ҚИЁМДА ҚЎЛ ҚАЙ ҲОЛАТДА ТУРАДИ

molitva-dzhamaat-namazСАВОЛ: Намозда қиёмда турганда қўл қандай ҳолатда туради. Бировлар кўкрагида ушлаб туради, бировлар пастроқда тутади. Айримлар эса билакларини тутиб туради. Қиёмда қўл тутишнинг одоби тўғрисида тушунтириш берсангиз.

ЖАВОБ: Бизнинг шаъни улуғ мазҳабимизда, мўътабар манба –  «Мухтасар ул-Виқоя»да келишича, қиёмда қўл тутиш одоби бундай:

        ويضع يمينه على شماله تحت سرّته فى كلّ قيام فيه ذكر مسنون ويرسل فى قومة الركوع وبين تكبيرات العيدين

«Суннат қилинган зикр мавжуд бўлган ҳар бир қиёмда киндик остига ўнг қўлини чап қўлининг устига қўйиб туради. Рукуъдан турганда ва икки ҳайит такбирлари орасида (қўлларни) икки ёнга тушириб туради»[1].

Гапимизни қувватлаш мақсадида «Жавҳарат ун-наййира»дан ҳам иқтибос оламиз:

        لنا انّ النبى صلى الله عليه وسلم واظب عليه وقال على رضى الله عنه: «من السنة ان يضع المصلى يمينه على شماله تحت السرّة فى الصلوة» وامّا كيفيته فعند محمّد يضع باطن كفه اليمنى على ظاهر كفه اليسرى وعند أبى يوسف يأخذ يمينه رسغة اليسرى واستحسن كثير من المشايخ الجمع بينهما بان يضع باطن كفه اليمنى على ظاهر كفه اليسرى ويحلق بالخنصر والابهام على الرسغ

«Биз учун далил: Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) унга мудовамат қилганлар (уни доимий бажарганлар). Ҳазрати Али (к.в.) «Намозхон намозда киндик остида ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб тутиб туриши суннатдандир», деганлар. Аммо унинг кайфияти, Имом Муҳаммад (р.а.) наздида ўнг кафтининг ичини чап кафти устига қўяди. Имом Абу Юсуф (р.а.) наздида эса чап қўлининг бўғинини ўнг қўли тутиб туради. Машойихлардан кўпчилиги икки ҳукмни жамъ қилишни истеҳсон дейишди. Шул тариқадаки, ўнг қўли кафтининг ич қисмини чап кафти устига қўяди ва бош ҳамда жимжилоқ бармоқ билан бўғимини ўраб туради»[2].

Имом Муслим ва Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифларда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб туриш ҳақида зикрлар келган. Имом Абу Довуд Ибн Масъуд (р.а.)дан ривоят қилишича, у чап қўлини ўнг қўли устига қўйиб турганида Жаноби Расули акрам (с.а.в.) унга ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб туришни таълим берган эканлар. Яна мана бу ҳадис ҳам бор:

        وعن قبيصة بن هلب عن أبيه قال كان النبى صلى الله عليه وسلم يؤمنا فيأخذ شماله بيمينه. رواه الترمذى وحسّنه

«Қубайса ибн Ҳалабдан, у (эса) отасидан ривоят қилиб айтади: Пайғамбаримиз (с.а.в.) бизга имом бўлардилар. Шунда чап қўлларини ўнг қўллари билан ушлар эдилар». Ушбу ҳадисни Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан деган.

Имом Аҳмад ва Ибн Хузаймалар Воил ибн Ҳажар (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисга суяниб, Имом Шофиъий ва унинг асҳоблари қўлни кўкракда қовуштириб туришни олганлар. Бизнинг мазҳаб аҳли аёлларнинг сатрига мувофиқ бўлганлиги учун айни ривоятни аёллар учун олиб, хотинлар кўкракларига қўйиб туришини таржиҳ қилганлар.

Энди, бизнинг мазҳабимизда қўл қовуштириб туриш киндик остида бўлиши керак. Бу Имом Аҳмаддан ривоят қилинган ҳадисга асосланган. Унинг ривоят қилишича, Ҳазрати Али (к.в.) бундай деган эканлар:

        انّ من السنة وضع الأكفّ على الأكفّ تحت السرّة

«Албатта кафтларни кафтларга киндик остида қўйиш суннатдандир».

Ушбу ҳадисни Имом Абу Довуд, Дорақутний ва Байҳақийлар ҳам ривоят қилишган.

Бир соҳобийнинг суннат деган гапи Пайғамбар (а.с.)нинг суннатига ҳамл қилинади.

Мавлоно Абдулҳай Лакнавий «Мажмуат ул-фатово» асарида қўлни садр (кўкрак) ва киндик остида тутиш ҳақида саҳоба ва тобиъийнлардан ҳамда Расули акрам (с.а.в.)дан ривоятлар борлигини айтиб, бу ҳақда Мулло Муҳаммад Қоим ас-Синдий деган зотнинг «Фавз ул-киром фий вазъ ал-ядайн таҳт ас-суррати ав фавқаҳо» («Иккала қўлни киндик остида ёки юқорида тутиш ҳақида улуғлар файзи») номли рисоласи борлигини зикр қилади. Ушбу рисолада батафсил далиллари билан келтирилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз амалларини ибодату таълимда эркаклар ва аёлларнинг амалларини мувофиқлаштириш мақсадида қилаверган. Истисно ҳолларидагина бундай бўлмаган экан. Бу ҳолатларни ижтиҳод аҳлигина ажрата олади, деб баён қилинади ўша рисолада. Демак, намозда қўлни тутиб туриш ҳақидаги биз зикр қилаётган ҳадисларни ҳам мувофиқлаштириш лозим бўлади. Уни эса фақат ижтиҳод қилишга қодир уламоларимиз аниқлаб беради. Уларнинг аниқлашларига қараганда, намозда эркаклар (таъзимда туриш мақсадида) қўлларини киндик остида тутадилар, аёллар эса (сатр билан туриш мақсадида) кўкракларида тутадилар.

Бундай туриш қиёмда таъзимда туришни ҳам ифодалайди.

Қўлни киндик остида тутишнинг афзаллигини «Шарҳи Виқоя»нинг ҳошиясида «Музмарот» китобидан иқтибос олиб бундай дейилади:

لانه اقرب الى التواضع وابلغ الى الخشوع والى ستر العورة واحفظ للازار عن السقوط كذا فى النافع

«Чунки у (яъни, киндик остида тутиш) тавозуъга – камтарликка яқинроқдир, хушуъга етказгувчироқдир, сатри авратга олиб борадиган услубдир, иштонни тушиб кетишдан сақлагувчироқдир. Шунингдек, «ан-Нофиъ» асарида мазкурдир»[3].

Бошқа мазҳабларнинг амалларига ҳам, юқорида айтганимиздек, суннатдан далиллар мавжуддир. Аммо бизнинг юрт аҳли кўп асрлардан бери Имоми Аъзам мазҳабига тобиъ бўлиб келмоқдалар, ҳозир ҳам ул зотнинг мазҳабига оғишмай амал қилмоқдалар. Энди, ўша мазҳабларнинг далилларини топиб олиб, бу ерларда Ҳанафия мазҳабига билиб-билмай амал қилаётган одамлар орасида жорий қилиш фитнага сабаб бўлиши, одамларни чалғитиши, анъаналарга, миллий қадриятларга беписандлик билан қарашларига олиб келиши мумкин. Бинобарин, уларнинг қилаётган ишлари Ҳанафия мазҳабига мувофиқ, суннат ва осорлардан далиллари билан қувватланган амаллар экан, энди, кўпчилик юрган йўлдан юрмоқлик, ақлан ҳам нақлан ҳам лозим ва лобуддир! Валлоҳу аълам бис-савоб.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

[1] Абу Бакр ибн Али ал-Щаддодий ал-Ибодий: «ал-Жавщарат ан-наййира ъало Мухтасар ал-+удурий», Истанбул: «Орифа»

[2] Убайдуллощ бин Масъуд бин Тож уш-шариъа: «Мухтасар ул-Ви=оя», +озон-1911. 14-бет.

[3] «Шарщ ал-Ви=оя би-щавоший жадида», Лощур: «Щамидиййа», (йили кырсатилмаган), 1-жилд, 162-бет.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *