“Ал-Фиқҳ Ал-Акбар”

“Ал-Фиқҳ Ал-Акбар” таржимасини .pdf  форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

 Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ал-Кўфий (80-150/699-767) раҳматуллоҳи алайҳи тобеъин, улуғ мужтаҳид ва фақиҳ, буюк имом бўлиб, ҳанафий мазҳабининг муассисидирлар. У зот ислом ақоидига оид бир неча асарлар битган бўлиб, ақида илмини “ал-Фиқҳ ал-акбар” (“Катта фиқҳ”) деб атаганлар. Ана шу номда асар ҳам ёзганлар. Шунингдек, “ал-Фиқҳ ал-абсат” (“Батафсил фиқҳ”), “ал-Олим ва-л-мутааллим” (“Устоз ва шогирд”) каби рисолалар билан бирга бир неча васиятлари – шогирдларига қилган панд-насиҳатлари мавжуд. Шогирдлари ва мазҳаб аҳли томонидан у зот ривоят қилган ҳадиси шарифлар бир қанча “Муснад”, “ал-Асор” каби асарларда жамланган.

“ал-Фиқҳ ал-акбар” (“Катта фиқҳ”) асари аҳли суннат ва жамоат таълимотининг мотуридия йўналишининг юзага келишига асос бўлган. “ал-Фиқҳ ал-акбар”га бир неча марта шарҳлар битилган, арабча матни тошбосмаларда нашр қилинган. У ўзбек тилида ҳам бир неча марта эълон этилган, арабча матни Ўзбекистонда ҳам чоп қилинган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг барча асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

“ал-Фиқҳ ал-акбар” (“Катта фиқҳ”) қисқа ҳажмли асар бўлиб, содда тилда битилган. Унда исломий ақоиднинг тамал мавзулари қамраб олинган, айтганимиздек, улар аҳли суннат ва жамоат таълимотининг асосини ташкил қилади. Айрим ақидавий масалаларга эса ўта муҳим бўлгани сабабидан келиб чиқиб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ такрор-такрор, қайта-қайта мурожаат қилганлар.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

أصْلُ التَّوْحِيدِ وَ مَا يَصِحُّ الْإعْتِقَادُ عَلَيْهِ

Тавҳид (илми)нинг асли (бу ерда)дир, унга эътиқод қилиш тўғри бўладиган нарсалар (бу рисолада)дир!

(Тавҳид – Аллоҳ таолони бир ва бор деб эътиқод қилмоқ, У ўзининг зоти ва барча комил сифатлари ила якка-ю ягона деб ишонмоқдир. Тавҳид ислом динининг асосини ташкил қилади. Тавҳид илми бу шаръий эътиқодий маълумотлар мажмуаси бўлиб, мусулмонлик уларни ўрганиш билангина дуруст бўлади. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мусулмонлар учун ўта муҳим мазкур «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарлари ислом динида ақидага бағишланган илк асарлардан бири ҳисобланади.).

يَجِبُ أنْ يَقُولَ: آمَنْتُ بِاللهِ وَ مَلَائِكَتِهِ وَ كُتُبِهِ وَ رُسُلِهِ وَ الْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ وَ الْقَدَرِ خَيْرِهِ وَ شَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالَى وَ الْحِسَابُ وَ الْمِيزَانُ وَ الْجَنَّةُ وَ النَّارُ حَقٌّ

(Инсон) «Мен Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, ўлгандан кейин қайта тирилмоққа, тақдирнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам Аллоҳдан эканига имон келтирдим!», демоғи вожиб бўлади. (Охиратдаги) ҳисоб-китоб, (амаллар ўлчанадиган) тарози, жаннат ва дўзах ҳақдир.

(Имоннинг еттита шарти мавжуд. Улар Аллоҳга ишонмоқ, фаришталар борлигига инонмоқ, Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон сингари муқаддас китоблар Аллоҳдан юборилганига ишонмоқ, пайғамбарларнинг ҳақлигига ишонмоқ, қиёмат кунининг бўлиши ва ўша кунда ўлганлар қайта тирилишига ишонмоқ, инсон бошига тушадиган яхши-ёмонликларнинг барчаси тақдири илоҳий эканига, яъни, Аллоҳ таоло яратганига ишонмоқликдир. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қиёмат кунини алоҳида тилга олмасдан, балки қайта тирилиш, қабрдаги ва маҳшаргоҳдаги алоҳида ҳисоб-китобларнинг бўлиши, амаллар ўлчанадиган тарозининг ҳақлиги, жаннат ва дўзахнинг борлигини зикр қилиб, қиёматнинг аниқ бўлишига ишора қилганлар.

Таврот, Забур ва Инжил каби муқаддас китоблар бугунга келиб, асл матнлари ўзгартириб юборилган, айрим жойлари олиб ташланган, айрим ўринлар эса насроний ва яҳудийларнинг ўзлари томонидан қўшилган. Қуръоннинг матни эса ўзгартирилган эмас. Забур, Таврот, Инжил матнлари ўзгариб кетганига, Қуръони карим матни эса асл ҳолича сақланиб келаётганига бугун барча гувоҳ бўлиб турибди.).

وَ اللهُ تَعَالَى وَاحِدٌ لَا مِنْ طَرِيقِ الْعَدَدِ وَ لَكِنْ مِنْ طَرِيقٍ أنَّهُ لَا شَرِيكَ لَهُ قُلْ هُوَ اللهُ أحَدٌ اَلله الصَّمَدُ لَمْ يَلِدْ وَ لَمْ يُولَدْ وَ لَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أحَدٌ لَا يُشْبِهُ شَيْئًا مِنْ الْأشْيَاءِ مِنْ خَلْقِهِ وَ لَا يُشْبِهُهُ شَيْئٌ مِنْ خَلْقِهِ

Аллоҳ таоло саноқ йўлига кўра бўлмаган бирдир, лекин, Унинг шериги йўқ, деган тариқадандир. «Айтинг, (эй, Муҳаммад алайҳиссалом!) у Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ беҳожатдир. Туғмади, туғилмади. Унга ҳеч ким тенг эмас!» (Ихлос, 1-4). У яратганларидан ҳеч бир нарсага ўхшамайди. Яратганларидан ҳеч бир нарса ҳам Унга ўхшамайди.

(Аллоҳ бир ва бордир! Уни бир деганимиз, саноқ тарзига кўра эмас. Чунки, саноққа кўра бирдан олдин ноль, бирдан кейин эса икки бўлади. Аллоҳ таоло эса авали ва охири йўқ якка-ю ягонадир. Бунга Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ «Ихлос сураси»ни далил келтирганлар. Ушбу сура тавҳид сураси ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барча нарсани Ўзи яратгандир. У яратган нарсаларининг бирортасига ўхшамайди. Яратилган нарсаларнинг бирортаси Унга ўхшамайди. Бунда фақатгина Зоти эмас, Унинг сифатлари ҳам бирорта яралмишларга ўхшамайди.).

لَمْ يَزَلْ وَ لَا يَزالُ بِأسْمَائِهِ وَ صِفَاتِهِ الذَّاتِيَّةِ وَ الْفِعْلِيَّةِ. أمَّا الذَّاتِيَّةُ فَالْحَيَاةُ وَ الْقُدْرَةُ وَ الْعِلْمُ وَ الْكَلَامُ وَ السَّمْعُ وَ الْبَصَرُ وَ الإرَادَةُ. وَ أمَّا الْفِعْلِيَّةُ فَالتَّخْلِيقُ وَ التَّرْزِيقُ وَ الْإنْشَاءُ وَ الْإبْدَاعُ وَ الصُّنْعُ وَ غَيْرُ ذَلِكَ مِنْ صِفَاتِ الْفِعْلِ

Аллоҳ таоло зотий ва феълий сифатлари ва исмлари ила доим бўлган ва ҳамиша бўлади. Зотий сифатлари ҳаёт (тириклик), қудрат (қодирлик), илм (билмоқ), калом (гапирмоқ), самъ (эшитмоқ), басар (кўрмоқ), ирода (хоҳламоқ)дир. Феълий сифатлари эса яратмоқ, ризқ бермоқ, пайдо қилмоқ, ясамоқ, яратмоқдир. Бундан бошқа феълий сифатлари ҳам бор.

(Аллоҳ таолонинг сифатлари учга бўлиб ўрганилади. Уларнинг энг асосийлари зотий ва феълий сифатлар дейилади. Зотий сифатлар деганда Аллоҳ таолонинг Ўзида қоим бўлган, Унинг Ўзини билдирадиган, лекин Ўзи ҳам, Ўзидан ташқари ҳам бўлмаган еттита сифат тушунилади. Мотуридийлар унга «таквин» – «бўлдирмоқ» сифатини қўшганлар. Сўфи Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор мазкур сифатлар борасида қуйидаги байтни айтганлар:

Субутийдур анинг саккиз сифоти,

Сифат зотий эмас, на ғайри зотий.

Ҳаёт-у илм-у қудрат, ҳам басар, самъ,

Ирода-ю калом-у таквин, эй шамъ!

Мотуридийларга кўра Аллоҳ таолонинг барча зотий ва феълий сифатлари қадимий ва азалийдир. Феълий сифатларга яратмоқ, ризқ бермоқ кабилар киради. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: «Бундан бошқа феълий сифатлари ҳам бор», деганларида, тирилтирмоқ, ўлдирмоқ, ўстирмоқ, юксалтирмоқ, шакл-шамоил бермоқ кабиларни назарда тутганлар. Феълий сифатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг таквин сифати ичига киради. Ашъарийлар эса таквин сифатини қудрат сифати остига киради, дейдилар.).

لَمْ يَزَلْ وَ لَا يَزَالُ بِأسْمَائِهِ وَ صِفَاتِهِ لَمْ يَحْدُثْ لَهُ إسْمٌ وَ لَا صِفَةٌ

Аллоҳ таоло зотий ва феълий сифатлари ва исмлари ила доим бўлган ва ҳамиша бўлади. Бирорта исм ва сифат унинг учун янгидан пайдо бўлмаган.

(Бу ерда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мотуридийликнинг асосини ташкил қилган масалани алоҳида қайд қилиб кетмоқдалар. Яъни, Аллоҳ таолонинг барча зотий ва феълий сифатлари қадимий, азалий ва абадийдир. Сифатларнинг бошланиши ҳам йўқ, тугаши ҳам йўқ. Аллоҳнинг бирорта сифати янгидан пайдо бўлмаган. Масалан, бандаларни яратиб, ризқ беришдан олдин ҳам у Раззоқдир – ризқ берувчидир. Қиёматда барча яралмишлар фоний бўлгандан кейин ҳам Аллоҳ таоло буюк Раззоқлигича қолаверади. Ана шу ҳақиқатни тушунтириш мақсадида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу масалани қуйида батафсил тушунтиришга ҳаракат қилганлар).

لَمْ يَزَلْ عَالِمًا بِعِلْمِهِ وَ الْعِلْمُ صِفَةٌ فِى الْأزَلِ وَ قَادِرًا بِقُدْرَتِهِ وَ الْقُدْرَةُ صِفَةٌ فِى الْأزَلِ وَ مُتَكَلِّمًا بِكَلَامِهِ وَ الْكَلَامُ صِفَةٌ فِى الْأزَلِ وَ خَالِقًا بِتَخْلِيقِهِ وَ التَّخْلِيقُ صِفَةٌ فِى الْأزَلِ وَ فَاعِلاً بِفَعْلِهِ وَ الْفَعْلُ صِفَةٌ فِى الْأزَلِ وَ الْفَاعِلُ هُوَ اللهُ تَعَالَى وَ الْفَعْلُ صِفَةٌ فِى الْأزَلِ وَ الْمَفْعُولُ مَخْلُوقٌ وَ فَعْلُ اللهِ تَعَالَى غَيْرُ مَخْلُوقٍ وَ صِفَاتُهُ فِى الْأزَلِ غَيْرُ مُحْدَثَةٍ وَ لَا مَخْلُوقَةٍ، فَمَنْ قَالَ إنَّهَا مَخْلُوقَةٌ أوْ مُحْدَثَةٌ أوْ وَقَفَ فِيهَا أوْ شَكَّ فِيهَا فَهُوَ كَافِرٌ بِاللهِ تَعَالَى

Аллоҳ таоло ўз илми билан доимо билувчидир. Илм азалдан унинг сифатидир. У ўз қудрати ила доимо қодирдир. Қудрат азалий сифатдир. У ўз каломи ила доимо гапирувчидир. Калом азалий сифатдир. У ўз яратиши ила доимо холиқдир. Яратиш азалий сифатдир. У ўз қилиши ила доимо бажарувчидир. Феъл азалий сифатдир. Бажарувчи у – Аллоҳ таолодир. Феъл азалий сифатдир. Бажарилган нарса яратилгандир. Аллоҳ таолонинг феъли яратилган эмас. Унинг азалдаги сифатлари пайдо бўлган эмас, яратилган ҳам эмас. Бас, кимки уларни яратилган ёки пайдо бўлган деса, ёхуд у борада (ҳақ тўхтамга келолмасдан) тўхталиб қолса ё шак-шубҳа қилса, бас, у Аллоҳ таолога кофирдир!

(Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг зотий сифатлари билан бирга феълий сифатлари ҳам қадимий ҳамда азалий ва абадий сифатлар эканини қайта-қайта таъкидлаганлар. Чунки, бу ерда куфр хавфи бор ақидага кетиб қолиш мумкин. Масалан, кимки Аллоҳ таоло ҳали яралмишларни яратишидан олдин Холиқ – Яратувчи бўлмаган деса ёки бу борада шак-шубҳага борса, ислом доирасидан чиқиб кетиши хавфи мавжуд.).

وَ الْقُرْآنُ كَلَامُ اللهِ تَعَالَى فِى الْمَصَاحِفِ مَكْتُوبٌ وَ فِى الْقُلُوبِ مَحْفُوظٌ وَ عَلَى الْألْسُنِ مَقْرُوءٌ وَ عَلَى النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ مُنَزَّلٌ. وَ لَفْظُنَا بِالْقُرْآنِ مَخْلُوقٌ وَ كِتَابَتُنَا لَهُ مَخْلُوقَةٌ وَ قِرَاءَتُنَا لَهُ مَخْلُوقَةٌ وَ الْقُرْآنُ غَيْرُ مَخْلُوقٍ

Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир. У мусҳафларда ёзилган, қалбларда сақланган, тилларда қироат қилинган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган – туширилгандир. Бизнинг Қуръонни талаффуз қилишимиз яратилгандир, уни ёзишимиз яратилгандир, уни қироат қилишимиз яратилгандир. Қуръон эса яратилган эмас!

(Қуръоннинг маъноси Аллоҳнинг каломи сифатида қадимий, азалий ва абадийдир. Аллоҳнинг сифатлари эса яратилган эмас, сўнг пайдо бўлган ҳам эмас. Мўътазилийларга раддия сифатида айтилган ушбу ақидага биноан Қуръон яратилган эмас. Бироқ, ёзувлар, тиллардаги тиловатий садо ва нутқлар яратилгандир, уларни Аллоҳ яратгандир.).

وَ مَا ذَكَرَ اللهُ تَعَالَى فِى الْقُرْآنِ حِكَايَةً عَنْ مُوسَى وَ غَيْرِهِ مِنَ الْأنْبِيَاءِ عَلَيْهِمِ السَّلَامُ وَ عَنْ فِرْعَوْنَ وَ إبْلِيسَ فَإنَّ ذَلِكَ كُلَّهُ كَلَامُ اللهِ تَعَالَى إخْبَارًا عَنْهُمْ. وَ كَلَامُ اللهِ تَعَالَى غَيْرُ مَخْلُوقٍ وَ كَلَامُ مُوسَى عَلَيْهِ السَّلَامُ وَ غَيْرِهِ مِنَ الْمَخْلُوقِينَ مَخْلُوقٌ وَ الْقُرْآنُ كَلَامُ اللهِ تَعَالَى لَا كَلَامُهُمْ

Аллоҳ таоло Қуръонда Мусо алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарлар алайҳимуссаломдан, шунингдек, Фиръавн ва Иблисдан ҳикоят тарзида зикр қилган нарсалар мавжуд. Албатта буларнинг барчаси улар номидан хабар қилинган Аллоҳ таолонинг каломидир! Аллоҳ таолонинг каломи яратилган эмас. Мусо алайҳиссалом ва бошқа яралмишларнинг каломи эса яратилгандир. Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир, уларнинг каломи эмасдир.

(Қуръони каримда пайғамбарларнинг, Фиръавн ва Иблиснинг айтган гаплари нақл қилинган. Бироқ, ана шу нақлларнинг ўзи Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, улар яратилган эмас. Пайғамбарлар, Фиръавн ва Иблис кабиларнинг гап-сўзларининг ўзи эса яратилгандир. Қуръондаги ҳар бир сўз Аллоҳнинг каломидир.).

وَ سَمِعَ مُوسَى عَلَيْهِ السَّلَامُ كَلَامَ اللهِ تَعَالَى كَمَا قَالَ اللهُ تَعَالَى: <وَ كَلَّمَ اللهُ مُوسَى تَكْلِيمًا وَ قَدْ كَانَ اللهُ تَعَالَى مُتَكَلِّمًا وَ لَمْ يَكُنْ كَلَّمَ مُوسَى عَلَيْهِ السَّلَامُ. وَ قَدْ كَانَ اللهُ تَعَالَى خَالِقًا فِى الْأزَلِ وَ لَمْ يَخْلُقِ الْخَلْقَ. <لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْئٌ وَ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг каломини эшитган. Чунончи, Аллоҳ таоло деган: «Аллоҳ Мусога бир гапириш ила гапирди!» (Нисо, 164). Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга гапирмаган онда ҳам гапирувчи бўлган. Аллоҳ таоло яралмишларни яратмаган вақтида ҳам азалдан холиқ эди. «Унга ҳеч нарса ўхшамайди, У ўта эшитувчи ва ғоятда кўрувчидир!» (Шўро, 11).

(Аллоҳ таолонинг барча сифатлари қадимий, азалий ва абадийдир. Шу жумладан, калом сифати ҳам азалий ва абадийдир. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан гаплашганда ана шу азалий ва абадий каломи билан гаплашган. У билан гаплашишдан олдин ҳам Аллоҳ таоло гапирувчидир. Аллоҳ халқларни яратишдан олдин ҳам Холиқ – Яратувчи бўлган. Ана шу ҳақиқатни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳллоҳ қуйида янада батафсил зикр қиладилар.).

فَلَمَّا كَلَّمَ اللهُ مُوسَى عَلَيْهِ السَّلَامُ كَلَّمَهُ بِكَلَامِهِ الَّذِى هُوَ لَهُ صِفَةٌ فِى الْأزَلِ. وَ صِفَاتُهُ كُلُّهَا بِخِلَافِ صِفَاتِ الْمَخْلُوقِينَ. يَعْلَمُ لَا كَعِلْمِنَا وَ يَقْدِرُ لَا كَقُدْرَتِنَا وَ يَرَى لَا كَرُؤْيَتِنَا وَ يَسْمَعُ لَا كَسَمْعِنَا وَ يَتَكَلَّمُ لَا كَكَلَامِنَا وَ نَحْنُ نَتَكَلَّمُ بِالْآلَاتِ وَ الْحُرُوفِ وَ اللهُ تَعَالَى يَتَكَلَّمُ بِلَا آلَةٍ وَ لَا حُرُوفٍ وَ الْحُرُوفُ مَخْلُوقَةٌ وَ كَلَامُ اللهِ تَعَالَى غَيْرُ مَخْلُوقٍ

Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга гапирган вақтда, унга ўзининг азалий сифати бўлмиш каломи ила гапиргандир. Унинг сифатларининг барчаси яралмишларнинг сифатларининг хилофидир. У зот билади, бизнинг билишимиз каби эмас. У зот қодир бўлади, бизнинг қудратимиз каби эмас. У зот кўради, бизнинг кўришимиз каби эмас. У зот эшитади, бизнинг эшитувимиз каби эмас. У зот гапиради, бизнинг гапиришимиз каби эмас. Биз (тил, оғиз каби) асбоблар ва ҳарфлар билан гапирамиз, Аллоҳ таоло эса асбобларсиз ва ҳарфларсиз гапиради. Ҳарфлар яратилгандир, Аллоҳ таолонинг каломи эса яратилган эмас.

وَ هُوَ شَيْئٌ لَا كَالْأشْيَاءِ وَ مَعْنَى الشَّيْئِ إثْبَاتُهُ بِلَا جِسْمٍ وَ لَا جَوْهَرٍ وَ لَا عَرَضٍ وَ لَا حَدَّ لَهُ وَ لَا ضِدَّ لَهُ وَ لَا نِدَّ لَهُ وَ لَا مِثْلَ لَهُ

У бир нарсадир, лекин нарсалар каби эмас. Нарсанинг маъноси унинг жисмсиз, жавҳарсиз (моддасиз) ва ъаразсиз (аксиденциясиз) эканининг исботидир. Унинг чегараси йўқ, Унинг зидди йўқ, Унинг монанди йўқ, Унинг ўхшаши йўқ!

(Бу масалада Аллоҳни жисм сифатида тасаввур қиладиган мужассималарга раддия бор. Жисм бирор нарсалардан таркиб топган бўлади. Демак, Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра, Аллоҳ таоло жисм эмас. Жавҳар эса энг кичик модда – атомдир. Уларнинг бир қанчасидан бирикиб жисм пайдо бўлади. Демак, Аллоҳ таоло жавҳар ҳам эмас. Араз ўзича тура олмайдиган, бирор жавҳар ёки жисм билан бирга бўладиган ранг, таъм, ҳид, ҳаракат ва сукунат каби нарсалардир. Демак, Аллоҳ таоло ъараз ҳам эмас. Чунки, бу нарсаларни Аллоҳ таолонинг ўзи яратган. У яратилган нарсаларга ўхшамайди.).

وَ لَهُ يَدٌ وَ وَجْهٌ وَ نَفْسٌ كَمَا ذَكَرَهُ فِى الْقُرْآنِ. فَمَا ذَكَرَهُ اللهُ تَعَالَى فِى الْقُرْآنِ مِنْ ذِكْرِ الْوَجْهِ وَ الْيَدِ وَ النَّفْسِ فَهُوَ لَهُ صِفَاتٌ بِلَا كَيْفٍ وَ لَا يُقَالُ إنَّ يَدَهُ قُدْرَتُهُ أوْ نِعْمَتُهُ لِأنَّ فِيهِ إبْطَالَ الصِّفَةِ وَ هُوَ قَوْلُ أهْلِ الْقَدَرِ وَ الْإعْتِزَالِ وَ لَكِنَّ يَدَهُ صِفَتُهُ بِلَا كَيْفٍ وَ غَضَبُهُ وَ رِضَاهُ صِفَتَانِ مِنْ صِفَاتِهِ تَعَالَى بِلَا كَيْفٍ

Унинг Қуръонда зикр қилганидек «яд», «важҳ» ва «нафс»и бордир. Аллоҳ таоло Қуръонда «яд», «важҳ» ва «нафс»ини зикр қилган экан, улар Унинг кайфиятсиз (қандайлиги номаълум) сифатларидир. Демак, унинг «яд»и Унинг қудрати ёки неъмати деб айтилмайди. Чунки, унда сифатни ботил қилиш бор. У эса қадарийлар ва мўътазилийларнинг гапидир. Бироқ, «яд»и Унинг кайфиятсиз сифатидир. Унинг «ғазаб»и ва «ризо»си ҳам Аллоҳ таолонинг кайфиятсиз икки сифатидир.

(Аллоҳ таолонинг юқорида зикр қилинган зотий ва феълий сифатларидан ташқари муташобеҳ сифатлари ҳам бор. Аллоҳнинг зоти ва сифатлари баён этилган оят ва ҳадисларда айрим зот ва сифатлар зоҳирий маъносига кўра одамзотнинг ёки, аниқроғи, лафзда яралмишларнинг зот ва сифатларига ўхшаш тарзда зикр қилинган. Оят ва ҳадисларнинг тушуниш қийин бўлган, аниқ маъноси қоронғу, инсоннинг ақлини шоширадиган бу хилдаги иборалари «муташобеҳ» (бир-бирига ўхшайдиган ёки шубҳали) деб аталиб келади. Муташобеҳларни тушунишдаги тортишув ва келишмовчилик барча замонларда бўлиб ўтган ва бир-бирига қарама-қарши кескин фикрлар ўртага ташланган. Афсуски, мусулмонлар уларни тушунишда турли тоифаларга ажралиб кетганлар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам шунинг учун уни алоҳида зикр қилганлар. Бу масалада мушаббиҳа ва мужассималарга раддия бор. Улар Аллоҳ таолони яралмишларга ўхшатувчи, Аллоҳнинг жисми бор дегувчи, Унинг аъзолари мавжуд деб сафсата сотувчи тоифалардир.

Аҳли сунна ва жамоат вакиллари муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг маъносига муносабат билдиришда икки гуруҳга бўлинганлар. Уларни таъвил ва тафвиз аҳли, яъни муташобеҳларнинг маъносини айтиб берувчи ва маъносини айтмайдиганлар дейилади. Муҳаддислар жамоаси уларни Аллоҳнинг ўзигина биладиган маънода, деган бўлсалар, мутакаллимлар жамоаси таъвил қилиш йўлидан борганлар. Инсонларнинг, хусусан, оддий одамларнинг фаҳм ва дунёқарашларига муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг маъноларини таъвил қилиб берилмаса, эътиқодларга путур етиб қолиши, ақидаларда тойиниш бўлиши эҳтимоли катталиги сабабли мутакаллимлар таъвил йўлини танлаганлар. Муҳаддисларнинг айримлари тавфиз билан таъвил йўлини биргаликда қўллаш тарафдорлари бўлган. Улар икковининг орасини мувофиқлаштириб татбиқ қилишга ҳаракат қилганлар. Уларга кўра, муташобеҳларга маъно беришда такаллуфга, ортиқча маънолар излашга сабаб бўлмайдиган бўлинса, таъвил қилинади. Акс ҳолда, таъвилдан кўра тафвиз яхшироқдир. Ваҳҳобийлар муташобеҳ маъноларни таъвил қилишни инкор қиладилар ҳамда олдинги ва кейинги давр уламоларини таъвил қилганлари учун айблайдилар.

Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатлари жумласидан: “яд” (“қўл”), “важҳ” (“юз”), “нафс” (“жон”), “айн” (“кўз”), “ямин” (“ўнгқўл”), “шимол” (“чапқўл”), “соқ” (болдир), “жанб” (“ёнбош”), “қадам” (“қадам”) “рижл” (“оёқ”), “исбаъ” (“бармоқ”), “кафф” (“кафт”), “қабза” (“ҳовуч”), “зеҳк” (“кулмоқ”), “истиво” (“баробарлашмоқ”), “ғазаб” (“қаҳр-ғазабланмоқ”), “ризо” (“рози бўлмоқ”), “нур” (“нур”), “нузул” (“тушмоқ”), “сурат” (“сурат”) кабилар, шунингдек, “нисён” (“унутмоқ”), “макр” (“алдов”) кабилар бир қанча ояти карималар ва саҳиҳ ҳадиси шарифларда келади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ салафи солиҳлар изидан бориб, тафвиз йўлини танлаганлар ва “яд” сифатини “қудрат” ёки “неъмат” деб таъвил қилмасликни айтганлар. Чунки, Аллоҳ таолонинг қодирлигини ва неъмат берувчи эканини билдирадиган бошқа сифатлари бордир. Бу барча салаф – олдинги давр уламоларининг фикрларидир. Халаф – кейинги давр уламолари, хусусан, аҳли суннат ва жамоатнинг мутакаллимлари жамоаси уни таъвил қилиб, авомга тушунарли бўлиши учун “қудрат” дейиш мумкинлигини билдирганлар.).

خَلَقَ اللهُ تَعَالَى الْأشْيَاءَ لَا مِنْ شَيْئٍ وَ كَانَ اللهُ تَعَالَى عَالِماً فِى الْأزَلِ بِالْأشْيَاءِ قَبْلَ كَوْنِهَا. وَ هُوَ الَّذِى قَدَّرَ الْأشْيَاءَ وَ قَضَاهَا وَ لَا يَكُونُ فِى الدُّنْيَا وَ لَا فِى الْآخِرَةِ شَيْئٌ إلَّا بِمَشِيئَتِهِ وَ عِلْمِهِ وَ قَضَائِهِ وَ قَدَرِهِ وَ كَتْبِهِ فِى اللَّوْحِ الْمَحْفُوظِ وَ لَكِنَّ كَتْبَهُ بِالْوَصْفِ لَا بِالْحُكْمِ. وَ الْقَضَاءُ وَ الْقَدَرُ وَ الْمَشِيئَةُ صِفَاتُهُ فِى الْأزَلِ بِلَا كَيْفٍ

Аллоҳ таоло нарсаларни яратди, лекин бирор нарсадан эмас. Аллоҳ таоло азалдан нарсаларни бўлишидан олдин ҳам (қандайлигини) билувчи эди. У зот нарсаларни тақдир қилди, ўлчовини яратди. Дунё ва охиратда бирор нарса йўқки, Унинг хоҳишисиз, илмисиз, қазо ва қадарисиз, лавҳи маҳфузда ёзиб қўйишисиз бўладиган бўлса. Унинг ёзиб қўйиши васф билан бўлади, ҳукм билан эмас. Қазо ва қадар ҳамда хоҳиш-истак азалдан Унинг кайфиятсиз сифатларидир.

(Аллоҳ таоло коинотдаги барча нарсаларни йўқдан бор қилган, уларни бирор нарсага қараб ёки бирор нарсанинг бўлакларидан яратган эмас. Яратилган барча нарсалар Аллоҳнинг тақдири ва ўлчови билан бўлган. Демак, тақдир ва хоҳиш-истак Аллоҳ таолонинг сифати экан, улар азалий ва абадийдир.

“Лавҳи маҳфуз”нинг маъноси “сақланган лавҳа-тахта” бўлиб, унга Аллоҳ таолонинг ўзи яратган нарсаларининг тақдирини ёзиб қўйгандир. Бироқ, унда “фалон-фалон иш бўлсин” тарзида эмас, балки “фалон-фалон иш бўлади” тарзида ёзилган.

“Қазо ва қадар”нинг маъноси бир: ҳукм қилмоқ ва ўлчамоқ. Истилоҳда бирини қисқача ҳукм, иккинчисини батафсил ҳукм деб тушунилади. Яна бирор нарсанинг тарҳи-режасини тузмоқни “қадар”, уни амалга оширмоқни эса “қазо” деб тушунтирганлар ҳам бўлган.).

يَعْلَمُ اللهُ تَعَالَى الْمَعْدُومَ فِى حَالِ عَدَمِهِ مَعْدُومًا، وَ يَعْلَمُ اللهُ كَيْفَ يَكُونُ إذَا أوْجَدَهُ. وَ يَعْلَمُ اللهُ تَعَالَى الْمَوْجُودَ فِى حَالِ وُجُودِهِ مَوْجُودًا، وَ يَعْلَمُ أنَّهُ كَيْفَ يَكُونُ فَنَاءُهُ. وَ يَعْلَمُ اللهُ تَعَالَى الْقَائِمَ فِى حَالِ قِيَامِهِ قَائِمًا، وَ إذَا قَعَدَ عَلِمَهُ قَاعِدًا فِى حَالِ قُعُودِهِ مِنْ غَيْرِ أنْ يَتَغَيَّرَ عِلْمُهُ أوْ يَحْدُثَ لَهُ عِلْمٌ وَ لَكِنَّ التَّغَيُّرَ وَ الْإخْتِلَافَ يَحْدُثُ فِى الْمَخْلُوقِينَ

Аллоҳ таоло йўқни йўқлик ҳолида йўқ эканини билади. Аллоҳ уни вужудга келтирганида қандай бўлишини ҳам билади. Аллоҳ таоло мавжудни борлик ҳолида бор эканини ҳам билади. Аллоҳ уни йўқ қилиб юборганида қандай бўлишини ҳам билади. Аллоҳ таоло турганни турганлик ҳолида турувчи эканини билади. Қачон ўтирса, уни ўтирган ҳолида илми ўзгариб қолмасдан ёки унга (бирор янги) илм пайдо бўлмасдан билади. Лекин, ўзгариш ва ҳар хиллик яралмишларда пайдо бўлади.

(Бу масалада файласуфларга раддия бор. Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра Аллоҳ таолонинг билими, илми ўзгармайди. Ҳамма нарсани, унинг жузъий томонларини ҳам билади. Ўтирганни ўтирган, турганни турган деб билади ва уларни ўтиришдан ёки туришдан олдин ҳам билади. Шунинг учун Унинг илми ўзгармайди.).

خَلَقَ اللهُ تَعَالَى الْخَلْقَ سَلِيمًا مِنَ الْكُفْرِ وَ الْإيمَانِ، ثُمَّ خَاطَبَهُمْ وَ أمَرَهُمْ وَ نَهَاهُمْ، فَكَفَرَ مَنْ كَفَرَ بِفَعْلِهِ وَ إنْكَارِهِ وَ جُحُودِهِ الْحَقَّ بِخِذْلَانِ اللهِ تَعَالَى إيَّاهُ. وَ آمَنَ مَنْ آمَنَ بِفَعْلِهِ وَ إقْرَارِهِ وَ تَصْدِيقِهِ بِتَوْفِيقِ اللهِ تَعَالَى إيَّاهُ وَ نُصْرَتِهِ لَهُ أخْرَجَ ذُرِّيَّةَ آدَمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ مِنْ صُلْبِهِ عَلَى صُوَرِ الذَّرِّ، فَجَعَلَهُمْ عُقَلَاءَ، فَخَاطَبَهُمْ وَ أمَرَهُمْ وَ نَهَاهُمْ، فَأَقَرُّوا لَهُ بِالرُّبُوبِيَّةِ. فَكَانَ ذَلِكَ مِنْهُمْ إيمَانًا فَهُمْ يُولَدُونَ عَلَى تِلْكَ الْفِطْرَةِ

Аллоҳ таоло халқни куфр ва имондан саломат ҳолда яратган. Сўнг уларга хитоб этган, уларга амр ва наҳий қилган. Шунда, кофир бўлган кимса ўз феъли, инкори ва ҳақни рад қилмоғи ила Аллоҳ таоло уни хор қилгани сабабли кофир бўлгандир. Ва имон келтирган кимса ҳам ўз феъли, иқрори ва тасдиғи ила Аллоҳ таоло унга тавфиқ ва ёрдам бериши сабабли имон келтиргандир. Одам алайҳиссаломнинг зурриётларини унинг орқасидан қумурсқа (чумоли) суратида чиқарган. Шунда уларни ақлли қилиб, уларга хитоб этган ҳамда амр ва наҳий қилгандир. Бас, улар Унинг парвардигор эканига иқрор бўлганлар. Демак, мана шу улардан имон бўлган. Бас, улар ушбу “фитрат”да туғиладилар.

(Аллоҳ таоло инсонларни куфр ва имондан холи қилиб яратган. Лекин, уларни имонга мойил тоза табиат, покиза руҳ билан яратган. Инсонларнинг руҳлари яратилган вақтда Аллоҳ таоло улардан аҳду-паймон олган. Мен сизнинг Парвардигорингиз эмасманми?!”, деб сўраганда, улар “Оре, Сен бизнинг Парвардигоримизсан!”, деганлар (Аъроф, 172). Бу кун ал-Мисоқ” деб аталади. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ана шу кунга ишора қилганлар. Инсон туғилиб-ўсар экан, имонни ёки куфрни ўзи танлайди ва ўз танлови натижасида савобга ёки гуноҳга эга бўлади.).

وَ مَنْ كَفَرَ بَعْدَ ذَلِكَ فَقَدْ بَدَّلَ وَ غَيَّرَ وَ مَنْ آمَنَ وَ صَدَّقَ فَقَدْ ثَبَتَ عَلَيْهِ وَ دَاوَمَ. وَ لَمْ يُجْبِرْ أحَدًا مِنْ خَلْقِهِ عَلَى الْكُفْرِ وَ لَا عَلَى الْإيمَانِ، وَ لَا خَلَقَهُمْ مُؤْمِنًا وَ لَا كَافِرًا، وَ لَكِنْ خَلَقَهُمْ أشْخَاصًا. وَ الْإيمَانُ وَ الْكُفْرُ فَعْلُ الْعِبَادِ. وَ يَعْلَمُ اللهُ مَنْ يَكْفُرُ فِى حَالِ كُفْرِهِ كَافِرًا، فَإذَا آمَنَ بَعْدَ ذَلِكَ عَلِمَهُ مُؤْمِنًا فِى حَالِ إيمَانِهِ، وَ أحَبَّهُ مِنْ غَيْرِ أنْ يَتَغَيَّرَ عِلْمُهُ وَ صِفَتُهُ

Ана шундан кейин кимки кофир бўлса, дарҳақиқат у алиштирган ва ўзгартирган бўлади. Кимки имон келтирган ва тасдиқлаган бўлса, дарҳақиқат унда собит турган ва давом қилган бўлади. Халқидан ҳеч кимни куфрга ҳам, имонга ҳам мажбур қилмайди, уларни мўъмин ҳолда ҳам, кофир ҳолда ҳам яратмаган. Лекин, уларни шахслар қилиб яратган. Имон ва куфр бандаларнинг феълидир. Аллоҳ кофир бўлган кимсани куфр ҳолида кофир деб билади. Агар у шундан кейин имон келтирса, уни имон келтирган ҳолида мўъмин деб билади ҳамда уни илми ва сифати ўзгармаган ҳолда яхши кўради.

وَ جَمِيعُ أفْعَالِ الْعِبَادِ مِنَ الْحَرَكَةِ وَ السُّكُونِ كَسْبُهُمْ عَلَى الْحَقِيقَةِ. وَ اللهُ تَعَالَى خَالِقُهَا وَ هِىَ كُلُّهَا بِمَشِيئَتِهِ وَ عِلْمِهِ وَ قَضَائِهِ وَ قَدَرِهِ. وَ الطَّاعَاتُ كُلُّهَا مَا كَانَتْ وَاجِبَةً بِأمْرِ اللهِ وَ بِمَحَبَّتِهِ وَ بِرِضَاهُ وَ عِلْمِهِ وَ مَشِيئَتِهِ وَ قَضَائِهِ وَ تَقْدِيرِهِ. وَ الْمَعَاصِى كُلُّهَا بِعِلْمِهِ وَ قَضَاءِهِ وَ تَقْدِيرِهِ وَ مَشِيئَتِهِ لَا بِمَحَبَّتِهِ وَ لَا بِرِضَاهُ وَ لَا بِأَمْرِهِ

Бандаларнинг ҳаракат ва сукунатдан иборат феълларининг барчаси ҳақиқатда уларнинг касбидир. Аллоҳ таоло эса уларнинг яратувчисидир. Уларнинг ҳар бири Унинг хоҳиши, илми, қазо ва қадари биландир. Тоатларнинг барчаси вожиб бўлган бўлса, Унинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири биландир. Гуноҳларнинг барчаси Унинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши биландир, Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан эмасдир.

(Бу масалада мўътазилийларга раддия бор. Бандаларнинг феъллари, амаллари ва қилмишларининг яратувчиси Аллоҳ таолодир. Бандалар уларни эгаллаб оладилар, холос. Аллоҳ таоло уларни яратар экан, қандай бўлишини, қандай амалга оширилишини билиб туради, қазо ва қадари билан белгилаб беради, албатта. Бироқ, савобли ишларга Аллоҳ таоло бандаларни амр қилган. Агар бандалар уларни амалга оширса, Аллоҳнинг муҳаббати ва ризосига сазовор бўладилар. Гуноҳ ишлар эса Аллоҳнинг амри, муҳаббати ва ризоси билан амалга ошмайди, балки улардан норози бўлади.).

وَ اْلأنْبِيَاءُ عَلَيْهِمُ الصَّلَاةُ وَ السَّلَامُ كُلُّهُمْ مُنَزَّهُونَ عَنِ الصَّغَائِرِ وَ الْكَبَائِرِ وَ الْكُفْرِ وَ الْقَبَائِحِ. وَ قَدْ كَانَتْ مِنْهُمْ زَلَّاتٌ وَ خَطِيئَاتٌ. وَ مُحَمَّدٌ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ حَبِيبُهُ وَ عَبْدُهُ وَ رَسُولُهُ وَ نَبِيُّهُ وَ صَفِيُّهُ وَ نَقِيُّهُ وَ لَمْ يَعْبُدِ الصَّنَمَ وَ لَمْ يُشْرِكْ بِاللهِ تَعَالَى طَرْفَةَ عَيْنٍ قَطُّ وَ لَمْ يَرْتَكِبْ صَغِيرَةً وَ لَا كَبِيرَةً قَطُّ

Пайғамбарлар алайҳимуссолату вассаломнинг барчаси кичик ва катта гуноҳлардан, куфр ва қабиҳликлардан узоқ қилингандирлар. Гоҳида улардан тойиниш ва хатоликлар бўлиши мумкин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салам Аллоҳнинг ҳабиби, бандаси, расули, набийси, соф ва пок элчисидир. У зот бутга асло ибодат қилмаганлар, Аллоҳ таолога кўз очиб юмгунча ҳам ҳаргиз ширк келтирмаганлар, кичик ва катта гуноҳларни ҳам ҳаргиз қилмаганлар.

(Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра Пайғамбарлар маъсум ҳисобланади. Улар пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам, пайғамбар бўлганидан кейин ҳам ҳаргиз куфр келтирмаганлар, гуноҳи кабираларни эса асло қилмаганлар. «Беайб – Парвардигор!» дейилганидек, фақат ўз ихтиёрларисиз ёки мажбурий равишда айрим кичкина хатоликлар содир қилган бўлишлари мумкин. Бунинг ҳам биз билмаган бир ҳикмати мавжуд, албатта. Масалан, Одам алайҳиссаломнинг манъ қилинган дарахт мевасидан еб қўйишлари, Мусо алайҳиссаломнинг эса жанжаллашаётган икки одамнинг орасини ажратаман, деб бировини бехостдан ўлдириб қўйишлари каби. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса пайғамбарларнинг энг афзали сифатида ҳаргиз-ҳаргиз гуноҳ қилмаганлар.).

وَ أفْضَلُ النَّاسِ بَعْدَ النَّبِيِّينَ عَلَيْهِمُ الصَّلَوةُ وَ السَّلَامُ أبُو بَكْرٍ الصِّدِّيقُ ثُمَّ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ الْفَارُوقُ ثَمَّ عُثْمَانُ بْنُ عَفَّانَ ذُو النُّورَيْنِ ثُمَّ عَلِىُّ بْنُ أبِى طَالِبٍ الْمُرْتَضَى، رِضْوَانُ اللهِ تَعَالَى عَلَيْهِمْ أجْمَعِينَ، غَابِرِينَ عَلَى الْحَقِّ مَعَ الْحَقِّ، نَتَوَلَّاهُمْ جَمِيعًا، وَ لَا نَذْكُرُ أحَدًا مِنْ أصْحَابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ إلَّا بِخَيْرٍ

Пайғамбарлар алайҳимуссолату вассаломдан кейин одамларнинг энг афзали Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳудирлар, кейин Умар ибн ал-Хаттоб ал-Форуқ разийаллоҳу анҳудирлар, кейин Усмон ибн Аффон Зуннурайн разийаллоҳу анҳудирлар, сўнг Али ибн Абу Толиб ал-Муртазо каррамаллоҳу важҳаҳудирлар. Аллоҳ таолонинг ризоси уларнинг ҳаммасига бўлсин! Ҳақ устида ҳақ билан ўтдилар. Уларнинг барчасини яхши кўрамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан ҳар бирини фақат яхшилик ила эслаймиз.

(Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра жами пайғамбарлардан кейин инсониятнинг энг афзали Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу ҳисобланади. Сўнгра чаҳорёрлар ўз халифалик тартибига кўра афзал ҳисобланадилар. Бу масала шиаларга раддиядир. Улар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни энг афзал ва халифаликка энг ҳақдор, дейдилар. Бунинг натижасида бошқа саҳобаларни ёмон кўрадилар ва ҳаддан ошганлари эса ҳатто уларни лаънатлашдан ҳам қайтмайдилар. Биз эса барча саҳобаларни яхши кўрамиз ва бошқалардан афзал деб биламиз. Албатта уларнинг ҳам ўз даража ва савиялари бор. Бироқ, биз уларни фақат яхшилик билан эслаймиз.).

وَ لَا نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَ إنْ كَانَتْ كَبِيرَةً إذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا وَ لَا نُزِيلُ عَنْهُ إسْمَ الْإيمَانِ وَ نُسَمِّيهِ مُؤْمِنًا حَقِيقَةً وَ يَجُوزُ أنْ يَكُونَ مُؤْمِنًا فَاسِقًا غَيْرَ كَافِرٍ

Мусулмонни бирорта гуноҳи сабабли гарчи катта гуноҳ қилса ҳам, агар уни ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз. Ундан имон исмини кетказмаймиз. Уни ҳақиқий мўъмин деб атаймиз. Мўъмин фосиқ бўлиши жоиз, кофир дейилмайди.

(Мазкур масала хаворижларга ва бизнинг замонамиздаги янги хаворижларга раддиядир. Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра мўъмин-мусулмон гарчи катта гуноҳ қилса ҳам, уни билиб қасддан қилса ҳам, билмасдан қилса ҳам, мўъмин-мусулмонлигича қолаверади, унга ҳақиқий мўъмин-мусулмонларга қилган муомала қилинади. Уни асло кофир дейилмайди, балки гуноҳларни қилаверадиган бепарво одамни фосиқ дейилади. Агар уламолар орасида иттифоқ қилинган гуноҳни ҳалол санаса, унда куфр бўлади.).

وَ الْمَسْحُ عَلَى الْخُفَّيْنِ سُنَّةٌ. وَ التَّرَاوِيحُ فِى لَيَالِى شَهْرِ رَمَضَانَ سُنَّةٌ. وَ الصَّلَوةُ خَلْفَ كُلِّ بِرٍّ وَ فَاجِرٍ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ جَائِزَةٌ

Икки маҳсига масҳ тортиш суннатдир. Рамазон ойи кечаларида таровеҳ ўқиш суннатдир. Мўъминлардан бўлган ҳар бир яхши ва ёмон кимса орқасида намоз ўқиш жоиздир.

(Чармдан тайёрланган икки маҳсига масҳ тортишни айрим тоифалар инкор қиладилар, унинг ўрнига оёққа масҳ тортишни жоиз дейдилар. Яна бир тоифа эса оддий матодан тикилган пайпоққа ҳам масҳ тортишни жоиз санайверадилар. Бу икки тоифа ҳам аҳли суннат ва жамоат таълимотидан узоқлашганлардир.

Рамазон ойи кечаларида таровеҳ намозини ўқиш ҳам суннати муаккададир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва чаҳорёр – хулафои рошидинлар давридан бери йигирма ракъат бўлиб келган ва бунга бутун дунё мусулмонлари ижмоъ қилганлар. Ваҳҳобийлар эса “таровеҳ саккиз ракъат, ким ундан кўпайтириб ўқиса, гуноҳкор бўлади”, деб одамларни чалғитадилар ва жамоатдан чиқиб кетишга ҳаракат қиладилар.

Тақводор ва гуноҳкор одам имом бўлса, унга иқтидо қилиш жоиздир. Тақводорнинг ортида ўқилган намознинг савоби кўп, албатта. Гуноҳкор гуноҳини ошкора қилаверадиган фосиқ кимса бўлса, бидъатини ошкора қилаверадиган мубтадеъ бўлса, унга иқтидо қилиб намоз ўқиш жоиз бўлса-да, бироқ, макруҳликдан холи эмас. Матнда биз уларни “яхши ва ёмон кимса” деб таржима қилдик.).

وَ لَا نَقُولُ إنَّ الْمُؤْمِنَ لَا تَضُرُّهُ الذُّنُوبُ وَ إنَّهُ لَا يَدْخُلُ النَّارَ وَ لَا إنَّهُ يُخَلَّدُ فِيهَا وَ إنْ كَانَ فَاسِقًا بَعْدَ أنْ يَخْرُجَ مِنَ الدُّنْيَا مُؤْمِنًا. وَ لَا نَقُولُ إنَّ حَسَنَاتِنَا مَقْبُولَةٌ وَ لَا سَيِّئَاتِنَا مَغْفُورَةٌ كَقَوْلِ الْمُرْجِئَةِ، وَ لَكِنْ نَقُولُ مَنْ عَمِلَ حَسَنَةً بِجَمِيعِ شَرَائِطِهَا خَالِيَةً عَنِ الْعُيُوبِ الْمُفْسِدَةِ وَ الْمَعَانِى الْمُبْطِلَةِ وَ لَمْ يُبْطِلْهَا حَتَّى خَرَجَ مِنَ الدُّنْيَا مُؤْمِنًا فَإنَّ اللهَ لَا يُضِيعُهَا بَلْ يَقْبَلُهَا مِنْهُ وَ يُثِيبُهُ عَلَيْهَا

«Мўъминга гуноҳ зарар қилмайди ва дўзахга кирмайди, агарчи у фосиқ бўлса ҳам, дунёдан мўъмин ҳолда чиққандан кейин унда абадий қолади», деб айтмаймиз. Муржиаларнинг гапи каби «яхшиликларимиз мақбул ва ёмонликларимиз  кечирилган», деб айтмаймиз. Лекин, «кимки бузувчи айблардан ва ботил қилувчи маънолардан холи, жами шартлари ила бирор яхшиликни қилса, уни бекорга чиқармаса, ҳатто дунёдан мўъмин ҳолда чиқса, бас, албатта Аллоҳ уни зойеъ қилмайди, балки ундан қабул қилади ва унга савоб беради», деб айтамиз.

(Бу масалада муржиаларга раддия бор. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни муржиаликда айблайдиганларга ҳам бу ерда раддия мавжуд. У зот муржиа эмаслар!

Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра мўъмин-мусулмон одам гуноҳ қилиб, тавба қилмасдан дунёдан ўтган бўлса, у дўзахда абадий қолмайди. Чунки, дўзах кофирларнинггина абадий жойидир. Гуноҳ қила-қила вафот қилиб кетган мўъмин-мусулмон кимса ўша гуноҳларига жазо олиб бўлганидан сўнг, алалоқибат жаннатга киритилади.

Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра яхшиликларнинг ҳаммаси мақбул ва ёмонликларнинг ҳаммаси кечирилади, деб айта олмаймиз. Чунки, амалларни қабул қилиш ҳам, уларни рад қилиш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзининг ихтиёридадир. Уни ҳеч ким бунга мажбур қила олмайди. Қуръони каримда яхши амал қилувчиларнинг амалларини зойеъ қилинмаслиги таъкидланганидек, мўъмин-мусулмон кимса шариатда кўрсатилган шарт-шароитлари билан бирга бирор амални адо қилса, унга савоб берилиши шубҳасиздир.).

وَ مَا كَانَ مِنَ السَّيِّئَاتِ دُونَ الشِّرْكِ وَ الْكُفْرِ وَ لَمْ يَتُبْ عَنْهَا صَاحِبُهَا حَتَّى مَاتَ مُؤْمِنًا فَإنَّهُ فِى مَشِيئَةِ اللهِ تَعَالَى إنْ شَاءَ عَذَّبَهُ وَ إنْ شَاءَ عَفَا عَنْهُ وَ لَمْ يُعَذِّبْهُ بِالنَّارِ أصْلاً

Ширк ва куфр бўлмаган ёмонликлар бўлса, унга соҳиби тавба қилмаса, ҳатто мўъмин ҳолда вафот қилса, бас, албатта у Аллоҳ таолонинг хоҳиш-истагидадир. Агар хоҳласа, уни азоблайди ва агар хоҳласа, ундан авф қилади ва дўзахда асло азобламайди.

(Аллоҳ таоло мутлақ ирода соҳиби, Ўзи хоҳлаганини Ўзи истаганча амалга оширувчи Зот эканига имон келтирганмиз. Шунга биноан, ширк ва куфр келтирмаган кимса, гуноҳ ишларни қилиб, лекин тавба қилмасдан мўъмин ҳолида вафот қилиб кетса, Аллоҳ таоло унга Ўзи истаганича муомала қилади. Хоҳласа, унинг гуноҳларини афв қилиб, дўзахга киритмасдан, тўғри жаннатга киритиши ҳам мумкин. Бироқ, Аллоҳ ширкни ва куфрни кечирмайди! Ширк ва куфрдан тавба қилмоқдан ўзга чора йўқ! Куфр Аллоҳ таолонинг борлигини ва буйруқларини инкор қилиш бўлса, ширк Аллоҳ таолонинг бирлигини инкор қилишдир, Унинг зотининг ва сифатларининг ўзига хос экани, бошқаларга ўхшамаслигини тан олмасликдир.).

وَ الرِّيَاءُ إذَا وَقَعَ فِى عَمَلٍ مِنَ الْأعْمَالِ فَإنَّهُ يُبْطِلُ أجْرَهُ وَ كَذَلِكَ الْعُجْبُ

Риё агар амаллардан бирор амалга тушса, албатта у унинг ажрини бекор қилади. Амалига ажабланиш ҳам шу хилдадир.

(«Риё» – амалларни хўжакўрсинга амалга ошириш, бошқалар кўрсин ва мақтасин, деган хаёл билан бирор иш қилишдир. «Ужб» – ўзи қилаётган хайрли ишларга ўзи ажабланиб, ғурурланишдир. Бу иккиси ҳам амалларнинг савобини йўққа чиқаради.).

وَ الْآيَاتُ لِلْأَنْبِيَاءِ وَ الْكَرَامَاتُ لِلْأَوْلِيَاءِ حَقٌّ. وَ إنَّمَا الَّتِى تَكُونُ لِأعْدَاءِهِ مِثْلُ إبْلِيسَ وَ فِرْعَوْنَ وَ الدَّجَّالَ مِمَّا رُوِىَ فِى الْأخْبَارِ أنَّهُ كَانَ وَ يَكُونُ لَهُمْ لَا نُسَمِّيهَا آيَاتٍ وَ لَا كَرَامَاتٍ وَ لَكِنْ نُسَمِّيهَا قَضَاءَ حَاجَاتٍ لَهُمْ. وَ ذَلِكَ، لِأَنَّ اللهَ تَعَالَى يَقْضِى حَاجَاتِ أعْدَائِهِ إسْتِدْرَاجًا وَ عُقُوبَةً لَهُمْ فَيَغْتَرُّونَ بِهِ وَ يَزْدَادُونَ طُغْيَانًا وَ كُفْرًا وَ ذَلِكَ كُلُّهُ جَائِزٌ وَ مُمْكِنٌ

Пайғамбарлар учун мўъжизалар, авлиёлар учун кароматлар ҳақдир. Албатта хабарларда ривоят қилинган, Иблис, Фиръавн ва Дажжол каби душманларида бўлган ва бўлиб ўтадиган нарсаларни мўъжизалар ва кароматлар деб атамаймиз. Лекин, уларни уларнинг ҳожатларини раво қилиш деймиз. Мана шундай, чунки, Аллоҳ таоло ўз душманларининг ҳожатларини ҳам уларга уқубат ва истидрож қилган ҳолда раво қилади. Унга ғурурланиб қоладилар ҳамда туғённи ва куфрни зиёда қиладилар. Буларнинг ҳаммаси жоиз ва мумкиндир.

(Пайғамбарларнинг мўъжизалари ва авлиёларнинг кароматлари ҳақлигига Қуръони карим оятлари ва саҳиҳ ҳадиси шарифлар далил бўлади. Мўътазилийлар ва уларга эргашганлар авлиёларнинг кароматларини инкор қиладилар. Ана шу хилдаги одатдан ташқари ишлар Дажжолда ҳам, Фиръавнда ҳам, замонамиздаги куфр ва ширк батқоғига ботган кимсаларда ҳам юз бериши мумкин. Лекин, уларнинг бу одатдан ташқари ишларини «мўъжиза» ёки «каромат» деб номланмайди. Буни «истидрож» дейилади. Истидрож – даражама-даража дўзахга ташлаш, деган маънодадир. Яъни, улар ўзлари кўрсатаётган ана шундай ноодатий ишлари туфайли ғурурланиб, янада гуноҳга ботиб бораверадилар.).

وَ كَانَ اللهُ خَالِقًا قَبْلَ أنْ يَخْلُقَ وَ رَازِقًا قَبْلَ أنْ يَرْزُقَ

Аллоҳ яратишдан олдин ҳам яратувчи бўлган, ризқ беришидан олдин ҳам ризқ берувчи эди.

(Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра Аллоҳ таолонинг барча сифатлари, жумладан, Унинг Холиқлиги ва Розиқлиги ҳам қадимий, азалий ва абадийдир. Аллоҳ таоло яралмишларни яратишдан олдин ҳам Яратувчи эди, яралмишларга ризқ беришни бошлашидан олдин ҳам Ризқ берувчи эди. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазкур масалани яна такрорлаб, энг саҳиҳ ақида мана шу эканини эслатмоқдалар.).

وَ اللهُ تَعَالَى يُرَى فِى الْآخِرَةِ وَ يَرَاهُ الْمُؤْمِنُونَ وَ هُمْ فِى الْجَنَّةِ بِأعْيُنِ رُؤوسِهِمْ بِلَا تَشْبِيهٍ وَ لَا كَيْفِيَّةٍ وَ لَا كَمِيَّةٍ وَ لَا يَكُونُ بَيْنَهُ وَ بَيْنَ خَلْقِهِ مَسَافَةٌ

Аллоҳ таоло охиратда кўрилади. Мўъминлар жаннатда турган ҳолларида ўз бошларидаги кўзлари ила ўхшатишсиз, қандайликсиз, қанчаликсиз ва У билан яратганлари орасида масофа бўлмасдан Уни кўрадилар.

(Бу масалада мўътазилийларга раддия бор. Қуръони карим оятлари ва саҳиҳ ҳадиси шарифларга биноан, мўъмин-мусулмонлар жаннатда турганларида Аллоҳ таолони кўрадилар. Бу кўриш бизнинг бир-биримизни кўришимиз каби эмас, балки ўзига хосдир. Унинг қандайлигини, қай тариқада юз беришини бизнинг ақлимиз идрок қила олмайди.).

وَ اْلإيمَانُ هُوَ اْلإقْرَارُ وَ التَّصْدِيقُ وَ إيمَانُ أهْلِ السَّمَاءِ وَ الْأرْضِ لَا يَزِيدُ وَ لَا يَنْقُصُ مِنْ جِهَةِ الْمُؤْمَنِ بِهِ {وَ يَزِيدُ وَ يَنْقُصُ مِنْ جِهَةِ الْيَقِينِ وَ التَّصْدِيقِ}. وَ الْمُؤْمِنُونَ مُسْتَوُونَ فِى الْإيمَانِ وَ التَّوْحِيدِ مُتَفَاضِلُونَ فِى الْأعْمَالِ

Имон – у (тил билан) иқрор ва (дил билан) тасдиқдир. Осмон ва ер аҳлининг имони ишониладиган нарса жиҳатидан зиёда ҳам бўлмайди, кам ҳам бўлмайди. }Аниқ ишонч ва тасдиқ жиҳатидан зиёда ҳам бўлади, кам ҳам бўлади{. Мўъминлар имон ва тавҳидда баробардирлар, амалларда эса бир-биридан ортиқдирлар.

(Бу ерда мотуридийликнинг асосини ташкил қиладиган масалалар баён қилинган. Унга кўра, имон тил билан иқрор ва дил билан тасдиқлашдир, амаллар эса имоннинг аслига кирмайди. Имонда шарт қилинган, ишониладиган нарсалар – еттитадир. Улар Аллоҳга ишонмоқ, фаришталар борлигига инонмоқ, Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон сингари муқаддас китоблар Аллоҳдан юборилганига ишонмоқ, пайғамбарларнинг ҳақлигига ишонмоқ, қиёмат кунининг бўлиши ва ўша кунда ўлганлар қайта тирилишига ишонмоқ ҳамда инсон бошига тушадиган яхши-ёмонликларнинг барчаси тақдири илоҳий эканига, яъни, Аллоҳ таоло яратганига ишонмоқликдир. Имоннинг мана шу еттита шарти ўзгармайди, ортиб ҳам кетмайди, камайиб ҳам қолмайди. Имон келтирган кимса мана шу еттитанинг ҳаммасига имон келтиради, бировига ишонмасдан бошқасига инониб юра олмайди. Ана шу имон осмон аҳли, яъни фаришталар ва жаннатдагиларга ҳам, ер аҳли, яъни пайғамбарлар, авлиёлар ва оддий одамларга ҳам бир хилдир. Демак, ишониладиган нарсалар жиҳатидан барча ишонувчи мўъминлар тенгдирлар. Фақат ишонилган нарсаларга қалбдан тасдиқлаш, уларга ишончнинг мустаҳкамлиги, имонида барқарор бўлиши, ишонаётган нарсасини кўриб-билиб, унга аниқ ишониш ва унга ихлос қилиш жиҳатидан ҳамма ҳам бир хилда эмас. Шунингдек, намоз, рўза ва бошқа савобли ишларни қилишда ҳам ҳамма бир хил бўлмайди, албатта.

«ал-Фиқҳ ал-акбар»нинг айрим нусхаларида: «Аниқ ишонч ва тасдиқ жиҳатидан зиёда ҳам бўлади, кам ҳам бўлади», жумлалари келтирилган эмас. Чунки, ушбу масала қуйироқда алоҳида зикр этилади.).

وَ الْإسْلَامُ هُوَ التَّسْلِيمُ وَ الْإنْقِيَادُ لِأوَامِرِ اللهِ تَعَالَى. فَمِنْ طَرِيقِ اللُّغَةِ فَرْقٌ بَيْنَ الْإيمَانِ وَ الْإسْلَامِ وَ لَكِنْ لَا يَكُونُ إيمَانٌ بِلَا إسْلَامٍ وَ لَا يُوجَدُ إسْلَامٌ بِلَا إيمَانٍ وَ هُمَا كَالظَّهْرِ مَعَ الْبَطْنِ. وَ الدِّينُ إسْمٌ وَاقِعٌ عَلَى الْإيمَانِ وَ الْإسْلَامِ وَ الشَّرَائِعِ كُلِّهَا

Ислом – у таслим бўлиш ва Аллоҳ таолонинг амрларига бўйсинишдир. Демак, луғат жиҳатидан имон билан ислом орасида фарқ мавжуд. Лекин, имон исломсиз бўлмайди, ислом эса имонсиз топилмайди. Иккови қорин билан бирга орқа (бел) кабидир. Дин – имон, ислом ва шариатнинг барчасига бўладиган номдир.

(Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу ерда ислом, имон ва дин атамаларига изоҳ бериб, тушунча бериб кетмоқдалар. Имон – ишонишдир, ислом – бўйсинишдир, дин – таълимотлар мажмуидир. Бу ерда улар бир танага ўхшатиб тушунтирилган.).

نَعْرِفُ اللهَ تَعَالَى حَقَّ مَعْرِفَتِهِ كَمَا وَصَفَ نَفْسَهُ فِى كِتَابِهِ بِجَمِيعِ صِفَاتِهِ وَ لَيْسَ يَقْدُرُ أحَدٌ أنْ يَعْبُدَ اللهَ تَعَالَى حَقَّ عِبَادَتِهِ كَمَا هُوَ أهْلٌ لَهُ وَ لَكِنَّهُ يَعْبُدُهُ بِأمْرِهِ كَمَا أمَرَ فِى كِتَابِهِ وَ سُنَّةِ رَسُولِهِ. وَ يَسْتَوِى الْمُؤْمِنُونَ كُلُّهُمْ فِى الْمَعْرِفَةِ وَ الْيَقِينِ وَ التَّوَكُّلِ وَ الْمَحَبَّةِ وَ الرِّضَاءِ وَ الْخَوْفِ وَ الرَّجَاءِ وَ الْإيمَانِ وَ يَتَفَاوَتُونَ فِيمَا دُونَ الْإيمَانِ فِى ذَلِكَ كُلِّهِ

Аллоҳ таолони ўз китобида жами сифатлари билан ўзини васф қилганидек ҳақиқий маърифат ила таниймиз. Ҳеч ким Аллоҳ таолога унга лойиқ бўлганидек ҳақиқий ибодат қилишга қодир бўла олмайди. Лекин, уни ўз китобида ва расулининг суннатида буюрганидек буйруғига биноан ибодат қилади. Мўъминларнинг барчаси маърифат, аниқлик, таваккул, муҳаббат, ризо, хавф, умид ва имонда тенг бўладилар. Имондан бошқа ишларда – буларнинг барчасида тафовутли бўладилар.

(Имондан бошқа ишлар деганда имонга нисбатан аниқ ишонч, таваккал қила билиш, муҳаббат, қазога рози бўлиш, Аллоҳдан хавф ва умид қилиб туриш каби ишлар даражаси, шунингдек, шаръий амаллар назарда тутилади. Яъни, ихлосли мусулмон бўлиш, ишончлининг қуввати даражаси, тақводор бўлиш, ибодатларни ихлос билан адо қилиб бориш, бошқаларга нисбатан оз ёки кўп амал қилиш кабиларда инсонлар бир-бирларидан фарқли бўладилар.).

وَ اللهُ تَعَالَى مُتَفَضِّلٌ عَلَى عِبَادِهِ وَ عَادِلٌ. قَدْ يُعْطِى مِنَ الثَّوَابِ أضْعَافَ مَا يَسْتَوْجِبُهُ الْعَبْدُ تَفَضُّلاً مِنْهُ. وَ قَدْ يُعَاقِبُ عَلَى الذَّنْبِ عَدْلاً مِنْهُ. وَ قَدْ يَعْفُو فَضْلًا مِنْهُ

Аллоҳ таоло бандаларига марҳаматли ва адолатлидир. Гоҳида банданинг ҳақли бўлган нарсасидан бир неча баробар ортиқ савобни марҳамат юзасидан ато қилади. Гоҳида гуноҳга адолат қилиб азоб беради, гоҳи эса фазл жиҳатидан афв қилади.

(Аллоҳ таоло мутлақ ихтиёр соҳибидир. Бандаларга эса раҳимли ва адолатлидир. Уларга ҳаргиз зулм ва жавр қилмагай, балки савобни бир неча бор кўпайтириб бериши ёки гуноҳкорни кечириб юбориши ёхуд адолат қилиб азоб бериши мумкин.).

وَ شَفَاعَةُ الْأَنْبِيَاءِ عَلَيْهِمْ السَّلَامُ وَ شَفَاعَةُ نَبِيِّنَا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ لِلْمُؤْمِنِينَ الْمُذْنِبِينَ وَ لِأَهْلِ الْكَبَائِرِ مِنْهُم الْمُسْتَوْجِبِينَ الْعِقَابَ حَقٌّ وَ ثَابِتٌ

Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг шафоатлари ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари гуноҳкор мўъминлар учун ва азобга ҳақли бўлиб турган катта гуноҳ қилганлар учун ҳақ ва собитдир.

(Шафоат ҳақдир! Аллоҳнинг изни билан пайғамбарлар, авлиёлар, солиҳ уламолар, тақводор қорилар бошқа мўъмин-мусулмонларни шафоат қиладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эса шафоат қилиш имконияти ҳозирданоқ бериб қўйилган. Шунинг учун у зотнинг шафоат қилишларини сўраймиз. Айрим адашган тоифалар у зотга шафоат берилмаган, деб ҳисоблайдилар.).

وَ وَزْنُ الْأعْمَالِ بِالْمِيزَانِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَقٌّ. وَ حَوْضُ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ حَقٌّ. وَ الْقِصَاصُ فِيمَا بَيْنَ الْخُصُومِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِالْحَسَنَاتِ حَقٌّ. فَإنْ لَمْ تَكُنْ لَهُم الْحَسَنَاتُ فَطَرْحُ السَّيِّئَاتِ عَلَيْهِمْ حَقٌّ جَائِزٌ

Қиёмат кунида амалларнинг тарозида тортилиши ҳақдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳовузлари (ҳавзи кавсар) ҳақдир. Қиёмат кунида хусуматчилар орасида бўлиб ўтган нарсалар учун савобларни олиб бериш билан қасос олиниши ҳақдир. Бас, агар уларда яхшиликлар бўлмаса, уларнинг устига гуноҳлар ташланиши ҳақ ва жоиздир.

(Қиёматда кироман котибайн фаришталар томонидан инсонларнинг қилмишлари батафсил ёзиб бориладиган номаи аъмоллар тарозида ўлчаниши ҳақдир. Бу тарози ва ўлчаниш қандай бўлишини ҳозир ақллар идрок қила олмайди. Кавсар – жаннатдан оқиб чиқадиган дарёнинг номи бўлиб, маҳшаргоҳнинг бир тарафида ҳовуз (кўл) ҳосил қилган бўлади. Мўъмин-мусулмонлар ушбу ҳовуз сувидан ичадилар.

Бу дунёда бир-биридан ҳақлари, гуноҳлари, зулму ситами қолиб кетган бандаларга қиёматда адолат қилинади. Бунинг учун эса ҳақ берувчининг савоблари ҳақ олувчига ҳақ миқдорида олиб берилади. Агар ҳақ берувчи гуноҳкорнинг савоблари қолмаган бўлса, ҳақ олувчининг гуноҳлари ҳақ миқдорида унга юклатилади.).

وَ الْجَنَّةُ وَ النَّارُ مَخْلُوقَتَانِ الْيَوْمَ لَا تَفْنِيَانِ أبَدًا وَ لَا تَمُوتُ الْحُورُ الْعِينُ أبَدًا وَ لَا يَفْنَى عِقَابُ اللهِ تَعَالَى وَ لَا ثَوَابُهُ سَرْمَدًا

Жаннат ва дўзах бугунги кунда яратилгандир, абадий йўқ бўлмайдилар. Ҳури ийнлар ҳам умрбод ўлмайдилар. Аллоҳнинг азоби ва савоби мангу йўқ бўлмайди.

(Бу масалада жаҳмия тоифасига раддия бор. Жаннат ва дўзах ҳозирда мавжуд, Аллоҳ таоло уларни аллақачон яратиб қўйган. Бироқ, уларнинг қаерда эканлигини ақллар идрок қила олмайди. Жаннат ва дўзах ҳамда у ердагилар асло фоний бўлмайди, йўқ бўлишмайди. Демак, Аллоҳ таолонинг азоби ва савоби ҳам йўқ бўлмайди.

Ҳури ийн – кўзлари катта-катта ва қоп-қора, қора кўздаги оқ қисми аниқ ажралиб турувчи жаннатда яратилган гўзал аёллар гуруҳи. Улар жаннатга кирган мўъмин-мусулмонлар учун чўри қилиб бериладилар.).

وَ اللهُ تَعَالَى يَهْدِى مَنْ يَشَاءُ فَضْلاً مِنْهُ وَ يُضِلُّ مَنْ يَشَاءُ عَدْلاً مِنْهُ وَ إضْلَالُهُ خِذْلَانُهُ. وَ تَفْسِيرُ الْخِذْلَانِ أنْ لَا يُوَفِّقَ الْعَبْدَ عَلَى مَا يَرْضَاهُ مِنْهُ وَ هُوَ عَدْلٌ مِنْهُ. وَ كَذَا عُقُوبَةُ الْمَخْذُولِ عَلَى الْمَعْصِيَةِ وَ لَا نَقُولُ إنَّ الشَّيْطَانَ يَسْلُبُ الْإيمَانَ مِنَ الْعَبْدِ الْمُؤْمِنِ قَهْرًا مِنْهُ وَ جَبْرًا وَ لَكِنْ نَقُولُ الْعَبْدُ يَدَعُ الْإيمَانَ فَحِينَئِذٍ يَسْلُبُ مِنْهُ الشَّيْطَانُ

Аллоҳ таоло кимни хоҳласа марҳамат қилиб ҳидоят қилади, кимни хоҳласа адолат қилиб адаштиради. Унинг адаштируви хорлашидир. Хорлашнинг маъноси бандани ундан рози бўладиган нарсага муваффақ қилмаслигидир. У эса адолатдир. Хорланган одамни гуноҳ сабабли азоблаш ҳам шундайдир. Шайтон мўъмин бандадан имонни қаҳр ва жабр қилиб тортиб олади, деб айтмаймиз. Лекин, банда имонни ўзи ташлайди, бас, шу вақтда шайтон ундан тортиб олади.

وَ سُؤَالُ مُنْكَرٍ وَ نَكِيرٍ فِى الْقَبْرِ حَقٌّ وَ كَائِنٌ. وَ إعَادَةُ الرُّوحِ اِلَى الْعَبْدِ فِى قَبْرِهِ حَقٌّ وَ ضَغْطَةُ الْقَبْرِ حَقٌّ وَ عَذَابُهُ حَقٌّ كَائِنٌ لِلْكُفَّارِ كُلِّهِمْ أجْمَعِينَ وَ لِبَعْضِ عُصَاةِ الْمُسْلِمِينَ

Мункар ва Накирнинг қабрдаги саволи ҳақ ва бўлувчидир. Руҳнинг бандага қабрда қайтарилиши ҳақдир. Қабрнинг сиқиши ҳақдир, унда азобланиш ҳақдир ҳамда барча кофирлар ва айрим гуноҳкор мўъминлар учун бўлувчидир.

(Бу масалада хаворижлар ва бугунги кундаги уларга эргашганларга раддия бор. Улар қабр азоби ва ҳаётини инкор қиладилар. Қабр ҳаёти «барзах» деб аталади.

Қабрга Мункар ва Накир деб аталадиган икки фаришта кириб келадилар, бандани ўтирғизиб, асосан учта савол сўрайдилар. Саволлар: «Раббинг ким?», «Пайғамбаринг ким?», «Дининг нима?» кабилар бўлади. Жавобга қараб, бандага қабрда азоб ёки неъмат берилади. У қиёмат кунигача ана шу азоб ёки неъмат ичида бўлади.

Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра, пайғамбарлар, хусусан, бизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салам қабрларида «ҳаёт»дирлар. У зотнинг зиёратига борганда шунга қараб муомала ва одоб кўрсатмоқ лозим.).

وَ كُلُّ شَيْئٍ ذَكَرَهُ الْعُلَمَاءُ بِالْفَارِسِيَّةِ مِنْ صِفَاتِ اللهِ تَعَالَى عَزَّ إسْمُهُ، فَجَازَ الْقَوْلُ بِهِ سِوَى الْيَدِ بِالْفَارِسِيَّةِ وَ يَجُوزُ أنْ يُقَالَ «بَرُوىِ خُدَا» بِلَا تَشْبِيهٍ وَ لَا كَيْفِيَّةٍ. وَ لَيْسَ قُرْبُ اللهِ تَعَالَى وَ لَا بُعْدُهُ مِنْ طَرِيقِ طُولِ الْمَسَافَةِ وَ قَصْرِهَا وَ لَكِنْ عَلَى مَعْنَى الْكَرَامَةِ وَ الْهَوَانِ. وَ الْمُطِيعُ قَرِيبٌ مِنْهُ بِلَا كَيْفٍ وَ الْعَاصِى بَعِيدٌ عَنْهُ بِلَا كَيْفٍ. وَ الْقُرْبُ وَ الْبُعْدُ وَ اْلإقْبَالُ يَقَعُ عَلَى الْمُنَاجِى. وَ كَذَلِكَ جِوَارُهُ فِى الْجَنَّةِ وَ الْوُقُوفُ بَيْنَ يَدَيْهِ بِلَا كَيْفٍ

Исми азиз Аллоҳ таолонинг сифатларидан ҳар бир нарсани уламолар форс тилида зикр қилган бўлсалар, бас, уни «яд» сифатидан бошқасини форсчада (ва бошқа тилда ҳам) айтиш жоиз бўлади. Демак, «ба-рўйи Худо!» дейиш ўхшатувсиз ва қандайлигини айтмасдан жоиз бўлади. Аллоҳ таолонинг яқинлиги ва узоқлиги масофанинг узун ва қисқалиги тариқасида бўлмайди. Лекин, мукаррам қилиш ва хорлаш маъносига эга. Итоаткор қандайликсиз Унга яқиндир, гуноҳкор эса қандайликсиз Ундан узоқдир. Яқинлик, узоқлик ва юзланиш муножот қилувчида юз беради. Шунингдек, жаннатда Унга «қўшни» бўлиш ва Унинг олдида туришнинг ҳам қандай ҳолатда бўлиши номаълумдир.

(Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу ерда Аллоҳнинг муташобеҳ сифатлари борасида яна бир бора тўхталганлар. Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатларини, айниқса, «яд» сифатини таржима қилмаган маъқул. Чунки, у форс тилида аниқ аъзони билдириб келади, «важҳ» сифати эса мажозий маънода ҳам қўлланилади. Шунинг учун «ба-рўйи Худо!» дейиш мумкин. Кейинги давр уламолари муташобеҳ сифатларни авомнинг онги-тафаккурига идрок қилдириш мақсадида «яд» сўзини ҳам таржима қилиб тушунтириб бериш мумкин, деб ҳисоблаганлар.  

Шунингдек, банданинг Аллоҳ таолога «яқин» ёки «узоқ» бўлиши ҳақидаги иборалар ҳам муташобеҳ бўлиб, у асло масофани билдириб келмайди, уларни бу ҳолат билан тавсифлаб, тасвирлаб бўлмайди. Балки бу итоат даражаси ёки исён табақасини билдиради.

Жаннатда Аллоҳ таолога «қўшни бўлиш», Унинг «олди»да туриш каби иборалар ҳам муташобеҳ бўлиб, мажозий маънода қўлланилади. Масофа ёки «қўшничилик»нинг қандай бўлиши тавсифлаб-тасвирланмайди.).

وَ الْقُرْآنُ مُنَزَّلٌ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ وَ هُوَ فِى الْمَصَاحِفِ مَكْتُوبٌ وَ آيَاتُ الْقُرْآنِ كُلُّهَا فِى مَعْنَى الْكَلَامِ مُسْتَوِيَةٌ فِى الْفَضِيلَةِ وَ الْعَظَمَةِ إلَّا أنَّ لِبَعْضِهَا فَضِيلَةَ الذِّكْرِ وَ فَضِيلَةَ الْمَذْكُورِ مِثْلُ آيَةِ الْكُرْسِىِّ لِأنَّ الْمَذْكُورَ فِيهَا جَلَالُ اللهِ وَ عَظَمَتُهُ وَ صِفَتُهُ وَ اجْتَمَعَتْ فِيهَا فَضِيلَتَانِ فَضِيلَةُ الذِّكْرِ وَ فَضِيلَةُ الْمَذْكُورِ وَ فِى صِفَةِ الْكُفَّارِ فَضِيلَةُ الذِّكْرِ فَحَسْبُ، وَ لَيْسَ فِى الْمَذْكُورِ وَ هُم الْكُفَّارُ فَضِيلَةٌ. وَ كَذَلِكَ الْأسْمَاءُ وَ الصِّفَاتُ كُلُّهَا مُسْتَوِيَةٌ فِى الْفَضِيلَةِ وَ الْعَظَمَةِ لَا تَفَاوُتَ بَيْنَهُمَا

Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилингандир. У мусҳафларда ёзилган. Қуръон оятларининг барчаси калом маъносида фазилат ва улуғликда тенгдир. Бироқ, уларнинг айримларида «Оят ал-курсий»га ўхшаш зикр фазилати ва зикр қилинганнинг фазилати мавжуд. Чунки, унда зикр қилинган нарса Аллоҳнинг жалоли, азамати ва унинг сифатидир. Унда икки фазилат жам бўлган: зикр фазилати ва зикр қилинганнинг фазилати. Кофирларнинг сифатида эса фақат зикр фазилати бор, холос. Зикр қилинган кофирларда эса фазилат йўқ. Шунингдек, исмлар ва сифатларнинг барчаси фазилат ва улуғликда баробардир, улар орасида тафовут йўқ.

(Қуръони карим оятларининг барчаси Аллоҳ таолонинг каломи сифатида тенгдирлар. Бироқ, зикр қилинаётган нарса жиҳатидан фарқли бўладилар. Демак, «Оят ал-курсий» ёки «Ихлос сураси»да Аллоҳнинг Ўзи зикр қилингани учун фазилати юксакдир. Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари ҳам фазилат ва улуғликда тенгдирлар. Бироқ, зотни аниқ билдириши, кўпгина сифатлар маъносини қамраб олиши жиҳатидан, масалан, «Исми аъзам» каби исмлар фазилатлироқдир.).

وَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ  مَاتَ عَلَى الْإيمَانِ وَ وَالِدَا رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ مَاتَا عَلَى الْفِطْرَةِ. وَ أبُو طَالِبٍ مَاتَ كَافِرًا. وَ قَاسِمٌ وَ طَاهِرٌ وَ إبْرَاهِيمُ كَانُوا بَنِى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ وَ فَاطِمَةُ وَ زَيْنَبُ وَ رُقَيَّةُ وَ أُمُّ كُلْثُومٍ كُنَّ جَمِيعًا بَنَاتِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ

}Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймонда вафот этганлар{. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналари эса фитратда – исломий табиатда вафот қилганлар. Абу Толиб эса кофир ҳолда вафот қилган. Қосим, Тоҳир, Иброҳим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғил болаларидир. Фотима, Зайнаб, Руқайя ва Умму Кулсум – уларнинг ҳаммалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларидир.

(Биринчи жумла «ал-Фиқҳ ал-акбар»нинг айрим нусхаларида келтирилмаган. Биз пайғамбарларнинг барчасини имон билан вафот қилганларига ишонамиз. Бу ерда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ олдинроқ зикр қилганлари – пайғамбарларнинг маъсият, куфр ва ширкдан ибтидода ҳам, интиҳода ҳам пок эканликларини қайта уқтирмоқчи бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналарининг имонли кетганларига ёки фитратда – исломий табиатга мувофиқ ҳолда ўтганларига ишонамиз. Бу борада турли фикрлар айтилган бўлса-да, бироқ, аҳли суннат ва жамоат таълимоти шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурматлари учун у зотнинг ота-оналари борасида яхши гумон қилмоғимиз керак.).

وَ إذَا أشْكَلَ عَلَى الْإنْسَانِ شَيْئٌ مِنْ دَقَائِقِ عِلْمِ التَّوْحِيدِ فَيَنْبَغِى لَهُ أنْ يَعْتَقِدَ فِى الْحَالِ مَا هُوَ الصَّوَابُ عِنْدَ اللهِ تَعَالَى اِلَى أنْ يَجِدَ عَالِماً فَيَسْئَلَهُ وَ لَا يَسَعَهُ تَأْخِيرُ الطَّلَبِ وَ لَا يُعْذَرُ بِالْوَقْفِ فِيهِ وَ يَكْفُرُ إنْ وَقَفَ

Агар инсонга тавҳид илмининг нозик масалаларидан бирор нарса мушкил бўлиб қолса, бас, унга дарҳол Аллоҳ таоло наздида тўғри нарсага эътиқод қилмоғи, токи сўрайдиган бирор олимни топмоғи лозим бўлади. Излашни кечиктириш унга сиғмайди, у борада тўхталиш узр бўлмайди. Агар тўхтаб қолса, кофир бўлади.

(Албатта жаҳолатга узр йўқ, илм олиш фарздир. Ақидавий масалаларда бирор савол туғилиб қолса, дарҳол уни ўқиб-ўрганишга урунмоқ даркор. Масалани аниқ билиб олгунча эса, Аллоҳдан ўзининг тўғри ақидада қилишини сўрамоғи керак. Акс ҳолда, бепарво юраверса, Худо асрасин, кофир бўлиб қолиши ҳам мумкин.).

وَ خَبَرُ الْمِعْرَاجِ حَقٌّ، فَمَنْ رَدَّهُ فَهُوَ ضَالٌّ مُبْتَدِعٌ

Меърож хабари ҳақдир. Бас, кимки уни рад қилса, у адашган бидъатчидир.

(Меърож – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир кечада самога кўтарилиб, Аллоҳ таоло истаган нарсаларни кўриб қайтганлик воқеасидир. У икки қисмдир. Биринчи қисми «Исро» деб аталади. Қайсидир бир тунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамадан Қуддусдаги Байтулмуқаддас масжидига сайрга борганлар. Бу кечки сайр Қуръони каримда тилга олингани боис, уни инкор қилиш Қуръон оятини инкор қилиш билан тенг. Шундан сўнг ҳақиқий «Меърож» – осмонга, ундан Арш томонга қараб кўтарилганлар. Ушбу меърож воқеаси фақат ҳадиси шарифларда зикр қилингани боис, инкор қилувчи кофир бўлмаса-да, адашган бидъатчи ҳисобланади.).

وَ خُرُوجُ الدَّجَّالِ وَ يَأْجُوجَ وَ مَأْجُوجَ وَ طُلُوعُ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا وَ نُزُولُ عِيسَى عَلَيْهِ السَّلَامُ مِنَ السَّمَاءِ وَ سَائِرُ عَلَامَاتِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ عَلَى مَا وَرَدَتْ بِهِ الْأخْبَارُ الصَّحِيحَةُ حَقٌّ كَائِنٌ

 Дажжолнинг чиқиши, Яъжуж ва Маъжуж, қуёшнинг ботиш томонидан чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушиши ва саҳиҳ хабарларда келган қиёмат кунининг бошқа аломатлари ҳақ, бўлгувчидир.

(Қиёмат албатта содир бўлади. Охират ҳаёти мавжуд. Унгача унинг бўлишини билдирувчи, огоҳлантирувчи айрим аломатлар юз беради. Демак, катта аломатлар 10 (ўн) та, кичиклари эса 300 (уч юз) га яқин. Бу ерда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ катта аломатларни санаб ўтганлар. Улар Дажжол ва Яъжуж-Маъжужнинг чиқиши, қуёшнинг кунботиш тарафдан бўй кўрсатиши ва пайғамбар Исо алайҳиссаломнинг ерга тушишидир. Шунингдек, доббат ал-арз деб аталадиган ер жониворининг зоҳир бўлиши, ҳамма ёқни қандайдир тутун қоплаб олиши, ер юзининг учта жойида катта ўпирилиш, ер ютиш содир бўлиши кабилар ҳам қиёматнинг катта нишоналаридандир.).

وَ اللهُ يَهْدِى مَنْ يَشَاءُ اِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

Аллоҳ хоҳлаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят қилур!

(Ҳа, ҳидоят Аллоҳдандир. Аллоҳ ҳеч кимни адаштирмасин! Аҳли суннат ва жамоат таълимотида устувор туришимизга куч-қувват ва мадад-истионат берсин! Буюк имомимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ал-Кўфий раҳматуллоҳи алайҳини Тангри ёрлақасин, бизларни у зот билан жаннатда бирга килсин!).

تمت الرسالة الميمونة «الفقه الأكبر» لإمامنا الأعظم أبى حنيفة نعمان بن ثابت الكوفى رحمة الله عليه رحمة واسعة. و كتبه و ترجّمه أحقر الطلاب حَمِيدُ الله البِيرُونِى عفى عنه.

Рисола тамом!

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *