Бемазҳаб «салафий»ларнинг китобларга хиёнати – 2

Lotin alifbosida

(иккинчи мақола)

Bemazhab larrning kitoblarga xiyonati 2Бемазҳаб «салафий»ларнинг эски манбаларни замонавий нашр этишда қилган ва қилаётган хиёнатлари ёритилар экан, бутун дунёга шов-шув бўлган қилмишларидан бири таниқли шофеъий олими, ашъарий таълимотли муҳаддис ва фақиҳ Имом ан-Нававий раҳматуллоҳи алайҳи томонидан битилган «ал-Азкор» асарининг чоп қилинганида рўй берган. Мазкур мўътабар манба ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, бир неча марта нашр этилган.

«ал-Азкор» нашридаги хиёнат ундаги энг муҳим маълумотнинг атайин олиб ташлангани эди. Биз биринчи мақоламизда бемазҳабларнинг манбаларнинг замонавий нашрларида атайин сохта маълумотлар қўшишига бир мисол келтирган эдик. Бу мақолада эса улар томонидан асил манбадан мавжуд бир маълумотнинг олиб ташланганини кўрамиз. Ушбу маълумот ислом тарихида «Утбий қиссаси» номи билан машҳур.

Исломнинг турли илмларига оид 40 га яқин эски манбаларини нашрга тайёрлаган «салафий»ларнинг муҳаққиқ олимларидан бири Абдулқодир ал-Арнаут томонидан таҳқиқ қилиб чоп қилдирилган Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Азкор» асаридаги «Утбий қиссаси» ғаразли мақсад билан тушириб қолдирилган эди. Мазкур нашрда унинг тушириб қолдирилганини аҳли суннат ва жамоат таълимотидаги давримизнинг Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, Юсуф Саййид Ҳошим ар-Рифоъий ва Муҳаммад Аввома сингари тадқиқотчи олимлари ундан одамларни огоҳ қилишди. Бу билан узоқ йиллар эски жилд-жилд китобларни нашрга тайёрлаб обрў қозонган Абдулқодир ал-Арнаут тўплаган ўз обрўсидан бир лаҳзада айрилиб қолиши ҳеч гап эмас эди. Шунинг учун, зудлик билан у оммага мурожаат билан чиқиб, Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Азкор» асарининг мазкур нашридаги ушбу «Утбий қиссаси»ни у олиб ташламаганини, ҳатто нашриёт эгаси ҳам олиб ташламаганини, балки нашриётдаги оддий ходим томонидан олиб ташланганини даъво қилиб, мурожаатнома тарқатади. Унинг мурожаатномаси китоб нашри етиб борган барча жойларга тарқатилади, бугун у интернетга ҳам қўйилган. Шундан сўнг, у ўзининг бу гапини исботлаш мақсадида «ал-Азкор»ни «Утбий қиссаси»ни киритган ҳолда қайта-қайта нашр қилдиради. Бироқ, айтишимиз керакки, унинг остида бу қиссанинг асли йўқлигини у айтишдан ўзини тия олмаган. Шунингдек, у ўз мурожаатномасида «Утбий қиссаси»ни китобига киритган Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳни хато қилганликда айблаган.

«Утбий қиссаси» қандай қисса эди ва у нимага китобдан атайин чиқариб ташланган эди? Бунга жавоб шуки, у бугун бемазҳаблар ширк ва куфр, ширк деганда ҳам ширки акбар дейишдан тап тортмаётган «тавассул» ва «истишфоъ» мавзусига алоқадордир.

Таъкидлашимиз ва билдириб ўтишимиз лозимки, Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ мазкур «ал-Азкор» асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни зиёрат қилганда «тавассул» – васила қилиш ва «истишфоъ» – шафоат сўраш кераклигини ҳам айтиб ўтганлар. Демак, у зоти шариф «тавассул»ни жоиз деб билганлар. Уни ҳозирги бемазҳаблар каби ширк демаганлар. Балки, «ал-Азкор» асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида туриб, «тавассул» қилишни бутун дунёга ўргатганлар. Зотан, «тавассул»нинг жоиз экани аҳли суннат ва жамоат мазҳабида ижмоъ қилинган масаладир. Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ «ал-Азкор»да бундай деганлар:

…ثمّ يرجع الى موقفه الأوّل قبالة وجه رسول الله صلى الله عليه و سلم فيتوسّل به فى حقّ نفسه و يتشفع به الى ربّه سبحانه و تعالى و يدعو لنفسه و لوالديه و أصحابه و أحبابه و من أحسن اليه و سائر المسلمين و أن يجتهد فى إكثار الدعاء و يغتنم هذا الموقف الشريف …

«Сўнгра, аввалги ўрнига қайтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари тўғрисида туриб, у зот билан ўзи ҳаққида «тавассул» қилади ҳамда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога шафоатчи бўлишни ундан сўрайди (истишфоъ). Ўзи учун, ота-онаси учун, дўстлари, яхши кўрганлари, унга яхшилик қилганларни ва бошқа мусулмонларни дуо қилади. Дуони кўп қилишга жидду жаҳд қилади. Бу шарофатли ўринни ғанимат билади». (Имом ан-Нававий. Китоб ал-Азкор / Таҳқиқ: Абдулқодир ал-Арнаут. – Дамашқ: Матбаат ал-Маллоҳ, 1971. – Б. 175).

Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ ҳаж зиёратига бағишланган алоҳида асари «ал-Ийзоҳ»да ҳам «тавассул» ва «истишфоъ» қилишни айнан келтирадилар:

…ثمّ يرجع الى موقفه الأوّل قبالة وجه رسول الله صلى الله عليه و سلم و يتوسّل به فى حقّ نفسه و يتشفع به الى ربّه سبحانه و تعالى

«Сўнгра, аввалги ўрнига қайтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари тўғрисида туриб, у зот билан ўзи ҳаққида «тавассул» қилади ҳамда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога шафоатчи бўлишни ундан сўрайди». (Муҳйиддин ан-Нававий аш-Шофеъий. ал-Ийзоҳ фи-л-маносик. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1985. – Б. 159).

Бу ерда Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ «тавассул» ва «истишфоъ» қилишни айтмоқдалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юзланиб туриб дуо қилишни айтмоқдалар, у ерда узоқ туриб дуога жидду жаҳд қилишни айтмоқдалар, бу жойни ғанимат билишни ўргатмоқдалар. Ҳозирги бемазҳаблар эса уларнинг ҳаммасини бидъат, ширк ва куфр деб айтадилар. Бемазҳаблар фикрича, бу ерда Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ одамларни ширкка чақирувчими, бидъатга ундовчими, ширки акбарни тарғиб қилувчими? Ёки у зот бу ерда бемазҳаблар фикрича «қубурий» бўладими?! Улар яна уялмай-нетмай Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг асарларини ўқийверадилар, уни ўқиб олимлик даъво қиладилар…

Яна бир маълумотни таъкидлаш ва билдиришни истардим. Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ мазкур «ал-Азкор» асарига киритган «Утбий қиссаси»ни яна бошқа иккита асарида ҳам келтирганлар:

— Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ «Утбий қиссаси»ни 23 жилд қилиб нашр қилинган «ал-Мажмуъ» китобида ҳам келтирганлар (Абу Закариё Муҳйиддин ан-Нававий. Китоб «ал-Мажмуъ» шарҳ «ал-Муҳаззаб». 8-жилд. – Жидда: Мактабат ал-Иршод, 1977. – Б. 256-257).

— Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ «Утбий қиссаси»ни «ал-Ийзоҳ» асарида ҳам келтириб ўтганлар. Аъробийнинг айтган гапини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари олдида айтиш керак бўлган нарсаларнинг энг чиройлиси, деганлар (Муҳйиддин ан-Нававий аш-Шофеъий. ал-Ийзоҳ фи-л-маносик. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1985. – Б. 159-160).

Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ «Утбий қиссаси»ни мазкур учта асарида келтирар эканлар, унга ҳозирги салафийларга ўхшаб таъна қилмаганлар. Заиф ёки сохта қисса демаганлар, ҳужжатга ярамайди, демаганлар. Балки, ундан ҳужжат сифатида фойдаланиб, ўрнак олиш ўрнида келтирадилар.

Дунёга машҳур «Утбий қиссаси» қуйидагича:

Имом ал-Утбий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ёнида ўтирган эдим. Бир аъробий келиб, (масжид олдига туясини чўктирди ва тўғри кириб келиб) «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ! Мен Аллоҳ таолонинг бундай деганини эшитганман:

وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذ ظَّلَمُواْ أَنفُسَهُمْ جَآؤُوكَ فَاسْتَغْفَرُواْ اللّهَ وَاسْتَغْفَرَ لَهُمُ الرَّسُولُ لَوَجَدُواْ اللّهَ تَوَّاباً رَّحِيماً {64}

«Агар улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол Сизга келишиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун кечирим сўраганда, Аллоҳни кечирувчи ва раҳм-шафқатли эканини билган бўлур эдилар». (Нисо сураси, 64-оят).
Шунга, гуноҳимга истиғфор айтган ҳолда, Сизни раббимга шафаотчи қилган ҳолда ҳузурингизга келдим», деди. Сўнг, қуйидаги шеърни айтди:

يَا خَيْرَ مَنْ دُفِنَتْ بِالْقَاعِ أَعْظُمُه،

فَطَابَ مِنْ طِيبِهِنَّ الْقَاعُ وَ الْأَكَمُ.

نَفْسِى الْفِدَاءُ لِقَبْرٍ أَنْتَ سَاكِنُه،

فِيهِ الْعَفَافُ وَ فِيهِ الْجُودُ وَ الْكَرَمُ.

«Эй, қабрга дафн қилинган зотларнинг энг яхшиси!
Уларнинг хушбўйлигидан қабр ва тепаликлар муаттар бўй таратди.
Жоним Сиз турган қабрга фидо бўлсин!
Унда офият бор, унда саховат ва карам бор!».

Сўнг, ўша аъробий қайтиб кетди. Менинг кўзларимни эса уйқу босди. Уйқуда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим. У зоти бобаракот: «Эй Утбий! Ўша аъробийга етиб бор-да, унга Аллоҳ таоло уни мағфират қилганини башорат қил!», деб марҳамат қилдилар».

Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ бир эмас, учта асарида «Утбий қиссаси»ни келтирар экан, уни бошқа жуда кўплаб уламолар ҳам келтирганини бирма-бир зикр қилсак арзийди. Зотан, ушбу зотларнинг ҳеч бири давримиз салафийларига ўхшаб унга таъна қилмаганлар, қиссани сохтага чиқармаганлар, ҳужжатга ярмайди, демаганлар:

1) Аббосийлар даврининг энг таниқли қозикалонларидан бири, «Адаб ад-дунё ва-д-дин», «Қонун ал-визорат» каби ўнлаб асарлар муаллифи, сиёсатшунос олим Имом ал-Мовардий (364-450 ҳ./974-1058 м.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг машҳури жаҳон асари «ал-Аҳком ас-султония»да ҳам «Утбий қиссаси»ни келтириб ўтганлар (Абулҳасан Али ал-Мовардий. ал-Аҳком ас-султония. – Кувайт: Дор Ибн Қутайба, 1989. – Б. 141).

2) Имом ал-Мовардий (364-450 ҳ./974-1058 м.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг шофеъийлик фиқҳига оид мўътабар «ал-Ҳовий» асарида ҳам «Утбий қиссаси»ни келтириб ўтганлар (Абулҳасан Али ал-Мовардий. ал-Ҳовий ал-кабир. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Б. 214-215).

3) Фахрулислом Абулмаҳосин Абдулвоҳид ар-Рўёний (415-502 ҳ./1025-1108 м.) раҳимаҳуллоҳ шофеъийлик мазҳаби фиқҳидаги энг мўътабар манбалардан бири «Баҳр ал-мазҳаб» номли 14 жилдлик асарида «Утбий қиссаси»ни келтириб ўтганлар (Абулмаҳосин ар-Рўёний. Баҳр ал-мазҳаб. 5-жилд. – Байрут: Дор эҳё турос ал-арабий, 2002. – Б. 378).

4) Яманлик машҳур олим, Абулҳасан Яҳё ал-Имроний (489-558 ҳ./1096-1163 м.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг шофеъийлик мазҳаби фиқҳига оид 14 жилдли «ал-Баён» номли асарида «Утбий қиссаси»ни келтириб ўтганлар (Абулҳасан Яҳё ал-Имроний. 4-жилд. ал-Баён фий мазҳаб ал-Имом аш-Шофеъий. – Байрут: Дор ал-Минҳож, 2000. – Б. 378-379).

5) Мазкур қиссани яна машҳур ҳанбалий олими Ибн Қудома ал-Мақдисий (541-620 ҳ./1146-1223 м.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «ал-Муғний» асарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳабибимизнинг қабрлари зиёрати мавзусида келтириб ўтганлар (Ибн Қудома ал-Мақдисий. ал-Муғний. 5-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 1997. – Б. 465-466).

6) Мазкур қиссани яна машҳур муҳаддис олим, ўзининг усул ал-ҳадисга бағишланган «ал-Муқаддима» асари билан шуҳрат қозонган зот Ибн ас-Салоҳ (577-643 ҳ./1181-1245 м.) раҳимаҳуллоҳ «Силат ан-носик» асарида ҳам келтириб ўтганлар (Ибн ас-Салоҳ. Силат ан-носик фий сифат ал-маносик. – Мадина: ал-Жомеъа ал-исломия, 2011. – Б. 344-346).

Салафийлар ҳам бугун Ибн ас-Салоҳ раҳимаҳуллоҳнинг усул ал-ҳадисга оид «Муқаддима»сини ўқиб олим бўладилар. Уни катта муҳаддис олим сифатида тан оладилар. Ҳолбуки, у зот ҳам «Утбий қиссаси»ни унга ҳеч қандай таъна қилмасдан, уни сохтага чиқармасдан зикр қилганлар. Уни келтиришдан олдин эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида у зоти бобаракотга қараб туриб «тавассул» қилишни ва «истишфоъ» этишни айтганлар. Салафийлар фикрича, у зот ҳам ширкка даъват қилибдими?! Қаранг:

ثمّ يرجع الى موقفه الأول قبالة وجه رسول الله صلى الله عليه و سلم يتوسل به فى حقّ نفسه و يستشفع به الى ربّه

«Сўнг аввалги ўрнига қайтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари тўғрисига қараб, у зоти шариф билан ўзига ҳаққига «тавассул» қилади ва Раббисига шафоатчи бўлишни ундан сўрайди». (Ибн ас-Салоҳ. Силат ан-носик фий сифат ал-маносик. – Мадина: ал-Жомеъа ал-исломия, 2011. – Б. 344).

7) Моликийларнинг машҳур фақиҳларидан бири Шаҳобиддин ал-Қарофий (ваф. 684 ҳ./1285 м.) раҳимаҳуллоҳ моликийларнинг қирқдан ортиқ асарларига таяниб ёзган «аз-Захира» асарида ҳам «Утбий қиссаси»ни келтирганлар (Шаҳобиддин Аҳмад ал-Қарофий. аз-Захира. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1994. – Б. 375-376).

Бироқ, мазкур ҳикоятни бугунги салафийларга ўхшаб сохтага чиқармаганлар. Балки, ундаги одобни ўрганиш мақсадида ҳикоятни келтириб ўтганлар.

8) Мазкур қиссани яна ўз даврининг энг улуғ шайхулисломи Тақийуддин ас-Субкий (683-756 ҳ./1284-1355 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳам «Шифо ас-сиқом» асарларида «Утбий қиссаси»ни келтириб ўтганлар. Уни имомларнинг бир жамоаси зикр қилганлар, деб қайд этганлар (Тақийуддин ас-Субкий. Шифо ас-сиқом фий зиёрати Хайр ал-аном. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2008. – Б. 199-200).

9) Мисрда қозикалон бўлган Ибн Жамоа аш-Шофеъий (694-767 ҳ./1294-1366 м.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг ҳаж зиёрати борасида мавсуа – энциклопедик асар деб тан олинган «Ҳидоят ас-солик» асарида ҳам «Утбий қиссаси»ни келтирганлар (Ибн Жамоа аш-Шофеъий. Ҳидоят ас-солик ила-л-мазоҳиб ал-арбаъа фи-л-маносик. 5-жилд. – Қасим: Куллият аш-шариъа, 2002. – Б. 1518-1519).

Ибн Жамоа раҳимаҳуллоҳ мазкур асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиёрати борасида ёзар эканлар, у зоти шарифга юзланиб туриб бундай қилишни тавсия қиладилар:

فيحمد الله تعالى و يمجده و يصلى على النبى صلى الله عليه و سلم و يتوسل الى الله تعالى به فى حوائجه و يستشفع به الى ربه سبحانه و تعالى و يدعو لنفسه و لوالديه و لمن أحبّ بما أحب و يختم دعائه بآمين و بالصلاة على سيدنا رسول الله صلى الله عليه و سلم

«Бас, Аллоҳ таолога ҳамд айтади, уни улуғлайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтади. Аллоҳ таолога у зоти шариф билан ҳожатлари борасида «тавассул» қилади ва яна у зоти шарифдан Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога шафоатчи бўлишни сўрайди. Ўзини, ота-онасини, яхши кўрган кишиларини яхши кўрган нарсалари билан дуо қилади. Дуосини «Омин!» ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтиш билан тугатади». (Ибн Жамоа аш-Шофеъий. Ҳидоят ас-солик ила-л-мазоҳиб ал-арбаъа фи-л-маносик. 5-жилд. – Қасим: Куллият аш-шариъа, 2002. – Б. 1511).

Бу жойда аҳли суннат ва жамоатнинг дунёга машҳур олими «тавассул» қилишни айтмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шафоат сўраш ва у зотнинг ҳузурларида дуо қилишни айтмоқдалар. Ушбу иқтибосни ўқиган замонамиз бемазҳаблари буюк ислом уламосини ширкда ва бидъатда айблайдиларми?! Уни «қубурий» деб сифатлайдиларми?!

Бемазҳабларнинг муҳаққиқи Абдулқодир ал-Арнаут Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Азкор» асари нашрини амалга оширар экан, ундаги «Утбий қиссаси»ни ўзи олиб ташламаганини айтиб чиққан мурожаатномасида Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳни хатокорликда айблаб туриб, «Утбий қиссаси»даги аъробийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари олдида истиғфор ва шафоат сўрашини ношаръий деб баҳолаган. Ҳолбуки, дунё уламоси Ибн Жамоа раҳимаҳуллоҳ мазкур қиссани келтира туриб, бундай деганлар:

و استغفار الرسول صلى الله عليه و سلم بعد الموت حاصل لأنه الشفيع الأكبر يوم القيامة و الوسيلة العظمى فى طلب الغفران و رفع الدرجات من بين سائر ولد آدم و المجئ اليه صلى الله عليه و سلم بعد موته تجديد لتأكيد التوسل به الى الله سبحانه و تعالى وقت الحاجة. و شتان بين هذا الأعرابى و بين من أضله الله فحرم السفر الى زيارته صلى الله عليه و سلم و هو من أعظم القربات

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин истиғфор айтишлари ҳосилдир! Чунки, у зот қиёмат куни энг улуғ шафоатчидирлар. Мағфират талабида буюк васила эгасидирлар. Бошқа Одам болалари орасида даражалари юксакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига вафотларидан кейин келиш эса ҳожат пайтида Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога у зоти шариф билан «тавассул»нинг таъкидини янгиламоқдир.  Бу аъробий билан Аллоҳ адаштирган кимса орасида нақадар узоқлик бор! У (залолатдаги киши) қурбатларнинг энг улуғи бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиёратига сафар қилишни ҳам ҳаром деб билади». (Ибн Жамоа аш-Шофеъий. Ҳидоят ас-солик ила-л-мазоҳиб ал-арбаъа фи-л-маносик. 5-жилд. – Қасим: Куллият аш-шариъа, 2002. – Б. 1519-1521).

10) Мазкур қиссани яна машҳур ҳанбалий олими Ибн Касир (701-774 ҳ./1302-1373 м.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг машҳур тафсиридан ҳам келтирганлар (Ибн Касир ад-Димишқий. Тафсир ал-Қуръон ал-карим. 1-жилд. – Қоҳира: Дор ал-ғадд ал-жадид, 2007. – Б. 481).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ «Утбий қиссаси»ни келтирар экан, давримиз бемазҳабларига ўхшаб унга таъна қилмаганлар, қиссани сохтага чиқармаганлар, ҳужжатга ярмайди, демаганлар. Балки, уни Ибн ас-Саббоғ раҳимаҳуллоҳ «аш-Шомил» асарида келтирган машҳур ҳикоят деб таърифлаганлар.

11) Имом ас-Самҳудий (844-911 ҳ./1440-1506 м.) раҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва Мадина шаҳрининг фазилатларига бағишланган 4 жилдлик машҳур асари «Вафо ал-вафо»да ҳам ушбу «Утбий қиссаси»ни келтирганлар (Нуриддин Али ас-Самҳудий. Вафо ал-Вафо би-ахбори дор ал-Мустафо. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1984. – Б. 1360-1361).

Имом ас-Самҳудий раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин у зот ҳузурларида истиғфор айтилмайди, деганларга қарши бундай деганлар:

الآية دالة على الحث بالمجئ الى الرسول صلى الله عليه و سلم و الإستغفار عنده و استغفاره لهم و هذه رتبة لا تنقطع بموته صلى الله عليه و سلم و قد حصل استغفاره لجميع المؤمنين … فلا يقتضى أن يكون استغفار الرسول بعد استغفارهم مع أنا لا نسلم أنه لا يستغفر بعد الموت، لما سبق من حياته و من استغفاره لأمته بعد الموت عند عرض أعمالهم عليه و يعلم من كمال رحمته أنه لا يترك ذلك لمن جاءه مستغفرا ربّه

«Оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келишга ва у зот ҳузурларида туриб истиғфор айтишга тарғиб ҳамда ул зоти шарифнинг ҳам келганларга истиғфор айтишларига далолат бор. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлимлари билан кесилиб қолмайдиган мартабадир. У зотнинг истиғфорлари жами мўъминларга (ҳамиша) ҳосилдир!… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг истиғфорлари умматнинг истиғфоридан кейин бўлишини тақозо этмайди. Шу билан бирга, биз ўлимдан кейин истиғфор айтилмайди, деган гапга кўнмаймиз! Чунки, у зотнинг ҳаётларида ўтди. Умматига ўлимларидан кейин амаллари арз қилинганда истиғфор айтишлари ҳам ўтди. Бу эса у зотнинг камоли марҳаматларини билдиради. Раббисига истиғфор айтиб у зотнинг ҳузурларига келган кимсани қуруқ қайтармасликлари аниқ!». (Нуриддин Али ас-Самҳудий. Вафо ал-Вафо би-ахбори дор ал-Мустафо. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1984. – Б. 1360).

12) Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий (909-973 ҳ./1503-1566 м.) раҳимаҳуллоҳ «Туҳфат аз-заввор» асарида «Утбий қиссаси»ни бир неча вариантларда келтириб ўтганлар (Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий. Туҳфат аз-заввор ила қабр ан-Набийй ал-мухтор. – Танта: Дор ас-Саҳоба, 1992. – Б. 55-56).

Юқорида биз Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг учта асари ва яна қўшимча 12 та асардан – жами 15 та китобдан келтирган «Утбий қиссаси»ни Зайниддин ал-Мароғий раҳимаҳуллоҳ «Таҳқиқ ан-нусрат», Муҳаммад ал-Буҳутий раҳимаҳуллоҳ «Буғйат ан-носик», Баҳоуддин ал-Мақдисий раҳимаҳуллоҳ «ал-Удда», Имом ас-Солиҳий раҳимаҳуллоҳ 12 жилдлик «Субул ал-ҳудо», Ибн Башкувол раҳимаҳуллоҳ «ал-Қурбат», Муҳаммад ал-Муррокаший «Мисбоҳ аз-залом» каби асарларида ҳам келтириб ўтганлар.  Бемазҳаб салафийлар эса мазкур қиссани сохтага чиқариш ва у билан ҳужжатланиш мумкин эмас, деб оламга жар солиб ётишибди. Уларнинг ўрта асрларда яшаган Ибн Таймиячи устозларидан бири Ибн Абдулҳодий «ас-Сорим ал-мункий» асарида мазкур қиссани келтирар экан, و لا يصلح الإحتجاج بمثل هذه الحكاية و لا الإعتماد على مثلها عند أهل العلم – «Бу ҳикоятга ўхшашни ҳужжат келтириш ва унга ўхшашига аҳли илмлар наздида суяниш ярамайди», дейди. Бемазҳаб салафийлар унинг бу гапини такрор-такрор иқтибос олишдан чарчамайдилар. Ҳолбуки, у зот ва унинг мазҳабсиз издошлари юқорида бирма-бир кўриб, келтирганимиз дунёнинг алломаларини аҳли илмлар деб ҳисобламайдими? Ушбу зотлар мазкур қиссани келтирар эканлар, ушбу қисса орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларида зиёрат одоби қандай бўлиши кераклигини ўргатганлар.

«Утбий қиссаси»даги машҳур иккита байт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақбаралари ойнасига ёзилган бўлиб, у минг йиллардан бери келаётган анъана эди. Бироқ, бемазҳаб «салафий» саудликлар мақбарани таъмирлаш баҳонасида уни йўқ қилмоқчи бўлинганда, бутун дунё мусулмон уламолари Саудия қиролига шикоят қилиб, уни асраб қолишган эди. Бироқ, айни кунларда бу табаррук байт у ерда борми-йўқми, билмайман.

Хулоса

Манбаларнинг замонавий нашрларида атайин сохта маълумотлар қўшилиши, асил манбалардан эса мавжуд маълумотларнинг қасддан олиб ташланиши салафийлар томонидан юз берган ва юз бериб келаётган ҳақиқатдир. Биз олдинги мақоламизда салафийлар томонидан Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг «Мезон ал-эътидол» асари нашрига сохта маълумотни киритганларини кўриб чиққан эдик. Бу мақолада эса Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ томонидан бир эмас, учта асарида мавжуд маълумотни унинг «ал-Азкор» асари нашрида атайин олиб ташланганига эътибор қаратдик. Хиёнат кўчасига кирган салафийлар бу қилмишларини савоб деб қилишлари одамни ачинтиради.

Аллоҳ таоло бемазҳабларга, салафий (ваҳҳобий)ларга инсоф берсин!

Манбалар ўз ҳолича нашр қилиниши керак. Акс ҳолда, муаллифга, дин-диёнатга, халқ-миллатга нисбатан хиёнат бўлади. Хиёнатни эса оқлаб бўлмайди.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *