СУМАЛАК ИЛОҲИЙМИ? УНИ АЙЛАНТИРГАНДАГИ ТИЛАКЛАР МУСТАЖОБМИ?

maxresdefault5555555555555555555555555555555555555555555Савол. Сумалак пиширётганда қозон бошига фаришталар тушар экан. Неки тилак тиласанг, тилагингизни чўмич айлантириб тилак тилашиш керак экан. Шу гап тўғрими?

Жавоб. Бу тўғри эмас. Сумалак атрофига фаришталар тушишини, дуолар ва тилаклар ижобат бўлишини ким айтибди? Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган эмаслар! Оятда бу ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, ҳадисларда ҳам айтилган эмас. Фаришта тушишини ким билибди, сумалак атрофидаги фариштани ким кўрибди? Шунча йиллардан бери сумалаклар пиширилади. Сумалаклар атрофидаги тилаклар ижобат бўлаверганида, бу дунё ҳозир бошқача бўлиб кетарди. Дунёда бирорта бахтсиз қолмасди, бахти очилмаган қизлар қолмасди, бойлик учун одамлар тентираб юрмасди, ҳамманинг иши юришиб кетарди, иши юришмаган бирорта эркак қолмасди…

Сумалак туркий халқаларнинг баҳорги таомларидан бўлиб, унинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қизлари Фотима разийаллоҳу анҳога, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг севимли неваралари Ҳасан ва Ҳусайн разийаллоҳу анҳумоларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Арабларда сумалак қилинмайди. Сумалак сўзи арабча эмас. Бугун дунёда 21 та араб давлати бўлса, уларнинг бирортасида сумалак қилинмайди. Демак, сумалакнинг ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Шуни билиш керакки, сумалакнинг ҳеч қандай ортиқча илоҳий жиҳати йўқ!!! Уни бирорта пайғамбар, бирорта саҳоба, бирорта тобеъин, бирорта авлиё, ислом динидаги бирорта уламо ўйлаб топган эмас. Сумалак исломдан анча йиллар аввал, балки мусулмонликдан неча асрлар олдин пайдо бўлган. Сумалак Ўрта осиёлик халқларнинг баҳорги таоми, холос. У баҳорда қилинадиган, бошқа фаслларда, кунда-кунора қилинадиган емишлар каби оддий таом, холос. У камида бир кун қайнатиладиган таом бўлиб, уни тинмай айлантириб турилмаса, таги куйиб-ёпишиб қолади. Шунинг олдини олиш учун, зийрак момолар: “Сумалакни тилак тилаб айлантириш керак!”, деб одамларни сумалак ковлаб-айлантиришга тарғиб ва ташвиқ қилганлар. Уни айлантириб туриб, тилак айтишда сумалакдан эмас, аслида, тилак ва дуони Аллоҳ таолодан сўралгани ва умид қилингани учун бу ишга ширк деб баҳо бермасак ҳам, лекин сумалак қилувчилар бу ишнинг моҳиятини тушуниб олишларини истар эдик:

Сумалак таоми учун осмондан алоҳида ва махсус фаришталар ерга тушмайди. Бу ҳақида ҳеч қандай хабар, маълумот, саҳиҳ ва тўғри далил йўқ. Фаришталар ҳамма ерда, ҳар онда, ҳар бир мусулмон ёнида, ҳар бир хайрли ва тоза қалбли инсонлар билан бирга бўладилар. Ҳар бир мўъмин-мусулмон одам ёнида камида иккитадан-тўрттагача, тақвосига қараб то унинг атрофида 700 тагача фаришта гирди-капалак бўлиб юради. Сумалак атрофидаги фаришталар эса ош-палов атрофида ҳам, қайиш-куртик дейсизми, бешбармоқ дейсизми, олтибармоқ дейсизми, атрофларида ҳам, қовурма балиқ атрофида ҳам, ҳалим-палим, норин-порин атрофида ҳам бўлишлари мумкин. Муҳими, ҳалол маҳсулотлардан, ҳалол топилган маблағлардан, ҳалол покиза бўлган ҳолда, таҳоратли ва зикрли эркагу аёллар томонидан пиширилса, эшитиб олинг, миянгизга қуйиб олинг, илтимос: сумалакнинг атрофида ҳам, ош-палов атрофида ҳам, бешбармоқ атрофида ҳам, қовурма балиқ атрофида ҳам, ёвғон шўрва атрофида ҳам, нон тандир атрофида ҳам, кўк бўладими, қора бўладими, қип-қизил бўладими қандай бўлса ҳам фарқи йўқ бўлган сўмсалар атрофида ҳам фаришталар бўлишлари мумкин ва бу табиийдир. Кимнинг тилаги фаришталарнинг “омин”ига тўғри келса, Аллоҳ хоҳласа, ўша тилак ижобат бўлаверади. Муҳими, тоза қалб ва таҳорат билан қилинган дуо ва тилак ижобат бўлгусидир. Унинг сумалакнинг чўмичини айлантиришга ва айнан сумалак қозони бошида қилинган тилакка алоқаси йўқ. Ароқ ичиб олган ёки оғзида сассиқдан сассиқ сигарет ва носнинг бадбўйлиги келиб турган эркакнинг сумалак чўмичини минг марта айлантириб, айтган тилаклари ижобат бўлмаслиги аниқ. Ўша сассиққа шу ердаги фаришталар ҳам қочиб кетиши турган гап! Қулоқларни қоматга келтиргудек бўлмағур тинғир-тинғир куй-қўшиқдан ва бир-бирига номаҳрамларнинг бепарво аралаш-қуралаш ўйин-кулгуларидан фаришталар билан бирга “Ҳозир бу ер чўкиб кетмасайди!”, деб қўрққанидан шайтон ҳам шаталоқ отиб қочиб кетади. Ана ундан кейин сизнинг дуои хайрингиз ҳам, дуои бадингиз ҳам мустажоб бўлмаслиги тайин! Ҳозиргина бировни ғийбат қилган, сумалак қозонининг бошида туриб шу ерда йўқларни гапириб, устидан кулган ва ғийбат қилган, ўша ғийбатга қизиқиб жон қулоғи билан қулоқ осган аёлнинг ва қизнинг сумалак чўмичини минг марта айлантириб, айтган тилаклари ҳам ижобат бўлмаслиги аниқ. Ўша ғийбатларга ўша ердаги фаришталар ҳам қочиб кетиши турган гап! Ғусл қилиб чўмилмаганига ҳафталар бўлиб кетган, хушбўй ҳидлар келиш ўрнига бадбўй ҳид терисидан, ёнида турсангиз, қусгингиз келиб кетадиган эркагу аёллар сумалак ёнига келган заҳоти фаришталар ҳам тум-тарақай қочиб кетиши турган гап! Қалби ишқ-муҳаббатга тўла йигитвой кела солиб, сумалакни минг бора айлантириб, шу билан олдида нозлана турган ойқизга боқиб, калласи ва бошлари минг бор айланиб, шаҳват ва ҳирсга тўла миллион-миллион тилаклар айтгани билан бу тилаклари мустажоб бўлмаслиги аниқ!

Сумалак пиширасизми, ош-палов қиласизми, балиқ қовурасизми, гўшт пиширасизми, ёвғон шўрва осасизми, кўк ёки қизил сўмса ёпасизми, қалбингиз тоза, тану баданингиз покиза бўлсин. Ҳамиша ва ҳамма вақт овқатни таҳоратли қилинг! Ўшанда чўмични айлантирасизми-айлантирмайсизми, уни тортиб урасизми, чўмич ўрнига оддий капкир ишлатасизми, оддий таёқ ишлатасизми, фарқи йўқ: таҳоратли бўлиб, зикр оғзингиздан тушмасдан тилак айтинг, дуо қилинг, фаришталар дуонгизга “омин” десин, тилагингиз ижобат бўлсин! Ўшанда, овқатингизгами, сумалагингизгами ичига туз соласизми, жағ-жағ соласизми, майиз ёки нўхат соласизми, тош-пош соласизми, ёнғоқ-понғоқ соласизми, кесак ёки бир-иккита ғишт солиб юборасизми, болаларим қувонсин деб ўйинчоқ-пўйинчоқ соласизми, фарқи йўқ, “Ичига нима солдийкин?” деб одамлар билан бирга фаришталар ҳам қозон атрофида гирди-капалак бўлишиб, таомнинг пишишини кутадиган бўлади. Ана ундан кейин не тиласанг тила, не истасанг иста, не дуо қилсанг қил, ҳаммаси ижобат бўлади, иншаАллоҳ. Бу ерда сумалакнинг ва овқатнинг эмас, ичига солинган тошнинг ёки ёнғоқнинг эмас, устида турган капкирнинг ёки таёқнинг эмас, тоза ва покиза баданли ва қалбли инсоннинг дуоси ва тилаги аҳамиятли. Сумалакда илоҳийлик йўқ, илоҳийлик Сизнинг ўзингизда! Агар “илоҳийлик” деганда Аллоҳ таолонинг куч-қудрати, инсонларга ва таомларга, ашёларга эндирган хислатлари ва даволари назарда тутиладиган бўлса, ҳар бир таом, ҳар қандай овқат ва ҳар бир инсон илоҳийлик касб қилиши мумкин, унинг илоҳий бир жиҳати бўлади. Зотан, ҳар бир таом Аллоҳ таолонинг инсонга берган куч-қуввати, мадади ва ёрдами билан пишади. Ҳар бир нарсада Парвардигори оламни эслатиб турадиган нарса бўлади. Покиза ва комил инсоннинг тилак айтиши ҳам шарт эмас, ўйлагани бажо бўлаверади, хаёлидаги нарса мустажоб бўлаверади, эслагани ижобат қилинаверади. Умрида икки ракъат намоз ўқимаган, таҳорат қилишни билмайдиган, рўза тутмаган, наврўзини икки ҳайитидан афзал кўрадиган эркак ёки аёлнинг ўзи нима бўларди-ю, таҳоратсиз пиширган сумалаги нима бўларди, ювиқсиз кети билан кучаниб айтган тилаги қайга борарди?! Сиз оламлар раббиси, коинот илоҳи, Парвардигори олам билан боғланинг, Яратган Аллоҳга алоқага чиқинг, шунда тилагингиз ижобат бўлаверади!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *