«ОЛИМ» ДЕБ КИМГА АЙТИЛАДИ?

DEhPE6XWAAAUiqs

Аксаримизга маълумки, бугунги кунда ўзини олим ҳисоблаб фатвога журъатли “олимлар” жуда кўпайиб кетди. Айниқса, интернеда уларнинг фаоллигини кузатиш мумкин. Араб тилини нари-бери ўзлаштириб, ўзидан ўзгаларни менсимайдиган, берилган саволларга ҳеч иккиланиб ўтирмасдан, жавобини билмаса ҳам обрўсини қизғаниб ўзича жавоб берадиганлар аслида олим деб айтиладими ёки йўқ? Келинг, том маънода шариат олими деб кимга айтилши ҳақида қисқа ва лўнда маълумотлар билан танишамиз:

Том маънода шариат олими деб кимга айтилади? Ҳаққоний, раббоний олим бу – Аллоҳ таолодан муносиб тарзда қўрқадиган ва илмига мувофиқ амал билан ҳаёт кечирадиган комил инсонга айтилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтар эканлар: “Илм бу кўп билиш эмас! Илм бу — Аллоҳдан қўрқмоқдир! Илмга амал қилувчи бўлинглар, амалсиз қуруқ ривоятчи бўлманглар! Баъзи инсонлар бошқаларга илм улаша олмасада, илм билан ўзини ўнглаб олади, яна баъзилар борки илмни тарқатади аммо ўзини илми талабига монанд ислоҳ қилмайди!”. Сиз илм билан аввал ўзингизни, кейин эса жамиятни ислоҳ қилувчи бўлинг

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Олим бўлмагунча том маънода тақводор бўла олмайсан! Илмингга амал қилмагунча олим бўла олмайсан!”. Демак, тақвонинг ҳақиқати илм билан топилади.

Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтган эканлар: “Амалига илми мувофиқ келган одам олимдир! Амали билан илми зид бўлган одам эса, олим эмас ровийдир! Илмда одамлардан ўзиб кетган одам амалда ҳам ўзиб кетиши лозим!”. Шундай экан, илми кўпнинг амали ҳам бошқаларникидан кўп бўлсин, жамиятдан солиҳ амалларининг кўплиги билан ажраб турсин!

Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Илм “амал қил”—деб бақиради. Жавоб берилмаса ташлаб кетади! Олимлар илм мағзини англаб етганларида амал қилади, амал қилишса ўзлари билан ўзлари машғул бўлиб қолади, ўзлари билан ўзлари оввора бўлиб қолганда йўқолиб қолишади, йўқолиб қолишганда уларни излашади, уларни излашганда эса қочиб қолишади”.

Юқорида келтирилган маълумотлар ҳаммамиз учун бир дастур, мезон бўлиши керак. Ўзимизни олим ҳисоблаб юрар эканмиз, келинг бир ўз ҳолимизни тафтиш қилиб кўрайлик, биз ҳақиқатан олим деб айтса бўладиган одаммизми? Агар ҳолимиз шу мезонга мос келса Аллоҳ шу йўлда собит қилсин, агар мос келмаса дарҳол кўзимизни очишимиз, ўзимизни унга мослаш ҳаракатига тушишимиз лозим.

Муҳаммад Аҳмад Исмоилнинг “Ҳурмату аҳлил-илм” рисоласи асосида

Муҳаммадали ПИРҚЎЗИЕВ

“Ҳазрати Умар Одил” масжиди имом хатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *