РАСУЛУЛЛОҲ АЁЛЛАРНИ ҚАНДАЙ ИМТИҲОН ҚИЛГАНЛАР

4f183a62032ee79098ce291ce0cc5d15_283Имом Табароний (р.ҳ.) ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) аёлларни имтиҳон қилиб, айрим нарсалар борасида сўраб-суриштириб турганлари, уларга тўртта нарса сабабли кўчага чиқмаслик учун қасам ичтирганлари баён этилади:

حدثنا عمر بن حفص السدوسي ثنا عاصم بن علي ثنا قيس بن الربيع عن الأغر بن الصباح عن خليفة بن حصين عن أبي نصر قال:

سُئِلَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: كَيْفَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَمْتَحِنُ النِّسَاءَ؟ قَالَ: كَانَ صلى الله عليه وسلم إِذَا أَتَتْهُ الْمَرْأَةُ لِتُسْلِمَ، حَلَّفَهَا: بِاللَّهِ مَا خَرَجْتِ بُغْضَ زَوْجِكِ، وَبِاللَّهِ مَا خَرَجْتِ الْتِمَاسَ دُنْيَا، وَبِاللَّهِ مَا خَرَجْتِ رَغْبَةً فِي أَرْضٍ إِلَى أَرْضٍ، وَبِاللَّهِ مَا خَرَجْتِ إِلاَّ حُبًّا لِلَّهِ تَعَالَى وَرَسُولِهِ صلى الله عليه وسلم

«Саҳоба Ибн Аббос (р.а.)дан: «Расулуллоҳ (с.а.в.) аёлларни қандай имтиҳон қилар эдилар?» деб сўралди. У бундай деб жавоб берди:

«Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бирорта аёл салом бериб келадиган бўлса, уларга Аллоҳга қасам ичтирар эдилар: эрга ғазабланиб унга қарши чиқмайсан; динор ва пул ишлаб топиш учун чиқмайсан; бирор ерни яхши кўриб қолиб, ўз ерингдан чиқиб кетмайсан; Аллоҳ ва унинг расули муҳаббатисиз кўчага чиқмайсан» (Табароний, 12/12668; ал-Ҳорис: «Муснад ал-Ҳорис», 3/708; Ибн Ҳажар Асқалоний: «ал-Матолиб ал-алиййа», 4/3754).

Мазкур ҳадис иснодида Қайс ибн Робиъ (р.ҳ.) деган ровий бор бўлиб, уни кўпчилик заиф деган бўлса-да, бироқ, «Мажмаъ аз-завоид»да айтилишича, таниқли ҳадисшунослар Шўъба (р.ҳ.) ва ас-Саврий (р.ҳ.) унга ишонч билдирганлар («Мажмаъ аз-завоид», 5/9874). Бошқа ровийларнинг ҳаммаси ишончлидир.

Юқоридаги ҳадиси шарифда аёллар борасида жуда муҳим масалалар баён этилган. Қиёматгача бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилган Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг ушбу гаплари бугунги кун аёллари учун ҳам ўта долзарбдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз замоналаридаги мусулмон аёлларга қасам ичтириб, тўртта нарса учун кўчага чиқиб кетмасликни уқтирганлар. Бугунги кун аёллари ҳам ушбу тўртта ишни қилмасалар нақадар яхши бўларди!

Эрга ғазаб қилиб чиқмаслик. Аёллар ўз эрларига итоаткор бўлишлари, уларнинг холис хизматларини қилиб, жаннатга эга бўлишлари, эр зотига ғазаб ва нафрат қилмасликлари Қуръон оятлари ва Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларида кўп бора эслатилган. Жумладан, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар:

لو كنت آمرا أحداً أن يسجد لغير الله، لأمرت المرأة أن تسجد لزوجها، والذي نفس محمد بيده لا تؤدي المرأة حق ربها حتى تؤدي حق زوجها، ولو سألها نفسها وهي على قتب لم تمنعه

«Агар бировни Аллоҳдан бошқага сажда қилишга буюрганимда эди, хотинларни ўз эрларига сажда қилишга буюрган бўлардим. Муҳаммаднинг жони «қудрат қўл»ида бўлган зотга қасамки, хотин киши то эрининг ҳаққини адо қилмагунча парвардигорининг ҳаққини адо қила олмайди! Агар эр хотинини тўшакка таклиф қилса, уни ман қила олмайди» (Ибн Можжа, 1/1853; Ибн Ҳиббон,9/4171; Байҳақий, 7/14488).

