АЁЛЛАР ОРАСИДА АДОЛАТ МАСАЛАСИ

126002Ислом шариатида мўминларнинг турли эҳтиёж ва ҳолат тақозоларидан келиб чиқиб эркакларга иккинчи, учинчи ва ҳатто тўртинчи хотин олишга рухсат берилади. (Буйруқ эмас рухсат!) Масалан аввалги хотини бемордир ё бошқа шу каби сабаблар билан бўлиши мумкин. Бу рухсатни ҳамма эркаклар биламиз. Ҳатто намоз ўқимайдиганлар ҳам, иймон калималарини талаб даражасида айта олмайдиганлар ҳам “шариатда тўрттагача рухсат бор” деган қоидани ёд қилиб юборганлар. Бу аниқ-тиниқ воқелик. Лекин биттадан ортиқ хотин олганларнинг зиммасига юклатиладиган шаръий масъулият ва талаблар эса кўпчиликнинг назаридан четда қолиб кетади. Инсон ўзи шунақада, нафсга ёқимли масалаларни ёд олади, шаҳвоний истагимизни чегараларини белгилаб берадиган қоидалардан эса қочамиз.

Хотинни кўпайтириб, бу ҳақда ҳеч кимга ошкор қилишни истамайдиганларнинг нияти кўпинча бошиданоқ бузуқ бўлади. Вақтинча кўнгилхушлик қилиб, ҳирси қонгач ташлаб кетишни мўлжаллаб уйланишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида “никоҳни эълон қилинглар” деган. Бу ҳаммага тегишли. Никоҳнинг ўзига яраша масъулиятлари бор. Эр ҳам хотин ҳам буни тўлақонли ҳис қилишлари керак. Шунда барака бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида огоҳлантириб шундай деганлар:

تزوجوا  و لا تطلقوا فان الله لا يحب الذواقين و لا الذواقات». رواه الطبراني.

Уйланинглар, талоқ қилмангалар. Чунки, Аллоҳ таоло мазахўрак эр ва мазахўрак аёлларни яхши кўрмайди. (Тобароний ривояти).

Ундай никоҳни суннатга мос деб бўлмайди, уларнинг никоҳида барка ҳам бўлмайди. Кечирасизлару, баъзи давлатларда кўпхотинликни таъқиқланишига, шунингдек, “шаръий никоҳ” атамасини салбий маънода қўллана бошлаганига шу ҳадисда кўзда тутилган мазахўракларнинг яхшигина ҳиссаси бўлса ажабмас…

Биттадан ортиқ хотини бор эркак хотинлари орасида адолатли сиёсат олиб бориши вожиб бўлади. Шунга кўра, у хотинлари орасида тунаш масаласида тенгликка амал қилиши керак. Яъни нечта хотини бўлса навбатма-навбат ҳар бирининг уйида бир хил тунаши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

إذا كان عند الرجل إمرأتان فلم يعدل بينهما جاء يوم القيامة و شقه ساقط

Бирор эркакнинг икки хотини бўлса ва улар орасида адолат қилмаса, қиёмат куни бир тарафи нуқсонли бўлиб келади. (Ибн Можа).

Ҳадис матни умумий бўлиб, хотиннинг янгиси ва эскиси, ёшроғи ва кексароғи, бемори ва соғломи, чиройли ва хунуги бўлишидан қатъий назар шариат нуқтаи назардан ҳаммалари тенг ҳуқуқли бўлишади.

Фуқаҳоларимиз айтадики, эркак киши навбат билан ҳар бирининг хонасида тунаши лозим бўлсада, улар билан жинсий алоқа қилиш ва муҳаббат масалаларида тенгликка амал қилиши вожиб эмас. Чунки бу иккиси ҳам инсон ихтиёри ва танловидан ташқари ишлардир. Жинсий яқинлик бу ички ҳиссиёт ва истакка боғлиқ. Муҳаббат эса қалбнинг иши. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айганлар:

أن النبى صلى الله عليه و سلم كان يقسم بين نسائه فيعدل و يقول اللهم هذه قسمتى فيما املك فلا تلمنى فيما تملك و لا املك

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам завжалари орасида адолат билан тенг тақсимот қилардилар ва шундай дуо қилардилар: “Эй Раббим, бу менинг қўлимдан келган ишлардаги тақсимотимдир. Сенга боғлиқ ва менинг қўлимдан келмайдиган ишларда мени маломат қилмагин!”. (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Абу Шайба).

Яъни, баъзиларига нисбатан қалбда кўпроқ муҳаббат бўлса, бу учун банда охиратда жавобгар бўлмайди. Банда қўлидан келадиган ишларга жавоб беради холос.

Кейин, тунаш масаласида кунни ўзаро келишув билан тақсимлаши мумкин. Масалан ҳар бирининг уйида бир кундан ё бир ҳафатадан ва ҳоказо. Бу эр хотинларнинг ўзларига боғлиқ.

Энди, кундошлардан бирортаси ўз улушини шеригига тортиқ қилса жоиз бўлади. Масалан бир кундаш “меникига ҳафтада бир кун келса кифоя. Бошқа кунлари сизникида бўлса розиман”, деганга ўхшаш. Чунки Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаларидан Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо ўз улушларини Оиша онамизга тортиқ қилганлар. Агар аёл ўз насибасини кундошига берса эр бу ҳолатда жавобгарликдан қутулади.

Эр саёҳатга чиққанда хоҳлаган хотинини ўзи билан олиб кетиши мумкин. Аммо, уларни хафа қилмаслик учун орада қуръа ташлаб кимга чиқса ўшани олиб кетса яхшироқ бўлади. Имом Соғиржийнинг “Ал-фиқ ал-ҳанафий ва адиллатуҳу” номли асари асосида

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

«Абу Ҳурайра» жоме масжид ноиб имоми

ТИИ биринчи босқич,сиртқи бўлим талабаси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *