ИМОМНИНГ ОРҚАСИДА МУСҲАФДАН КУЗАТИБ ТУРИШНИНГ ҲУКМИ

E280ABWhatsApp-Image-2017-05-31-at-12.18.13-AM-نسخХодимингизнинг мақолалари кўпинча бирор муайян воқеа туфайли вужудга келади. Одатимга кўра, бу сафар ҳам аниқ сабаб билан қўлимга қалам олдим: Рамазони шариф ойи. Таровеҳ намозида имомлик қиляпмиз. Ортимиздан иқтидо қилган намозхонлар орасида хатми қуръонни китобдан кузатиб турганлар борлиги маълум бўлиб қолди. Баъзи намозхонлар савол қилишдики, китобдан кузатиб намоз ўқиса ҳам бўладими? Фалончи-фалончилар шундай қиляпти… – деб.

Кундалик суҳбат жараёнида бу масалага алоҳида урғу бериб, китобдан кузатиб намоз ўқиш яхши эмаслигини айтдим. Лекин каминага бу масала юзасидан баъзи эътирозлар бўлди. Бир акамиз фейсбук орқали имомнинг ортидан, унга иқтидо қилиб, қироатини китобдан кузатиш бошқа мазҳабларда жоиз деб айтди. Яна бир хожи акамиз эса (ҳанафий мазҳабида ҳам) жоиз (!) деди.

Орадаги муносабат кескинлашувини истамаганим учун баҳслашишни лойиқ кўрмадим. Хўп деб қўйдим-у лекин шу масалани умумий тарзда омма учун батафсилроқ ёритишни лозим топдим. Чунки, имом ортидан таровеҳ намозида, хатми қуръонни китобдан кузатиб намоз ўқийдиганлар оз бўлсада йўқ эмас экан. Куни келиб улар кўпайиб кетиши ҳам мумкин. Буни олдини олиш учун эса жамоатга бу ҳақда қониқарли маълумот бериш бизнинг вазифамиз!

Хўп, бу масалани жоиз дейдиганларнинг далили нима?

Менга “ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда имомнинг ортида унга эргашганлар ҳам қироат қилиши мумкин” – деб далил келтирилди ва шу далил билан (!) имомнинг орқасида қўлга мусҳаф ё мобил мусҳафни кўтариб олиб, ҳар бир саҳифасида варақлаб туриш жоиз демоқчи бўлдилар. Англадимки, уларда бу масалага доир етарли маълумот йўқ. Чунки имом ё ёлғиз намозхоннинг мусҳафга қараб қироат қилиши бошқа масала, имомга иқтидо қилиб, ортидан унинг қироатини мусҳафдан кузатиш мутлақо бошқа масала. Улар эса бу иккисини чалкаштириб қўйишди назаримда.

Имомнинг ортида унга иқтидо қилганлар мусҳафни кўтариб, ё бирор лавҳга жойлаштириб, унга назар қилиб эмас балки, ёдаки қироат қилиши дарҳақиқат бошқа мазҳабларда бор:

Масалан, Моликий мазҳабининг муассиси имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ имомнинг ортида қироати махфий намозда ҳам, жаҳрий намозда ҳам муқтадийлар қироат қилади—деб айтган.

Имом Шофеъий мазҳабида ҳам бу масалада икки хил қараш бор. Бир ривоятда худди имом Молик каби гап айтилган, бошқа бир ривоятда эса қироати махфий намозда, аввалги икки ракатда муқтадийлар ҳам фотиҳа билан зам сура ўқийдилар. Кейинги икки ракатда эса фақат фотиҳани ўқийди дейилган. Қироати жаҳрий намозда эса муқтадийлар фақат фотиҳани ўқийди зам сура ўқимайди дейилган.

Ҳанафий фуқаҳоларининг ҳаммаси, шунингдек алоҳида ижтиҳодига эга фақиҳлардан Ибн Аби Лайло, Суфён Саврий ва Ҳасан ибн Ҳаййлар имомга эргашган одам қироат чоғида жим туриши керак, қироат қилиши мумкин эмас, деб айтган! (Қаранг: Мухтасару ихтилаф ил-улама. 141- масала).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бошлиқ ҳанбалий мазҳаби фақиҳлари ҳам имомга иқтидо қилувчиларнинг қироат қилиши мумкин эмас, деб айтади! (Қаранг: Масоилу Аҳмад биривояти Абдиллаҳ 1/254. Масоилу Аҳмад биривояти Солиҳ 2/102. ал-Муғний. 1/404, 405).

Имомнинг орқасида қироат қилиш масаласида тўрт фиқҳий мўътабар мазҳабдаги бор гап шу. Лекин бу масала муқтадийнинг қўлига мусҳаф ушлаб имом қироатини кузатиб туришга асос бўла олмайди ва бу иккиси умуман бошқа – бошқа масалалардир.

МУСҲАФГА ҚАРАБ ҚИРОАТ ҚИЛИШ МАСАЛАСИ

Баъзи мазҳабларда мусҳафга қараб қироат қилиш жоиз деган гап бор. Масалан, имом Молик раҳимаҳуллоҳ айнан Рамазон ойида таровеҳда мусҳафга қараб қироат қилиш зарарсиз деган. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ макруҳ деган. Имомимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эса намозни бузади деган. Мазҳабимиз муфтийлари имом Абу Ҳанифанинг қавлига фатво чиқаришган!

Лекин (!) бу масала фақат имомликка ўтувчи қори ёки ёлғиз ўзи таровеҳ ўқувчи намозхонга тааллуқли холос. Орқада иқтидо қилувчиларга алоқаси йўқ. Бу масалага таяниб, имом ортида унинг қироатини мусҳафдан кузатишни жоиз деб ҳаёл қилганлар бу икки масалани яхши тушунмаган бўлишади. Қиёслари ботил қиёс бўлади.

ИМОМНИНГ ҚИРОАТИНИ МУСҲАФДАН КУЗАТИШНИНГ ҲУКМИ

Энди асосий мақсадга ўтсак ҳам бўлади. Таровеҳ намозида ҳам бошқа намозларда ҳам имомга иқтидо қилганлар қўлига мусҳаф олиб, ёки лавҳга мусҳафни жойлаштириб унга қараб, саҳифалар ўзгарганда қўли билан варақлаб намоз ўқишлари ҳеч қайси мазҳабда йўқ! Сунний мазҳабларда ҳам, бидъий мазҳабларда ҳам! Бошқа мазҳабларда бор деб айтганлар топиб бера олишмайди ҳам!

Бу амалнинг жоизлигини исботловчи бирорта ҳам ҳужжат йўқ. На саҳиҳ ва на заиф бўлса ҳам бирор ҳадис ё салафи солиҳларнинг феъли ривоят қилинмаган. Бугунги кунда имом қироатини мусҳафдан кузтувчилар суннатга, саҳоба ва тобеинлар йўлига, мазҳабга тескари бидъат амалини қилишмоқда. Бу ишнинг ножоизлигига шунинг ўзи етарли!

Ундан ташқари, имомнинг қироатини мусҳафдан кузатиш:

  • Намоздаги хушуъ ҳолатига халал беради. Намозхон фикрини жамлаб, имомнинг қироатини тинглашга амр қилинган. Кузатув жараёнида бу иш мукаммал даражада амалга ошмайди.
  • Қўлига табиий ёки мобиль мусҳаф ушлаб туриш эса қиём ҳолатида талаб қилинган ҳайъатни суннатга мос адо қилинишига тўсқинлик қилади. Чунки намозхон икки қўлини боғлаб туриши суннат. Қўлида мусҳаф ё мобиль телефон ушлаб олганлар эса ана шу суннатга тескари иш қилган бўлади.
  • Имом қироатини кузатиб ўз қироатимдаги камчиликларни тузатиб оламан, шу мақсадда кузатишим жоиз, дейишлари мумкин. Аммо, бу ҳам арзирли баҳона эмас. Чунки намоз бу – ибодат. Тажвид дарси эмас! Қироатдаги камчиликларни намоздан ташқарида, алоҳида вақт ажратиб тузатиш керак. Намознинг ичида имомга қулоқ солинади.
  • Имомнинг камчилигини аниқлаб луқма бериш учун, ёки намоздан ташқарида унинг камчиликларини айтиб билдириб қўйиш мақсадида ҳам унинг қироатини китобдан кузатиш жоиз эмас. Имом адашганда унга луқма ташлаб тузатиш имом ортидаги ҳофизларнинг иши. Орқада турган китоб кузатувчиларга жоиз эмас.
  • Ҳанафий мазҳабига кўра, намозхон қўлда китоб варақлаши амали касир ҳисобланади. Амали касир эса намозни бузади.

Шу важларга кўра имом ортидан таровеҳда мусҳаф кўтариб варақлаб кузатиш бу янги чиққан бидъат, намозни бузувчи ортиқча амал ҳисобланади.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳри “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиб имоми

ТИИ сиртқи бўлим талабаси

 

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *