Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг эътиқоди

Мақолани .pdf  форматда юклаб олиш

Imom Buxoriy etiqodiМуҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194-256/810-870) раҳматуллоҳи алайҳи улуғ ватандошимиз, муҳаддислар амири ва исломнинг энг буюк уламоларидан бири ҳисобланади. У зот башарият томонидан битилган энг тўғри, энг саҳиҳ ҳадислар тўпламининг муаллифидирлар. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг энг кўзга кўринган олими сифатида ўз ақидавий қарашларини ҳам баён қилиб кетганлар. Унинг эътиқодий фикрлари ва бу эътиқодга далил бўлган маълумотларни кейинги авлод кўз қорачиғидек сақлаб ва уларга бекаму кўст амал қилиб келади. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўз ақидаларини баён қилар эканлар, унга жами устозлари, бутун ислом оламидаги энг таниқли уламолар қўшилганлигини, ҳамфикр эканлигини айтиб, ўша уламоларнинг муборак номларини бирма-бир зикр қилиб чиққанлар. Бу эса Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг эътиқоди нақадар тўғри эканини, бизлар ҳам ушбу ақидада ҳаёт кечирмоғимиз лозимлигини билдиради. Бу эса аҳли суннат ва жамоатнинг энг устувор ақоиди эканини таъкидлашимиз керак.

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг эътиқоди Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳнинг кўп жилдли машҳур “Тарихи мадинату Димашқ” асарида ҳамда Ҳиббатуллоҳ ал-Лолкоий раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ усули эътиқод Аҳл ас-суннат ва-л-жамоат” асарида келтирилган (Қаранг: Ибн Асокир. Тарихи мадинату Димашқ. 52-жилд. – Риёз: Дор ал-фикр, 1997. – Б. 58-60; Ҳиббатуллоҳ ал-Лолкоий. Шарҳ усул эътиқод Аҳл ас-суннат ва-л-жамоат. 1-жилд. – Миср: Дор ал-Басират, 2001. – Б. 162-164).

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ҳам Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг мазкур ақидавий матнига “Сийар аълом ан-нубало” асарида ўзининг ривоят исноди билан ишора қилиб кетганлар (Қаранг: Шамсиддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 12-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1983. – Б. 407-408).

Айтиб ўтганимиздек, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўз ақидаларини баён қилишдан олдин ушбу ақидаларга жами устозлари ва бутун ислом оламидаги энг таниқли уламолар қўшилганлигини, унга ҳамфикр эканлигини алоҳида қайд қилганлар. Ушбу ақидалар мажмуи нақадар ҳақ эканини, аҳли суннат ва жамоатнинг ушбу ақоидлар таълимоти нақадар тўғри эканини билдиради. Биз ҳам “Уламолар ва азиз авлиёларнинг номларини зикр қилишда барака бор!”, деганларидек, уларни бирма-бир ўқиб чиқамиз.

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўз устозлари – уламоларнинг муборак номларини қуйидагича зикр қиладилар:

“Илм аҳлидан бўлмиш минг нафардан ортиқ зотлар билан учрашдим. Улар Ҳижозлик, Маккалик, Мадиналик, Кўфалик, Басралик, Воситлик, Бағдодлик, Шомлик, Мисрлик эдилар. Улар билан бир неча мартадан, такрор-такрор, қайта-қайта учрашганман. Қирқ олти йилдан бери улар билан учрашиб келаман. Улар илмнинг кони эдилар. Шом, Миср ва Жазира уламолари билан икки мартадан учрашдим, Басрага тўрт марта бордим. Йиллар давомида қанча-қанча олимларни кўрдим. Ҳижозда олти йил турдим. Кўфа ва Бағдодга неча бор кирганлигимни эслай ҳам олмайман. Хуросон муҳаддислари билан бирга ҳаёт кечирдим.

Улардан айримлари: ал-Маккий ибн Иброҳим, Яҳё ибн Яҳё, Али ибн ал-Ҳасан ибн Шақиқ, Қутайба ибн Саъид, Шиҳоб ибн Маъмар.

Шомдагилар: Муҳаммад ибн Юсуф ал-Фирёбий, Абу Мусҳир Абдулаъло ибн Мусҳир, Абу-л-Муғийра Абдулқуддус ибн ал-Ҳажжож, Абу-л-Ямон ал-Ҳакам ибн Нофеъ. Улардан сўнг яна неча-нечалари билан кўришдим.

Мисрдагилар: Яҳё ибн Касир, Лайс ибн Саъднинг котиби Абу Солиҳ, Саъид ибн Абу Марям, Асбағ ибн ал-Фараж, Нуайм ибн Ҳаммод раҳимаҳумуллоҳ ажмаъийн.

Маккадагилар: Абдуллоҳ ибн Язид ал-Муқрий, ал-Ҳумайдий, Макка қозиси Сулаймон ибн Ҳарб, Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Азрақий раҳимаҳумуллоҳ ажмаъийн.

Мадинадагилар: Исмоил ибн Абу Увайс, Мутарриф ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Нофеъ аз-Зубайрий, Аҳмад ибн Абу Бакр Абу Мусъаб аз-Зуҳрий, Иброҳим ибн Ҳамза аз-Зубайрий, Иброҳим ибн ал-Мунзир ал-Ҳизомий раҳимаҳумуллоҳ ажмаъийн.

Басрадагилар: Абу Осим аз-Заҳҳок ибн Махлад аш-Шайбоний, Абу-л-Валид Ҳишом ибн Абдулмалик, ал-Ҳажжож ибн ал-Минҳол, Али ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфар ал-Мадиний раҳимаҳумуллоҳ ажмаъийн.

Кўфадагилар: Абу Нуайм ал-Фазл ибн Дукайн, Убайдуллоҳ ибн Мусо, Аҳмад ибн Юнус, Қабиса ибн Уқба, Ибн Нумайр, Абдуллоҳ ибн Абу Шайба ва Усмон ибн Абу Шайба раҳимаҳумуллоҳ ажмаъийн.

Бағдоддагилар: Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маъин, Абу Маъмар, Абу Хайсама, Абу Убайд ал-Қосим ибн Саллом раҳимаҳумуллоҳ ажмаъийн.

Жазира аҳлидан бўлмиш: Амр ибн Холид ал-Ҳарроний раҳимаҳуллоҳ.

Воситдагилар: Амр ибн Авн ва Осим ибн Али ибн Осим ва Али ибн Осим раҳимаҳумуллоҳ ажмаъийн.

Марвдагилар: Садақа ибн ал-Фазл, Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Ҳанзалий раҳимаҳумуллоҳ ажмаъийн.

Қисқартирган ҳолда ушбу уламоларнинг номлари билан кифояланамиз. Токи гап чўзилиб кетмасин!”.

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ана шу устозларининг муборак номларини бирма-бир зикр қилар эканлар, ўз ақидасига улар ҳам ҳамфикр эканликларини алоҳида қайд қиладилар. Бу аҳли суннат ва жамоат уламоларининг якдил ақидасидир. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ақидаларни зикр қилиб қўявермасдан, ҳар бир ақидавий қоидани асослаш мақсадида оят ва ҳадислардан далил келтириб исботлаб ҳам кетганлар. Демак, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ақидалари мужмуи қуйидагичадир:

 Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ақидаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

فما رأيتُ واحدا منهم يختلف فى هذه الأشياء

“Ушбу номлари зикр қилинган уламолардан бирорталари қуйидаги масалаларда ихтилоф қилганларини кўрмадим”.

(Яъни, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ юқорида номларини бирма-бир зикр қилган уламолар ва аҳли суннат ва жамоатнинг бошқа уламоалари ҳам қуйида қайд қилинмоқчи бўлган ақиалар мажмуига иттифоқ қилганлар. Улардан бирорталари бу борада хилоф гап айтмаганлар).

أنّ الدين قول و عملٌ، و ذلك لقول الله تعالى: «و ما أمِروا الا ليعبدوا الله مخلصين له الدين حنفاء و يُقيموا الصلوة و يؤتوا الزكوة، و ذلك دين القيّمة

“Албатта дин сўз ва амалдир. Бунга сабаб Аллоҳ таолонинг гапи бўлгани учундир: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динини (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина, 5).

(Дин қуруқ ақидалар мажмуидан иборат эмас. У сўз билан бирга амалда ўз исботини топиши керак бўлган ҳаётий таълимотдир. “Ла илоҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ” калимасини айтган ва Аллоҳнинг ягоналиги ҳамда Муҳаммад алайҳиссаломни Унинг пайғамбари эканига ишонган кимса, албатта, Аллоҳ ва Унинг Расулининг буюрган кўрсатмаларига амал қилиб яшайди. Имон ҳам банданинг қилган амалидан қувват олади, нури чароғон бўлади. Амали кўп инсон имонининг нури бошқаларникига нисбатан ёғдуроқ бўлади. Мўъмин-мусулмоннинг амали кўпайган сари комил мўъмин-мусулмон бўлиб бораверади.).

و أنّ القرآن كلامُ الله غيرُ مخلوقٍ، لقوله تعالى: «إنّ ربّكم الله الذى خلق السموات و الأرض فى ستّة أيّام ثمّ استوى على العرش يغشى الليل النهار يطلبه حثيثا و الشمس و القمر و النجوم مسخّرات بأمره

“Албатта Қуръон Аллоҳнинг каломидир, у яратилмаган. Аллоҳ таолонинг гапи бор: “Дарҳақиқат, Раббингиз осмонлару Ерни олти кунда яратган, сўнгра Арш узра “муставий” бўлган, кунга тунни қоплайдиган – уни (яъни кунни тун) шитоб билан қувади – қуёш, ой, юлдузларни Ўз амрига мусаххар (муте) қилиб қўйган Аллоҳдир…” (Аъроф, 54).

(Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Калом сифати эса Унинг зотий сифатлари жумласидан бўлиб, яратилган – кейин пайдо бўлган эмас. Қуръоннинг мусҳафларга ёзилиши, тиловат ва қироат қилиниши, хотирада сақланиб келиши кабилар эса банда томонидан амалга ошириладиган, Аллоҳ таолонинг яратганларидир. “Аъроф сураси”нинг 54-оятида Аллоҳ таоло ўзи яратган нарсаларининг энг катталарини бирма-бир зикр қилган. Улар орасида коинотлардан ҳам каттароқ бўлмиш Арш ҳам бор. Мазкур оятдаги “сўнгра Арш узра “муставий” бўлган”, деган жумла муташобеҳ бўлиб, унинг ҳақиқий маъносини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло зикр қилган, Ўзи яратган нарсалари орасида Қуръон қайд қилинмагани сабабли Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятни “Қуръон яратилган эмас!”, деган ақидага далил қилганлар.).

قال أبو عبد الله محمد بن اسماعيل: قال ابن عيينة: فبيّن الله الخلق من الأمر، لقوله تعالى: «ألا له الخلقُ و الأمرُ تبارك الله ربُّ العالمين

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил (ал-Бухорий) айтади: Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло халққа буйруқларини очиқ баён қилди”, деганлар. Бунга Аллоҳ таолонинг гапи бор: “Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш Унга хосдир. Оламларнинг Рабби бўлмиш Аллоҳ баракотлидир” (Аъроф, 54).

(Суфён ибн Уйайна ал-Ҳилолий ал-Кўфий (107-198/725-814) раҳимаҳуллоҳ табаъа тобеъинлар жумласидан бўлиб, юз нафарга яқин тобеъинларга шогирд бўлган, исломнинг буюк уламоларидан биридир. Бу зот Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг устозларининг устози ҳисобланади.

Албатта Аллоҳ таолонинг амрлари, буйруқлари, кўрсатмалари очиқ-равшан ва аниқ ифодаланган. Аллоҳ таоло ўз кўрсатмаларини бандаларига тўла ва мукаммал етказиш учун Пайғамбарларни юбориб қўйибди, муқаддас китобларни нозил қилган. “Аъроф сураси”нинг 54-оятида келганидек, дунёда бўлаётган барча ишлар Аллоҳ таолонинг яратиши ва амри билан содир бўлади. Ҳеч бир иш Аллоҳнинг иродасисиз юзага чиқмайди.).

و أنّ الخير و الشرّ بقَدَر، لقوله تعالى: «قل أعوذ بربّ الفلق من شرّ ما خلق». و لقوله تعالى: «و الله خلقكم و ما تعملون». و لقوله تعالى: «إنا كلّ شئ خلقناه بقدر

“Албатта яхшилик ва ёмонлик тақдир билан бўлади. Бунга Аллоҳ таолонинг гапи бор: “(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан” (Фалақ, 1-2). Яна Аллоҳ бундай деган: “Ҳолбуки, сизларни ҳам, сиғинаётган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!” (Соффот, 96). Яна Аллоҳ бундай деган: “Албатта Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик” (Қамар, 49). 

(Тақдир – “ўлчов” бўлиб, коинотдаги яралмишларнинг ризқ-рўзи, хатти-ҳаракати, ҳаёти-мамоти ўлчов билан яратилгандир. Тақдирнинг яхши-ёмонлиги – бари Аллоҳ таолодандир. Яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам Аллоҳ яратган. Банданинг қилаётган амали ва қилмишининг барчасини Аллоҳ яратган. Фақат ёмонликка Аллоҳ рози эмас. Ушбу ақида аҳли суннат ва жамоатнинг энг муҳим таълимотларидан бўлгани боис Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ унга Қуръони каримдан олинган учта оятни далил қилиб келтирганлар.).

و لم يكونوا يكفّرون أحدا من أهل القبلة بالذنب، لقوله تعالى: «إنّ الله لا يغفر ان يُشرك به و يغفر ما دون ذلك لمن يشاء

“Уламоларнинг барчаси қибла аҳлидан бўлган бирор кимсани гуноҳ сабабли кофирга чиқармаганлар. Бунга Аллоҳ таолонинг гапи бор: “Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай” (Нисо, 116).

(“Қибла аҳли”дан мурод Макка шаҳридаги Каъбатуллоҳни қибла деб эътиқод қиладиган, калимагўй мўъминлардир. “Такфир” эса бирор бир мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқариш бўлиб, аҳли суннат ва жамоат уламолари бундан қаттиқ қайтарганлар. Бу ақида хаворижлар ва уларга эргашганларга раддиядир. Улар юзлаб саҳобаларни кофирга чиқариб ўлдириб юбордилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг иккала қизларига уйланган, Қуръони каримни жам қилиб, китоб ҳолига келтирган Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳуни ўлдириб юбордилар, Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг севимли қизларига уйланган, аҳли байтларидан ҳисобланадиган Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни бутун оиласи билан қириб юбордилар. Худди шундай, бадбахт хаворижлар саҳобаларни-да, мўъмин-мусулмонларни-да кофирга чиқаравердилар, қириб юборавердилар, лекин, уларнинг шунча қилмиши сабабли ҳеч бир саҳоба, ҳеч бир уламо уларнинг ўзларини кофирга чиқармагандилар. Ҳа, мўъмин-мусулмон қанчалик кўп гуноҳ-маъсият қилса ҳам, қанчалик кўп бидъатга шўнғиган бўлса ҳам кофир дейилмайди. Гарчи ўша фосиқ мусулмон қилган гуноҳларига тавба қилмасдан ўлиб кетса ҳам, дўзахда абадий қолади, деб ҳукм қилинмайди. Чунки, унинг ҳукми ёлғиз Аллоҳ таолога ҳаволадир. Аллоҳнинг ўзи хоҳласа, гуноҳларни афв қилади, хоҳласа адолат қилади. Ширкни эса тавба қилмагунча кечирмайди. Бунга Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Нисо сураси”нинг 116-оятини далил қилганлар.).

و ما رأيتُ فيهم أحدا يتناول أصحاب محمّدٍ صلى الله عليه و سلم. قالت عائشة رضى الله عنها: أمروا أن يستغفروا لهم. و ذلك قوله تعالى: «و الذين جآءوا من بعدهم يقولون ربّنا اغفر لنا و لإخواننا سبقونا بالإيمان و لا تجعل فى قلوبنا غلّا للّذين ءامنوا ربّنا إنّك رؤوفٌ رحيمٌ

“Уламолардан бирортасининг Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига таъна қилганларини кўрмадим. Зотан, Ойша разийаллоҳу анҳо: “Мўъмин-мусулмонлар саҳобаларга истиғфор айтишга буюрилганлар”, деганлар. Бу Аллоҳнинг мана бу амридир: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдисан!” (Ҳашр, 10).

(Саҳобаларнинг барчасини яхшилик билан эслаймиз. Улардан бирортасини айбламаймиз, уларга таъна-дашном қилмаймиз. Бу ақида ҳаддан ошган шиаларнинг бир тоифасига раддиядир. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо хаворижлар илк бор хуруж қилган ва катта саҳобаларни айблаб, таъна-дашном қилиб, уруш-жанжал чиқарган вақтда: “Ахир, мўъмин-мусулмонлар саҳобаларга истиғфор айтишга буюрилган эмасмилар!?”, деган ва “Ҳашр сураси”нинг 10-оятини айтиб берган эканлар. Бу ояти каримага кўра, ўтган жами мўъмин-мусулмонларни яхшилик билан эслашимиз керак. Оддий мусулмон ўлганидан сўнг, унинг ортидан ёмонликлари эслаб ошкора қилинмайди. Бу мўъминлик бурчидир. Агар ўша мўъмин-мусулмон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бўлса, у ҳолда, умуман, улар тўғрисидан, заррача ҳам ёмон гапирилмайди. “Ҳашр сураси”нинг 10-оятида келган дуони ҳамма ўқиб юргани мақбул.).

و كانوا ينهون عن البدع، ما لم يكن عليه النبىّ صلى الله عليه و سلم و أصحابه، لقوله تعالى: «و اعتصموا بحبل الله جميعًا و لا تفرّقوا». و لقوله تعالى: و إن تطيعوه تهتدوا

   “Уламоларнинг барчаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари қилмаган (ва айтмаган) ишлардан – бидъатлардан қайтардилар. Бунга Аллоҳ таолонинг гапи бор: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг!” (Оли Имрон, 103). Яна Аллоҳ бундай деган: “Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топурсиз” (Нур, 54).

(“Бидъат” бу ўзбошимчалик билан динга киритилган янгиликлар бўлиб, улар тўғрисида на бирон бир далил, на бирор бир далилдан ишора ва на бирон бир саҳобанинг қилгани ёки айтгани бор бўлади. Бундай ишлар залолатга бошловчи бидъатлар деб аталади. Аҳли суннат ва жамоат таълимоти ана шундай бидъатлардан холи энг соф ва энг покиза ақидалар ва амалиётлар мажмуидир. Бу йўлдан оғишиш эса фирқаланиш бўлиб, Аллоҳ таоло “Оли Имрон сураси”нинг 103-оятида фирқа-фирқа бўлиб олишдан қайтарган. Унга амал қилмаслик фирқалар ва оқимлар таркибига кириб қолишдир. Бидъатлардан сақланишнинг энг катта йўли, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ келтирган “Нур сураси”нинг 54-оятида айтилганидек, бу – уламолар айтган тариқада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдир. Акс ҳолда, ҳидоят йўлидан ажралиб қолиш ҳеч гап эмас. Имом ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳини бекорга “Ҳидоят имоми” деб улуғланмайди, Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳининг шоҳ асари бекорга “Ҳидоят” деб номланмайди. Буларга эргашиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмоқдир, уларнинг айтганларига итоат айни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоатдир!).

و يحثون على ما كان عليه النبىّ صلى الله عليه و سلم و أتباعُه، لقوله تعالى: و أنّ هذا صراطى مستقيمًا فاتبعوه، و لا تتبعوا السبل فتفرّق بكم عن سبيله، ذلكم وصّاكم به لعلّكم تتقون

“Уламоларнинг барчаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у зотга эргашганларнинг йўли – суннатига тарғиб қилганлар. Бунга Аллоҳ таолонинг гапи бор: “Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир” (Анъом, 153).

(Пайғамбарга итоат қилмоқ Аллоҳнинг ўзига итоат этмоқдир! Пайғамбарга итоат қилганларга итоат этмоқ Пайғамбарнинг ўзига эргашмоқдир! Аллоҳ таоло “Анъом сураси”нинг 153-оятида айтган Тўғри йўл мана шудир! Кимки бунинг аксини қилса, бунга хилоф гап айтса, Пайғамбарга итоат қилишдан бўйин товласа, Пайғамбарга итоат қилаётганларга таъна қилса, Аллоҳ уни Тўғри йўлдан айириб қўяди. Бу ақидага иттифоқ қилиб ўтган аҳли суннат ва жамоат уламоларига эргашмоқлик нажот йўлидир.).

و أن لا ننازع الأمر أهله، لقول النبىّ صلى الله عليه و سلم: «ثلاثٌ لا يغلّ عليهنّ قلبُ امرئٍ مسلمٍ: إخلاص العمل لله، و طاعة وُلاة الأمر، و لزوم جماعتهم. فإنّ دعوتهم تحيط من ورائهم

ثمّ أكّد فى قوله تعالى: «أطيعوا الله و أطيعوا الرسول و أولى الأمر منكم

“Ишбошилар билан иш бўйича низо-жанжал қилмаймиз! Бу тўғрида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гаплари мавжуд: “Уч нарса бор. Улар бўлса, мусулмон кимсанинг қалби хиёнаткор (қора ва иллатли) бўлмайди. Улар амалда Аллоҳ учун ихлос қилмоқ; ишбошиларга итоат этмоқ ва мусулмонлар жамоасини лозим тутмоқдир. Зотан, мусулмонларнинг дуолари уларни атрофларидан (шайтон ҳийлалари ва залолатдан асраб) ўраб туради”.

Сўнгра Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бу мавзуни таъкидлаб, Аллоҳ таолонинг мана бу ояти каримасини ўқидилар: “Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (Нисо, 59).

(Раҳбарларга итоат этмоқ вожиб амалдир. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ таъкидлаб ўқиган “Нисо сураси”нинг 59-ояти мазмунидан “Подшоҳнинг айтгани вожиб!”, деган матал юзага келган. Аҳли суннат ва жамоат уламоларининг иттифоғи шуки, дин ва давлат раҳбарларига итоат этмоқ лозим. Улар билан низолашув, жанжаллашув, уларга қарши чиқув асло (улар зулм-у ситам қилган тақдирда ҳам) мумкин эмас. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ келтирган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта амални маҳкам ушлаган кимсанинг қалби асло қораймаслигини баён қилдилар. Биринчиси ихлос билан тоат-ибодат қилмоқ бўлса, иккинчиси айнан раҳбарларга итоат этмоқдир. Учинчиси эса ана шу икки йўлни маҳкам ушлаган мўъмин-мусулмонлар жамоаси – аҳли суннат ва жамоат йўли – саводи аъзам – мусулмонларнинг энг катта қисми билан бирга бўлмоқдир. Бугунги кунда ана шу таълимотга амал қилмасдан давлат раҳбарлари билан низолашувга, жанжаллашувга ва қарши чиқувга борганлар дин ва дунёнинг беҳад зарар кўрувига сабаб бўлмоқдалар. Аҳли суннат ва жамоатнинг барча уламоларининг фикри эса Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтганларидекдир: “Биз ишбошилар билан низо-жанжал қилмаймиз!”.

Мўъминнинг қалбини қорайтирмайдиган уч нарса ҳақидаги ҳадиси шарифни қуйидаги муҳаддислар нақл қилганлар: Ибн Можа, 1/236; Ибн Ҳиббон, 2/680; Аҳмад, 5/21630; Ҳоким, 1/297; Табароний, 5/4890).

و ألا نرى السيف على أمّة محمدٍ صلى الله عليه و سلم

“Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига қарши қурол кўтармаймиз!”.

(Бу аҳли суннат ва жамоатнинг ўта муҳим ва жуда долзарб ақидасидир. Биз мусулмонларга қарши курашмаймиз, мўъмин-мусулмон бўлиб танилган бирор кимсани қасддан ўлдирмаймиз, мусулмонларни ўлдиришни “жиҳод” деб атамаймиз! Мусулмонлар юртида уруш-жанжал чиқараётганлар, масжидларни портлатиб юбораётганлар, мўъмин-мусулмонларнинг яхши-ёмонини, тинч-тотув яшаб келаётган аҳолининг барчасини бирданига оммавий қириб юбораётганлар Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтган аҳли суннат ва жамоатнинг ана шу ақидасига тескари иш қилаётган нокаслардир!).

و قال الفضيل قدّس سِرّه: «لو كانت لى دعوة مستجابة لم أجعلها إلا فى إمامٍ، لأنّه إذا صلح الإمام أمِن البلاد و العباد». قال ابن المبارك رحمه الله: «يا معلم الخير، من يجترئ على هذا غيرك

 “Фузайл ибн Иёз қуддиса сирруҳу бундай деганлар: “Агар менинг мустажоб бўладиган битта дуойим бўлганида эди, уни фақатгина подшоҳ ҳаққида дуои хайр қилган бўлардим! Чунки, подшоҳ солиҳ бўлса, шаҳарлар ва бандалар омонда бўлади”. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ буни эшитиб, “Эй, яхшиликни ўргатувчи! Сиздан бошқа ким ҳам буни қила оларди!”, деган эканлар.

(Абу Али аз-Зоҳид Фузайл ибн Иёз ал-Ярбуъий ал-Хуросоний (105-187/723-803) қуддиса сирруҳу исломнинг энг таниқли зоҳид мутасаввифларидан биридир. У зот Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бўлиши билан бирга Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг устозларининг устозидирлар. Шу жумладан, Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳ, Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ, Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ, Яҳё ал-Қаттон раҳимаҳуллоҳ, муҳаддис Абдурраззоқ раҳимаҳуллоҳ, Абдурраҳмон ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳ, Имом ал-Асмаъий раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар унинг шогирдлари ҳисобланади. Ҳадис ривоятида ишончли зотдир.

Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ал-Марвазий (118-181/736-797) раҳимаҳуллоҳ исломнинг энг буюк уламоларидан, таниқли муҳаддис олимларидан биридир. У зот ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан ҳисобланади. Бир неча асарлар ҳам битганлар. Ҳадис ривоятида ишончли зотдир.

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, Фузайл ибн Иёз қуддиса сирруҳу подшоҳларни дуои хайр қилиш кераклигини, уларни асло дуои бад қилиб бўлмаслигининг аҳамиятини билдириб, “Агар менинг мустажоб бўладиган битта дуойим бўлганида эди, уни фақатгина подшоҳ ҳаққида дуои хайр қилган бўлардим! Чунки, подшоҳ солиҳ бўлса, шаҳарлар ва бандалар омонда бўлади”, деганлар. Уни Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг устозлари Абу Нуайм раҳимаҳуллоҳ “Ҳилйат ал-авлиё” асарларида зикр қилганлар (8/91-92).

Фузайл ибн Иёз қуддиса сирруҳунинг гапларини эшитиб, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ унинг пешонасидан ўпган ва у зотнинг бу гапларини қўллаб-қувватлаган эканлар.

Албатта биз давлат раҳбарларини дуои хайр қилишимиз керак. Агар улар бизнинг дуоларимиз баракоти ва шарофати билан яхши инсонга айлансалар, хайрли ишларга бош-қош бўлсалар, тўғри йўлга томон йўлбошчи ва сарбон бўлсалар, албатта, дин ва дунё обод бўлгусидир. “Одамлар ўз подшоҳларининг динида бўлади”, деган нақл мавжуд. Яъни, подшоҳ қандай бўлса, унинг фуқаролари ҳам шундай бўлади. Бинобарин, давлат раҳбарларини дуои хайр қилмоқ фуқароларнинг ўзлари учун манфаатлидир. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳақиқатнинг муҳимлигини билиб, ўз ақидаларининг охирларида ушбу ҳикоятни келтириб ўтганлар.).

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ақоиди ва унинг шарҳи тамом бўлди.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *