Ўзингда йўқ нарса билан ясанишга уринма!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Ким одамлар олдида ўзида йўқ нарса билан зийнатланишга уринса Аллоҳ уни уялтириб қўяди.
Охират ортидан қолма, дунёни ҳам ташлаб қўйма!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Ўзинг учун керакли нарсани изламоқ дунёга муҳаббат қўймоқ дегани эмасдир.
Кибрдан сақланинг!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Ким ўзини бошқалардан яхшиман деб ҳисобласа, бас, у кибр қилибди! Иблисни ҳазрати Одамга сажда қилишдан кибри тўсиб қолганди.
Шаҳват гуноҳи кибр гуноҳидан кўра енгилроқдир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: кимники гуноҳига шаҳват сабаб бўлса, унга тавба имконияти бор деб умид қиламан. Чунки ҳазрати Одамнинг гуноҳи шаҳват туфайли эди Аллоҳ уни кечирди. Аммо кибр туфайли бўлган гуноҳ соҳибини лаънатга қолишидан қўрқаман. Чунки Иблис кибр қилди бас, лаънатга қолди.
Машҳурликдан қочган кишини Аллоҳ машҳур қилади!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Танилганлар танилмасликни хоҳламагунларигача танилмадилар!
Толиби илм гўё қулдек бўлмоғи лозим!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Манфаатли илм истаганлар худди хожасини хурсанд қилиш пайида юрган, хожасига маъқул ишларни қилиб, унга яқинлашиш, қалбидан жой олиш илинжида бўлган, хожасининг назаридан қолишдан қаттиқ қўрққан қуллардек бўлади.
Адолат, фазилат, разолат ички ва ташқи кўриниш билан боғлиқдир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Инсоннинг ички дунёси ташқи дунёсига мос бўлса бу—адолатдир. Агар ички дунё ташқи дунёдан афзал бўлса бу—фазилатдир. Мабодо ташқи дунё ички дунёдан афзал бўлса бу—разолатдир.
Мақтов ўзини билганлар билан биргадир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Ким ўз нафсини яхши билса унга ҳеч қандай мақтов, тилёғламалик салбий таъсир қилмайди.
Фойда бермаган илм албатта зарар беради!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Агар илмингиз сизга манфаат бермаса шубҳасиз у сизга зарардир.
Намозга эрта келмоқ намозни улуғлаш демакдир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Жамоатга такбир айтилишидан олдин келиб ўтириш намознинг ҳурматини ўз ўрнига қўйишдир.
Соликларнинг озлигидан ўзингизни ёлғиз ҳис қилманг!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Ҳақ йўлда собитқадам бўлинг, аҳли тариқатнинг озлиги сизни ғамга солмасин, ўзингизни якка ҳис қилманг.
Ибодатнинг афзали ман қилинган нарсалардан воз кеча олишдир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Ҳеч ким Аллоҳ таоло ман қилган нарсаларни тарк қила олган кишидан кўра афзалроқ ибодат ва ижтиҳод қила олмапти.
Қиёмат куни энг кўп ҳасрат-надомат қилувчилар уч тоифа одамлардир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Қиёмат куни ашаддий ҳасрат чекувчилар уч тоифа бўлади:
Қулдорлар-ки, қулларининг амаллари хожасиникидан афзалроқ бўлса;
Бойлар-ки, молини бу дунёда садақа қилмай қолдириб кетган, меросхўрлари садақа қилиб тарқатса;
Олимлар-ки, илмидан манфаатлана олмай бошқаларга ўргатган, бошқалар манфаатланган бўлса.
Ризонинг ҳадди борига рози бўлмоқдир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Аллоҳ таолодан рози бўлишнинг чегараси борми?—деб савол қилинди. Аллоҳдан рози бўлган банда ўз ўрнидан ортиғини орзу қилмайди—деб жавоб берилди.
Динда пешволикка сабр ва чин ихлос билан эришилади!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: “Ва сабр қилган пайтларида улардан Бизнинг амримиз ила ҳидоятга бошлайдиган пешволар чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонардилар”. (Сажда сураси / 24). Шу оятда айтилганидек иш тутдилар, Аллоҳ уларни бошлиқ қилди.
Кунлар—атиги уч кундир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Айтилишича, кунлар уч кун экан холос:
Кечаги кун. Ўз ҳикматини сенга ташлаб кетган донишманд ҳакимдир;
Бугунги кун. Сен билан видолашиб турган содиқ дўст. Сендан жуда йироқ эди, сен унинг олдига бормадинг унинг ўзи сени йўқлаб келди ва тез жўнаб кетиш пайида турибди;
Эртанги кун. Сен унда бўласанми йўқми? Буниси номаълум.
Неъматларнинг афзали “Ла илаҳа иллалллоҳ”дир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Аллоҳ бандаларига “Ла илаҳа иллалллоҳ”ни англаб етишдан кўра афзалроқ неъмат берган эмас. Чунки бу калиманинг охиратдаги қадри дунёдаги сув кабидир.
Зуҳд – сабр ва ўлимни кутиб яшашдир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Дунёда зоҳидлик мақомига сабр ва ўлимни кутиб яшаш билан эришилади.
Дунё ва охират ҳақида мулоҳазали бўлинг!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Сен дунёда гўёки йўқсан! Сен охиратдасан ва абадийсан! Сен ўлганларнинг энг охиргисисан!
Зоҳидлик мана шудир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳга савол қилинди:
— Ҳазрат, дунёда зоҳидлик недир?
У киши жавоб бердилар:
— Аллоҳнинг неъматига шукр қилмоқ, балога сабр қилмоқ мана шу зоҳидликдир.
Яна савол қилинди:
— Неъматни ўзида ушлаб қолиб шукр қилса ва балога сабр қилса бу қандай зоҳид бўлади. Ахир неъмат унинг ўзида турибдику?!
— Кимники бало сабрдан тўса олмаса, неъматлар шукрдан тўса олмаса бундан ортиқ зоҳидлик борми?!
Ҳикмат уч нарса билан келади ва уч нарса билан кўпаяди!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Ҳикмат жим туришлик, қулоқ солишлик ва эшитганни уқиб олишлик билан пайдо бўлади. Ҳикмат охират ҳовлисига талпиниш билан, дунё ҳовлисига нисбатан совуққонлик билан, ўлим келишидан олдин унга тайёр туриш билан кўпаяди.
Ўзинг учун фойдалироғини танла!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Нафсингга жим туриш ёқимли туюлса гапир! Нафсингга гапириш ёқимли туюлса жим тур!
Тортишув яхшилик келтирмас!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Тортишувда хайрият йўқлиги учун ундан воз кечинглар.
Уни ўзингиз учун ёмонлик деб ҳисобламанг…
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Сенда бўлмаган ёмонликни сенда бор деб гапиришлари сенда мавжуд яхшиликни сенда бор деб гапиришларидан яхшироқдир! Ва ушбу оятни тиловат қилдилар: “Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир”. (Нур сураси / 11).
Намозга азондан олдин келинг!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: То чақирмагунча келмайдиган ёмон қуллардан бўлманг, аксинча чақиришдан олдин етиб келинг.
Аллоҳнинг кучли ҳужжати бордир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Аллоҳнинг бандаларига ҳамиша ҳужжати бордир. Ё уларнинг гуноҳи ё уларга берилган неъмат шукрини тўла адо қила олмаганлари.
Зоҳидлик—Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни таркидадир!
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан воз кечиш билан зоҳид бўласиз. Аллоҳ мубоҳ қилган нарсаларда эмас. Чунки Пайғамбарлар ҳам никоҳланган, таомланган. Аммо уларни Аллоҳ баъзи нарсалардан қайтарди, улар тийилдилар ва зоҳид бўлдилар.
Салоҳият…
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Ибодат зоҳидлик билан ислоҳ бўлгай, зоҳидлик эса фиқҳ билан ислоҳ этилгай, фиқҳ эса сабр билан ислоҳ бўлади!
Ҳикматуллоҳ Иброҳим тайёрлади