«ثلاثة لا تسأل عنهم: رجل فارق الجماعة وعصى إمامه فمات عاصيا، وأمة أو عبد أبق من سيده فمات، وامرأة غاب عنها زوجها وقد كفاها مؤونة الدنيا فتبرجت بعده، فلا تسأل عنهم»

«Уч нафар инсон ҳақида сўраб-суриштирмай қўя қол! Жамоатдан айрилиб, ўз имомига бўйинсунмаган кимса; хўжасидан қочиб ўлган қул ёки чўри; учинчиси шундай бир хотинки, эри уни дунё машаққатларидан фориғ қилиб, уйида бўлмайди, у эса эри йўқлигида кўча-кўйга ясан-тусан қилиб чиқиб юради. Бу учови ҳақида яхшилик ва хайрли оқибатни сўрама!» (Аҳмад, 6/23988; Ҳоким, 1/411; Табароний, 14/788; Бухорий «ал-Адаб ал-муфрад», 1/590).

Расулуллоҳ (с.а.в.) гаплашиб ўтирган аёллар жамоаси олдидан ўтиб қолибдилар. Шунда уларга бундай деб ўтган эканлар: إياكن وكفران المنعمين، إياكن وكفران المنعمين – «Сизлар валинеъматларингизни инкор қилишдан сақланинг, валинеъматларингизни инкор қилишдан сақланинг!» (Аҳмад, 6/27630; Бухорий «ал-Адаб ал-муфрад», 1/1047). Валинеъматлардан мурод эрлар бўлиб, улар хотинларини, оиласини боқувчиларидир. Оилани тебратиб турган эркакка: «Сендан ҳаргиз яхшилик кўрмадим» деганга ўхшаш гапларни қилиш, ношукр бўлиш мункирликдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар:

أريت النار، فإذا أكثر أهلها النساء يكفرن قيل: أيكفرن بالله؟ قال: يكفرن العشير، ويكفرن العشير، ويكفرن الإحسان، لو أحسنت إلى إحداهن الدهر ثم رأت منك شيئا قالت: ما رأيت منك خيرا قط

«Дўзахни кўриб қайтдим, у ернинг кўпчилик аҳли инкор қилган хотинлар экан. «Улар Аллоҳни инкор қиладиларми?» деб сўралди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Улар эрларини инкор қилганлар, эрларига ношукр бўлганлар, эрларининг яхшиликларини инкор қилганлардир. Агар уларнинг бирортасига бутун умр яхшилик қилсанг, сўнг сендан озгина ёмонлик кўриб қолса, «Сендан ҳаргиз яхшилик кўрмадим!» дейдиганлардир» (Бухорий, 1/29; Муслим, 2/907; ).

أيما امرأة سألت زوجها الطلاق قي غير ما بأس فحرم عليها رائحة الجنة

«Қайси хотин эридан ҳеч қандай сабабсиз талоқ сўраса, унга жаннат ҳиди ҳам ҳаром бўлади» (Ибн Можжа, 2/2055).

Пул ишлаб топиш учун чиқмаслик. Аёллар хоҳ у она, хоҳ опа-сингил, хоҳ хотин-рафиқа, хоҳ қиз бўлсин, уларни боқиш эркакларнинг инсоний вазифаси ва шаръий бурчи ҳисобланади. Исломнинг аввалидан то сўнгги асргача аёллар қаноатли уй бекалари бўлиб келдилар. Сўнг бир аср давомида аёллар бозорларни тўлдириб юбордилар, асосий савдо қилувчилар: сотувчилар ҳам, сотиб олувчилар ҳам аёллар бўлиб қолди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (с.а.в.) қизлари Фотима (р.а.)ни турмушга узатаётганларида куёвлари Ҳазрати Али (к.в.)ни кўча ишига, қизлари Фотима (р.а.)ни уй бекалигига таъйинлаганлар. Суннатга амал қиладиган мусулмонлар ҳозирги кунгача ушбу шаръий тавсияга қатъий амал қилиб келмоқдалар.

Ҳозирги куннинг заифалари ўзларини кучли санашиб, эркакларини уйларига бек қилиб ташлаб, ўзлари бозор-ўчар қилиш учун ёки мардикорлик қилиб кўча-кўйда тентираб юришибди. Катта-катта, оғирдан-оғир юкларни кўтармоқдалар, шаҳарма-шаҳар юрмоқдалар. Уларнинг ёнларида на маҳрамлари ва на қариндошлари бор. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб қатъий буюрганлар:

لا يحل لامرأة تؤمن بالله واليوم الآخر أن تسافر سفرا يكون ثلاثة أيام فصاعدا إلا ومعها أبوها أو أخوها أو زوجها أو ابنها أو ذو محرم منها

«Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган хотин учун уч кун бўладиган ва ундан ортиқ бўлган сафарга чиқиши ҳалол бўлмайди. Фақат у билан бирга отаси ё ака-укаси ё эри ё ўғли ёхуд маҳрами бўлса, сафар қила олади» (Термизий).

Демак, уч кундан ортиқ масофага аёлларнинг маҳрамсиз чиқиб кетиши умуман мумкин эмас:

لا تسافر المرأة فوق ثلاث ليال إلا مع زوج أو ذي محرم

«Хотин уч кундан ортиқ масофага фақатгина эри ёки маҳрами билангина сафар қила олади» (Абдурраззоқ, Табароний).

Уч кунлик сафар деганда уч кун ётиб қолинадиган ҳолат эмас, балки шариат бўйича уч кунлик узоқликдаги масофа тушунилади. Унга уч кун эмас, бир кунда бориб-келиб улгурадиган бўлса ҳам ушбу ҳадис ҳукмига киради. Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мана бундай деганларини ҳам унутмаслик даркор:

لا تسافر المرأة يومين إلا معها زوجها أو ذو محرم

«Хотин икки кунлик масофага фақатгина эри ёки маҳрами билангина сафар қила олади» (Суютий).

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳатто бундай деганлар:

لا تسافر المرأة مسيرة يوم وليلة إلا مع ذي محرم

«Хотин бир кеча-кунлик масофага фақатгина маҳрами билан биргагина сафар қила олади» (Термизий, Ҳоким).

Шунинг учун тўрт мазҳаб аҳли, айниқса, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) мазҳабидагилар ҳатто бой-бадавлат хотинга маҳрами бўлмаса, ҳажга боришга рухсат йўқ, деб ҳукм қилиб келганлар. Ҳаж-ку, исломнинг энг катта бешта арконларидан бири, савдо-сотиқ, дунёвий иш учун маҳрамсиз узоқ сафарларга кетишга умуман ва мутлақо рухсат йўқ!

Бирор ерни яхши кўриб, ўз еридан чиқиб кетмаслик

Ҳар қандай инсон ўзи истаган, нафси хоҳлаган жойга кўчиб кетавермайди, ватанини азиз тутади, айниқса, мусулмон аёли гарчи ёқтирмаса-да, эрининг масканида яшайди, уни қадрлайди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

أَرْبَعٌ مِنْ سَعَادَةِ الْمَرْءِ : أَنْ تَكُونَ زَوْجَتُهُ مُوَافِقَةً ، وَأَوْلاَدُهُ أَبْرَارًا ، وَإِخْوَانُهُ صَالِحِينَ ، وَأَنْ يَكُونَ رِزْقُهُ فِي بَلَدِه

“Тўрт нарса кимсанинг саодатидандир: хотини ўзига мувофиқ бўлмоғи; болалари яхши одам бўлиши; дўстлари солиҳ бўлишлари ва ризқи ўз юртида бўлишидир” (“ал-Матолиб ал-олия”, 3/3178).

Шунинг учун дурдона ҳикматларнинг бирида: حب الوطن من الايمان – “Ватанни севмоқ имондандир!”, деб бекорга айтилмаган. Бир ҳадисларида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мусулмонларда юртдан бадарға қилиш йўқ!”, демишлар (“Канз ал-уммол”, 15/30312).

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ Муҳаммад Мустафо (с.а.в.): لا هجرة بعد الفتح – “Фатҳдан кейин ҳижрат қилиш йўқ!” деб марҳамат қилганлар (Бухорий, 4/2783; Муслим, 3/1353; Термизий, 4/1590; Доримий, 2/2567; Аҳмад, 1/1991; Ибн Ҳиббон, 10/4592; Ибн Хузайма, 4/3050; Табароний, 3/3390; Байҳақий, 9/17554; Ҳоким, 3/3017; Абу Яъло, 9/4952; Ибн Абу Шайба, 14/38085; Абдурраззоқ, 5/9712).

Яъни, Макка фатҳ бўлганидан сўнг мусулмонлар ҳижрат қилиб, ўз ватанларини, туғилиб-ўсган ва аслий маскан тутган юртларини ташлаб, ҳижрат қилиб ватандан воз кечиб кетиш йўқ қилинди. Шунинг учун аёллар ҳам ўз ота-оналарини, болаларини, хусусан, эрларини норози қилиб, уларни кўчишга ундайверишлари, ёки уларни ташлаб, кетиб қолишлари Расулуллоҳ (с.а.в.) иршодларига бутунлай зиддир.

Аллоҳ ва унинг расули муҳаббатисиз кўчага чиқмаслик

Расулуллоҳ (с.а.в.) аёлларни кўчаларни кезиб юриши, турли жойларга тамошолар учун беҳуда боришларидан қайтариб, уларга уйларида ўтиришлари энг яхши ва энг фойдали эканини баён қилиб берганлар. Аёллар учун Парвардигорнинг розилиги уйларининг тўрлари, ичкариси эканини қуйидагича тушунтирганлар:

إن المرأة عورة فإذا خرجت استشرفها الشيطان وأقرب ما تكون من وجه ربها في قعر بيتها

«Аёл киши авратдир. Агар у кўчага чиқса, шайтон шарафланади. Парвардигор розилиги учун бўладиган нарсаларнинг энг тақвога яқини уларнинг уйларининг тўридадир!» (Термизий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон).

Расулуллоҳ (с.а.в.) кўрсатмаларига қатъий амал қилиш ул зоти шарининг муҳаббатига сазовор бўлинади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) аёлларнинг кўча-кўйда юриш-туришлари борасида ҳам ўз кўрсатмаларини ва таълимларини берганлар. Уларнинг ҳуда-беҳуда кўчага чиқмасликлари учун уларни айрим нарсалардан қайтарганлар:

إذا استعطرت المرأة فمرت على القوم ليجدوا ريحها فهي كذا وكذا قال قولا شديدا، وفي لفظ «فهي زانية»

«Агар аёл ўзига атир сепиб, бирор гуруҳнинг олдидан атир ҳидини сезишларини истаб ўтса, у мана шундайдир, шундайдир». Бир ривоятда: «У зинокор!» дейилган (Абу Довуд, Термизий, Насоий).

عن أبي هريرة — رضي الله عنه — قال: قال رسول الله — صلى الله عليه وسلم: «صنفان من أهل النار لم أراهما: قوم معهم سياط كأذناب البقر يضربون بها الناس، ونساء كاسيات عاريات مميلات مائلات رءوسهن كأسنة البخت المائلة لا يدخلن الجنة ولا يجدن ريحها وإن ريحها ليوجد من مسيرة كذا وكذا. متفق عليه

«Икки хил кимса бор, улар дўзах аҳлидандир. Унга назар солмайман! Бири, қўлларида молнинг думидек келадиган дарра ушлаб олиб, у билан одамларни урадиган кимсалардир. Иккинчиси, кийинган, лекин мисоли ёлонғоч; айбларини иложсизликка тўнкайдиган, тоат-ибодатдан кўра дунёга майл қилган, бошларига сочларини худди туянинг ўркачидек қилиб олган аёллар. Улар жаннатга кирмайдилар, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар. Жаннатнинг ҳиди эса шунча-мунча масофадан ҳам келиб туради» (Бухорий ва Муслим).

Расулуллоҳ (с.а.в.) эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни ҳамда аёлларга ўхшаб кийинадиган эркакларни лаънатлаганлар (Бухорий).

Демак, аёллар Аллоҳ таоло ва унинг расули Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) розилигини топиш учун юқоридаги каби кўрстмаларга амал қилиб яшамоқлари керак.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз замоналаридаги мусулмон аёлларга, шу билан бирга, қиёматгача келадиган мусулмон уммати бўлмиш аёл зотига тўртта нарса учун кўчага чиқиб кетмасликни уқтирганлар. Ҳадиси шарифга амал қилиб, бугунги кун аёллари ҳам ушбу тўртта ишни қилмасликлари лозим.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *