ХАТМИ ҚУРЪОН ФАЗИЛАТИ

Quran-pak-1-1Қуръони карим биз уммати муҳаммадия учун туширилган илоҳий самовий китобдир. Уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган. Ул зот эса биз – умматларига етказган. Пайғмабаримиз Қуръонни фаришта Жаброил алайҳиссаломдан эшитиб олган. Ул зотдан эса саҳобалар олишган. Саҳобаи киромлар одатда Қуръонни оғизма-оғиз ёд олар ва қалбида сақлаб юрар эдилар. Биз хозирги кунда ўқиб юргандек мусҳафлар у даврларда йўқ эди. Қуръони карим мусҳафи шарифларга кейинроқ зарурат юзасидан ёзилган. Шундай бўлсада, қориларимиз орасида саҳобаларнинг одати ҳали ҳамон давом этиб келади. Улар Қуръонни аввал бир устоз хузурида ундан эшитиб, кейин ёдлаб ва яна устозларига ўқиб эшиттириб тасдиқлатиб оладилар.

Қуръон мисоли йўқ тенгсиз илоҳий китобдир. Унда шу умматнинг икки дунёсини гўзал қилишга хизмат қилувчи таълим бор. Қуръон мисоли нурдир. Жаҳолат зулматини ёритиб, соҳибини ҳидоят йўлига бошлаб боради. Қуръонни ўқиш, тинглаш, яхши кўриш буларнинг ҳаммаси ибодат ҳисобланиб ортидан битмас-туганмас савоблар келтиради. Эътибор қилинг:

عنْ أَيُّوبَ بْنِ مُوْسَى قَالَ : سَمِعْتُ مُحَمَّدَ بْنَ كَعْبٍ الْقُرَظِيَّ قَالَ : سَمِعْتُ عَبْدَ اللهِ بْنَ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا؛لَا أَقُولُ: الم حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ. رَوَاهُ التِّرْمَذِيُّ

Айюб ибн Мусодан ривоят қилинди: «Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан эшитдим, у шундай деди: «Мен Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана бор. Ҳасана эса ўн баравардир. Мен «алиф, лам, мим» битта ҳарф демайман. Балки, «алиф» бир ҳарф, «лам» бир ҳарф, «мим» бир ҳарф!» дедилар», деяётганини эшитганман». Термизий ривоят қилган.

Рамазон ойида Қуръонни хатм қилиш шу умматнинг суннатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳар Рамазон ойида Қуръонни хатм қилиб Жаброил алайҳиссаломга ўқиб берар эдилар. Ул зотдан кейин саҳобалар ҳам, тобеинлар ҳам бу суннатга содиқлик ила амал қилдилар ва кейинги умматга ҳам шу одатни қолдирдилар.

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн аббос розияллоҳу анҳу ҳеч нафл рўза тутмас экан. Чунки у киши тинимсиз тиловат қилиб хатм қилиб юрар, рўза жисмини заифлаштириб хатми қуръонга халал бермаслиги учун нафл рўза тутмас экан. Тобеинларнинг улуғларидан Иброҳим Нахаъийга кўра, Асвад раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида ҳар икки кунда бир хатм қилар экан. Қатода розияллоҳу анҳу эса йил бўйи ҳар етти кунда бир хатм қиларкан. Рамазон ойи кириши билан эса ҳар уч кунда биттадан, охирги ўн кунликда эса ҳар куни бир мартадан хатм қилар экан. Мужоҳид розияллоҳу анҳу эса Рамазон ойининг ҳар туни битта хатм қилар экан. Рабиъ ибн Сулаймон айтади: Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида олтмишта хатм қилар эди.

Қуръонни ўқиш, хатм қилишнинг ўзига хос фазилатлари бор. Жумладан у:

СЕРДАРОМАД ТИЖОРАТ

Қуръонни бир хатм қилиш мусулмонлар учун беқиёс фойда келтирувчи мисоли тижоратдир. Бу тижоратнинг фойдаси кўпайса кўпаядики, аммо асло камаймайди касодга ҳам учрамайди. Аллоҳ таоло Ўзи шундай дейди:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَّن تَبُورَ

Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. (Фотир сураси 29).

ДУО ИЖОБАТ БЎЛИШИ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айнан хатми қуръон чоғида махсус дуо ривоят қилинмаган. Шундай экан банда ўзи тушунадиган тилида Раббисига ёлбориб, эҳтиёжларини сўраб олсин. Чунки Қуръон хатм қилинган жой табаррук бўлиб, унда дуолар ижобат этилади. Машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳар хатм қилганида оила аъзоларини жамлаб биргалашиб жамоавий дуо қилар эканлар. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ривоятига кўра, саҳобалар хатми қуръон чоғида жамоалашиб дуо қилар эканлар. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос Қуръон ўқийдиган қориларни суриштириб, қачон хатм қилишини сўраб олар экан. Хатм қиладиган куни уникига бориб дуосига шерик бўлар эканлар.

ЖАННАТГА КИРИШ САБАБЛАРИДАН БИРИ

Қуръони карим уни ўқигувчи қориларни қиёмат куни шафоат қилиб жаннатга олиб кириб кетади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

عن أَبُى أُمَامَةَ الْبَاهِلِيُّ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: اقْرَءُوا الْقُرْآنَ فَإِنَّهُ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَفِيْعًا لِأَصْحَابِهِ…

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу шундай сўзлаб берди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қуръон ўқинглар! Чунки у қиёмат куни ўз эгаларига шафоатчи бўлиб келади…», деяётганларини эшитганман. Имом Муслим ривоят қилган.

КЎНГИЛ ХОТИРЖАМЛИГИ

Қуръонни бир ўқиб ё эшитиб тамомига етказиб хатм қилган кишининг қалбига Аллоҳ хотиржамлик беради. Ўзини руҳан енгил ҳис қила бошлайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

الَّذِينَ آمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ اللَّهِ ۗ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми? (Раъд сураси 28).

Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар. Қуръон тиловати эса зикрларнинг энг афзалидир.

АЛЛОҲНИНГ ХУЗУРИДА ЭСГА ОЛИНАДИ

Қуръон ўқиган қориларни Аллоҳ зикр қилади. Раббимиз Қуръонда “Мени зикр қилинглар, сизларни ҳам зикр қиламан” деб айтган. Шундай экан Қуръон ила Раббисини хотирлаган мўмин даргоҳи илоҳийда номи зикр этилади.

ДУНЁҚАРАШНИ КЕНГАЙТИРАДИ

Уламолар шуни алоҳида таъкидлайдики, Қуръонни кўп тиловат қилган одамнинг дунёқараши кенг, фикри тиниқ, фаросати ўткир бўлади. Инсон Аллоҳнинг каломини ўқиб, маъноларида тафаккур қилар экан Аллоҳ унинг қалб кўзларини очиб тафаккурини кенгайтириб қўяди.

САВОБИДАН МАРҲУМЛАР МАНФААТ ОЛАДИ

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-азкор” номли асарида айтади: ”Тириклар дуосининг ўтганларга манфаъати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради, деб уламолар ижмоъ қилганлар.” Шунингдек, имом Нававий ҳазратлари имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳдан қуйидагича ривоят қилган:

ويستحب أن يُقرأ عند الميّت شىء من القرءان وإن ختموا القرءان عنده كان حسنًا.

Маййитнинг қабри олдида Қуръон оятларидан ўқишлик мустаҳабдир, агар Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб хатм қилинса, янада яхши бўлади.

ШАЙТОНЛАРНИНГ ДОДИ БЕРИЛАДИ

Қуръон ўқилган жойдан шайтон ва унинг малайлари безиб қочади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

إن الشيطان ينفر من البيت الذي تقرأ فيه سورة البقرة

Бақара сураси ўқилган уйдан шайтон қочади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўз каломи—Қуръонга муҳаббатли қилсин. Юртимиз узра бўлаётган хатми қуръонлар баракотли бўлсин. Жамики ҳофизи Қуръон – қориларимиздан Аллоҳ рози бўлсин!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиби

ТИИ сиртқи бўлим талабаси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *