ҚУРЪОН СОҲИБЛАРИГА 50 ТАВСИЯ

f99caa8951bc43a0ed718ce65b05a0dcҚуръон – инсониятни икки дунё саодатига етакловчи илоҳий китобдир. Қуръон бирорта шоир ёки адиб тарафдан ёзилган ижод маҳсули эмас, балки қадим ва азалий муқаддас ўхшаши йўқ мўъжизавий китоб бўлиб у Аллоҳнинг каломидир. Аллоҳнинг каломи мусҳафларга ёзилади, ўқилади, ёд олинади ва қалбларда сақланади. Қуръон самовий китобларнинг сўнггисидир. Қуръондан кейин ҳеч қандай илоҳий китоб туширилмайди. Унинг тиловати ҳам, ҳифзи ҳам, маъноларида мулоҳаза қилиш ҳам, ҳатто унга тикилиб назар қилиш ҳам ибодатдир. Қуръон уни олдинга қўйганларни жаннатга бошлаб боради. Ортга қўйганларни эса жаҳаннамга ҳайдаб солади. Мусулмонларнинг ҳужжати ва ҳаёт дастуридир. У мўминларга хушхабар берувчи, кофирларни жаҳаннамдан огоҳлантирувчи китобдир. Қуръон қиёмат куни ўз соҳибларининг жонига оро кирадиган шафоатчидир. Қуръони каримни улуғлаш, зое бўлишидан сақлаш ҳар бир мусулмонинг бурчидир! Бу ҳукмга жамики ислом олимлари ижмоъ қилган.

Қуйидаги мақолада Қуръон соҳиблари билиши ва доимий Қуръон билан муомала қилишда амал қилиши керак бўлган элликта тавсия жамланди. Уни жамлашда имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “ал-Жоме лиаҳком ил-қуръан” номли тафсири ва Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг Мухтасарут-тибён фи одоби ҳамалатил-Қуръан номли асаридан кенг фойдаланилди.

Демак, Қуръони карим ҳомилларига Аллоҳнинг каломига ҳурмат юзасидан қуйидагилар лозим бўлади:

  1. Мусҳафи шарифни фақат таҳорат билан ушламоқ; Аллоҳ таоло айтади: (لَّا يَمَسُّهُ إِلَّا الْمُطَهَّرُونَ) Уни фақат покланганларгина ушлайдир. Воқеа сураси /79. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатиш чоғида, унга ёзиб берган аҳдномасида Қуръонни фақат покиза одамларгина ушлаши мумкинлигини алоҳида қайдлаганлар. Ибн Мирдавайҳ.
  1. Таҳорат билан қироат қилмоқ; Таҳоратсиз одам мусҳафни ушламасдан қироат қилиши ижмоъан жоиз. Кароҳияти йўқ, лекин афзал жиҳатини олмаган ҳисобланади. Таҳоратга сув топа олмаганлар таяммум қилади. Жунуб ва ҳайзли аёлнинг қироъати эса асло мумкин эмас.
  2. Тишлари ва оғзини ювиб, хушбўйланиб ўқимоқ; Язид ибн Абу Молик айтган экан: “Оғизларингиз Қуръон йўлидир. Шундай экан уни покланг!”. Агар оғзида нажосат бўлса аввал ювиб ташлаш керак. Акс ҳолда тиловати макруҳ бўлади.
  1. Намоздан ташқаридаги ҳолатларда ҳеч нарсага суянмасдан, чўкка тушиб ўтирган ҳолда ўқимоқ; Аллоҳнинг каломини ўқиш учун нажосат ва ифлос нарсалардан пок, хушманзара жой танланиши мустаҳабдир. Уламолар энг яхши жой масжидлардир деган. Чунки масжид ҳамиша пок ва яна бошқа фазилатларга эга баракали жойдир.
  1. Қуръон ўқишдан олдин, худди амалдор раҳбарнинг олдига борганда ясангандек ясаниб чиройли либосларини киймоқ; Қуръон ўқиётган қори ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётганини, бутун мавжудотнинг эгаси, оламларнинг ягона подшоси – Аллоҳнинг хузурида турганини, гўёки аллоҳ билан гаплашаётганини тўлақонли ҳис қилиши керак.
  1. Қиблага юзланиб қироъат қилмоқ; Одоб ва виқор билан гўзал ҳайъатда ўтриши, ниятини холис Аллоҳ учун қилиши лозим. Дунёвий паст нарсаларни эмас Аллоҳнинг ризолигини мақсад қилиши керак.
  1. Ҳар балғам чиқариб тупурганида оғзини янгидан чайқамоқ; Абдуллоҳ бн Аббос розияллоҳу анҳу қироат қилган олдига алоҳида идиш қўйиб оларканлар. Ҳар сафар балғам чиқприб тупурса, дарҳол оғзини янгидан чайқаб кейин қироъатга киришар экан.
  1. Эснак келганда қироъатини тўхтатиб туриш; Чунки қори тиловат чоғида Раббиси билан мулоқотда бўлади. Эснак эса шайтондандир. Мужоҳид розияллоҳу анҳу айтган: Қироъат қилаётган чоғингда эснак келиб қолса, қироъатингни тўхтатиб эснаб ол. Бу Қуръонни улуғлаш бўлади.
  1. Қироъатни бошлашдан аввал “Аъувзу биллаҳи минаш-шайтонир-рожим” деб истиъоза айтмоқ; Чунки Аллоҳ таоло қуйидагича амр қилган: (فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ) Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин. Наҳл сураси / 98. Яъни, аввал «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин. «Аъузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради. Ушбу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади. Тафсири ҳилол.
  1. Суранинг бошидан бошлаганда истиъозадан кейин “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” демоқ; Ҳар бир яхши ишни бошида Аллоҳнинг исмини зикр қилиб бошламоққа буюрилганмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг номи ила бошланмаган ишда барака бўлмайди деган мазмунда ҳадислари бор. Лекин Бароъат сурасида “бисмиллоҳ”ни айтмайди. Сураларнинг бошида “бисмиллоҳ”ни айтмасдан ўқиганлар аксар уламоларнинг фикрига кўра, Қуръоннинг бир қисмини ташлаб ўқиган бўлади.
  1. Қироъат жараёнида биров билан гаплашмаслик, Аллоҳнинг каломга одамларнинг каломини аралаштирмаслик; Фузайл ибн Иёд раҳимаҳуллоҳ айтган: Қуръон ёдлаган қори гўёки Ислом байроғини кўтариб юрган байроқдордир. Бас, шундай экан қорилар бекорчилар билар билан вақтини бекор ўтказиши мумкин эмас!
  1. Қироъат учун ҳеч ким ҳалақит қилмайдиган, ҳеч ким саволга тутмайдиган жойни танлаб ўтириш; Чунки қироъат вақтида ким биландир гаплашса ё саволига жавоб қайтарса қайтада истиъоза қилиши лозим бўлади.
  1. Ўқиганда тажвид қоидаларига мос тартил билан ўқимоқ; Чунки Аллоҳ таоло буюради: (وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلاً) ва Қуръонни тартил билан тиловат қил. Муззаммил сураси / 4. Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади. Бу оятда Аллоҳ қориларга худди шу тарзда ўқишни амр қилади. Демак, қуръонни тажвид қоидасига мувофиқ ўқиш ҳам Аллоҳнинг буйруғи ва Қуръонга нисбатан ҳурмат экан.
  1. Ҳар бир ҳарфнинг ҳаққини тўла-тўкис адо қилмоқ; Чунки ҳар бир ҳарфга ўнта ҳасана ваъда қилинган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана бор. Ҳасана эса ўн баравардир. Мен «алиф лам мим» битта ҳарф, демайман. Балки, «алиф» бир ҳарф, «лам» бир ҳарф, «мим» бир ҳарф! — дедилар». Термизий ривояти.
  1. Диққат билан, фикрини жамлаб, ўқиётган оятларининг маъноларини тадаббур қилиб ўқимоқ; Аллоҳ таоло айтади: (كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِّيَدَّبَّرُوا آيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ) Биз сизга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир. Сод сураси / 29. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралди: Қандай кишининг қироъати энг чиройли қироъат? Ул зот жавоб бердилар: Тиловатини эшитганингда уни “Аллоҳдан қўрқиб тиловат қиляпти”—деб хулоса қиладиганинг! Имом Суютий. Тафсир билмаъсур. 15 –Ж. 42 – Б.
  1. Ваъда оятларига келганда тўхтаб, шу оятда ваъда қилинган неъматларни Аллоҳдан сўрамоқ, ваъид оятларига келганда ҳам тўхтаб бу оятда кофир ва фожирларга тайёрлаб қўйилгани айтилган азоблардан паноҳ тиламоқ; Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди шундай қироъат қилар эканлар. Шунингдек, салафи солиҳлар ҳам шу услубда тиловат қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтади: Қуръонни 15 ё 20 кунда бир хатм қилишни яхши кўраман. Чунки шунда маъноларини тафаккури билан ўқиш мумкин. Имом Молик ривояти. Ал-Муатто.
  1. Қуръонда келтирилган ўхшатиш ва зарби масаллардан ибратланмоқ; Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ айтар экан: сиздан олдингилар Қуръон Раббимизнинг бизга юборган номаси, деб эътиқод қиларди. Шундан келиб чиқиб, кечалари унинг оятларида фикр юритишар, кундузлари эса ҳаётларига татбиқ этишар эди.
  1. Қироъатни тамомлаганда Аллоҳнинг сўзи рост эканини тасдиқламоқ, Расулуллоҳ шу оятларни бизга етказганига ва буларнинг ҳаммаси ҳақлигига шоҳидлик бермоқ; Яъни “содақта Роббана ва баллағат русулука ва наҳни ъала залика минаш-шаҳидин. Аллоҳумма ижъални мин шуҳадааил-ҳақ, ал-қоимийна бил-қист” демоқ. Маъноси: Эй раббимиз, Сен рост сўзладинг. Расуллуринг бу оятларни бизга етказди. Биз уларнинг етказганига гувоҳмиз. Эй Аллоҳим, бизни ҳақ шоҳидларидан ва адолат қилувчилардан қилгин.
  1. Тасдиқ ва шаҳодатдан кейин бошқа ҳожатларини айтиб дуо қилмоқ;
  1. Қуръон ўқиганда ҳар-ҳар сурадан оятларни танлаб ўқимасдан, мусҳафи шарифда берилган тартиб бўйича ўқимоқ; Ривоят қилинишича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол розияллоҳу анҳуни ҳар-ҳар сурадан оятларни териб ўқиётганига шоҳид бўлдилар ва у кишига ҳар сурани тартиб билан бутун ўқишини амр қилдилар. Ибн Абу Шайба.
  1. Мусҳафи шарифни очиқ ҳолида қолдирмаслик;
  1. Мусҳафи шарифнинг устига бошқа китобларни қўймаслик;
  1. Ўқиганда мусҳафни қўлида ушлаб баландроқ кўтармоқ, ёки бирор баландроқ лавҳ устига қўйиб ўқимоқ, ерга қўймаслик;
  1. Қуръон оятларини тахтага ёзиб ўқувчилар уни ўчириш лозим бўлганда туфук билан ўчирмаслиги, балки сув билан ўчирмоқлик;
  1. Мусҳафни сув билан ювиш лозим бўлиб қолса, ғусоласини (мусҳафни ювилган сув) нажосатхонага ва оёқ билан босиладиган ерларга оқизмаслик; Салафи солиҳлар мусҳаф ғусоласини шифо ниятида истеъмол қилар эканлар. Имом Қуртубий.
  1. Мусҳафи эскириб кетганда унинг саҳифаларини йиртиб бошқа китобларга муқова сифатида ишлатмаслик;
  1. Лоақал бир кунда бир марта бўлса ҳам мусҳафга қарамоқ; Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтар экан: “Мен ҳар куни Раббимнинг китобига қарайман. Бирор кунни мусҳафга қарамасдан ўтказиб юборишга Раббимдан уяламан”.
  1. Қуръондан кўз ҳаққини ҳар куни адо қилмоқ; Мусҳафга қараб ўқиганда кўз билан қулоқ ўз ҳаққини олишда шерик бўлади. Абу саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кўзларингизни ибодатдаги ҳаққини адо этинглар!” Саҳобалар сўради: Эй Аллоҳнинг Расули, кўзнинг ибодатдаги ҳаққи нима? Ул зот жавоб бердилар: “Мусҳафга қарамоқ, оятларида тафаккур қилмоқ ва ажоиботларига эътибор қаратмоқ!”. Байҳақий. Макҳул раҳимаҳуллоҳ Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Умматларим ибодатининг афзали Қуръонни қараб ўқимоқдир!” Байҳақий. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръонни мусҳафсиз ўқиш минг даражадир. Уни мусҳафда ўқиш эса ўшандан икки минг даражага кўпайтирилади». Табароний ва Байҳақий ривоят қилган.
  1. Аллоҳнинг каломини ўзининг каломи ўрнида қўлламаслик; Масалан “Енглар ичинглар, исроф қилманглар” мазмунидаги оятни меҳмонларга қарата ўз каломи сифатида қўлламаслик керак. Бу Қуръонга ҳурматсизлик бўлади. Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг каломини ўз гапи ўрнида ишлатганларни жудда қаттиқ ёмон кўрар эканлар. Қуртубий. Баъзи сураларнинг номларини зикр қилганда алоҳида эҳтиёткорлик ва эҳтиром билан тилга олмоқ; Масалан “Бақара сураси”ни “Сигир сураси” деб эмас, балки, “Сигир ҳақида сўз юритилган сура”, ёки “Намл сураси”ни “Чумоли сураси” деб эмас, балки, “Чумоли ҳақида сўз юритилган сура” деб.
  1. Оятларни мусҳафда белгиланган тартиб билан ўқимоқ; Ўнгдан чапга, тепадан пастга йўналишида. Чапдан ўнгга, пастдан тепа йўналишида ўқимоқ Қуръонга ҳурматсизлик бўлади.
  1. Атрофдагиларга малол келадиган даражада, ўзини қийнаб қичқириб ўқимаслик; Имом Заҳабий айтган экан: “Меҳробда имомнинг қичқириб қироъат қилаётганини кўрсангиз, билингки, у намозни хушуъ билан ўқимаяпти. Унинг эътибори намозда эмас, балки, шуҳрат орттиришдадир!”. Жамол ал-Қурро. Саховий.
  1. Қуръонни лаҳн билан ўқимаслик; Лаҳн – қироъатни чиройли чиқариш мақсадида тажвид қоидаларини бузиб, куйга мослаб ўқимоқ. Имом Қуртубий айтади: Мисрда баъзи қорилар подшоларнинг олдида, жанозаларда лаҳн билан қироъат қилишиб, бунинг эвазига келишилган ҳақ олишади. Бу уламолар иттифоқи билан ҳаромдир! Уларнинг амали бекор ва ҳаракатлари залолатдир. Улар ўзларича аллоҳнинг китобини ўзгартириб ўқишни ҳалол ҳисоблашяпти ва баданларида бирор туки жимирлаб қўймасдан Аллоҳга журъат қилишяпти. Салафларнинг одобига хилоф қилишяпти, Аллоҳнинг китоби билан ўйнашишяпти. Инна лиллаҳи ва иннна илайҳи рожиъун.
  1. Агар Қуръон оятларини ёзмоқчи бўлса, чиройли шаклда ёзмоқ; Абу Ҳукайма роҳимаҳулоҳ айтади: “Мен Куфада мусҳаф кўчираётган эдим. Олдимдан Али розияллоҳу анҳу ўтиб қолди. Ёзган хатимга қараб: Қаламингни тарашлаб олсанг хатинг янада чиройли чиқади”—деди. Мен қаламимни қаламтарошга солиб учини силлиқладим ва қайтадан ёза бошладим. Али розияллоҳу анҳу шунгача менинг хатимни назорат қилиб олдимдан кетмай турди ва “Аллоҳ бу китобни нурли қилиб қўйган, сен ҳам нурли қилиб чиройли ёз!”—деди. Абу Убайд. Фазоил ул-Қуръан.
  1. Икки ё ундан ортиқ киши жамланиб тиловат қилганда, бир-бирларига малол келар даражада овоз кўтармаслик; Қуръон қироъати худди кимўзарга ўқишдек бўлиб қолмаслиги керак. Қорилар йиғилиб жамоат бўлиб ўқишлари бениҳоя фазилатлик амалдир. Айниқса масжидда йиғилиб ўқисалар янада яхши бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: Қайсики бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирор уйда тўпланиб Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, ўзаро дарс қилишса уларга сакина тушади, Аллоҳнинг раҳмати қамраб олади, фаришталар ўраб туради ва Аллоҳ уларни Ўз хузуридагиларга зикр қилади. Имом Нававий айтади: Қуръонни жамланиб ўқишнинг икки хил тури бор: ҳамма йиғилганлар жўр бўлиб ўқиши; яна бири эса қорилар навбатма-навбат битталаб ўқиши, бошқалари тинглаб ўтириши. Буни “Идора, давра” дейилади.
  1. Қуръонга моҳир устозлардан нотаниш қироъат турини эшитса, дарҳол уни рад этиб инкор этмаслик; Чунки Қуръон бир неча хил қироъатда нозил бўлган. Ўзи билмаган ҳолда Аллоҳнинг каломини инкор этиб қўймаслик учун нотаниш қироъат турини рад этишда шошмаслик лозим.
  1. Қуръонни бозорларда, ҳамма ўз иши билан машғул бўлиб турган жамоат жойларда, бекорчи лағв аҳлининг орасида ўқимаслик; Аллоҳ таолао Қуръонда беҳуда нарсалар олдидан ўтганда, уларга қўшилмасдан ўз ҳурматларини сақлаб ўтадиган бандаларини мақтаган. (Фурқон / 72). Мўмин лағв аҳли олдидан ўтганда уларга шунчаки қўшилмаганлиги учун мақталдими, агар Қуръон қадрланмайдиган жойларда қироъат қилса, танқид қилинмайди деб ўйлайсизми?! Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ бундай қироъатни бидъат ва ҳаром деган.
  1. Мусҳафни болиш сифатида бошига қўйиб ётмаслик; Мусҳафи шарифни эҳтиётламоқ, сақламоқ вожиб бўлади. Уни ёстиқ қилиш, макруҳ бўлади. Нафақат мусҳаф балки барча диний китобларни ёстиқ қилиш макруҳдир.
  1. Мусҳафдан суянчиқ сифатида фойдаланмаслик; Уламолар айтадики, Қуръонни унинг олдига келтирилганда ҳурмат юзасидан ўрнидан туриши мустаҳаб саналади.
  1. Бировга мусҳафни узатганда улоқтирмаслик; Мусҳафи шарифни менсимаслик, паст санашликдан қаттиқ сақланиш лозим. Чунки Қуръонга нисбатан беписандлик иймон учун жиддий хатардир. Қуръонни кўзга илмасдан улоқтирган ёки унинг ҳукмларидан бирор қатъий ҳукмни тан олмаган одам уламолар ижмоъси билан кофир ҳисобланади.
  1. “Қуръонча”, “мусҳафча” деб кичрайтирилган нарсаларга айтиладиган ибораларни мусҳафга нисбатан ишлатмаслик; Али розияллоҳу анҳу “мусҳаф” сўзи кичрайтириб “мусайҳиф” дейилмайди, деган. Ривоят қилинишича, Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир одамнинг қўлида кичкина мусҳаф кўриб қолди ва: “буни ким ёзган?”—деб сўради. У: “Мен” — деди. Умар ибн Хаттоб уни дарра билан савалади ва Қуръонни улуғланглар! – деб буюрди.
  1. Аллоҳнинг каломидан бўлмаган нарсани унга аралаштирмаслик; Аллоҳнинг каломидан бирорта оят ё ҳарфни билиб туриб ўзгартирса, қўшимча қилса ё инкор этса аҳли сунна уламоларининг ижмоъси билан бундай бадкирдор кофирга ҳукм қилинади.
  1. Мусҳафни тилло кумушлар билан безаб дунё матоҳига ўхшатиб қўймаслик; Иброҳим Нахаъий раҳимаҳуллоҳ Мусҳафни тилло билан безашни ва тилло сув билан ёзишни ёқтирмас эканлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Масжидларингизни ясантирсангиз, мусҳафларингизни тилло-кумуш билан безасангиз сизларга мағлубият бўлсин! Қуртубий.
  1. Қуръон оятларини ерга ва деворга ёзмаслик; Имом Қуртубий айтади: замонамизда Аллоҳнинг оятларини масжид ва уйларнинг деворларига ёзиш одати янги пайдо бўлди. Бизга Муҳаммад ибн Али аш-шақиқий ҳадис айтган, у отасидан, у Абдуллоҳ ибн Муборакдан, у Суфёндан, у Муҳаммад ибн Зубайрдан у айтган: Умар ибн Абдулазиздан эшитдим, айтдики: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерга ёзилган хатни олдидан ўтиб қолдилар. Ҳузайл қабиласидан бўлган бир йигитга: “Бу нима?” дедилар. У: “Бу хат Аллоҳнинг китобидан. Уни бир яҳудий ёзди”—деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ишни қилганни Аллоҳ лаънатласин! Аллоҳнинг китобини ўз ўрнига қўйинглар!”—дедилар. Муҳаммад ибн Зубайр айтади: Умар ибн Абдулазиз бир ўғлининг деворга оят ёзаётганини кўриб, уни калтаклаган эди. Қуръони карим мусҳафларга ёзилади. Саҳобалар шундай қилган, Қуръон оятлари деворларни безайдиган нақш гуллари эмас. Хозирги кунда, худди имом Қуртубий айтганидек Қуръон оятларини масжид деворларини безаш учун, нақш ўрнида ишлатилмоқда. Кимдир ўқисин, ёд олсин деган мақсадда эмас, аксинча безак сифатида ишлатилади. Бу эса Қуръонга нисбатан ҳурматсизлик, Aллоҳнинг каломини қадрламаслик, ўз ўрнини билмасликка киради. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: Масжид деворларидан қибла тарфига Қуръон оятларини ёзиб нақш солиш макруҳ бўлади, деган. Мухтасарут-тибён фи одоби ҳамалатил-Қуръан.
  1. Ҳар қачонки Қуръонни хатм қилса яна бошидан (Фотиҳа сурасидан) бошлаб ўқиб қўйишлик; Токи Қуръон тамомлаб ўз ҳолига ташлаб қўйилганга ўхшаб қолмасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачонки хатм қилсалар Қуръоннинг бошидан камида беш оят ўқиб қўяр эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Бир одам келиб: Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал яхши? — деб сўради. Ул зот: “ (عليك بالحال المرتحل) Кўчиб кетиш ниятидаги ўрнашувчи каби бўл!” дедилар. Ҳалиги одам тушнмасдан изоҳ сўради. Шунда Расулуллоҳ: “Қуръон соҳиби унинг аввалидан то охирига етгунча саёҳат қилади (тиловат қилувчи гўё саёҳат қилувчига ўхшатилган. Мажозан.). Кейин яна саёҳатини бошидан бошлайди. Қачонки бирон жойга дам олиш учун қўнса, тезда яна йўлга чиқиш ниятида тўхтайди”. Термизий, Байҳақий.
  1. Хатм қилганда оиласи билан тўпланиб дуо қилмоқ; Абу Бакр Анбарий раҳимаҳуллоҳ шундай зикр қилади: бизга Идрис хабар қилди, бизга Халаф ҳадис айтди, бизга Вакиъ Мисъардан ҳадис айтди, у Қатодадан: Анас ибн Молик розияллоҳу ануҳ қачонки Қуръонни хатм қилса оиласини йиғар ва биргалашиб дуо қилар экан. Шунингдек, Мужоҳид, Уббода ибн Абу Лубоба ва яна уларнинг бир қанча замондошлари қачонки Қуръон хатм қилиш учун қўлларига мусҳаф олса оиласига “тайёр туринглар, хатми Қуръон пайтида Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади”—деб огоҳлантириб қўйишар экан. Иброҳим ат-Таймий айтади: Кимки Қуръонни кундузнинг аввалида хатм қилса унга фаришталар то кун кеч киргунча саловат айтиб туришади. Туннинг аввалида хатм қилганларга эса тонг отгунча саловат айтиб туришади. Салафи солиҳлар кундузнинг ҳам туннинг ҳам аввалида хатм қилишни мустаҳаб санардилар. Қуръон хатм қилинган жой табаррук бўлиб, унда дуолар ижобат этилади. Машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳар хатм қилганида оила аъзоларини жамлаб биргалашиб жамоавий дуо қилар эканлар. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ривоятига кўра, саҳобалар хатми қуръон чоғида жамоалашиб дуо қилар эканлар. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос Қуръон ўқийдиган қориларни суриштириб, қачон хатм қилишини сўраб олар экан. Хатм қиладиган куни уникига бориб дуосига шерик бўлар эканлар. Қуръонни бир хатм қилиш мусулмонлар учун беқиёс фойда келтирувчи мисоли тижоратдир. Бу тижоратнинг фойдаси кўпайса кўпаядики, аммо асло камаймайди касодга ҳам учрамайди. Аллоҳ таоло Ўзи шундай дейди: Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Фотир сураси 29.
  1. Қуръон оятларидан таъвиз (тумор) ёзиб олинганда у билан ҳожатхонага кирмаслик; Лекин, тери ё кумушдан махсус ғилофланган бўлса у билан киришнинг зарари йўқ. Баъзилар “тумор осиш ширк” деб умумий айтишади. Бу хато! Аслида Қуръон ва ҳадисларда келган кўрсатмаларга мувофиқ, оятлар билан дам солиш ва тумор қилиш уламолар ижмоъси билан жоиздир. “Хозин” таҳаллуси билан танилган Алоуддин Али Бағдодий раҳимаҳуллоҳ “Фалақ” сурасининг тафсирида Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларга мувофиқ тарзда дам солиш ва таъвиз(тумор) қилишнинг ижмоъан жоиз эканини айтади. Шунингдек, у киши бу ҳукмга Жаброил алайҳис-саломнинг Расулуллоҳ жанобларига руқя ўқиганларини ва Жаъфар розияллоҳу анҳунинг фарзандларига тез-тез кўз тегиб тургани учун уларга руқя билан дам солишга изн сўраган аёлга Расулуллоҳ изн берганларини далил сифатида келтиради. Ва яна айтадики: шу ҳадислар руқянинг жавозига далолат қилади. Агар дам солувчи турли-туман тушунарсиз афсунлар, куфр калималар билан дам солса, шариатда бундан қаттиқ қайтарилади. Тафсири хозин. 4 – Ж. 501 — Б.
  1. Қуръон оятларини ёзиб, сўнгра уни сувга чайиб ичганда ҳар бир хўпламида “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” демоқ ва олий ният қилмоқ; Шундай қилинса Аллоҳ унинг ниятига етказади деб умид этилади. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтган: Қуръон оятларини ёзиб уни беморга ичиришнинг зарари йўқ. Ал-Боқир Абу Жаъфар айтган: кимки қалбида қасоват (юрак сиқилиши)ни хис қилса Ёсин сурасини бир идишга заъфарон билан ёзиб ичсин. Байҳақий. Шўъаб ул-иймон.
  1. Қуръони карим сураларини тилга олганда “сурача” деб айтмаслик; Маккий раҳимаҳуллоҳ айтишича, Абул-Олия “катта сура, кичкина сура” деганларни хушламас экан. Бир одам “кичкина сура” деганда унга қарата танбеҳ оҳангида: “сен ундан ҳам кичкинасан” деган экан.
  1. Қуръон тиловатини ҳар қандай бошқа машғулотлардан афзал билмоқлик; Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Парвардигор азза ва жалла: “Қуръон ва менинг зикрим кимники мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга бошқа сўровчиларга берилгандан афзалини бераман”, дейди. Аллоҳ каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳнинг махлуқотларига нисбатан бўлган фазли кабидир!” Термизий. Имом Шофеъий ва бошқа беҳисоб олимларнинг наздида Қуръон қироати бошқа ҳар қандай зикр турларидан афзалдир.
  1. Қуръондан озми-кўпми ёд олган қориларни ҳурмат қилмоқ ҳам Қуръонга эҳтиром кўрсатишнинг бир кўринишидир! Қуръон соҳибини улуғлаш бу – Аллоҳни улуғлаш демакдир. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмон мўйсафидни, Қуръонга ғулув кетмаган, ва Қуръондан бегоналашмаган қорини иззат-икром қилиш ҳамда адолатли подшоҳни икром қилиши Аллоҳни улуғлашдандир». Имом Муслим ривоят қилган. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд қурбонларидан икки кишини жамлардилар ва: «қай бири Қуръондан кўпроқ ўзлаштирган?» дердилар. Иккаласидан бирига ишора қилинса, ўшани лаҳадда олдинга қўярдилар». Имом Бухорий ривоят қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида давлат ишларида маслаҳат олиб борувчи кенгаш ҳайъатини фақат қорилардан тузган. Уларнинг ичида ёши анчагина кичкина қорилар ҳам бор эди.

Ҳа, Аллоҳнинг каломини улуғлаган кимсани Аллоҳ ҳеч қачон хорламайди, ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Қуръонни улуғлаганнинг ўзи ҳам албатта улуғ бўлади, даражаси юксалади! Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди,

أَمَا إِنَّ نَبِيَّكُمْ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ قَالَ : إِنَّ اللهَ يَرْفَعُ بِهَذَا الْكِتَابِ أَقْوَامًا وَيَضَعُ بِهِ آخَرِيْنَ.- رَوَاهُ مُسْلِمٌ، وَابْنُ مَاجَه

Ҳой! Албатта, Набийингиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатда айтди: Албатта, Аллоҳ бу Китоб билан баъзи қавмни юксалтиради ва кимларнидир  пастлатади! Имом Муслим ва Ибн Можа.

Яратган Муткаллим Раббимиз Ўз каломини муносиб тарзда эҳтиром айлашимиз учун тавфиқ берсин! Қуръон билан фақат кўтарилиш насиб этсин! Қуръон билан тубанликка кетадиганларга қўшилиб қолишдан Ўзи асрасин! Омин!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиби

ТИИ сиртқи бўлим иккинчи босқич талабаси

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *