Аҳли китоблар ва улар билан оила қуриш

Lotin alifbosida

Ahli kitoblar va ular bn oila qurishАҳли китоб деб, бирор пайғамбарга ва унинг Аллоҳ таолодан келтирган китобига, ўлгандан кейин тирилиш ва охират ҳаётига ишонадиганларга айтилади. Яҳудий ва насронийлар ҳазрати Мусо ва Исо алайҳимассаломга ва ҳамда Илоҳий китоблар—Таврот ва Инжилга эътиқод қилишганлари учун, шунингдек, охират ҳаётининг ҳақ эканини тан олганлари учун «аҳли китоб», дейилади. Насоро ва Яҳудларни «аҳли китоб» деб аталиши учун, уларнинг эътиқод қилган китоблари Инжил ва Тавротнинг асл-ҳақиқийси бўлиши шарт эмас. Балки, аслидан ўзгартиб таҳриф қилинган китобларга эътиқод қилишсалар ҳам, ҳазрати Исо ва Узайр алайҳиссаломларни илоҳ деб билишсалар ҳам, яъни, мушрик бўлсалар ҳам уларни Исломда «аҳли китоб», деб айтилаверади.

Инжил ва Таврот каби илоҳий китобларнинг асл нусхасига эътиқод қилувчи, ҳақиқий насоро ва яҳудлар аллақочон йўқ бўлиб кетишган. Ҳатто, Қуръони карим нозил бўлаётган даврларда ҳам уларни топиш амримаҳол эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг давридаги насоро ва яҳудлардан аксари мушрик эди. Лекин, шундай бўлсада, Қуръонда уларни «аҳли китоб» деб аталаверган.

Аҳли китоб аёллар билан никоҳланиш масаласига келсак, бунда ижмоъ собит бўлган эмас. Аҳли илмларнинг аксари китобий аёлларга, агарча улар мушрика бўлсалар ҳам, уйланишга рухсат берганлар.

Умар ибн Ҳаттоб, Усмон ибн Аффон, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳум шулардан эди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу эса ҳатто, яҳудий аёлга уйланган ҳам эдилар. Аллоҳ таоло айтади:

 وَلاَ تَنكِحُواْ الْمُشْرِكَاتِ حَتَّى يُؤْمِنَّ

«Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг» (Бақара-221).

Аксар олимлар гуруҳи оятнинг тафсирида айтадики: Аллоҳ таоло аҳли китобларнинг никоҳини бақара сурасининг 221-ояти билан ҳаром қилган, чунки оятда мушрикларнинг ҳар тури билан оила қуришдан ман қилинган. Будпарастми, оташпарастми, яҳудийями ёки насронийя, буларнинг бари бирдек никоҳи ҳаром. Кейин эса, Моида сурасининг 5-ояти билан, китобия мушрикаларни ҳалол қилган.

وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ الَّذِينَ أُوتُواْ الْكِتَابَ مِن قَبْلِكُمْ

Яъни, «..ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам..» (Моида-5).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шу гуруҳдан бўлганлар. У киши Бақара сурасининг 221-ояти ҳақида шундай деганлар:

«Бунинг ичидан аҳли китоб аёллар насх қилинди яъни, ҳукми бекор қилинди. Аллоҳ уларни мусулмон эркакларга ҳалол қилди.» (Авсат. Ибн ал-Мунзир 7332).

Ибн ал-Мунзир раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилишича, Абу Зубайр розияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан мусулмон эркак яҳудийя ё насронийя аёл билан турмуш қуриши ҳақида сўради. У киши жавоб берди:

«Биз Саъд ибн Абу Ваққос билан Кўфа фатҳ қилинган вақтда ўшаларга уйлангандик. У даврлар Кўфада муслималарни топиш қийин эди. Қачонки, қайтиб келганимиздан кейин уларни талоқ қилдик. Аслида, уларнинг аёллари бизга ҳалол, бизники эса уларга ҳаромдир». (Авсат. 8-жилд. 7336).

Аҳли китоблар билан оила қуришга рухсат берганлардан яна, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Саъийд ибн Мусайяб, Ҳасан Басрий, Зуҳрий, Суфён Саврий, Шофеъий, Аҳмад Ҳанбалий эдилар. Шунингдек, Мадина ва Кўфаликларнинг ҳам умумий гапи шу эди. Яъни, Моликий ва Ҳанафийлар ҳам китобияларнинг никоҳига рухсат берганлар.

Ривоятларда келишича, Хузайфа розияллоҳу анҳу яҳудий аёлга уйланганида, у кишига Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу мактуб ёзиб, у аёл билан ажрашишини тайинлайди ва айтадики, «Мен муслималар қолиб фоҳишалар билан никоҳ оммалашиб кетишидан қўрқаман». (Байҳақий. «Сунани кубро». 7/172).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам, китобийялар билан никоҳланишни ҳушламас эдилар. У киши айтар эдиларки, «Аллоҳ таоло муслималарни кўпайтириб қўйган». (ибн Аби Шайба. «Мусаннаф» 3/297).

Яъни, уйланмоқчи бўлганларга етарлича муслима аёллар топилади. Ғайри муслималарга эҳтиёж йўқ, деган маъонода ўз фикрини билдирар эдилар.

Абу Бакр ибн ал-Мунзир раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: аҳли китобларни никоҳга олиш Қуръони карим (Моида сурасининг 5-ояти) зоҳирига асосан жоиздир. Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг, бундай никоҳни ҳуш кўрмасликлари ҳаром қилиш эмас. Биламизки, у киши Хузайфа розияллоҳу анҳуга ёзган мактубида китобийя хотини билан ажрашишни айтганда, Хузайфа розияллоҳу анҳу у кишидан «бу никоҳ ҳаромми?»—деб сўрайди. Шунда ҳазрати Умар «йўқ», деб жавоб берганлар.

Шунингдек, ибн Умар розияллоҳу анҳунинг «Аллоҳ таоло муслималарни кўпайтириб қўйган», деган гапи ҳам бу никоҳнинг асли жоиз эканини кўрсатади. (Авсат. 8-ж. 473-бет).

Баъзи фиқҳий манбалар ва тафсирларда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга мансуб яна бир қавл бор. У ҳам бўлса, «китобийялар билан никоҳ жоиз эмас, чунки улар мушрикадир», деган қавл. Моида сураси 5- оятининг маъноси эса қуйидагичадир ««..ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган, Исломга кирган афийфалар ҳам«.

Аллома Олусий ҳазратлари «Руҳ ал-маъоний»да, имом Замаҳшарий «Кашшоф»да ибн Умар розияллоҳу анҳунинг фикрича, китобийялар аҳли ширк бўлгани учун улар билан никоҳланиб бўлмайди», деб ўтганлар. Шунингдек яна, имом Замаҳшарий ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзини ҳам нақл қилган: «Исо раббимиздир, деган гапдан ҳам каттароқ ширк борлигини билмайман».

Шайҳ мулла Али ал-Қори ҳазратлари ҳам «Мухтасар»нинг шарҳида ибн Умар розияллоҳу анҳунинг фикрича китобийяларнинг никоҳи, улар мушрик бўлгани учун жоиз эмасдир, деган ва бу фикрга жумҳур қўшилмаганини айтиб ўтган.

Ҳарбийлар яъни, куфр ўлкасида истиқомат қилувчи китобийялар билан никоҳланиш борасида ҳам аҳли илмларнинг фикрлари ихтилофли бўлган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганки, ҳарбий—куфр ўлкасида яшовчи китобийяларга уйланиш мумкин эмас. Моида сурасининг 5-ояти фақат зиммийя—мусулмонлар ўлкасида яшовчи китобийяларга хосдир. Мужоҳид, Абу Ийёз, Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳлар ҳам ибн Аббос розияллоҳу анҳу билан ҳамфикр бўлганлар. Баъзи ривоятларга қараганда, Иброҳим Нахаъий ҳам дуруст деб билмаган. Имом Молик айтардиларки: Агар мусулмон эр куфр ўлкасидаги китобийяга уйланса ва фарзандли бўлса, аҳлини Ислом ўлкасига кўчириб ўтиши лозим бўлади. Агар хотини кўнмаса, мусулмонлар ўз зурриёдларини куфр ўлкасида қолиб кетишига йўл қўймасликлари лозим. (Авсат. 8-ж. 474-бет).

Фуқаҳоларнинг аксари эса, китобийялар қаерда истиқомат қилишидан қатъий назар уларга уйланиш жоиздир, бироқ, куфр ўлкасидаги китобийялар билан оила қуриш кароҳият билан жоиз бўлади деганлар.

Китобийя чўриларга уйланиш борасида ҳам ихтилофли фикрлар бор. Шофеъийлар, Моликийлардан машҳур ривоятда ва аксар Ҳанбалийларнинг фикрича, китобийя чўриларга уйланиш мутлақо мумкин эмас.

Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда муслималарга уйланишлик ҳар доим авло ва афзалдир! Шу билан бирга, китобийя аёлларга уйланишлик жоиздир. Улар ҳурми ё чўри, шунингдек, куфр ўлкасида бўладими ёки мусулмонлар ўлкасида, бундан қатъий назар. Лекин, куфр ўлкасидаги китобийялар билан никоҳланиш жоиз бўлсада, макруҳдир. Баъзи уламолар: куфр ўлкасини ватан қилиб олиш ниятида ўша ерлик китобийяларга уйланса макруҳ бўлади, деганлар. Яна баъзилар улардан фарзанд кўриш ниятида уйланса, макруҳ аксинча бўлса, макруҳ эмас деган. Ва яна, китобийя чўридан кўра ҳурга уйланиш авлодир.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *