ЖАНОЗА ВА УНГА БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАР

tochnoe-vrem

(Савол-жавоб)

— Инсон нимани орзу қилиши макруҳ бўлади?

— Ўлимни! Дунё ташвишларига чидамаслик қилиб, яшаш шароитидан норизо бўлиб ўлимни орзу қилиш гуноҳ бўлади. Аммо, диний важ билан бўлса макруҳ эмас. Масалан гуноҳга кириб қолгандан ўлим афзал демоққа ўхшаш. “Дурр ул-мухтор”да шундай дейилган.

— Ўлим тўшагида ётган инсонни қиблага юзлантирмасдан ўз ҳолича ташлаб қўйиш мумкинми?

— Агар қиблага қаратиш машаққат бўлса, беморга қийинчилик туғдирса шу ҳолатдагина мумкин. “Баҳрур-роиқ”да шундай дейилган.

— Қиблага қаратиш машаққатли бўлмаса ҳам қиблага қаратилмайдиган ўлик ҳам борми?

— Ҳа, бор! Тошбўрон қилиб ўлдирилган зинокорлар. “Дурр ул-мухтор” ва “Меърож уд-дироя”да шундай деган.

— Ўлим тўшагида ётган одамнинг олдида қайси сурани ўқиш яхши?

— Ёсин сурасини ўқиш. “Ширъат ул-ислом”да айтилишича, ўлим тўшагида ётган одамнинг олдида ёсин сурасини ўқиш суннат бўлади. Шунингдек, унинг олдида солиҳ тақволи одамларнинг туриши ҳам яхши бўлади. Маййит ётган тўшакларига хушбўйларни сепиш керак, чунки у ерга фаришталар хозир бўлади.

— Оғзидан куфр калималари чиқса-ю, кофирга ҳукм ҳукм қилинмайдиган киши бўладими?

— Ҳа, бўлади. Ўлим билан олишиб ётган киши. “Баҳрур-роиқ”да айтилишича, инсон жон топширар ҳолида куфр калималарини айтса ҳам уни кофир деб ҳукм қилинмайди. Балки мусулмонлар қатори ювиб, кафанлаб, жаноза ўқиб мусулмонлар қабристонига дафн этилади. Чунки у жон чиқиш ҳолида ақл-хуши ўзида бўлмайди, шунга кўра уни кофир деб ҳукм қилинмайди.

— Қандай ўликнинг қорнини ёриш мумкин?

— Қорнида ҳомиласи қимирлаб турган хотиннинг ўлигини. Имом Муҳаммад бундай ҳолатда аёлнинг қорни ёрилиб, ҳомиласи олиб қолинади, деган. “Фатовои Қозихон”да шундай дейилган.

— Шаҳиддан ташқари яна қандай жасадларни ювмасдан дафн этилади?

— Жинси номаълум хунасаларни. “Сирожия”да хунасалар ғусл қилдирилмайди, дейилган. “Фатҳул-қадир”да “маййитни ғусл қилдирмоқ ижмоъ билан фарз бўлган. Бироқ жинси номаълум хунасалар мустасно. Чунки уларнинг масаласида ихтилоф бор. Баъзилар таяммум қилдирилади, деса бошқалар устидаги кийими билан ювилади дейишган”.

— Сувга чўкиб ўлган одамни ғусл қилдирмаса ҳам бўладими?

— Бўлмайди. “Сирожия”да сувдан топилган ўликни ювиш шарт дейилган.

— Ювмасдан, жаноза ўқилмасдан кўмиладиган ўлик ҳам борми?

— Бор. Мусулмон қариндоши йўқ кофирлар шундай кўмилади. Маййитнинг тўрт тури бор: 1-жанозаси ўқилади-ю, лекин ювилмайди. Бу шаҳид бўлган маййит. 2-жанозаси ҳам ўқилади, жасади ҳам ювилади. Бу мусулмонларнинг бирор сабаб билан ўлганлари. 3-жасади ювилади-ю, лекин бежаноза кўмиладиган ўлик. Булар йўлтўсар қароқчилар, одил подшога қарши бош кўтарган боғий-исёнчилар ва мусулмон қариндоши бор кофирларнинг ўликлари. 4-юқорида айтилган мусулмон қариндоши йўқ кофирлар. Буларни ювмасдан, бежаноза кўмилади. “ал-Манофеъ”да шундай дейилган.

— Шаҳид бўлиб ўлганлар ичида ювиб кўмиладигани ҳам борми?

— Бор. Шаҳид бўлишидан олдин ғусл вожиб бўлган кишилар. Масалан шаҳидликдан олдин жунуб бўлган, ёки ҳайз ёхуд нифос қонидан пок бўлгану ғусл қилишга улгурмасдан шаҳид бўлган. Шуларни гарчи шаҳид бўлса ҳам ғусл қилдириб кўмилади. Бу имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида. Имом Аҳмад ҳам шуни олган. Моликийлардан Саҳнун, Шофеъийлардан Ибн Сурайж ва Ибн Абу Ҳурайра ҳам шу фикрда бўлган. Имом Авзаъийнинг ҳам бир қавли шундай бўлган. Авзаъий яна бир гапида ювилмайди деган. Имом Шофеъий ҳам шу фикрда бўлган. Моликийлардан Ашҳаб ибн Абдулазиз ҳам шундай деган.

— Қандай маййитни таҳорат олдирилмайди?

— Ақлини танимаган гўдакнинг ўлиги таҳорат олдирилмасдан ғусл қилдирилади. Имом Ҳамавий “Ашбоҳ”ни ҳошиясида “Татархония”дан нақл қилиб дейди: Маййитга худди намозга таҳорат қилингандек таҳорат қилдирилади. Шамсулаимма Ҳалвоний: бу фақатгина каттаёшли ва намозни биладиган сабийларга тегишли, намозни фарқига бормайдиган сабийлар эса ғусл қилдирилади-ю лекин таҳорат қилдирилмайди—деган. “Баҳрур-роиқ”да ҳам шундай дейилган.

— Қайси ғуслда бошга масҳ қилинмайди?

— Маййитнинг ғуслида. Бу бир ривоятга кўра. “Бурҳон”да айтилишича, танланган қавл шуки, маййитни ғусл қилдирилганда ҳам бошига масҳ тортиб қўйилади.

— Қайси ғуслда иссиқ сув ишлатиш афзал бўлади?

— Маййитни ғусл қилдиришда совуқдан кўра иссиқ сув ишлатиш афзал. Тирикларда эса иссиқ сув ҳам совуқ сув ҳам тенг. Имом Ҳамавий бу масалани “Татархония”дан нақл қилиб ҳужжатлаб берган.

— Қайси ғуслни юзни ювишдан бошлаш мустаҳаб бўлади?

— Ўликни ғусл қилдиришдан юзидан бошлаб ювиш мустаҳаб бўлади. Тирикларнинг ғуслида эса икки қўлдан бошлаш мустаҳаб. “Ашбоҳ”да шундай дейилган.

Абдулҳай Лакнавийнинг «Нафъул-муфти вас-саил бижамъи мутафарриқотил-масаил» номли фатво тўпламидан.

Элмурод Қўзиев.

Андижон тумани, «Холдорбой Ҳожи» жоме масжид имом-хатиби.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...