ҚИЗАЛОҒИМГА НАСИҲАТИМ

501

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Азиз қизалоғим, дилбандим! Сиз якка Аллоҳни раббим деб тан олган исломий ҳонадонда дунёга келган беғубор муслимасиз. Имкон қадар сизга исломий тарбия бердим. Ҳалоллик, катталарни ҳурмат қилиш, илм ва илм аҳлларини қадрлаш каби фазилатлар билан зийнатладим. Билсангиз, буларнинг ҳаммаси сиз учун Аллоҳ берган шарафдир! Азиз жигарпорам, вақти келиб Эгамнинг фазли билан турмушга чиқасиз. Бир мусулмон оила бекаси бўласиз. Шунинг учун қуйидаги сабоқларимни ҳам яхшилаб уқиб олинг:

Қизалоғим, шаръий никоҳ ўқитилган фурсатдан бошлаб турмуш ўртоғингиз сиз учун энг ҳаққи баланд шахс даражасига кўтарилади. Ҳатто мен – отангиздан ҳам, онангиздан ҳам куёвингизнинг ҳаққи баланд бўлади. Сизга ҳаётда таълим берган ё, ҳунардан сабоқ берган устозингиз ҳам эрингиздан аъло бўла олмайди! Эрингизга итоат зиммангизга вожиби муъаккад бўлиб юкланади. Эрингизнинг онаси сиз учун она қатори бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Оиша онамиз сўраган эканлар:

اي الناس اعظم حقا على المرأة قال زوجها فأى الناس اعظم حقا على الرجل قال امه

Аёл киши устида энг ҳаққи баланд ким? Расулуллоҳ: “эри” – деб жавоб бердилар. Эркак киши устида энг ҳақли ким? “онаси” — деб айтдилар. (Ҳоким).

Қизалоғим, сизнинг жаннатингиз ҳам жаҳаннамингиз ҳам эрингиздир! Охиратда бахтли бўлишни истасангиз эрингизни розилигини топиб жаннатга эга чиқинг! Бунга имконингиз бор.

Агар эрга итоат масъулиятини ҳис қилмасангиз, эрингизни кўнглини олиш, розилигини топиш, дуосини олиб ҳурсанд қилиш каби ишларга эътиборсиз бўлсангиз, ёки эрингиз ота-онасини ва бошқа ақраболарини ранжитиш билан, шунингдек, эрингизнинг душманларини ўзингизга дўст тутиш билан эрингиз дилини оғритишни ўзингизга эп кўрсангиз, шуни яхши билиб қўйингки сизга охиратда жаннат эшиклари ёпиқ! Сиз дўзах эшикларидан бирини танлаб киришингизга тўғри келади! Шуни ҳам билиб қўйингки, жаҳаннам аҳлининг аксарини аёллар ташкил қилади. Сиз ўшалардан бўлиб қолманг!

Қизалоғим, бутун оламлар сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларнинг эр олдидаги бурчлари мавзусида қуйидагича таълим берганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

لو كنت امرا احدا ان يسجد لأحد لأمرت المرأة ان تسجد لزوجها

Агар бировни бошқа бировга сажда қилишга буюрганимда, биринчи бўлиб хотин эрига сажда қилишини буюрган бўлардим… (Термизий).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

إذا دعا الرجل امرأته إلى فراشه فأبتْ فبات غضبان عليها لعنتها الملائكة حتى تصبح

Агар эр хотинини тўшакка чақирса-ю лекин хотин бош тортса, бас, эр ғазабланиб ухласа, у хотинни фаришталар то тонг отгунгача лаънатлайди. (Бухорий ва Муслим).

Яна бир ривоятда қуйидагича келади:

إذا باتت المرأة هاجرةً فراش زوجها لعنتها الملائكة

Агар хотин эрнинг тўшагини тарк этиб (қасддан ёнига келмасдан) ухласа, уни фаришталар лаънатлайди. (Бухорий ва Муслим).

Бошқа ҳадисда эса бундай дейилган:

إذا دعا الرجل زوجته لحاجته فلتأته و إن كانت على التنور

Агар эр хотинини эҳтиёжи учун чақирса, агарча тандир олдида (нон ёпаётган) бўлса ҳам келсин! (Насаъий ва Термизий).

Қизалоғим, бу ҳадислар нимани англатади, биласизми?! Бу шуни англатадики: хотин эрига унинг шаҳвоний истакларида ҳам итоат этиши зарур ва вожиблигини билдиради! Ибодат, муомалот ва бошқа ижтимоий масалалар эса эрнинг шаҳвоний истагидан ҳам муҳимроқ бўлиб, бу ишларда эрга итоат янада зарурроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

لا يحل لإمرأة ان تصوم و زوجها شاهد و لا تأذن في بيته إلا بإذنه

Ҳеч қайси аёлга эри уйда экан, унинг изнисиз рўза тутиш ҳалол бўлмайди, шунингдек, эридан сўроқсиз уйига бировни киритиши ҳам ҳалол бўлмайди. (Бухорий ва Муслим).

Қаранг, эрингиз уйда эканида ундан бесўроқ Аллоҳ учун (нафл) рўза тутишингиз ҳам мумкин эмас. Нега ахир?! Чунки рўза эрингизни шаҳвоний истагини қондиришга тўсқинлик қилади. Демак, эрнинг шаҳвоний истагини қондиришга бериладиган ажр нафл рўза орқали топиладиган ажрдан аъло экан!

Қизалоғим, бу ўткинчи дунёда яшар экансиз доимо эрингизни розилигини топишга урининг. Чунки эрнинг розилиги сиз учун жаннат кафолатидир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

ايما إمرأة ماتت و زوجها عنها راض دخلت الجنة

Қайси аёлки оламдан ўтаркан, унинг эри рози бўлса, у албатта жаннатга киради! (Термизий).

Кўзим қувончи, сиз намозларингизни вақтида ўқинг, рамазон рўзасини қолдирманг, эрингизга асло хиёнат қилманг ва унга доим итоатли бўлинг! Бу ҳам сизга жаннат кафолатини беради. Расулимиз айтганлар:

إذا صلت المرأة خمسها و صامت شهرها و حفظت فرجها و اطاعت زوجها قيل لها ادخلى الجنة من اي ابواب الجنة شئت

Агар хотин беш вақт намозини вақтида ўқиса, рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга “жаннатга хоҳлаган эшигингдан кир!” – деб айтилади. (Ибн Ҳиббон).

Қизалоғим, ҳеч қачон эрингиз дилига озор берманг. Доимо унга кўмакчи бўлинг, фикрларига қўшилинг, мухолиф бўлманг. Эрингизнинг душманларини асло дўст тутманг! Билиб қўйинг: бу унинг дилини қаттиқ оғритади. Уни ёнида ётиб, қалбан бирга эмаслигингизни англатади. Сиз умр йўлдошингиз билан ҳар доим ичингизда ҳам, ташингизда ҳам бирга бўлинг, унга қарши томонда турманг! Топганига доим қаноат қилинг ва тез-тез миннатдорлик билдириб туринг. Билиб қўйинг, сиз эрингизга доим муҳтожсиз! Отангиз ҳам, акангиз ҳам сизга эрлик қила олмайди. Шуни унутманг! Эрингизни дилини ранжитиш сизни Аллоҳнинг назаридан қолдиради, шуни ҳамиша ёдда тутинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

لا ينظر الله إلى إمراة لا تشكر لزوجها و هى لا تستغنى عنه

Аллоҳ эрига муҳтож бўла туриб, унга шукр қилмаган хотинга қиё ҳам боқмайди! (Насаий).

Қизалоғим, қуйидаги насиҳатимни ҳам қулоғингизга қуйиб олинг: ҳеч қачон эрингиздан изнсиз кўчага чиқманг. Мени – отангизни ёки онангизни зиёратига бормоқчи бўлсангиз ҳам аввал эрингиздан сўранг. У рози бўлсагина чиқинг. Акс ҳолда остонадан унинг рухсатисиз бир қадам ҳам ташқари чиқманг. Биласизми бу каби аёллар ҳақида Расулуллоҳ нима деганлар? Расулуллоҳ айтганларки:

أيما امرأة خرجت من بيتها بغير إذن زوجها كانت في سخط الله حتى ترجع الى بيتها أو يرضى عنها زوجها

Қайси хотинки уйидан эрининг рухсатисиз чиқар экан, у то уйига қайтгунича ё эри рози бўлгунча Аллоҳнинг ғазабида бўлади. (Имом Суютий).

Қизалоғим, яна шуни ҳам билиб олинг! Мабодо Худо йўлдан уриб мен ёки онангиз сизни эрингизга қарши гиж-гижласак. Эрингизни сизга ёмонлаб ундан кўнглингизни совутишга уринсак бизга асло қулоқ солманг. Шариатимиз шуни амр қилади. Бу вазиятда сиз бизга насиҳат қилинг. Бизга Расулимизнинг ушбу ҳадисини эслатинг:

من افسد إمراة علي زوجها فليس منا

Кимки бирор хотинни эрига қарши ташвиқот қилиб йўлдан урса, бас, у биздан эмас! (Имом Аҳмад).

Қизалоғим, шу ҳадисга таяниб айтиш мумкин: эрни хотинига ёмонлаб куёв-қайлиқ орасини бузмоқчи бўлган аҳли фасодлар ким бўлишидан қатъий назар: қизнинг отасими, ё онасими, ё опасими, ё акасими, ё устозими, ё ихлос қўйган бирор пирими, ким бўлишидан қатъий назар улар бир мўминнинг оиласига совуқчилик тушириши туфайли Расулуллоҳга содиқ умматлар қаторидан ўчирилади. Сиз бундай фосиқларга қулоқ солманг. Кимки сизни эрингизга қарши гиж-гижласа билингки у уммати муҳаммадиядан эмас!

Қизалоғим, юқоридаги насиҳатларимни яхшилаб уқиб олинг! Ва яна шуни алоҳида таъкидлаб айтаманки, эрингизнинг бенамоз, ҳаромхўр, бидъатчи фосиқ бўлишлиги сизни чалғитиб қўймасин. У ким бўлганда ҳам сизни бошингиздаги эрингиздир. Унинг шариатга зид бўлмаган ҳамма буйруқларини бажаришга, эрлик ҳурматини жойига қўйишга шаръан маъмурсиз.

Аллоҳ сизни икки дунё саодатига мушарраф қилсин, деб отангиз:

Ботиржон ҚОРИ

02.09.2018.

22.12.1439

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *