ҚУРЪОН БИЛАН ҚАСАМ ИЧИШ ҲУКМИ

ilmАллоҳнинг гўзал исмларини тилга олиб, масалан: «валлоҳи», «таллоҳи», «биллоҳи», деган сўзлар билан ичилган қасам шариат нуқтаи назаридан мунъақид яъни, қонуний кучга эга ҳисобланади. Аллоҳдан бошқасининг номи билан қасам ичиш жоиз эмас. Бу масалаларда ихтилоф йўқ. Лекин Қуръони карим билан қасам ичиш масаласида қуйидаги маълумотлар бор:

Имом Молик, имом Шофеъий ва имом Аҳмад Ҳанбалийларнинг (Аллоҳ уларни раҳматига олсин) наздида мусҳафи шариф билан ичилган қасам ўринлидир.

Ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳ айтган: “Бу масалада сўзи эътиборга олинмайдиган даражадаги аҳли илмларнинг хилофи нақл қилинган.

“Тамҳид”да ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ жуда кўп саҳоба ва тобеинларнинг мавзуга доир қавллари борлигини ва уларнинг мусҳаф билан ичилган қасам мунъақид (шаръан кучга эга) эканини ҳикоя қилган. Шунингдек, айтганки: “бу масалада жамоатга ҳеч ким мухолиф бўлмаган, магар сўзига парво қилинмайдиган айримлар мустасно”. (Роҳмату-л-умма фи ихтилафи-л-аимма. 220/Б).

Имом ибн ал-Мунзир раҳимаҳуллоҳ “Авсат”да келтиришича, Қатода раҳимаҳуллоҳ мусҳаф билан қасам ичар эканлар. Аҳмад ибн Ҳанбал ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳуллоҳлар ҳам “мусҳаф билан қасам ичишнинг кароҳияти йўқ”, деганлар. Баъзи аҳли илмлар айтардилар: Аллоҳнинг азамати, иззати каби сифатлар билан қасам ичганларга каффоратни вожиб қиладилар-у, каломи билан қасам ичганларга нега каффорат вожиб бўлмас экан?! Ваҳоланки калом ҳам Аллоҳнинг сифатларидан биридир! Аллоҳнинг сифатлари билан ичилган қасам ва Қуръон билан ичилган қасамнинг орасида нима фарқ бор?! (Авсат. 12/ж. 99-100/Бетлар).

Ҳанафий мазҳабимиз фиқҳига доир матнларда “Қуръон билан қасам ичиш дуруст эмас” — дейилган бўлсада, мутааххир фақиҳлар томондан битилган ҳошия ва шарҳларда жумҳурнинг қавлига мувофиқ фатволар берилганига гувоҳ бўламиз. Жумладан “Танвийру-л-абсор”нинг шарҳи—“Дурру-л-мухтор”да шундай дейилади:

لا يقسم بغير الله تعالي كالنبي و القرأن و الكعبة قال الكمال: و لا يخفي ان الحلف بالقرأن الان متعارف فيكون يمينا. و اما الحلف بكلام الله فيدور مع العرف. و قال العيني: و عندي ان المصحف يمين لا سيما في زماننا. و عند الثلاثة المصحف و القرأن و كلام الله يمين.

Набий, Қуръон, Каъба каби Аллоҳдан бошқа нарсалар билан қасам ичилмайди.

Камол ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ айтганлар: бугунги кунда Қуръон билан қасам ичиш урф-одатга айланиб, барча томондан қасам деб эътироф этилгани махфий эмасдир. Шундай экан, у шаръан қасам бўлади. Аммо, “каломуллоҳ” билан қасам ичишга келсак, бу масала ҳам урф-одат билан мослашиб кетаверади. Айний атган: “менинг фикримча, мусҳаф билан қасам ичиш шаръан қасамдир. Айниқса, бизнинг замонда…“. Имом Молик, Шофеъий ва Аҳмад Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ уччовларининг наздида “мусҳаф”, “Қуръон” ва “каломуллоҳ” сўзлари билан ичилган қасам шариат нуқтаи назаридан ўринли қасамдир. (Родду-л-мухтор ъала дурри-л-мухтор. 5/ж. 484-485/Б).

Қасамини бузганлар уч хил йўлнинг бири билан каффорат тўлайдилар: бир қулни озод қилиш; ўн нафар мискинни тўйдириш; ўн нафар мискинни кийинтириш. Шу уччовидан ихтиёрий тарзда бирини танлайди. Агар булардан бирортасига ҳам қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутишлари талаб қилинади.

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *