ЖАНОЗА ВА УНГА БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАР 2

tochno

(Савол-жавоб)

— Таҳоратни синдирувчи ҳадасдан кейин ҳам янгиланмайдиган таҳорат борми?

— Бор. Маййитнинг таҳорати, ўнинг ичидан бирон нарса келганидан кейин ҳам қайтариб янгиланмайди. “Танвийр ул-абсор”да маййитни ичидан нима чиққан тадирда ҳам унинг таҳорати ва ғусли қайта янгиланмайди, дейилган.

— Эр ўз хотинига тегиниши (қўл ё баданидан бирор ерини теккизиши) ҳаром бўладиган ҳолат бўлиши мумкинми?

— Мумкин! Хотин ўлганидан кейин, эри унга тегиниши мумкин эмас. Лекин жасадига қараши мумкин. “Танвийр ул-абсор”да шундай дейилган.

— Бировни чўмилтириб қўйган киши, ўзи ҳам чўмилиб олиши мустаҳаб бўларкан. Бу ким?

— Ўликни чўмилтирганлар. Маййитни ғусл қилдириб қўйган ғассол ўзи ҳам дарҳол ғусл қилиб олиши мустаҳаб бўлади. Имом Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ким бир маййитни ғусл қилдирса, бас, ўзи ҳам ғусл қилиб олсин!”. Бу мустаҳаб ҳукмини исбот этувчи буйруқ бўлиб, бу ғусл баданга ўрнашиб қолган бадбўй хидларни йўқотиш учундир. Аксар фуқаҳолар шу фикрга қўшилган. Чунки саҳиҳ ҳадис борки, “Сизларга ўлик туфайли ғусл вожиб эмас”. (Дорақутни, Ҳоким, Байҳақий). Баъзи ривоятларда .қоридаги ҳадисдаги буйруқ мустаҳабни эмас вожибликни ифода этади. Чунки ғассолнинг баданига маййитнинг баданига теккан сувлар сачраган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас—дейилган. Уларга жавобан шундай дейилади: Поклаш учун ишлатилган “оби мустаъмал” саҳиҳ қавлга кўра, покдир! “Мирқот”да шундай дейилган.

— Маййитни қандай матога ўраб кафанлаш макруҳ бўлади?

— Ҳаётлик чоғида кийиш мумкин бўлмаган матоларга кафанлаш макруҳ бўлади. Демак, эркак кишини ҳарир (ипак) матога ўраб кафанлаш макруҳ бўлади. Бу масалага “Нисоб ул-иҳтисоб”да ҳужжат келтирилган. Чунки, кафан маййитнинг ҳаётидан кейинги либоси ҳисобланади. Шундай экан кафанга ҳам тириклик чоғидаги ҳукмга қараб ҳукм чиқарилади. Ўшанинг учун ҳам кафан ҳаражатлари маййитнинг қарзидан ҳам олдин қилинади.

— Кафан қандай рангда бўлгани мустаҳаб?

— Оқ ранг. “хизонатур-ривоят”да шундай дейилган.

— Кафанланмасдан, фақат битта латтага ўраб кўмиладиган маййит ҳам борми?

— Бор. Чала туғилган боланинг жасади кафанланмайди, балки бир латтага ўраб кўмилади. “Баҳрур-роиқ”да “ал-Мужтаба”дан нақл қилиб шундай дейилган: Кафанланувчилар 12 тур бўлади: 1-балоғат ёшидаги эркак; 2- балоғат ёшидаги аёл; 3-бўйи етиб, шаҳвоний истак ёшига етиб қолган ўсмир йигит; Бу ҳам балоғатга етганлар кабидир; 4-буйи етиб шаҳвоний истак ёшига етиб қолган ўсмир қиз; Бу балоғатга етган аёл кабидир; 5-ўсмирлик ёшига етмаган ёш ўғил болалар; Икки латта—изор ва лифофага ўраб кафанланади. Агар битта лифофани ўзига ўраб кўмса ҳам жоиз бўлаверади; 6-ўсмирлик ёшига етмаган ёш қиз. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида уни учта латтага ўраб кафанланади. Изор, қамис, лифофа; 7-чала туғилган, тушиб қолган гўштпарча. Бирор латтага ўраб кўмилади. Кафан қилинмайди. Худди инсоннинг бирор аъзоси каби; 8-жинси номаълум хунасаи мушкул. Худди жориялар каби кафанланади, қабри туянинг ўркачи каби дўм қилиб қўйилади; 9-Шаҳид. Ўз қони ва либослари билан кўмилади. Фақат кафан жинсидан бўлмаган аслаҳалари ечиб олинади холос; 10-кишининг маҳрам қариндоши. Бу худди ҳалол қариндоши каби кафанланаверади; 11- қабридан бадани юмшоқ ҳолда ковлаб чиқарилган жасад. Олдин дафн этилмагандек қайта кафанлаб кўмилади; 12-қабридан бадани титилиб кетган ҳолда ковлаб чиқарилган жасад. Битта латтага ўраб кўмилади.

Элмурод Қўзиев.

Андижон тумани, «Холдорбой Ҳожи» жоме масжид имомхатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *