ҚИБЛАНИ ТЎҒРИ ТОПИШ УСУЛЛАРИ

solar-system5555Намоз ўқишнинг шартларидан бири қиблага юзланиб турмоқдир. Бу намознинг иттифоқ қилинган ўн икки фарзидан бири ҳисобланади. Ўз ихтиёри ва имкони бўла туриб, қиблага қараб ўқилмаган намоз жоиз бўлмайди. Намозхонларнинг қиблани топишга бўлган эҳтиёжлари, айниқса, сафарларда ўз аҳамиятини янада яққол кўрсатади. Мусофирчиликда юрган биродарларимиздан қиблани тўғри топа олмаётгани сабабидан қийналаётганларини тез-тез эшитиб қоламиз.

Ҳозирги кунларда қиблани аниқ кўрсатадиган асбоб-ускуналар, қибланомалар ҳар бир телефонда топилиши мумкин. Шуни унутмаслик керакки, бу хилдаги асбоб-ускуналар ва қибланомаларда айнан Каъбанинг ўзи эмас, Макка шаҳрининг йўналиши кўрсатилади. Телефонлардаги қиблани кўрсатиш дастурларидан билар-билмас фойдаланиш, қибла ҳақидаги шаръий-фиқҳий қоидаларни яхши билмаслик оқибатида айрим буст-бутун масжидларнинг қибласи ҳам нотўғри белгиланган экан, деган миш-мишлар тарқалиб туриши ҳам сир эмас. Ана шундай масжидларнинг қавми орасида ҳар хил гап-сўзлар бўлгани, ҳатто айрим масжидларда қурилган меҳробни қўйиб бошқа томонга қараб намоз ўқишлар кузатилган.

Масжидлар меҳробини қиблага тўғри йўналтириб қуриш муаммоси азалдан мавжуд. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур раҳимаҳуллоҳ бобомиз “Бобурнома”да таниқли ўзбек олими ва ҳукмдори Мирзо Улуғбек раҳимаҳуллоҳнинг қурдирган мадрасаси ва масжиди ҳақида ёзар экан, уларнинг меҳробига эътибор қаратганлар:

“Улуғбек мирзонинг иморатларидин Самарқанд қалъасининг ичида мадраса ва хонақоҳдур. Хонақоҳнинг гунбази бисёр улуғ гунбаздур, оламда онча улуғ гунбаз йўқ, деб нишон берурлар… Яна бу мадрасанинг жанубида бир масжид солибтур, масжиди “Муқаттаъ” дерлар. Бу жиҳаттин “муқаттаъ” дерларким, қитъа-қитъа (парча-парча) йиғочларни тарош қилиб, ислимий ва хитоий нақшлар солибтурлар, тамом деворлари ва сақфи (шифти) ушбу йўсунлуқтур. Бу масжиднинг қибласи била мадраса қибласининг орасида бисёр тафовуттур. Ғолибан, бу масжид қибласининг самти мунажжим тарийқи била амал қилибтурлар (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. – Тошкент: Юлдузча, 1989. – Б. 45).

Бу ерда “самт” сўзи ишлатилди. У араб тилида “йўналиш” маъносини билдиради. Илми нужум, яъни астрономик атама сифатида эса “азимут”ни англатади. Ўрта асрларда илми нужум билан шуғулланишга, асосан, намоз вақтларини аниқлаш ҳамда қиблани илмий жиҳатдан аниқлаштириш ва белгилаш мақсадида рухсат берилган. Шаръий манбаларда қиблани топиш усуллари “самт ал-қибла” ёки “самт ал-Каъба” деб аталади. Олимлар томонидан “самти қибла” мавзусида бир қанча асарлар битилган. Уларда қибла йўналишини аниқлашнинг ҳар хил йўллари исботлаб ва кўрсатиб берилган.

Бу ерда Муҳаммад Заҳириддин Бобур раҳимаҳуллоҳ бобомиз эътибор берган нарса шуки, мадраса хонақоҳининг қибласи анъанавий усулда топиб белгиланган, масжиднинг қибласи эса астрономик йўл билан координаталари аниқ топилиб белгиланган бўлган. Шунинг учун, бир жойда ёнма-ён қурилган биноларнинг қибласи фарқланиб қолган.

Демак, қиблани топиш қонун-қоидалари, унинг усулларини билиб қўйиш бугун ҳам долзарб масалалардан ва ҳар бир намозхон билиб қўйиши керак бўлган маълумотлардан экан. Мазкур мақоламизда намоз учун қибланинг фарзлиги, қиблани топиш усуллари баён қилинади.

Қибла тарихи

“Қибла” деб луғатда одамнинг юзланган тарафини, олд томонини айтилади. Шаръий истилоҳда эса Арабистондаги Макка шаҳрида жойлашган Масжиди ҳаромнинг ичидаги тўртбурчак ибодатгоҳ — Каъба тушунилади. Унга қараб намоз ўқиш мусулмонларга фарз қилинган.

Барча муҳаддис ва муаррихлар беш вақт намознинг фарз бўлишини Исро ва Меърож кечасида бўлганига иттифоқ қилганлар. Исро ва Меърож кечасининг эса қачон бўлгани ҳақида ҳар хил фикрлар бор. Нубувватнинг бешинчи йилидан то ўнинчи йили орасида бўлганлиги ҳақида турли ривоятлар мавжуд. Саҳиҳи, жумҳур уламоларнинг қавлига мувофиқ нубувватнинг бешинчи йили бўлгани.

Каъбатуллоҳ Ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломнинг ва жуда кўпчилик пайғамбарларнинг қибласи эди. Шу жумладан, қурайшликлар ва ўша давр арабларининг ҳам қибласи бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ибодатларини бобокалонлари Иброҳим алайҳиссаломнинг одатларига биноан адо этар эдилар. У зот Каъбатуллоҳга қараб ибодат қилардилар. Шунингдек,  илк ислом давридан ва намоз фарз қилинган пайтдан бошлаб мусулмонлар гоҳ-гоҳида Қуддуси шарифдаги Байт ул-муқаддас (ёки, тўғрироғи Қуддусдаги Байт ал-мақдис)га қараб ҳам намоз ўқиб туришган. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам алоҳида буйруқ келмаган ишларда аҳли китобларга мувофақат қилишни яхши кўрардилар. Яҳудийлар мусулмонларнинг Байтул-муқаддасга қараб ибодат қилишларини хуш кўришарди:

وَ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ يُحِبُّ مُوَافَقَة َ أَهْلِ الْكِتَابِ فِيمَا لَمْ يُؤْمَرْ فِيهِ بِشَئٍ

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амр қилинмаган ҳар бир нарсада аҳли китобга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар” (Бухорий, 4/3558; Муслим, 4/2336; Абу Довуд, 4/4190; Насоий, 8/5238; Ибн Можа, 2/3632; Аҳмад, 4/2209; Ибн Абу Шайба, 8/25581).

Қуддуси шарифдаги Байт ул-муқаддасга қараб ибодат қилиш тўғрисида буйруқ келганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбанинг Рукни Ямоний томонида туриб, Каъбага юзма-юз турган ҳолатда, шимол томондаги Байт ул-муқаддас (ва Байтул-лаҳм) томонга қараб намоз ўқийдиган бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб кўчиб ўтганларидан кейин ҳам ўн олти ёки ўн етти ойлар чамаси Байт ул-муқаддасга қараб намоз ўқиб турганлар. Ҳолбуки, у зот Каъбатуллоҳни мусулмонларнинг қибласи бўлишини ич-ичдан хоҳлар эдилар. Бутун мусулмонлар қибланинг қачон бўлса ҳам Каъбатуллоҳ томонга ўзгаришини исташар ва шуни астойдил кутиб юришар эди. Ҳижратнинг иккинчи йили Ражаб ойида (Бадр жангидан икки ой аввал) мусулмонлар учун қибла узил-кесил Каъбатуллоҳ этиб белгиланди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобаларидан бири Бишр ибн ал-Баро ибн Маърур разийаллоҳу анҳунинг вафоти таъзияси ҳамда ал-Баро разийаллоҳу анҳунинг оналарининг касалкўрдиси сабаби билан Мадинадаги Бану Салама уруғининг масжидига борган эдилар. Ул зоти шариф мусулмонлар билан бирга пешин намозини ўқиб турган эдилар. Ногаҳон намознинг икки ракъати ўтар-ўтмасдан Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг қибла тўғрисидаги қатъий ҳукми келиб қолди:

قَدْ نَرَى تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاء فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنتُمْ فَوَلُّواْ وُجُوِهَكُمْ شَطْرَهُ وَإِنَّ الَّذِينَ أُوْتُواْ الْكِتَابَ لَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ وَمَا اللّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا يَعْمَلُونَ

“Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз! Аҳли китоблар буни Парвардигорлари томонидан (келган) ҳақиқат (илоҳий фармон) эканини яхши биладилар. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан ғофил эмасдир” (Бақара, 144).

Оят нозил бўлиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ичида дарҳол Каъбатуллоҳ тарафга бурилдилар. Каъбатуллоҳ эса уларнинг орқасида бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозхонларга қараб олгани учун, кишилар у зотнинг орқаларига, аёллар эса эркакларнинг орқаларига ўтишди, болалар ҳам ўз жойларига бориб туришди. Хуллас, у зотни кўрган саҳобаи киромларнинг ҳаммалари бирин-кетин намознинг ўзидаёқ Каъба томонга бурилиб олдилар. Ана шу вақтдан бери бу “Масжиди Қиблатайн” (“Икки қибла масжиди”) деб аталиб келади.

Саҳобаи киромлардан Аббод разийаллоҳу анҳу қибланинг ўзгаргани тўғрисидаги хабарни етказишга шошилдилар. Масжиди ҳаромга кетар эканлар, йўлда Бану Ҳориса ва Абдулқайс масжидларига хабар етказдилар. “Аллоҳга гувоҳлик бераманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Макка томонга қараб намоз ўқидим!”, деб қичқирдилар. Масжид қавми намозда турган ҳолатларида қиблага юзланиб олдилар. Асрга яқин бориб, Масжиди ҳаромдаги мусулмонларга етказдилар. Бу вақтга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз масжидларига изма-из етиб келган эдилар. Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари қибланинг ўзгарганини оммага эълон қилдилар. Қавм асрни энди бошлашаётган эди. Улар  ҳам Каъбатуллоҳга ўгирилиб олдилар. Шундай қилиб, Каъбатуллоҳга қараб тўлиқ ўқилган илк намоз аср намози бўлди. Машҳур Қубо масжидига қибланинг ўзгаргани ҳақидаги хабар бомдодда етиб келди. Улар илк бор бомдодни Каъбатуллоҳга қараб ўқидилар.

Ана шу вақтдан бери то ҳозирги кунгача Каъба мусулмонларнинг қибласи бўлиб келмоқда. Каъбатуллоҳ қиёмат кунигача қибла бўлиб қолажак!

Қибланинг фарзлиги

Намозда Каъба томонга юзланиш фарз амал ҳисобланади. Унинг фарзлигига мусулмон уммати ижмоъ қилган. Унга томон қарамасдан ўқилган намоз жоиз бўлмайди. Қибланинг фарзлиги “Бақара” сурасининг 144-ояти билан тасдиқланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига намоз ўқишни ўргатиб, бундай деганлар:

إِذَا قُمْتَ اِلَى الصَّلَاةِ فَاسْبِغِ الْوُضُوءَ ثُمَّ اسْتَقْبِلِ الْقِبْلَةَ فَكَبِّرْ

“Қачон намозга турсанг, таҳоратни комил қилгин, сўнг қиблага юзланиб, такбир айтгин!” (Бухорий, 8/6251; Муслим, 1/397).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай деб марҳамат қилганлар:

مَنْ صَلَّى صَلَاتَنَا وَ اسْتَقْبَلَ قِبْلَتَنَا وَ أَكَلَ ذَبِيحَتَنَا فَذَلِكَ الْمُسْلِمُ  لَهُ ذِمَّةُ اللهِ  وَ رَسُولِهِ فَلَا تَخْفِرُوا اللهَ فِى ذِمَّتِهِ

“Кимки бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса, сўйган жонлиқларимиз (гўшти)ни еса, у мусулмондир! Унда Аллоҳнинг ва расулининг зиммаси бор. Аллоҳнинг зиммасига хиёнат қилманглар!” (Бухорий, 1/391).

Қиблага юзланмаслик узри

Қиблага юзланиш фарз бўлгани билан, гоҳида ушбу фарзни адо қила олмаслик ҳолати ҳам юз бериб қолади. Уламоларимиз қиблага юзланмаслик узрларини ҳам баён қилиб кетганлар:

1) Қибладан бошқа томонга қаратиб боғлаб қўйилганлик;

2) Душманнинг зуғуми ва зулми сабабли қиблага юзлана олмаслик;

3) Йиртқич ҳайвоннинг ташланиб қолиши хавфи бўлганда;

4) Сувда бирор тахта устида оқиб кетаётганда, қиблага юзлана олмаслик;

5) Икки девор орасида ёки қиблага юзлана олмайдиган ҳолатда тор жойда қолиб кетишлик;

6) Бурила олмайдиган бемор одамнинг қибладан бошқа томонга қаратиб ётқизиб қўйилганлиги.

“Мухтасар ал-Виқоя”да: وَ قِبْلَةُ خَائِفِ الْإِسْتِقْبَالِ جِهَة قُدْرَتِهِ – “Юзланишга хавф қилувчининг қибласи қудрати етган томондир”, дейилган (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1902. – Б. 13).

Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилиб, бундай деганлар:

فَإِنْ كَانَ خَوْفٌ هُوَ أَشَدُّ مِنْ ذَلِكَ صَلُّوا رِجَالًا قِيَامًا عَلَى أَقْدَامِهِمْ اَوْ رُكْبَانًا مُسْتَقْبِلِى الْقِبْلَةَ اَوْ غَيْرَ مُسْتَقْبِلِيهَا

“Агар хавф бундан ҳам кучайиб кетса, оёқларда тик турган ҳолда ёки отлиқ ҳолда қиблага юзланиб ёки қибладан бошқа томонга қараб ҳам намоз ўқийверинглар!” (Бухорий, 6/4535).

Чунки, бу хилдаги узрлик ҳолатлар учун Аллоҳ таолонинг мана бу ояти каримаси нозил қилинган:

وَلِلَّهِ الْمَشْرِقُ وَالْمَغْرِبُ فَأَيْنَمَا تُوَلُّوا فَثَمَّ وَجْهُ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

“Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қайси тарафга юзингизни қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг “юзи” мавжуддир. Албатта, Аллоҳ (фазли) кенг, доно зотдир” (Бақара, 115).

  Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу сафарда улов тепасида кетаётган томонга қараб нафл ўқиб кетаверар эканлар ва юқоридаги ояти каримани ўқиб, бу шу ҳақида нозил қилинган, деб қўяр эканлар. Шунга ўхшаш далилларга суяниб, “Мухтасар ал-Виқоя”да бундай дейилган:

وَ يَتَنَفَّلُ رَاكِبًا مُومِيًا خَارِجَ الْمِصْرِ اِلَى غَيْرِ الْقِبْلَةِ

“Шаҳардан ташқарида улов минган одам қиблага қарамасдан нафл ўқиб кетаверади” (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1902. – Б. 21).

Саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

إِنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ كَانَ يُصَلِّى عَلَى رَاحِلَتِهِ تَطَوُّعًا حَيْثُ تَوَجَّهَتْ بِهِ فِى السَّفَرِ فَإِذَا أَرَادَ أَنْ يُصَلِّىَ الْمَكْتُوبَةَ نَزَلَ فَاسْتَقْبَلَ الْقِبْلَةَ

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда пайтида улов устида нафлни юзланган томонига қараб намоз ўқиб кетаверардилар. Агар фарз намозни ўқимоқчи бўлсалар, пастга тушиб, қиблага юзланар эдилар” (Бухорий, 1/400; Аҳмад, 3/378).

Қибланинг фарзлиги

Масжидлардаги ёки бошқа жойларда намоз ўқиш олдидан қиблага юзланиш борасидаги тортишувлар гоҳида унинг фарз бўлган жиҳатини яхши тушунмаслик оқибатида келиб чиқади.

Қибла тўғрисида барча Ислом уламоларининг иттифоқи бундай:

“Намозхон учун қибла – Каъбатуллоҳнинг ичида бўлса, хоҳлаган тўрт томони қибладир. Масжиди ҳаром ичида турган одамга эса Каъбанинг айни ўзи қибладир. Масжиди ҳаромдан ташқарида, лекин Макка Ҳарами ҳудудида турганлар учун эса Масжиди ҳаром қибладир. Маккаликлар учун Ҳарам ҳудуди қибладир. Маккадан ташқаридаги араб диёрида яшаб турганлар учун Макка томони қибладир. Арабистондан ташқаридагилар учун эса Арабистон томони қибла ҳисобланади” (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1896. – Б. 91; Шамсиддин Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 130; Мулла Хусрав ал-Ҳанафий. Ад-Дурар ал-ҳукком. 1-жилд. – Истанбул: Усмония, 1899. – Б. 60; Илёс ар-Румий. Шарҳ ал-Мухтасар. 1-жилд. – Деҳли: Муртазавий, 1872. – Б. 41).

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қибла тўғрисида гапириб, مَا بَيْنَ الْمَشْرِقِ وَ الْمَغْرِبِ قِبْلَةٌ – “Машриқ билан мағриб ораси қибладир!”, деганлар (Термизий, 2/243-344; Насоий, 4/2243; Ибн Можа, 1/1011; Байҳақий, 2/2062).

Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу бунда: إِلَّا عِنْدَ الْبَيْتِ – “Фақат Байтуллоҳ олдида ундай эмас!” деб қўяр эканлар (“Ахбор Макка”, 1/278).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб кўрсатма берганлар:

إِذَا أَتَى أَحَدُكُمْ الْغَائِطَ فَلَا يَسْتَقْبلِ الْقِبْلَةَ وَ لَا يُوَلِّهَا ظَهْرَهُ شَرِّقُوا أَوْ غَرِّبُوا

“Қачон сизлардан бирингиз ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга орқасини ҳам қилмасин. Шарққа ёки ғарбга юзланинглар!” (Бухорий, 1/144; Муслим, 1/264).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу кўрсатмалари Мадина аҳолиси учун айтилган эди. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ “Машриқ ва мағрибнинг ораси қибладир!” деган гап машриқ аҳли учун айтилган, дер ва ўзлари марвлик бўлгани боис “Марв аҳли чапга мойилроқ бўлиши керак”, деб қўяр эканлар (Термизий, 2/344 остида).

“Фатовойи Қозийхон”да айтилишича, шомликлар Каъбанинг Рукни шомий томонига, яманликлар эса Рукни ямоний томонига, мадиналиклар Ҳатим ва Мийзоб томонига, ҳиндистонликлар Рукни ямоний билан Ҳажар ул-асвад ўртасидаги девор томонга, Хуросон ва Мовароуннаҳр аҳли, яъни бизлар Каъбанинг эшиги ва Мақоми Иброҳим томонга қараб намоз ўқир эканмиз (Фахриддин Қозийхон. Фатовойи Қозийхон. 1-жилд. – Калкутта, 1835. – Б. 86).

Демак, мана шу, дунёдаги барча мусулмонлар учун ва барча даврлар учун умумий ва ўзгармас қоидадир! Яъни, қибла Каъба жойлашган томонга юзланиш демакдир. Томон деганда 90 градус бурчак остидаги жиҳат тушунилади. Яъни, мисол учун, агар намозхон ҳақиқий қибла йўналишидан чап ёки ўнг томонга 45 градусгача бурилса-да, намози бузилмайди. Чунки, у ўша жиҳатга қараб намоз ўқиган ҳисобланади, 45 градусдан зиёда буриладиган бўлсагина намози дуруст бўлмайди. Мана шу қоидани яхши билган одам масжидларнинг қурилган меҳробларини ўзгартириш ва шу масалада фитна чиқариш даражасига етиб бормайди.

Қуёш ва Ой воситасида қиблани топиш

Қиблани топишнинг энг осон йўли уни қуёшга қараб аниқлашдир. Чунки, қуёш ҳамиша машриқдан чиқиб, мағрибга ботади. Кун чиқар томонни ва кун ботиш томонини Қуёшга қараб ҳамма тезда аниқлай олади.

Ироқ, Хуросон ва Мовароуннаҳр аҳлининг қибласи, одатда, машриқ ва мағриб икковининг орасида бўлади. Саҳобаи киромлар, тобеъини изомлар ва табаъа тобеъинлар Ироқ ҳудудида масжид қурган бўлсалар, барчасида қиблани машриқ ва мағриб орасига йўналтириб белгилаганлар.

Бунда кунчиқар намозхоннинг чап томонида, кунботар ўнг томонида қолиши керак. Бу ўлкаларнинг қайсидир шаҳрида турган киши машриққа ёки мағрибга томон майл қилиши мумкин, лекин шу орадан чиқиб кетмаслиги лозим. Бу жойларда пешиндан кейин соя ҳамиша намозхоннинг чап томонига чўзилади.

Бошқа олимлар: “Қуёш Жавзо буржига етганда, пешиннинг охирги вақтида Қуёшга қараб турсанг, ўша томон қибла бўлади”, дейишган (Фахриддин Қозийхон. Фатовойи Қозийхон. 1-жилд. – Калкутта, 1835. – Б. 87).

Ойнинг туришидан ҳам қиблани аниқлаш мумкин. Бизнинг диёрларда ойнинг ўн бешидан кейин у ҳамиша машриқ томондан чиқиб келади. Хусусан, ойнинг охирги кунларида машриқ томондан чиқади. Ойнинг ўн бешигача эса у мағриб томонда кўринади. Яъни, Қуёш ботиш томондан чиқади. Хусусан, янги ой туғилган илк уч-тўрт кунларида у кунботиш томонда кўринади. Ойнинг 7 чи кунида кечанинг аввалида у мағриб ва машриқнинг қоқ ўртасида кўринади, 21 чи куни кечанинг охирида ҳам худди шундай бўлиб, кунчиқар ва кунботарнинг ўртасида балқиб туради. Айни шу вақтда Ойга қараб турган киши қиблага юзланган бўлади.

 Юлдузлар воситасида қиблани топиш

Аллоҳ таоло “Қуръон”да бундай деб таъкидлаган:

وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ النُّجُومَ لِتَهْتَدُوا بِهَا فِي ظُلُمَاتِ الْبَرِّ وَالْبَحْرِ قَدْ فَصَّلْنَا الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

“У сизлар учун қуруқлик ва денгиз қоронғуликларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратган зотдир. Биладиган кишилар учун оятларни батафсил баён қилдик” (Анъом, 97).

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу:

تَعَلَّمُوا مِنَ النُّجُومِ مَا تَعْرِفُونَ بِهِ الْقِبْلَةَ وَ الطَّرِيقَ

– “Қиблани ва йўлни таниб олгунингизгача юлдузларни ўрганинглар!”, деганлар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу эса бундай деганлар:

أَيُّهَا النَّاسُ إِيَّاكُمْ وَ تَعَلُّمَ النُّجُومِ اِلَّا مَا تَهْتَدُونَ بِهَا فِى ظُلُمَاتِ الْبَرِّ وَ الْبَحْرِ

“Эй, одамлар! Илми нужумни ўрганишдан сақланинг. Фақат уни қуруқлик ва денгиз зулматларида йўлни топиш учун ўргансангиз, майли!”.

Ой манзилларида жойлашган 28 (йигирма саккиз) та юлдуз Қуёш ва Ой каби доим машриқдан чиқиб, мағрибга ботади. Уларни астроном мутахассислар ёрдамида ўрганиш мумкин.

“Фатовойи Қозийхон”да Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг қиблани қандай топиш ҳақидаги тавсияси келтирилган. У зот бундай деганлар: “Агар қиблани топишни хоҳласанг, йилнинг энг узун кунида Қуёш ботиш томонни белгилаб қўй, кейин қишнинг энг қисқа кунида ҳам қуёш ботиш томонга бир белги қўй. Сўнгра, ўнг томонга учдан икки ҳиссани қолдир-да, учдан бир ҳиссани чап томонга қолдир. Қибла шу томонда бўлади” (Фахриддин Қозийхон. Фатовойи Қозийхон. 1-жилд. – Калкутта, 1835. – Б. 88).

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Райликлар учун қибла – Жадий юлдузини ўнг кўкракда тутишдир”, деганлар. Шунга кўра, мовароуннаҳрликларга ҳам  “Жадий юлдузини чап қулоқнинг орқасига тўғрилаганда, қиблага юзланган, деб белгилайсан!”, дейишган.

Абдуллоҳ ибн ал-Муборак, Абу Мутеъ ал-Балхий, Абу Муоз, Салм ибн Солим, Али ибн Юнус раҳимаҳумуллоҳ каби олимлар: “Ақраб юлдузи ёрдамида бизнинг қибламиз белгиланади”, деган эканлар (Фахриддин Қозийхон. Фатовойи Қозийхон. 1-жилд. – Калкутта, 1835. – Б. 87).

Абу Жаъвар ал-Ҳиндувоний раҳимаҳуллоҳ ҳамда Садр ал-ислом раҳимаҳуллоҳ бухороликлар қиблани аниқлашлари учун битта усулни ўргатганлар: “Охирги хуфтон вақтида кунботишга қараб турсанг, бошинг узра икки юлдуз чарақлаб турган бўлади. У бошинг тепасида қуёшнинг завол бўлиш ўрнида турган бўлади. Сенга қараб турган бу икки юлдузнинг ўнг томондагисининг номи “Насри воқеъ” дейилади, чап томондагиси эса “Насри тоир” дейилади. Энг тез тушадиган мана шу “насри тоир”дир. Агар ўнг томондаги юлдуз тўғри тушса, сенинг ўнг кўкрагингга келади. “Насри тоир” эса тўғри юзингга – ўнг кўзингга ёки пешонангга келиб урилади. Ана шу икковининг ораси қибладир” (Фахриддин Қозийхон. Фатовойи Қозийхон. 1-жилд. – Калкутта, 1835. – Б. 87).

Умуман олганда, Олтин Қозиқ (Қутб) юлдузига қараб шимолни аниқлайсиз. Чунки, у осмонда фақат бир жойда – Шимолий Қутб устида туради. Агар унга олди томонингиз билан қараб турсангиз, демак, орқа томонингиз жануб бўлади. Ўнг томонингиз эса шарқ, чап томонингиз эса ғарб бўлади. Қутб юлдузи бу Кичик Айиқ юлдуз туркумининг дум томонидаги охирги юлдуздир. Катта Айиқ юлдузининг ўнг томонидаги иккита юлдуз орасидаги масофа (кесма)ни охирги юлдуз тарафидан узоқлашиш йўналиши бўйлаб фаразан беш марта чизилса, Қутб Юлдузига етиб борилади. Сурхондарёда, Тошкент ва водийнинг баъзи жойларида турган киши Қутб юлдузини ўнг елкаси устига тўғрилаб турса, қиблага юзланган ҳисобланади. Хоразмда турган киши эса, ўша юлдузни ўнг томонига салом берганида кўзининг қири чегараси билан кўра олади, холос. Яъни, чамаси 15-20 градус бурчак чапга бурилиб турган бўлади.

Бошқа аломатлар

Қиблани сезгир ва эътиборли одамлар учун табиатдаги айрим аломатлар, қор-ёмғирлар, тоғ ва дарёларнинг жойлашуви, шамол ва шабадаларнинг эсиши кабилар орқали ҳам аниқлаш имкони бор. Масалан,  тонги шабада ҳамиша Каъба томонга қараб эсади, деган гап мавжуд. Тоғларнинг юзи доимо Байтуллоҳга қараган бўлади, деган гап ҳам бор. Катта дарёлар эса одатда шимол-жануб бўйлаб ёки кун чиқардан кун ботарга қараб оқади, деган гап ҳам мавжуд.

Ернинг бизнинг кўзимизга кўриниб турган ҳудуди уфқ (горизонт) бўлиб, унинг шимолий, жанубий, шарқий ва ғарбий тўрт томони бўлади. Томонларни тўғри топишда энг асосийси шимолий йўналишни топиб олишдир. Уни топиб олинса, уфқнинг қолган томонларини аниқлаш осон бўлади. Бизнинг ҳудудларда кундузи соат 13.00 да Қуёш ҳамма вақт жануб томонда бўлади. Ёзда эрталаб 7.00 ларда Қуёш шарқ томонда, кечқурун 19.00 да эса ғарб томонда бўлади.

Томонларни аниқлашнинг энг осон усули – компасдан фойдаланишдир. Компаснинг мили доим шимол билан жанубни кўрсатиб туради. Нарсанинг, масалан, Каъбанинг аниқ йўналишини аниқлашда азимут ёрдам беради. Азимут – аслида луғавий эътибордан йўналиш бўлсада, илмий истилоҳда шимолга қараб йўналтирилган йўналиш ва аниқланаётган нарса ўртасидаги бурчакдир. Компас шимол билан ўша нарсагача бўлган йўналишни градус билан кўрсатади. Азимут ҳисоби шимолга қараб кетган йўналишдан бошлаб соат мили айланиши бўйича олинади. Демак, Ўзбекистон ҳудудида ўша бурчак жойига қараб, 210-250 градус оралиғида ўзгариб туради. Мисол учун, у бурчакнинг  қиймати Хоразмда 220 градус, Тошкент ва Сурхондарёда эса 240 градус бўлади.

Табиатдаги ўсимликларнинг ўсиши орқали ҳам томонларни аниқлаш мумкин. Якка ҳолда ўсган дарахтнинг шимол томонида бутоқлари озроқ, жанубида эса кўпроқ ўсади. Дарахтнинг танаси арралаб кўрилганда, ундаги “узукчалар” жануб томонида бир-биридан олисроқ, шимол томонида эса тиғизроқ жойлашган бўлади.

Даладаги катта харсанг тошнинг шимол томонидагина моҳ ўсади.

Ўрмон ва даладаги чумоли уясининг жануб томони қиялик, шимол томони эса тик бўлади.

Қор қум барханларида жануб томонида тез эриб кетади, шимол томонида эса анча пайтгача қолади. Дарахт шохларига тушган қор ҳам шу тарзда эрийди.

Қиблани топишнинг яна бир усули харита ёрдамида топишдир. Бунинг учун инсон томонларни билиши керак. Лекин, аслида Ер шари думалоқ (шар-сфера) шаклида бўлганидан, уни ясси текисликка харита кўринишида тасвир қилинганида бирмунча хатоликлар келиб чиқади. Ўша хатолардан сақланишнинг йўли қуйидагича бўлади: ҳар бир харитада бир-бирига кўндаланг (перпендикуляр) – тикка ( вертикал) ва ётиқ (горизонтал) чизиқлар мавжуд. Тикка чизиқларни меридиан чизиқлари, ётиқ чизиқларни эса параллеллар дейилади. Меридиан чизиқлари шимол-жануб йўналишини, параллел чизиқлар эса, шарқ-ғарб йўналишини билдиради. Харитани ўша йўналишлар бўйича қўйганингиздан кейин, Ўзбекистоннинг қайси минтақасида бўлишингизга қараб туриб, меридиан чизиғидан Макка шаҳрига қараб маълум бир бурчакка бурилиб, намоз ўқишингиз мумкин.

Хулоса

Қиблага юзланиш намознинг фарзларидан биридир. Агар гавда қибла йўналишидан ён томонга 45 градусдан зиёда оғадиган бўлса, намознинг бузилишига олиб келади. Шунинг учун, қиблани аниқ топиш лозим. Шаҳар ва қишлоқларда, шунингдек, одамлар яшайдиган манзилларда қиблани шу ерлик маҳаллий аҳолидан сўраш лозим. Улардан бири қибла томонни кўрсатса, шу кифоя. Ўша томонга қараб намоз ўқилаверади. Агар сўралувчи ҳам қиблани аниқ билмаслиги маълум бўлса ёки сўраладиган одам бўлмаса, “таҳаррий” қилиш керак бўлади. Яъни, табиий аломат ва белгиларга қараб қиблани қайсидир томонда деб гумон қилиб, қасд қилиш шарт. Машина ва бошқа уловларда нафл намозларни юриб кетаётган томонга қараб ўқилаверади. Ерга тушиб ўқиш имкони бор уловда бўлса, фарз намозлар, албатта ерга тушиб, қиблага қаралган ҳолда тик туриб ўқиш фарз бўлади. Поезд, самолёт кабиларда қиблани аниқлаш имкони бўлса, албатта ўша томонга қараб, тик туришга имкон бўлса, тик турган ҳолда, акс ҳолда ўтирган кўйи намоз ўқиш мумкин. Қиблани аниқлаш имкони бўлмаса, юриб кетаётган томонга қараб намоз ўқилади.

Нотаниш жойларда қиблани аниқлашда, юқорида айтганимиздек, авваламбор, маҳаллий аҳолидан сўраш лозим. Лекин, одамлар қибла йўналишини кўрсатиб беришса-ю, улар яшаб турган ҳудуд сизнинг асл ватанингизга яқин бўлгани сабабидан ёхуд география илмини яхши билганингиз сабабидан кўрсатилган жиҳат қиблани топиш борасидаги илмингизга тўғри келмаса,  унда сизга ўз илмингиз тақозосига кўра қиблага юзланиб намоз ўқишингиз фарз бўлади.

Сафардаги ҳамроҳлар қиблани аниқлаш масаласида ҳамфикр бўла олмасалар, масалан, биров бир томонни, яна биров иккинчи томонни қибла деб билса, ҳар ким ўзи қибла деб топган жиҳатига қараб намоз ўқиши фарз ҳисобланади. Бу ҳолда ҳамфикр бўлмаган кишиларнинг жамоат бўлиб ўқишга ҳақлари йўқ. Намозни адо қилиб бўлишганидан кейин қибла йўналиши маълум бўлиб қоладиган бўлса, намозларини қазо қилишмайди.

Агар тим қоронғида, яъни қибла йўналишини аниқлаб бўлмайдиган ва бир-бировни кўриб бўлмайдиган даражада қоронғиликда жамоат бўлиб намоз ўқишадиган бўлса, ҳар ким ўзи қиблани “таҳаррий” қилиб танлаб, турган жойида ўша жиҳатга қараб намоз ўқийверади. Бу ҳолда ҳеч ким ҳеч кимнинг қайси жиҳатга қараб намоз ўқиётганини билмайди. Ҳатто тўрт киши тўрт томонга қараб ўқиётган бўлиши ҳам мумкин. Лекин имомнинг овози орқа тарафидан келган одам жамоатга қўшилмаган ҳисобланади.

Ҳар бир намозхон сафарга чиққанида қиблани аниқлайдиган асбоблар, қибланома – телефонда қиблани кўрсатувчи дастурлар олиб олиши керак. Зотан, намозхон сафарида энг аввал Аллоҳ таолога бандалик қилишини унутмаслиги, ибодатини биринчи ўринга қўйиши керак.

Қиблани топиш учун тайёрланган бу хилдаги асбоб ва дастурлари бўлмаган намозхонларга қиблани топиш усулларини билиб олишлари фарз бўлади. Бу хилдаги усуллар табиатни яхши ўрганиш, Қуёш, Ой, юлдузлар ва ён-атрофни кузатиш орқали маълум бўлади. Мазкур мақолада эса булар ҳақида ҳам тўхтаб ўтилган.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *