир: “Илоҳий, ният қилдим, яъни тиладим таяммум қилмоқни. Таҳоратсизликни кетказмоқ учун, намозни дуруст қилмоқ учун. Холисан лиллаҳи таоло. Аллоҳу акбар!”. Иккинчиси, тоза тупроқ ёки тоза тош. Учинчиси, юзини силамоқ учун бир зарб урмоқ. Тўртинчиси, икки қўлини тирсаклари қадар силамоқ учун яна бир зарб урмоқ.

Имтиҳон: Ғуслда бўлган уч фарз нималар? Таяммумда бўлган тўрт фарз қайсилар?

 ЙИГИРМА ИККИНЧИ ДАРС

Намозда шарт бўлган олти фарз булардир:

Аввалгиси, намоз ўқувчи киши танини, кийимларини, ўрнини нажосатдан покламоқ. Иккинчиси, авратини ёпмоқ. Учинчиси, намоз вақтини билмоқ. Тўртинчиси, таҳорат олмоқ. Бешинчиси, ният қилмоқ. Олтинчиси, қибла томонга юзланмоқ.

Намозда рукн бўлган олти фарз булардир:

Аввалгиси, такбири таҳрима, яъни қулоқ қоқмоқ такбири. Иккинчиси, қиём, яъни оёқ узра турмоқ. Учинчиси, қироат, яъни Қуръондан бир узун оят ёки уч қисқа оят ўқимоқ. Тўртинчиси, рукуъ, яъни боши билан орқасини тенг-баробар қилиб букилиб турмоқ. Бешинчиси, сажда, яъни манглайини ва бурнини ерга қўймоқ. Олтинчиси, қаъдаи охирада ташаҳҳуд миқдори ўтирмоқ, яъни намознинг энг охирида “аттаҳийёт” ўқиш миқдори ўтирмоқ.

Имтиҳон: Намозда шарт бўлган олти фарз нарсалар қайсилар? Рукн бўлган олти фарз нарсалар қайсилар?

ЙИГИРМА УЧИНЧИ ДАРС

Закотда бўлган уч фарз булардир:

Аввалгиси, мол-давлатининг шариат таъйин қилган миқдорини бермоқ. Масалан, қирда ўтлаб юрган ҳайвонларининг шариат таъйин қилган тариқаси: қирқ қўйга бир қўй, ўттиз сигирга бир яшар бузоқ, беш туяга бир қўй закотдан бермоқ фарз бўлади. Шундай ҳайвонотдан бошқа нарсаларда, масалан, кумушда икки юз дирҳамга эришса, юз қирқ мисқол кумушга эришса, шариат таъйин қилган равишча қирқ улушидан бир улушни, яъни уч мисқол-у ярим кумушни закотдан бермоқ фарз бўлади. Агарда олтин бўлса, йигирма мисқолга эришса, бунинг ҳам шариат таъйин қилган равишча қирқ улушидан бир улушни, яъни ярим мисқол олтинни закотдан бермоқ фарз бўлади. Агар сотув моли бўлса, икки юз дирҳам кумуш миқдорига эришса, яъни мунда ҳам шариат таъйин қилган миқдорда қирқ улушдан бир улушни бермоқ фарз бўлади. Ўшандоқ қирқ тангалик мол учун бир танга, юз тангалик мол учун икки ярим танга, минг тангалик мол учун йигирма беш танга закот бермоқ фарз бўлади.

Иккинчиси, закотни берган вақтда ёки берурга айириб қўйган вақтда закотдан бўлишини ният қилмоқ. Учинчиси, масрифига, яъни сарф қилинадиган жойига бермоқ.

Имтиҳон: Закотда бўлган уч фарз қайсилар?

ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ ДАРС

Закотнинг масрифлари булардир:

Аввалгиси, фақир. Яъни, нисобдан кам мол-давлати бўлган кимса. Иккинчиси, мискин. Яъни, асло мол-давлати бўлмаган кимса. Учинчиси, омили садақа. Яъни, садақа тўплашга подшоҳ томонидан таъйин қилинган одам. Тўртинчиси, мукотаб. Яъни, маблағ топиб озод бўлиш учун хожасидан ёзув олган қул. Бешинчиси, қарздор кимса. Олтинчиси, фий сабилиллоҳ. Яъни, мол-давлати йўқлиги сабабли жангга кета олмай қолган кимса. Еттинчиси, ибн ас-сабил. Яъни, мол-давлати ўзи билан бирга ёнида бўлмай, муҳтож бўлиб қолган мусофир кимса.

Рўзада бўлган фарз булардир:

Аввалгиси, ният. Иккинчиси, тонг отгандан қуёш ботгунга қадар еб-ичишни тарк қилмоқ. Учинчиси, жимоъни, яъни хотинига тонг отгандан қуёш ботгунга қадар яқинлик қилмоқни тарк қилмоқ.

Имтиҳон: Закотнинг масрифлари нечта ва улар қайсилар? Рўзада бўлган уч фарз қайсилар?

ЙИГИРМА БЕШИНЧИ ДАРС

Таом ейишда бўлган тўрт фарз булардир:

Аввалгиси, емоқчи бўлган таоми ҳалол бўлмоқ. Зеро, луқманинг ҳалол бўлмоғи фарзларнинг энг улуғи, дейилган. Иккинчиси, ейдиган таомини Аллоҳ таолодан деб билмоқ. Учинчиси, Аллоҳ таолонинг берган неъматларига рози бўлмоқ. Тўртинчиси, еган таомининг қуввати бор вақтда гуноҳ қилувдан тийилмоқ.

Ҳажда бўлган уч фарз булардир:

Аввалгиси, эҳром. Яъни, мийқотда ҳажни ният этиб, тикилмаган эҳром кийимларни киймоқ. Иккинчиси, вуқуфи арафа. Яъни, Арафот тоғининг ёнига бориб турмоқ. Шунда шаръан мумкин бўлган нарсаларнинг ҳар қайсиси қилинур. Учинчиси, тавоф. Яъни, зиёрат учун Каъбатуллоҳни етти мартаба айланмоқ.

Имтиҳон: Таом емоқда бўлган тўрт фарз қайсилар? Ҳажда бўлган уч фарз қайсилар?

Рисола тамом бўлди.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *