Одам ато пайғамбар эмасми?

Lotin alifbosida

Йўлига юрмаганларга ҳеч иккиланмай залолат тамғасини ёпиштиришни ўзларига одат қилган, мазҳабсиз салафийларнинг бузуқ ақидаларидан бири бу—Одам алайҳис-саломнинг пайғамбарлигини инкор этишдир. Уларнинг иддаосига кўра, башарият тарихида энг аввалги пайғамбар бу—Одам эмас балки, Нуҳ пайғамбар алайҳис-саломдир. Улар пайғамбарлик Нуҳ билан бошланган, деб эътиқод қилишади. Ҳа, гарчи бу ақида аксар оддий мусулмонларга махфий бўлса-да, салафийликни даъво қилувчи ваҳҳобийларнинг айрим рисолаларида бу каби бемазагарчиликлар мавжуд.

Жумладан: уларнинг ақидавий йўналишига мос тарзда битилган “Ал-ийман бил-анбия би-жумлатиҳим” номли рисоланинг 15 саҳифасида шу ҳақда ўқиш мумкин. Аллоҳ бундай бузуқ ақидадан асрасин.

Аслида, башарият отаси Одам алайҳис-салом барча пайғамбарларнинг аввалгиси эканлигида нафақат мусулмонлар балки, яҳудий ва насоролардан иборат китобийлар, шунингдек, мусулмон уммати учун олтин аср саналмиш дастлабки уч аср авлодлари—салафи солиҳлар ва уларнинг таълимотларини давомчилари—кейинги халаф уламоларининг иттифоқи бўлиб, бу масалада уммати муҳаммадиянинг ижмоъси, якдил қарори собит бўлган. Бағдодлик имом Абу Мансур тамимий ўзининг “Ат-тазкиратуш-шарқийя” китобида шундй ёзади:

“Аҳли китоблар ва мусулмонлар шундай ижмоъ қилдиларки, инсонлар ичида биринчи бўлиб пайғамбар сифатида юборилган инсон бу—Одам алайҳис-саломдир” (Усулуд-дин 159/б.)

Шунингдек, Одам алайҳис-саломнинг пайғамбарлиги китоб ва суннат билан ҳам ўз исботини топган масаладир. Аллоҳ таоло айтади:

“Албатта, Аллоҳ Одамни, нуҳни, Оли Иброҳимни, Оли Имронни оламлар устидан танлаб олди..” (Оли Имрон сураси 33/оят).

Яъни, Аллоҳ таоло шу бандаларини ўз ихтиёри ила танлаб, улара пайғамбарлик ва инсонларга Аллоҳ тарафдан унинг ҳукмларини етказувчи элчиликни берди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобларидан бу мавзуда қуйидагича ҳадис ворид бўлган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мен қиёмат куни Одам фарзандларининг саййидиман, менинг қўлимда ҳамд байроғи ҳам бўлади ва бу билан фахрланмайман. Ўша куни ҳар бир пайғамбар, Одам ва ундан бошқалари ҳам менинг байроғим остида бўлади. Мен ердан чиқадиганларнинг аввалгиси бўламан, ва бу билан фахрланмайман” (Термизий)

Бу ҳадисга маъно ва мазмун жиҳатидан яқин яна бир қанча ҳадисларни келтириш мумкин. Баъзи ҳадисларда эса ҳатто саҳобалардан айримлари Расулуллоҳ жанобларидан айнан аввалги пайғамбар ким бўлганини сўраганлари, ул зот эса ҳазрати Одам, деб жавоб берганлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Биз бугуннинг ёшлари, салафизмнинг асл башарасини яхши билиб олишимиз, уларнинг ғоя ва мафкуралари Ислом умматининг қадимги аждодлари қолдирган соф исломий таълимотга мутлақо зид эканлигини тўғри фаҳмлаб олишимиз лозим!

Қуръон ва ҳадислардан кўзланган асл маъноларни яшириб, нотўғри талқин ила ўзларининг бузуқ ақидаларини сингдиришга уринувчи мазҳабсизлардан худди қутурган итдан қочгандек қочишимиз зарур!

Уларнинг “биз фақат Қуръон ва ҳадисга таянамиз, бизда “фалончи ундай деган, пистончи бундай деган” гаплар бўлмайди. Жаннатга тушмоқчи бўлсангиз бизга қўшилинг”, деб оммани алдаётган сафсаталарига қулоқ солмаслигимиз, балки соф исломий эътиқодда собитқадам, тўрт фиқҳий мазҳаб уламолари, хусусан ватанимизда кенг тарқалган ҳанафий мазҳаби уламоларининг сўзларига қулоқ солмоғимиз керак! Аллоҳ барчамизга ҳидоят берсин!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *