ИСТИХОРА НАМОЗИ

6ec8d5b30ba5ec29a3a8b6f5b989f0a6

Ҳаётда шундай вазиятларга дуч келамизки, олдимиздаги икки йўлдан бирини танлашга ожизлик қилиб қоламиз. Қайси бири дин ва дунёмиз учун фойдалигу, қайси бири зарарли? Билолмасдан бош қотади, тараддудланамиз. Масалан келин танлашда, бирор мансабга ўтиришда, сафарга чиқиш ё чиқмаслик, тижорат, қарз бериш ва ҳоказо муҳим ишлар. Нима қиларимизни билмай баъзида ёши улуғ, тажрибали инсонларга бориб маслаҳат ҳам соламиз, муаммога ечим қидирамиз, фойдали танловни аниқлашда ёрдам сўраймиз.

Шундай вазиятга тушиб иккиланиб қолганларга шариатимиз истихора қилишни тавсия қилади. Истихора бу – киши олдида кўндаланг турган икки ишдан қай бири Аллоҳ таолонинг наздида банданинг дини ва дунёсига хайрли эканини аниқлаш демакдир. Истихора икки ракат намоз ва махсус дуо билан бўлади. Имом Бухорий саҳиҳ тўпламида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят келтирилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ҳар бир ишда худди Қуръон ўргатгандек истихора қилишни ўргатар эдилар. Айтар эдиларки:

«Бирортангизни муҳимроқ бир иши бўлса 2 ракат нафл намоз ўқисин ва шундай дуо қилсин:

“Эй Аллоҳ, илминг ила мен Сендан истихора қиламан ва қудратинг ҳурмати иқтидор сўрайман ва яна улуғ фазлингдан сўрайман. Зеро сен ҳар бир ишга қодир мен эса ожизман. Ва сен ҳар бир нарсани билувчи олимсан мен эса омийман. Ва яна сен ғайб илмини ҳам жуда яхши билгувчидирсан.

Эй Аллоҳ, мен кўзлаб турган бу иш менинг дийним, дунёим ва келажагимда фойдали бўлса, мени унга қодир қил ва у ишни менга осон ҳамда баракотли қил.

Агар бу ишим менга дийним, дунёим ва келажагимда фойдасиз экани сенга маълум бўлса, у ишни мендан ва мени у ишдан йироқ қилгин ва ундан яхшироқ иш қаерда бўлса мени ўшанга йўллаб қўйгин ва мени ҳурсанд қилгин». Ва айни хожатини номини айтиб дуо қилади. (Бухорий).

Ровийнинг сўзига қараганда истихора намози Исломда алоҳида ўз ўрнига эга ибодат турларидан бўлиб, мўмин мусулмон ҳар қандай иш олдидан, унинг оқибати диний ва дунёвий жиҳатдан манфаати бор ёки йўқ эканлигини аниқлаш учун ўқилади. Истихорани Расулулуллоҳ худди Қуръон синггари аҳамият билан ўргатишларига эътибор қаратадиган бўлсак, бу намоз салафи солиҳлар, хусусан саҳобалар орасида кенг тарқалган суннатлардан бўлган.

Истихорадан кейин Аллоҳ таоло банданинг қалбини икки танловдан бирига очади, қалбида шу иш фойдали деган ишонч пайдо бўлади. Агар аниқлик бўлмаса истихорани етти мартагача такрорлаш тавсия этилади. Шайҳ Иброҳим Ҳалабий “Мунят ул-мусолли”нинг шарҳида айтишича, Ибн Синний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Эй Анас, бирор иш қилмоқчи бўлсанг, у ишда Раббингга етти марта истихора қил. Кейин қалбингга биринчи маъқул келганига қара. Чунки яхшилик ўшанисидадир”.

Содиқов Жалолдин

Андижон шаҳар “Уйғур” жоме масжид ноиб имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *