ТААССУРОТЛАРИМ

kaaba_78Камина ходимингиз ahlisunna.uz сайти муҳаррири Ботиржон қори яқинда Аллоҳнинг фазли билан муборак сафардан қайтдим. Ота онам билан бирга тавоф қилиш бахтига эриштирган Аллоҳга ҳамд айтган ҳолда баъзи таассуротларимни сиз билан бўлишишни истадим.

Тошкентдан учиб Саудия арабистонининг Жидда шаҳридаги халқаро аэропортга қўндик. Аэропорт атрофида хушманзара хурмо дарахтлари кўп экан. Жиддадан Мадинага қараб автобусда йўл олдик. Оралиқ масофа камида 550-600 км экан. Чунки соатига ўртача 100 км тезликда олти соатдан кўпроқ йўл юрдик. Ҳайдовчимиз Инданезиялик Бадру деган йигит эди. Араб тилида атиги уч-тўрттагина сўз билар экан холос. Атроф ғирт саҳро. Тош ва қумдан иборат. Лекин йўлда икки бора маймунлар галасини учратдик. Йўловчи машиналар тўхтаб маймунларга нон, банан ва ҳоказо овқат берар экан. Маймунлар шу даражада одамларга ўрганганки машина тўхташи билан гала-гала югуриб келиб ҳатто машина томларигача чиқиб олар экан.

Мадинаи мунаввара. У ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам борлар. Шунинг учун бўлса керак бу муборак шаҳар фазилати, ундаги сукунат ва тароватни тил билан ифодалаш осонмас…

Ўзбекситондан борган зиёратчилар учун мутасаддилар меҳмонхонани жуда яхши жойдан танлашибди. «Пулман зам-зам» номли кўпқаватли меҳмонхона. Меҳмонхонадан чиқиб тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига «Боб ас-салом» тарафдан кириб борасиз. Ораси нари борса 70 мт.

Мадина халқи ниҳоятда хушмуомала экан. Сўзлашганда доим самимий табассум қилиб гаплашади.

Таксистлари ҳам хушчақчақ. Аммо ҳаммаси ҳам араб ва Мадиналик бўлишига қарамай, Қуръон ўқишни билмас экан… Муҳаммад Зоҳид Акрам исмли бир йигитни ёллаб икки қиблали масжиддан Масжид ан-набавийга келдим. Йўлда гаплашиб келдик, самимий ва хушмуомала бола экан. Онаси Қуръон ҳофизи экан-у, лекин ўзи Қуръонни яъши ўқий олмас экан. Уни юзига айб қилдим. Сенга Мадинада яшаб, ҳофизи Қуръон онанинг боласи бўлиб Қуръонни билмаслик айб дедим. У мени тўғри тушунди ва тўғри айтяпсан, Сен Бухорийни авлодисан мендан азизроқсан деб кулиб қўйди…

Уҳуд тоғидек азиз макон бугун кўплаб зиёратчиларнинг расм тушиб мақтанадиган масканига айланиб қолибди…

Уҳуд тоғининг орқасига ўтсангиз шаҳидлар қабристони бор. Уҳуд жанггида шаҳид бўлган саҳобалар ўша ерда ётибдилар. Қабристоннинг ёнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Хамза розияллоҳу анҳу номида бир катта масжид бор. Масжид йўлнинг бўйида жойлашган бўлиб, йўлнинг нариги тарафида катта хурмозор бор. Масжид билан Уҳуд тоғининг орасида эса хурмо бозори бор.

Шаҳидлар саййиди — Ҳамза розияллоҳу анҳунинг номига қурилган масжид таҳоратхонасидан чиқишда катта бир каробка хурмо эхсон сифатида қўйиб қўйилибди. Ўзим ва зиёратчи шерикларимга олиб бориб бердим. Мазза қилиб едик…

Равза. Расулуллоҳнинг меҳроблари тўғрисида 2 соатга яқин вақт мобайнида ибодат қилиш шарафига муяссар қилган Аллоҳга ҳамдлар айтаман.

Равзага кириш учун навбат жуда яхши тартибли йўлга қўйилган экан. Ўртача икки соат атрофида равзага етиб бордим.

Равзада Қуръон ўқиб ўтирсам ёнимдаги (кўринишидан Бангладеш ё Ҳиндистон ё покистонлик) бир одам оёқларини чалкаштириб Расулимиз алайҳиссаломнинг меҳробларига (қибла томонга) узатиб ўтирибди. Оёқларини силаб, секин мулойимлик билан (араб тилида) бу Расулуллоҳнинг меҳроблари бўлади, дедим. У дарҳол оёқларини йиғиштириб олди…

Жума намозидан олдин имом соф бадиий араб тилида давлатнинг ва фуқароларнинг молини ноҳақ ейиш ҳаромлиги ҳақида мавъиза қилди. Мавъиза жараёнида бир ҳадис келтириб охирида «имом Бухорий ривоят қилган» деб айтганида ич-ичимдан севиниб, титраб кетдим. Чунки Мадинадек бир муборак шаҳар, Расулуллоҳнинг меҳробларида менинг Ватандошимнинг номи янграган эдида…

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан хайрлашаётганимда равзага юзимни қилиб орқа тарафга юра бошлаган эдим, у ердаги миршаб мени олдимга қараб юришга мажбурлаб тескари буриб қўйди…

Мадина билан Макка шаҳри оралиғи автобусда 5-6 соатлик йўл экан. Йўлда шом ва хуфтон намозини ўқиш учун тўхтадик. Йўл бўйида масжидлар кўп экан аммо, таҳоратхонасида сув жўмраклари баландга ўрнатилган. Агар таҳорат қилмоқчи бўлсангиз, жўмракдан оқиб тушаётган сув  эҳром ва кийимингизга сачраб бенамоз қилииши тайин экан…

Макка. Тош ва қумдан иборат шаҳар. Иброҳим алайҳиссалом Макка шаҳри ва унинг аҳолиси ҳаққига омонлик ва ризқ сўраб дуо қилган. Бу ҳақда Аллоҳ Қуръонда ҳикоя қилади. Маккага борган одам тош ва қумликдан иборат сувсиз шу шаҳарда Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоси баракасини ўз кўзи билан кўраркан…

Маккада фақирларни кўп кўрдим. Уларга бойлар тарафдан таом ва ичимликлар тарқатилишига ҳам кўп бора гувоҳ бўлдим. У ерда ҳеч ким оч қолмас экан…

Мен учун Каъбатуллоҳнинг саҳнасидан кўра муҳимроқ бошқа жой бўлмади. «Соат»га ҳам чиқмадим, Ҳирога ҳам бормадим, Масжид ал-ҳаромнинг иккинчи ва учинчи қаватларию, томига ҳам қизиқмадим. Имкон бўлиши билан Каъбатуллоҳ саҳнасига боришни афзал билдим. Чунки маҳобатли бу байтнинг ёнида, рўпарасида туриш, у ерда намоз ўқиш, тавоф қилишнинг ҳаловати ва лаззати бошқача экан…

Каъбаи муаззаманинг олдида унга кетини қилиб ўзини-ўзи расмга олган ва расм олдирганлар шу ишлари билан мени ҳафа қилишди…

Ҳажар ал-асвад ниҳоятда хушбўй ва тим қора ялтироқ тош экан. Тошни ушлаб ўпганимдан кейин бир қора танли зиёратчи менинг қўлимни ўпиб зиёрат қилди. Тошга етиб боришимда бир қора танли ва бир турк диндош биродарларим менга катта ёрдам қилди…

Бу азиз тошни зиёрат қилиш учун мусулмонлар бир-бирларини аямасдан тартибсиз мусобақа қилишяпти. Унга интилганларнинг баъзида эҳромлари ечилиб кетяпти, ҳамёнлари тушиб қоляпти ва ҳоказо… Лекин, менимча у ерда тартиб ўрнатса бўлади…

Мақоми Иброҳимни ўраб қўйилган ойнани жуда кўпчилик қўли билан ушлаб зиёрат қилаяпти. Аммо бошига қизил рўмол ташлаб олган ўрта яшар бир араб «бидъа, бидъа» деб одамларни қайтаряпти. У фақат кўз билан тамошо қилиш мумкин, қўл билан зиёрат қилиш бидъат демоқчи эди. Мен унга негадир эътибор қилгим келмасдан тавофда давом этдим…

Тавоф жараёнида Австралиялик бир кекса отаҳонни қўлтиғидан ушлаб тавофига ёрдам бермоқчи бўлдим. У мени яхши қабул қилди. Лекин кампири негадир менга «чолимдан қўлингни торт» деб ишора қилди. Чоли эса кампирига норози оҳангда бир қараб қўйди-ю менга узр сўрагандек айбдорона нигоҳ ташлади. Мен улардан ажраб йўлимда давом этдим…

Тавофдан кейин мақоми Иброҳимда икки ракат намоз ўқиб Сафо-Марвада саъй қилиш учун ўтдик. Сафо-Марва оралиғи тахминан 500-600 мт. Мен шундай тахмин қилдим. Икки тоғ орасида етти бор айланасиз. Сафодан бошлаб Марвада тамомлайсиз. Саъйни тамомлаб, сочни олдирасиз ва эҳромдан чиқасиз. Эртасига эса одатдагиган кўп яёв юрганингиз учун оёқларингиз оғриб қолар экан. Шунинг учун умра ё ҳажга бормоқчи бўлсангиз, сафарга чиқишдан олдин ҳар куни 3-4 км дан яёв юриб ўзингизни тавоф ва саъйга мослаб туринг.

Ҳатимни ичига кириш унча машаққатли эмас экан. У ерда зиёратчилар жуда кўп ва зич. Лекин намоз ўқиётганингизда шунча издиҳом бўлишига қарамасдан сизга ҳеч ким ҳалақит бермас экан…

Масжид ал-ҳаром атрофида чигиртка, кабутар ва лочинлар кўп экан. Кабутарларни одамлар дон билан боқар экан. Лочинлар шу кабутарларни еб кун кўрса керак. Аммо чигирткалар гиёҳсиз бу шаҳарда нима еб кун кўришига ақлим етмади…

Масжид ал-ҳаромга яқин атрофдаги дўкондан сотиб олган бир нечта мусҳафи шарифни вақф қилиб қўйиш ниятида олиб кираётсам масжид эшиги ёнидаги миршаб тўхтатиб қўлимдаги мусҳафлардан бирини олиб варақлай кетди. Унга: «бу мусҳафлар ҳарами шариф учун вақф, олиб кириш мумкин эмасми?» — деб савол бердим. У менга эътибор ҳам бермасдан қўлидаги рацияда кимнидир чақирди. Муаммо бўлармикин деб ҳавотирга тушиб турсам, бошига қизил рўмол ташлаган узун оқ кўйлакли бир киши қўлида рация билан келди ва китобни текшира кетди. Кейин ҳалиги миршабга «Сурияда нашр қилинган экан, ўтказиб юбор» — деди. Шундан кейингина у мени масжидга киритди ва мусҳафларни қўйиб чиқдим.

Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг масжидлари ёнида ўтирадиган саррофлар пулингизни Мадиналикларга нисбатан паст баҳода сотиб олишар экан. Кейин шу масжидга қатнайдиган таксичиларнинг ҳаммаси ҳам инсофли эмас экан…

Ботиржон қори

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *