ЖАНОЗА ВА УНГА БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАР 4

tochnoe-vremya-v-Turtsii-s33333

(Савол-жавоб)

— Аёл киши имом бўлса, жоиз бўладиган намоз борми?

— Бор. Жаноза намози. “ал-Қуня”да айтилишича, аёл киши жаноза намозида имом бўлса, намоз қайтариб ўқилмайди. Яна у китобда “Назм ул-фиқҳ”дан нақл қилинишича, эркак киши топилмаганда жаноза намозига аёл киши имом бўлса, жоиз бўлади, дейилган. “Ашбоҳ”да “Жанозада аёллар имом бўлмайди. Агар имом бўлиб намоз ўқиса, фарз соқит бўлади”, дейилган. Ҳамавий “гарчи орқадаги эркакларнинг намози фосид бўлса ҳам”, деб қўшиб қўйилган.

— Қайси намоздан кейин дуо қилмоқ макруҳ бўлади?

— Жаноза намозидан кейин. Зоҳидий “ал-Қуня”да Абу Бакр Ибн Ҳомиддан ривоят қилиб дейди: “Жанозадан кейин дуо қилмоқ макруҳдир”. Кейин яна шундай деган: Муҳаммад ибн Фазл унинг зарари йўқ, деган. “Муҳит”дан нақл қилинган: киши жанозадан кейин дуога турмайди.

— Қайси намозда намозхоннинг бирор нарсага рўбарў туриши шарт бўлади?

— Жаноза намозида. Жанозада намозхон маййитнинг бирор аъзосига рўбарў туриши шарт. Агар маййит юқори жойда туриб намоз ўқувчилар пастда қолса жаноза жоиз бўлмайди. Бу масалага Ҳамавий раҳматуллоҳи алайҳ “Туҳфа”дан нақл қилиб ҳужжат қилган.

— Қўлида мусҳафи шариф, лекин белида зиннор (ғайри динлар белига тақиб юрадиган махсус кийим) бўлган маййитга қаерда жаноза намози ўқилмайди?

— Мусулмонлар ўлкасида. Чунки маййитнинг белидаги зиннори унинг ғайридинлик белгисидир. Лекин кофирлар ўлкасида шу ҳолатда топилган жасадга жаноза ўқилади. Чунки мусулмон киши кофирлар орасида зиннор тақиб омон юриши мумкин холос. (Унинг зиннори кофирлик аломати эмас, балки жонини омон сақлаш учун таққан кийимидир. Тарж). “Ашбоҳ ван-назоир”нинг олтинчи фанида шундай дейилган.

— Қандай маййитга юрт эътибори билан жаноза ўқилади?

— Ислом ўлкасида дини ва эътиқоди номаълум бўлган шахснинг топиб олинган жасадига, юрт эътибори билан жаноза ўқиб кўмилади.

— “Намоз ўқимайман” деб қасам ичган киши қайси намозни ўқиса қасамини бузмаган бўлади?

— Жаноза намозини ўқиса. “Ашбоҳ ван-назоир”нинг биринчи фан, олтинчи қоидасида шу масалага ҳужжат бор.

— Қандай маййитларни сувга чўктирилади?

— Дафн этишинг имкони бўлмаган маййитларни сўвга чўктирилади. Кемада ўлган кишини ғусл қилдирилиб, кафанлаб, жанозасини ўқиб сувга ташлаб юборилади. “Жомеъур-румуз”да шундай дейилган. Агар, кема қирғоқда тўхтаб турган бўлса, у ҳолда маййитни пастга олиб тушиб ерга дафн этилади.

— Мусулмонлар жамоасидан жанозаси ўқилмасдан кофирлар қабристонига дафн этиладиганлари борми?

— Бор. Жасадлари кофирларники билан аралашиб кетган, сон жиҳатидан тенг ёки кофирларники кўпроқ ва ажратиб олиш имкони қолмаган мусулмонларнинг маййитлари. Буларни ювиб, кафанлаб кофирларнинг қабристонига бежаноза кўмилади.

Агар жасадларни бир-биридан фарқлаш имкони бўлса, ёки мусулмонлар кофирлар ўлигидан сон жиҳатдан кўпроқ бўлса, бу ҳолатларда мусулмонларнинг жасадига ният қилиб жаноза ўқилади ва мусулмонлар қабристонига дафн этилади.

— Жанозани ниманинг устига ортиш макруҳ бўлади?

— Чорпонинг устига юклаш макруҳ бўлади. Худди орқасига опичлаб кўтариш макруҳ бўлгани каби. Тамом.

Абдулҳай Лакнавийнинг «Нафъул-муфти вас-саил бижамъи мутафарриқотил-масаил» номли фатво тўпламидан.

Элмурод Қўзиев

Андижон тумани, «Холдорбой Ҳожи» жоме масжид имом-хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *