БАСМАЛА ФОТИҲА СУРАСИНИНГ ОЯТЛАРИДАНМИ?

تفسير-حلم-بسم-الله-الرحمن-الرحيم-825x510Савол: Басмала яъни “بسم الله الرحمن الرحيم” фотиҳа сурасининг оятлариданми?

Жавоб: Ҳанафий мазҳабимиз ҳамда моликийлар ва ҳанбалийлардан иборат жумҳур уламолар наздида басмала фотиҳа сурасидан эмас, лекин Намл сурасининг бир жузи-ояти ҳисобланади. Шунинг учун ҳам жаҳрий (товуш чиқариб қироат қилинадиган) намозларда фотиҳадан олдинги басмала ошкора ўқилмайди.

Аммо, шофеийларга кўра басмала фотиҳа сурасидан бир бўлак ҳисобланади. Шу боис ҳам уларда жаҳрий намозда фотиҳадан аввалги басмала товуш чиқариб ўқилади.

Мусҳафларда басмаланинг фотиҳа сурасининг биринчи ояти сифатида рақамланиши қироат имомларининг ривоятларига бориб тақалади. Зеро, қироат имомларининг орасида ҳам басмаланинг фотиҳа сурасининг ояти ўлароқ саналиши ихтилофлидир. Макка ва Кўфа қорилари уни фотиҳанинг оятларидан деб билсалар, Мадина, Шом ва Басра қорилари басмалани фотиҳа сурасининг ояти деб ҳисобламаганлар.

Қироат имомларидан Ибн Касир Маккий, Осим, Ҳамза, Кисоий ва Халафи “ошир”га кўра басмала фотиҳанинг ояти ҳисобланади. Шу боис ҳам мана шу қиротлар бўйича ёзилган барча мусҳафларда басмала фотиҳа сурасининг илк ояти сифатида рақамланади. Бироқ, Қолун ва Варшнинг Нофеъдан қилган ривоятига кўра ёзилган мусҳафларда басмала фотиҳа сурасининг ояти ҳисобланмайди.

Оятларни санаш ва тарқим қилишда қурроларнинг ўзига хос услублари бўлган. Ўз устозларидан қандай қабул қилсалар, шундай етказганлар ва бирор эътибордан, хоҳ у фиқҳий бўлсин, хоҳ луғавий ё наҳвий жиҳат бўлсин унга заррача ҳам ўзгартиш киритмаганлар. Шу боис, юқорида саналган бир тоифа имомлар қироати бўйича, басмала фотиҳанинг биринчи ояти сифатида белгиланиб қолган. Бинобарин, улар наздида басмалани ҳам фотиҳага қўшиб ўқиш вожиб саналган.

Аммо, аҳли Мадина, Шом ва Басра қироатлари бўйича эса жумладан, Нофеъ Маданий, Абу Жаъфар Маданий, Ибн Омир Шомий, Абу Амр ва Яъқуб Басрийлар қироатига кўра басмала Фотиҳа сурасининг ояти ҳисобланмаган.

Баъзи қавлларда Имом Шофеий ҳам аслида басмалани фотиҳанинг бир бўлаги деб билмайди балки, у эргашган қироат имоми бўлмиш Ибн Касирга кўра басмала фотиҳадан бир оят ҳисобланганлиги учун ҳам намозда уни жаҳрий ўқишни вожиб қилган, дейилади.

Фақиҳ ва муфассирларимизнинг басмалани Фотиҳанинг бир ояти эмаслигига ақлий ва нақлий далиллари мавжуд. Жумладан, Имом Муслим ва тўрт сунан соҳиблари ва бошқалар Абу Ҳурайрадан ривоят қилиб келтирганлари ҳадиси шарифда шундай дейилади (маъноси): «Намозни (яъни фотиҳа сурасини) Ўзим билан бандам ўртасида иккига бўлдим. Ва (агар уни ўқиса) бандамга сўрагани берилади. Қачонки, банда «ал-ҳамду лиллааҳи робби-л-ъааламийн» деса, Аллоҳ «бандам менга ҳамд айтди», дейди. Қачонки, «ар-Роҳамаанир-Роҳийм» деса, «бандам менга сано айтди», дейди. Қачонки, «маалики явми-д-дийн» деса, «бандам Мени улуғлади», дейди. (Муслим ривоятида «бандам ўз ишларини менга топширди», деган қўшимчаси ҳам бор). Қачонки, бандам «ийаака наъбуду ва иййаака настаъийн» деса, «бу Мен ва бандам ўртасидадир. Шундай экан, бандамга сўраганини бераман», дейди. Қачонки, «иҳдина-с-сироото-л-мустақийм, сироото-л-лазийна анъамта ъалайҳим, ғойри-л-мағзувби ъалайҳим вала-з-зооллийн», деса, «бу бандам учундир. Бандамга сўраганини бераман», дейди».

Ушбу ҳадиси шариф басмала фотиҳага тегишли оят эмаслигига далолат қилади. У ҳам бўлса, ҳадиси шарифда басмала зикр қилинмаганлигидир. Зеро, агар басмала фотиҳанинг илк ояти бўлганида албатта, у ҳам ҳадиси шариф зимнида тилга олинган бўларди.

Зарқоний имом Моликнинг муваттосига ёзган шарҳида шундай дейди: «бу ҳадиси шарифда басмала фотиҳадан эмаслигига кучли далил бордир».

Басмаланинг фотиҳадан эмаслигига далолат қилувчи ақлий-мантиқий далиллардан яна бири шуки, фотиҳа сурасидаги оятларнинг ҳажми бир-бирига жуда яқин миқдорни ташкил этади. Ҳаммаси қисқа-қисқа оятлар. Маълумки, мазкур суранинг оятлар сони еттита эканлиги ижмо қилинган нарсадир. Агар маккий ва кўфий қорилар сингари басмалани фотиҳанинг биринчи ояти деб ҳисобласак, охирги оят аввалги барча оятларга нисбатан ниҳоятда узун бўлиб қолади. Ҳолбуки, одатда суралардаги оятларнинг ҳажми бир-бирига яқин даражада бўлади. Маданий, Шомий ва Басрий қориларга кўра эса сурадаги еттинчи яъни сўнги оят «сироото-л-лазийна анъамта алайҳим»дан бошланади.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *