ТАБАРРУК ҚУДУҚ

Cdal20mWwAEdBojСолиҳ инсонларни табаррук қилиш, улар ишлатган ашёларни табаррук деб билишнинг жоиз экани, табаррук асло ширк эмаслиги аҳли суннат ва жамоат таълимотидаги мўъмин-мусулмонларнинг ва уларнинг уламоларининг соф исломий ақидалари жумласидандир. “Мўъминнинг сарқути шифодир!” деган гап уммати муҳаммадия орасида бекорга тарқалмаган. Ҳадиси шарифларда табаррукнинг жоиз эканлигига кўплаб саҳиҳ ва сариҳ далиллар мавжуд. Шундай далиллардан бири, “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да келтирилган бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари Солиҳ алайҳиссаломнинг туялари ва солиҳ зотлар сув ичган қудуқни табаррук сифатида кўрганлари нақл қилинган:

عَنْ نَافِعٍ أَنَّ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَخْبَرَهُ أَنَّ النَّاسَ نَزَلُوا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَرْضَ ثَمُودَ الْحِجْرَ فَاسْتَقَوْا مِنْ بِئْرِهَا وَاعْتَجَنُوا بِهِ فَأَمَرَهُمْ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يُهَرِيقُوا مَا اسْتَقَوْا مِنْ بِئْرِهَا وَأَنْ يَعْلِفُوا الْإِبِلَ الْعَجِينَ وَأَمَرَهُمْ أَنْ يَسْتَقُوا مِنْ الْبِئْرِ الَّتِي كَانَتْ تَرِدُهَا النَّاقَةُ

Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу хабар беришларича, бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Самуд қавми ери бўлган Ҳижрга тушдилар. Улар Ҳижр қудуғидан мешларини тўлдирдилар ва унинг суви билан хамир қордилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Ҳижр қудуғидан олинган сувларини тўкиб ташлашга, хамирларини эса туяларига едиришга буюрдилар. Уларга Туя (Солиҳ алайҳиссалом туялари) келиб турган қудуқдан сув тўлдиришга амр қилдилар (Бухорий, 4/3379; Муслим, 4/2981; Ибн Ҳиббон, 14/6202; Байҳақий, 1/1050).

Мазкур воқеа Табук ғазотига кетаётганда бўлган. Табук – Арабистоннинг шимоли-ғарбида, ҳозирги Иордания ҳудуди яқинида жойлашган жой номи. Бу ерда ҳижратнинг 9-йили (631 мелодий) румликлар билан мусулмонлар ўртасида жанг юз бериш эҳтимоли бўлган. Лекин, мусулмонлар жангсиз орқага қайтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошчилигидаги мусулмонлар йўлда Самуд қавми ҳалокатга учраган Ҳижр деган жойдан ўтишган. Саҳобаларнинг Ҳижрдаги қудуқлардан сув тўлдирганларини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сувларни тўкиб ташлашга ва ҳатто шу сувлар билан қорилган хамирларни ҳам емасликка буюрдилар. Чунки, бу қудуқлардан бир пайтлар ёмон инсонлар, Аллоҳ таолонинг қаҳру ғазабига учраган кишилар сув ичишган эди. Ёмон кимсаларнинг сувидан ичса ҳам уларнинг ботиний ифлосликларининг таъсири ичганларга ҳам ўтиб қолиши эҳтимоли борлигидан ҳатто сувидан ҳам ичирмаганлар (Муҳаммад Тақий ал-Усмоний. Такмила Фатҳ ал-мулҳим. 6-жилд. – Байрут: Дор эҳё  ат-турос ал-арабий, 2006. – Б. 362).

Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини солиҳ кишилар сув ичган қудуққа бошлаб бордилар ва ундан сув олишга буюрдилар. Зотан, солиҳ инсонлар сувидан ичса, уларнинг маънавий таъсири албатта бўлади. Бу қудуқдан бир пайтлар Солиҳ алайҳиссаломнинг харсанг тошнинг ичидан чиқарилган туяси ҳам сув ичар эди. Шунинг учун ҳам, Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур қудуқни ва унинг сувини табаррук деб ҳисобладилар.

Солиҳ алайҳиссаломнинг ўзлари ва туялари сув ичган қудуқ айни шу эканлигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердан билдилар? “Саҳиҳи Бухорий”нинг энг машҳур шарҳини битган муҳаддис аллома Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бунинг иккита эҳтимоли борлигини айтадилар. Бири, албатта бу ваҳий орқали билдирилган. Иккинчиси, шу яқин-ўртадаги аҳолининг гап-сўзларидан билиб олинган. Бу эса, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ фикрича, инсонларнинг ёлғонга келишиб ололмайдиган миқдордаги кўпчилигининг “тавотур” (“мутавотир”) даражасидаги гап-сўзларининг қабул қилинишига уларнинг ҳаммаси ишончли ва мусулмон кишилар бўлиши шарт эмас. Бу гапни у зот ўз устози Аллома ал-Булқиний раҳматуллоҳи алайҳидан нақл қилиб келтирган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 7-жилд. – Риёз: Дор Тоййиба, 2005. – Б. 631).

Демак, қайсидир ашёнинг бирорта солиҳ зотга тегишли эканлиги айтилган хабарлар, жумладан, Расулуллоҳ солаллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишлилиги даъво қилинадиган мўйи мубораклар, калиш ва идиш кабилар ҳақидаги гап-сўзлар агар “тавотур” (“мутавотир”) даражасида бўлса, табаррук ва ҳақиқат маъносида қабул қилинаверади. Уларга қуруқ гап-сўздан иборат, бошқа ишончли далил йўқ деб туриб, шак-шубҳа билдириб бўлмайди, уларни беҳурмат қилишга эса асло йўл қўйилмайди.

Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур қудуқни ва унинг сувини табаррук деб ҳисоблаганларини ким айтган? Албатта буни шориҳлар айтишган. Жумладан, “Саҳиҳи Муслим”нинг энг машҳур шарҳини битган аллома муҳаддис Имом ан-Нававий раҳматуллоҳи алайҳи буни айтганлар. Муҳйиддин ан-Нававий (631-676 ҳ./1233-1277 м.) раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Арбаъин”, “ал-Азкор” ва “Риёз ас-солиҳин” номли асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. У зот “ал-Минҳож фи шарҳ Саҳиҳи Муслим” деб аталадиган шарҳида бундай деганлар:

وَ فِى هَذَا الْحَدِيثِ فَوَائِدُ… وَ مِنْهَا مُجَانَبَةُ آبَارِ الظَّالِمِينَ وَ التَّبَرُّكُ بِآبَارِ الصَّالِحِينَ

“Ҳадисда бир қанча фойдалар бор. Жумладан, золимларнинг қудуқларидан сақланиш, солиҳларнинг қудуқларини табаррук қилиш” (Саҳиҳи Муслим би-шарҳ ан-Нававий. 18-жилд. – Қоҳира: ал-Матбаа ал-мисрия би-л-Азҳар, 1930. – Б. 112).

Имом ал-Қуртубий “ал-Жомеъ ли-аҳком ал-Қуръон” номли машҳур тафсирларида “Ҳижр” сурасининг 80-оятидан чиқарилган масалалар қаторида буни айтиб ўтганлар:

   وَ خَامِسُهَا أَمْرُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ أَنْ يَسْتَقُوا مِنْ بِئْرِ النَّاقَةِ دَلِيلٌ عَلَى التَّبَرُّكِ بِآثَارِ الْأَنْبِيَاءِ وَ الصَّالِحِينَ وَ إِنْ تَقَادَمَتْ أَعْصَارُهُمْ وَ خُفِيَتْ آثَارُهُمْ

“Бешинчи масала, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Туя қудуғидан сув ичишни буюрганлари, гарчи асрлар ўтиб кетган ва излари йўқолиб кетган бўлса-да, пайғамбарлар ва солиҳларнинг қудуғи табаррук эканига далилдир!” (Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Қуртубий. ал-Жомеъ ли-аҳком ал-Қуръон. 12-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 2006. – Б. 240).

Демак, юртимизнинг айрим зиёратгоҳларида жойлашган қадимий қудуқларнинг табаррук сифатида сувидан ичиш ҳам шаръан жоиз бўлган амалдир. Уни билар-билмас ширк деб баҳолаш аҳли суннат ва жамоат уламоларининг соф исломий ақидасига зид қараш бўлиб қолади. Мусулмон халқнинг ҳар амалини ширк, ҳаром ва бидъат деб баҳолавериш уммати муҳаммадиянинг буюк уламоларининг усулларига тўғри келмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобаларнинг Солиҳ алайҳиссаломнинг ўзлари ва туялари сув ичган қудуқни табаррук қилишлари жами анбиё, авлиё ва раббоний уламолар ишлатган ашёларни табаррук деб билишнинг жоиз экани, табаррук асло ширк эмаслиги аҳли суннат ва жамоат таълимотидаги мўъмин-мусулмонларнинг ва уларнинг уламоларининг соф исломий ақидалари эканини билдиради.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *