ИЛМИ КАЛОМ НИМА

tayhid

Илми калом атамаси—диний ақидавий ғоя ва мафкураларни ишончли далилларга таяниб ўрганмоққа айтилади.

Изоҳ: Яъни ишончли саҳиҳ нақлий ва ақлий-мантиқий далиллар асосида диний эътиқодга доир соғлом ақидавий маълумотларни ўзлаштиришдир!

Шариати исломияда эътиқодга доир назарий масалалар калом илми масалалари ҳисобланади.

Изоҳ: Яъни, Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари, фаришталар, илоҳий китоблар, пайғамбар ва расуллар, охират куни, тақдир ва қазо – унинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан экани ва ўлимдан кейин қайта тирилиш ва бошқа эътиқодий мавзулар илми калом фани мавзу-масалалари ҳисобланади.

Унинг асосий бош мақсади мукаммал иймонга етишиш ва икки дунё саодатига мушарраф бўлишдир.

Изоҳ: бу фанда кўзланган устувор мақсад – соҳа аҳлининг иймон-эътиқодини соғломлаштириш, шунингдек, уларни турли бидъат-ҳурофотлар, таассуб ва ғулув каби ҳалокатга олиб борувчи ақидавий иллатлардан асраш, бу дунёда бахтли ҳаёт, охиратда эса абадий саодатга етишлари учун керакли маълумотларни беришдир!

Мақсадига кўра, илми калом бошқа фанларга нисбатан шарафли фан ҳисобланади. Тўғри, баъзи салафи солиҳлар тарафдан калом илми ҳақида салбий қарашлар билдирилган. Бу аслида илми каломда чуқур кетиб, ақидасида адашиб қолган мутаассиблар туфайли айтилган фикрлардир. Зеро, бу ҳақда Саъд ат-Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ “Мақосид”нинг шарҳида айтиб ўтган.

Изоҳ: бугунги кунда ўзларига “Салафий”, “Асарий” ва ҳоказо янги номлар қўйиб диндан сафсата сотиб юрган айрим фитначи мусулмонлар илми калом ҳақида, айниқса, унинг етакчилари бўлмиш Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийлар ҳақида ҳам ўта ноинсофлик қилишмоқда. Улар бу фан ва унинг аҳлига нисбатан дилларидаги жирканч туйғуларини тарқатиб, ёппасига калом илми ва мутакаллимлар ортидан «тош» отиб юришади. Ўша ақли ноқислар билиб қўйсинки, илми калом бу тавҳид илми демакдир! Бу фанда қалам тебратган ижодкор олимлар эса истилоҳан “мутакаллим” дейилсада аслида улар тавҳид илми зиёлиларидир! Умматга соғлом соф ақидани етказиб берган набавий ворислардир!

Асли ҳақиқатда эса калом илми баҳслари ислом қонунлари, китоб, суннат, ижмоъ, қиёс ва мантиқий қоидалар асосида жорий бўлади. Калом илми мана  шу шаръий манбаларга мувофиқ фандир. Шунингдек, калом илми динимизда ҳужжат-далилга эҳтиёжсиз, мантиқан зарурий маълум бўлган назарияларга ҳам тўла мос келади. Масалан, коинотнинг абадий эмаслиги, бир кун келиб йўқликка юз тутиши каби масалалар.

Изоҳ: аслида калом илмига берилган энг одилона баҳо мана шудир. Исломий меъёрларга тўла мос келувчи, адолат ва инсоф доираси ичида берилган ҳаққоний баҳо шу бўлади! Дарҳақиқат, калом илми Ислом манбаларига тўла-тўкис мувофиқ фандир! Унинг аҳли — мутакаллимлар эса Китоб – Аллоҳ таолонинг сўзи Қуръони карим, суннат—пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадис ва амаллари, ижмоъ—салафи солиҳлар иттифоқи ва қиёсий қоидалар асосида баҳс қилувчи раббоний олимлардир! Ўзгаларнинг ўзгача, ўзаксиз, ўзаро сўзлари эса, ўзларидан ўзгаларга алоқасиздир!

Матн: Абулмуъин ан-Насафий. Баҳр ул-калом. 48-49 – Бетлар.

Таржимон ва изоҳлар муаллифи: Ботиржон қори.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *