МУҲАРРАМ ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ

imagesИслом оламида Муҳаррам ойи ўтган йил билан хайрлашув ва янги йилни кутиб олиш санаси ҳисобланади. Бу ойни ўтган йилдаги гуноҳларга тавба ва келгуси йил учун хайрли ниятлар билан кутиб олсак жуда ҳам яхши бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман”. Тоҳа / 82. Шу оятга таяниб айтадиган бўлсак, гуноҳларга астойдил тавба қилган одамнинг ортдаги жами гуноҳларини Аллоҳ кечиради.

Муҳаррам ойи алоҳида хусусиятларга эга ва Аллоҳ тарафдан танланган фазилатли ойдир. Бу ой ҳижрий сананинг бошланиши ва Исломда уруш ҳаром қилинган тўрт қадрли ойнинг биридир. Аллоҳ таоло айтади:

 إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْراً فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ

Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг сони, осмонлару ерни яратган куни Аллоҳнинг китобида ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг.Тавба / 36.

Ушбу ояти карима ойларнинг ҳисоби, табиий равишда, Аллоҳ осмонлару ерни яратган пайтдаёқ, уларнинг ҳаракатига боғлиқ қилиниб ўн икки этиб белгиланганлигини баён қилмоқда. Бу доимий равишда бир хил турадиган собит ҳисобдир. Булардан тўрттасини алоҳида хосланган ва “ҳаром ойлари” деб белгиланган. Бу ойларда қилинган гуноҳлар бошқаларига нисбатан оғирроқ, солиҳ амалларнинг савоби эса кўпроқ бўлади.

Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: Зулм ҳеч қачон оқланмайди, у ҳамиша оғир гуноҳдир. Аммо, ҳаром ойларида қилинган зулмнинг азоби бошқа ойлардагидан кўра аламлироқ бўлади. Тафсири ибн Касир.

Абу Бакрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Бир йил ўн икки ойдир. Ундан тўрттаси ҳаром бўлиб, уларнинг учтаси – зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам кетма-кет келади. Ражаб эса Жумодил охир ва шаъбон орасида. Бухорий ва Муслим

Ҳасан ал-басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: Аллоҳ йилни ҳаром ойи билан бошлади ва ҳаром ойи билан тугатди. Йил ойлари ичида Рамазондан кейин бирорта ой улуғворликда Муҳаррамга тенглаша олмас.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Рамазондан кейин энг фазилатли рўза Муҳаррам ойининг рўзасидир. Фарзлардан кейин энг фазилатли намоз тунги намоздир. Муслим.

Имом Нававий шу ҳадиснинг шарҳида айтади: бу ҳадисдан ойдинлашадики Муҳаррам ойи нафл рўза тутиш учун энг афзал ой экан.

Абу Қатода ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ошуро (муҳаррам ойининг 10-куни) ҳақида савол қилинди: ул зот жавоб бердилар: Ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлади! Саҳиҳи Муслим.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Агар келаси йил ҳаёт бўлсам тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман. Саҳиҳи Муслим.

Яна Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Ошуро куни рўза тутинглар! Яҳудларга мухолафат қилиб бир кун олдин ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар!  Имом Амад ибн Ҳанбал.

Шу ҳадисга кўра муҳаррам ойининг 9-10-11 кунлари рўза тутишлик суннатга мувофиқ бўлади.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни Ошуро куни рўза тутишга буюрардилар, қизиқтирардилар ва бунга ваъдамизни олардилар… Имом Муслим.

Ошуро куни рўза тутиш фазилатли бўлгани каби, бу кунда хайр садақа қилиш ҳам кўп савоблидир. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у айтди: Кимки Ошуро куни рўза тутса гўё бир йил рўза тутибди. Кимки бу кунда садақа улашса гўё бир йил садақа улашибди. Абу Мусо Мадиний. Латоиф ал-маъориф.

Шунингдек, Ошуро куни ҳар бир мусулмон ўз оила аъзоларига кенгчилик бериши ҳам мустаҳаб саналади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Кимки Ошуро куни ўзи ва оиласига кенгчилик қилса Аллоҳ унга йил давомида кенгчилик қилади.  Байҳақий. Ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ шу ҳадисга илова қилиб: “Биз бу ҳадисда айтилган ваъдани 50-60 йилдан буён тажрибадан ўтказдик. Фақат барака топдик, кам бўлмадик”—деган. Латоиф ал-маъориф. 113 – Б.

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *