“Ал-Ақоид ан-Ноблусия”

Рисолани .pdf форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

“Ал-Ақоид ан-Ноблусия”

Абдулғани ибн Исмоил ан-Ноблусий ал-Ҳанафий (1050-1143/1640-1730) раҳимаҳуллоҳ ўз даврининг энг таниқли олими, мутасаввиф алломасидир. Дамашқда туғилганлар. У зот туғилмасларидан илгари мажзуб авлиёлардан Шайх Маҳмуд қуддиса сирруҳу унинг туғилишига башорат берган ва Абдулғани деб исм беришини айтган эканлар. Бўлажак аллома 12 ёшида отадан етим қоладилар. Лекин бу пайтда отаси уни ўқитиб, қори қилган ва бошланғич дарсларни ўқитиб улгурган эди. У ўз даврининг етук уламоларидан сабоқ оладилар. Аввалига Саййид Абдурраззоқ ал-Ҳамавий қуддиса сирруҳу орқали қодирия тариқатига, сўнгра Шайх Саид ал-Балхий қуддиса сирруҳу орқали нақшбандия тариқатига дохил бўладилар. У зот Муҳйиддин Ибн ал-Арабий қуддиса сирруҳунинг асарларини ёқлаб чиққан олимлардан биридир. Дамашқдаги машҳур “Жомеъ ал-Умавий”да дарс берганлар. Эрталаб то пешингача умумий қўлланмалардан дарс ўтган бўлсалар, асрдан кейин истовчилар учун Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисга оид “ал-Жомеъ ас-сағир” асаридан ҳамда Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Арбаъин” ва “ал-Азкор” асарларидан сабоқ берганлар. 1075/1664 йилда Бағдодга кўчиб кетадилар. Сўнгра унинг ислом оламининг турли ўлкаларига сафарлари бошланиб кетади. Ҳар бир сафари тўғрисида биттадан “Саёҳатнома”лари мавжуд. Умрларининг охирида Дамашқнинг Солиҳия деб аталган мавзесига кўчиб келадилар ва “Салимия” мадрасасида сабоқ бера бошлайдилар.

Абдулғани ан-Ноблусий раҳимаҳуллоҳ ислом оламининг энг баракали ижодкорларидан биридир. Унинг юзлаб асарлари мавжуд, ашъорларининг эса сон-саноғи йўқ. “Тафсири Қози Байзовий”га шарҳ ёзишни бошлаб, ҳали “Бақара сураси”нинг ярмига етмасданоқ 3 жилдини ёзиб қўйганлар. Энг ажабланарлиси, шу хилдаги йирик асарларини у тўқсон ёшларида ёза бошлаганлар. Унинг “Тариқати Муҳаммадия”га битган “ал-Ҳадийя ан-надийя” номли шарҳи машҳур. Унинг тафсир, ҳадис, фиқҳ, қироат, одоб-ахлоқ ва тасаввуфга оид жуда кўп асарлари бўлган. Бир неча шеърлар девони, қасидалар тўплами ва шарҳлари ҳам бор.

Абдулғани ан-Ноблусий раҳимаҳуллоҳнинг ақидага оид мўъжаз манзумаси бор бўлиб, бир неча олимлар томонидан шарҳ қилинган. Манзума мотуридийлик таълимотига асосан тавҳид ақидасини тушунтириб беради. Уни “Шаҳодат калимаси”нинг шарҳи дейиш ҳам мумкин. Ўзбек мусулмонлари ҳам ушбу таълимотлардан баҳраманд бўлиб, ўз ақидаларини мустаҳкамлаб олсалар, деган умидда улар қисқача шарҳ қилинди.

Ҳамидуллоҳ Беруний.  

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

معرفة الله عليك تُفترض

بأنّه لا جوهرٌ و لا عَرَض

“Аллоҳни таниш сенга фарз қилинади. Албатта, у зот жавҳар ҳам эмас, араз ҳам эмас!”.

(Аллоҳ таолони жавҳар – жисм ва ҳажмга эга модда эмаслигини, у араз, яъни жисмнинг ранг, ҳаракат, макон, жиҳат каби сифатлари ҳам эмаслигини билиш фарз бўлади.).

و ليس يحويه مكانٌ لا و لا

تدركه العقول جلّ و عَلا

“Уни макон иҳота қила олмайди, у ломакондадир. Аллоҳ жалла ва ъалони ақллар идрок қила олмайди”.

(Аллоҳ таоло маконсиз мавжуддир. Чунки, ҳали барча маконлар яратилмасдан олдин ҳам у бўлган. Маконлар яратилганидан сўнг ҳам Аллоҳ таоло ўзгаришсиз қолган. У зот маконлардан беҳожатдир. Шунинг учун у самоларда турмайди, Аршда ўтирмайди, бирор томонда бўлмайди. Аллоҳ тепамизда ҳам эмас, пастда ҳам эмас! Уни тасаввурлар билан таниб бўлмайди. Тасаввурга келган нарса Аллоҳ эмас. Шунинг учун ақллар Аллоҳни иҳота қила олмайди.).

لا ذاته يُشْبِهُ للذوات

و لا حَكَتْ صفاتُه الصفات

“Унинг зоти бошқа зотларга ўхшамайди. Унинг сифатлари сифатларни ҳикоя қилмайди”.

(Аллоҳ таолонинг зоти яралмиш зотларга ўхшамайди. Сифатлари ҳам яралмишларнинг сифатларига ўхшамайди. Ҳикоя қилиш бу ерда тақлид қилиш, ўхшаш ва менгзамоқ маъноларида. Демак, Аллоҳнинг сифатлари бошқаларнинг сифатлари каби эмас.).

فردٌ لنا به تتمّ المعرفة،

و واحدٌ ذاتًا و فعلاً و صفة

“Аллоҳ ягонадир. Шу билан бизларга маърифат тугал бўлади. Аллоҳ зотда, феълда ва сифатда яккадир”.

(Аллоҳ таоло якка-ю ягонадир. У зотга ҳеч ким ва ҳеч нарса ўхшамайди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўз зотида, сифатларида ва феълларида якка-ю ягонадир.).

فهو القديمُ وحده و الباقى،

فى القيد نَحْنُ و هو فى الإطلاق

“Демак, у якка-ю ягона қадимдир, боқийдир. Бизларгина мутлақо боғланиб қолганмиз”.

(Аллоҳ таолонинг мавжудлигини аввали йўқ қадимдир. Аллоҳ таолонинг охири йўқ, доимий боқийдир. Унга фонийлик ва ўлим ёпиша олмайди. Қадимлик ҳам, боқийлик ҳам бизлар учун қайд билан бўлиши мумкин. Яралмишларни фалон замондан бошлаб қадим, фалон замонгача боқий дейиш мумкин, холос.).

و هو السميع و البصير لم يَزَلْ

بغير ما جارحة و فى الأزَل

“У эшитгувчидир, кўрувчидир. Ҳеч қандай аъзоларсиз доим бўлгусидир. Бу эса азалийдир.”.

(Аллоҳ таоло қулоқларсиз ҳар бир товушни эшитгувчи, кўзларсиз ҳар бир нарсани кўрувчидир. Унинг ушбу икки сифати азалий ва абадийдир.).

له كلامٌ ليس كالمعروف

جلّ عن الأصوات و الحروف

“Унинг каломи бор, у танилган гап-сўз каби эмас. У овоз ва ҳарфлардан буюкдир!”.

(Аллоҳ таолонинг калом сифати ҳам азалий ва абадийдир. Аллоҳ таоло сўзловчи ва гапирувчидир. Унинг гаплари ҳарфлар, овоз-саслар ва луғатлар билан бўлмайди.).

أرسل رُسله الكرام فينا

مبشرين بل و منذرينا

“Бизнинг орамизда (биз учун) мукаррам пайғамбарларни элчи қилди. Улар башорат берувчилардир, балки огоҳлантирувчилар ҳамдир”.

(Аллоҳ таоло пайғамбарларни бир дин билан – ислом дини эътиқоди билан юборган. Кимки имон келтирса, жаннатни башорат қилганлар. Кимки куфр келтирса, дўзах билан қўрқитганлар.).

أيّدهم بالصدق و الأمانة

و الحفظِ و العصمةِ و الصيانة

“Уларни тўғрисўзлик билан, омонатдорлик билан қувватлаган. Ҳифз-у ҳимоя қилган, маъсумлик билан қўллаган, сақлаб-асраган”.

(Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло пайғамбарларни тўғрисўз қилган. Улар асло ёлғон гапирмайдилар. Уларни омонатдор ва ишончли қилган. Хиёнат улардан тасаввур қилинмайди. Уларни разил ишлардан, куфрдан, катта-кичик гуноҳлардан сақлаган. Улар гуноҳ ишларни қилишдан омондирлар. Пайғамбарлар одамлар нафратланадиган ишларни қилишдан, нафратга сазовор бўладиган касаллик ва иллатлардан ҳам омон қилинган.).

أوّلهم آدم ثمّ الآخر

محمّدٌ و هو النبىّ الفاخرُ

“Уларнинг аввалгиси Одам алайҳиссаломдирлар. Сўнгра, охиргилари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. У зот фахрли пайғамбардирлар!”.

(Одам ато алайҳиссалом инсониятнинг бобокалони ва илк пайғамбардирлар. Одамзотни Аллоҳ таоло тупроқдан яратган. Одам ато гўзал ва нуроний зот бўлганлар. Пайғамбарларнинг энг охиргиси эса бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлганлар. Ундан кейин пайғамбар чиқмайди. У зот пайғамбарларнинг фахри, барча расул ва набийларнинг афзалидирлар.).

و صَحْبُهُ جميعُهُمْ على هُدى

تفضيلُهُم مُرْتّبٌ بلا اعتِدا

“У зотнинг жами саҳобалари ҳидоят устидадирлар. Уларнинг афзалликлари ҳеч қандай душманликсиз тартибга кўрадир”.

(Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча саҳобалари ҳидоятда бўлиб, уларни фақатгина яхшилик билан зикр қиламиз. Саҳоба деб Пайғамбар алайҳиссаломни кўрган ва имон келтириб, мусулмон ҳолида вафот қилган зотлар назарда тутилади. Улар ҳам бир-бирларидан фазилатда фарқланадилар. “Душманликларсиз” дегани улардан бирортасини душман санамаймиз, уларга адоват ва нафрат кўрсатмаймиз, уларни яхши кўрамиз, уларнинг фазилатлари ва бошқаларга нисбатан афзалликларига эса асло ҳасад қилмаймиз. Пайғамбарлардан кейинги энг афзал зотлар эса қуйидаги тартибга кўра бўлади:).

فَهُمْ أبو بكر و بعدَهُ عُمَر

و بعدَهُ عثمانُ ذو الوجه الأغَر

ثمّ على ثمّ باقى العشرة

و هى التى فى جَنّةٍ مُبَشّرَة

“Демак, улар Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу, ундан кейин Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳу, ундан кейин Усмон ибн Аффон разийаллоҳу анҳудир. У зот ёрқин юз соҳибидир. Сўнгра Али Муртазо каррамаллоҳу важҳаҳу, сўнг бошқа ўнта саҳобадир. Улар жаннат башорати берилган зотлардир.”.

(Пайғамбарлардан кейинги энг афзал зотлар хулафои рошидин – тўғри йўлдан борган тўрт нафар халифа бўлиб, тартиби билан айтилади. Уни чаҳорёрлар дейилади. Улардан кейин ашараи мубашшара – ўн нафар жаннат башорати берилган зотлардир. Улар ана шу тўрт нафар чаҳорёри изом ва қуйидаги зотлар: Талҳа ибн Убайдуллоҳ разийаллоҳу анҳу, Зубайр ибн ал-Аввом разийаллоҳу анҳу, Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳу, Саъид ибн Зайд разийаллоҳу анҳу, Абдурраҳмон ибн Авф разийаллоҳу анҳу, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ разийаллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гапларида бирданига ана шу ўн нафар зоти шарифларни жаннати эканлигини башорат қилганлар. Шунинг учун ҳам, улар “ашараи мубашшара” деб аталади. Булардан ташқари ҳам бир қанча саҳобаларни жаннати эканлигини айтганлар.).

و كلّ ما عنه النبىّ أخبرا

فإنّه مُحَقّقٌ بلا امتِرا

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган барча нарсалар ҳеч қандай ёлғонсиз ҳақиқат бўлгувсидир”.

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган барча нарсалар албатта бўлади, шак-шубҳасиз юзага чиқади.).

من نحو أمر القبر و القيامَةِ

و كلّ ما كان له علامة

“Қабр ишига ўхшаш ишларга ва қиёмат кунига, унда бўладиган барча аломатларга ишониш вожиб бўлади”.

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган қабрдаги сўроқ-саволлар, қабр азоби ва неъмати кабилар барчаси ҳақдир. Қиёматга ва унинг катта-кичик аломатлари юзага чиқишига имон келтириш ҳам вожиб бўлади.).

مثل طلوع الشمس من مغربها

و قِصّةِ الدَّجَّال كُنْ مُنْتَبِها

“Қиёшининг ўз ботиш тарафидан чиқиши ва дажжолнинг қиссаси кабилар бўлиб, улардан огоҳ бўлгин!”.

(Қиёматнинг катта аломатларидан бири қуёш ўзи ботадиган томонидан чиқишидир. Дажжол алайҳиллаъна ҳам пайдо бўлади. Уни ўлдириш учун Исо алайҳиссалом самодан тушадилар.).

هذا هو الحقّ المبينُ الواضحُ

و بالذى فيه الإناءُ ناضِحُ

“Бу байтлар очиқ-равшан ҳақиқатлардир. Булар идишда борлари тўкилиб, файз берувчи бўлиб қолади”.

(Ушбу манзумада зикр қилинган маълумотларнинг барчаси ҳақдир. Уларга имон келтириш мўъмин-мусулмонликнинг бурчидир. Улар жами мусулмонлар умматининг қалбларидаги нарсалардир. Зотан, “қозонда бори чўмичга чиқади”, “идишда бор нарса тўкилади” каби маталларга кўра, ҳар бир мўъминнинг қалбидан ушбу манзумада зикр қилинган ақидалар чиқмоғи ва тўкилмоғи керак. Шундай мусулмонликда файз-барака бўлади.).

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.  

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *