Ибн Таймиянинг тавбаси – «Мен ашъарийман»!

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ибн Таймия (ҳ.661-728/ м.1263-1328) раҳимаҳуллоҳнинг шахсияти ва ёзган китоблари мана бир неча асрлардан бери Ислом оламида кўплаб тортишувларга ва тафриқага сабаб бўлиб келмоқда.

Ҳозирда, Аҳли сунна вал жамоанинг ашъария ва мотурудия ақийда мазҳабига эргашган барча 4 мазҳаб мусулмонларини Аҳли суннадан чиқиб кетган деб даъво қилувчи бемазҳаб ваҳҳобий-салафийлар ҳам, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг шахсиятига ҳаддан ортиқ таассуб қиладилар ва унинг китобларида келтирилганлардан, ўзларининг фирқаларининг манфаатига тўғри келувчи фатволарини танлаб олиб, кўр-кўрона эргашадилар. Бунда, улар бошқа олимларга нисбатан қилганлари сингари, Ибн Таймиянинг китобларида келтирилган ёки у тўғрисида унинг замондошлари бўлган шогирдлари ва бошқа олимлар айтган, ваҳҳобийларнинг ақийдасига қарши бўлган барча сўзларни кўрмасликка олиб, инкор этишда давом этаверадилар.

Хусусан, бугунги кунга қадар Аҳли сунна вал жамоа ҳамда ваҳҳобийлар фирқаси ўртасида ихтилофли бўлиб турган масалалар, яъни Ибн Таймия томонидан  Аҳли сунна вал жамоага хилоф қилган асосий икки масалада – Аллоҳнинг исми ва сифатлари ҳамда марҳум солиҳ зотларни васила (тавассул) қилиб Аллоҳга дуо қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шафоат сўраш масаласи бўйича (ушбу масалаларда ваҳҳобийлар томонидан Аҳли суннани куфр ва ширкда айбланади), ўз фикрларидан қайтганлиги ҳодисаси, барча Ислом уммати ишончли деб тан олган уламолар томонидан ривоят қилингандир.

«МЕН АШЪАРИЙМАН»

Буюк ҳадисшунос олим, «Фатҳ ал-Борий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий»нинг муаллифи, Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (ҳ.773-852/ м.1372-1449) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг тарихий асарлари бўлмиш «ад-Дурар ал-комина фий аъён ал-миа ас-сомина» («Саккизюзинчи йилнинг таниқли олимлари ҳақида яширин дурлар»)да нақл қилишларича, Қози, Имом Шаҳобиддин ан-Нувайрий (ҳ.667-733й.)  раҳимаҳуллоҳ, Ибн Таймиянинг тавба қилиб, ўзини ашъарий таълимотида эканини эълон қилганини ўз кўзи билан кўриб, ўзининг «Ниҳоят ал-араб фий фунун ал-адаб» («Адабий фанлар борасида мақсаднинг ниҳояси») деган асарида ёзиб қолдирган эканлар. Имом ан-Нувайрий раҳимаҳуллоҳ бундай ёзадилар:

قال الإمام النويري : وأما تقي الدين فإنه استمر في الجب بقلعة الجبل إلى أن وصل الأمير حسام الدين مهنا إلى الأبواب السلطانية في شهر ربيع الأول سنة سبع وسبعمائة ، فسأل السلطان في أمره وشفع فيه ، فأمر بإخراجه ، فأخرج في يوم الجمعة الثالث والعشرين من الشهر وأحضر إلى دار النيابة بقلعة الجبل ، وحصل بحث مع الفقهاء ، ثم اجتمع جماعة من أعيان العلماء ولم تحضره القضاة ، وذلك لمرض قاضي القضاة زين الدين المالكي ، ولم يحضر غيره من القضاة ، وحصل البحث ، وكتب خطه ووقع الإشهاد عليه وكتب بصورة المجلس مكتوب مضمونه : بسم الله الرحمن الرحيم شهد من يضع خطه آخره أنه لما عقد مجلس لتقي الدين أحمد بن تيمية الحراني الحنبلي بحضرة المقر الأشرف العالي المولوي الأميري الكبيري العالمي العادلي السيفي ملك الأمراء سلار الملكي الناصري نائب السلطنة المعظمة أسبغ الله ظله ، وحضر فيه جماعة من السادة العلماء الفضلاء أهل الفتيا بالديار المصرية بسبب ما نقل عنه ووجد بخطه الذي عرف به قبل ذلك من الأمور المتعلقة باعتقاده أن الله تعالى يتكلم بصوت ، وأن الاستواء على حقيقته ، وغير ذلك مما هو مخالف لأهل الحق ، انتهى المجلس بعد أن جرت فيه مباحث معه ليرجع عن اعتقاده في ذلك ، إلى أن قال بحضرة شهود : ( أنا أشعري ) ورفع كتاب الأشعرية على رأسه ، وأشهد عليه بما كتب خطا وصورته : (( الحمد لله ، الذي أعتقده أن القرآن معنى قائم بذات الله ، وهو صفة من صفات ذاته القديمة الأزلية ، وهو غير مخلوق ، وليس بحرف ولا صوت ، كتبه أحمد بن تيمية . والذي أعتقده من قوله : ( الرحمن على العرش استوى ) أنه على ما قاله الجماعة ، أنه ليس على حقيقته وظاهره ، ولا أعلم كنه المراد منه ، بل لا يعلم ذلك إلا الله تعالى ، كتبه أحمد بن تيمية . والقول في النزول كالقول في الاستواء ، أقول فيه ما أقول فيه ، ولا أعلم كنه المراد به بل لا يعلم ذلك إلا الله تعالى ، وليس على حقيقته وظاهره ، كتبه أحمد بن تيمية ، وذلك في يوم الأحد خامس عشرين شهر ربيع الأول سنة سبع وسبعمائة )) هذا صورة ما كتبه بخطه ، وأشهد عليه أيضا أنه تاب إلى الله تعالى مما ينافي هذا الاعتقاد في المسائل الأربع المذكورة بخطه ، وتلفظ بالشهادتين المعظمتين ، وأشهد عليه بالطواعية والاختيار في ذلك كله بقلعة الجبل المحروسة من الديار المصرية حرسها الله تعالى بتاريخ يوم الأحد الخامس والعشرين من شهر ربيع الأول سنة سبع وسبعمائة ، وشهد عليه في هذا المحضر جماعة من الأعيان المقنتين والعدول ، وأفرج عنه واستقر بالقاهرة .. اهـ .
هذاكلام الإمام النويري ، ونحوه كلام الحافظ ابن حجر ، ونقل هذه التوبة غيرهما أيضا ، وفيما ذكرنا هنا كفاية

«Тақийуддин ибн Таймия Тоғ қалъасининг зиндонида то Амир Ҳусомиддин уни Арк дарвозасига етказгунча қолиб кетди. Бу воқеа 707 йил рабиъ ал-аввал ойида бўлган эди (мелодий 1307 йил сентябрь ойи). Ўшанда султон унинг иши борасида сўраб-суриштирди, унга яхшилик қилишни хоҳлади ва уни зиндондан чиқариб келтирди. Шу ойнинг 23 чи жумъа кунида Тоғ қалъасининг девонхонасига ҳозир қилди ва фақиҳлар билан мунозара ташкил қилди. Уламолардан танилганларини тўплаб келтирди, қозилар ҳозир бўлмади. Бу қозикалон Зайнуддин ал-Моликийнинг касаллиги билан боғлиқ эди. Шу сабабли бошқа қозилар ҳам ҳозир бўлмади. Баҳс ҳосил бўлди, баҳс тўлалигича унинг (Ибн Таймиянинг) ўзининг дастхати билан ёзиб олинди. Унга гувоҳлар келтирилди. Мажлисда бўлиб ўтган гап-сўзларнинг барчаси китобат қилиниб борилди. Унинг мазмуни қуйидагича: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Тақийуддин Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарроний ал-Ҳанбалий учун тузилган мажлисда ушбу китобат охирига қўл қўювчилар гувоҳ бўлдилар. Иқрор бўлиб турувчи олий шарафли зот, мавлавий амир, олим, одил, қиличи ўткир, амирлар шоҳи, Салор ал-Малакий ан-Носирий, муаззам салтанат нойиби – соясини Аллоҳ доимий қилсин – ҳузурларида бўлиб ўтмоқда. Бунда Миср диёрининг фатво аҳлидан бўлмиш фозил уламолар, саййидлардан бир гуруҳи ҳозирдирлар. Бунинг сабаби, бундан олдин унинг (Ибн Таймиянинг) хати билан топилган ва ундан нақл қилинган унинг эътиқодига боғлиқ ишлар борасида аниқликлар киритишдир. «Аллоҳ таоло овоз билан гапирадими?», «Истиво»нинг маъноси ҳақиқий маъносидами?». Шу хилдаги ҳақиқат аҳлига мухолиф бўлган фикрлар. Бу борада баҳсу мунозаралар давом этди ва у мана шу ақидалардан қайтганини эълон қилганидан сўнг мажлис тугади. У (Ибн Таймия) гувоҳлар олдида: «Мен ашъарийман!» деб айтди ва ашъарийларнинг китобларини бошига кўтарди». Дастхати билан ёзилган нарсага кўра мен бунга гувоҳман! Унинг ёзганлари қуйидагича: «Аллоҳга шукрки, мен Қуръоннинг маъноси Аллоҳнинг зотида қоим деб эътиқод қиламан! У азалий, қадимий зотий сифатларидан бир сифатдир. У ғайри махлуқ (яратилган эмас). У ҳарф ҳам эмас, товуш ҳам эмас!». Буни Аҳмад ибн Таймия ёзди. «Аллоҳ таолонинг «ар-Раҳмону ъала Арши-ставо!» («Раҳмон Аршга «истиво» қилди!») оятидаги «истиво» борасида жамоат айтган гапга мувофиқ эътиқод қиламан! Албатта у ҳақиқий ва зоҳирий маъносида эмас! Ундан мурод нималигини – қандайлигини билмайман! Балки, буни фақат Аллоҳ таоло билади, холос». Буни Аҳмад ибн Таймия ёзди. «Нузул» («тушиш») ҳақида ҳам «истиво» борасидаги гапга ўхшаш гапни айтаман! У ҳақида нима деган бўлсам, ана ўша гапни айтаман. Ундан мурод нималигини – қандайлигини билмайман! Балки, буни ҳам фақат Аллоҳ таоло билади, холос. У ҳам ҳақиқий ва зоҳирий маъносида эмас!». Буни Аҳмад ибн Таймия ёзди. Мана шу воқеа 707 йилнинг рабиъ ал-аввал ойи 25 куни якшанба кунида (1307 йилнинг 24 сентябрида) содир бўлиб ўтди». Мана шу Ибн Таймиянинг ўз дастхати билан ёзганларидир. Яна гувоҳлик бераманки, у Аллоҳ таолога мазкур тўртта масалалар бўйича тескари эътиқодидан тавба қилганини ўз хати билан ёзиб қолдирди. Муаззам икки шаҳодат калимасини талаффуз қилди. Мана шунинг барчасини у Миср диёрининг Тоғ қалъасида ўз инон-ихтиёри билан амалга оширганига ҳам гувоҳлик бераман! Аллоҳ ушбу шаҳарни ўзи сақласин. Такрорлайманки, бу воқеа 707 йилнинг рабиъ ал-аввал ойи 25 куни якшанба кунида (1307 йилнинг 24 сентябрида) бўлиб ўтди. Ушбу мажлисда ҳозир бўлган адолатли ва ишончли таниқли зотлардан бир жамоаси гувоҳ бўлиб турдилар. Уни қўйиб юбордилар, у бориб Қоҳирада туриб қолди». (Ибн Хажар ал-Асқалоний, «ад-Дурар ал-комина фий аъён ал-миа ас-сомина», 1-ж. 148-бет).

Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқолоний раҳимаҳуллоҳ, ушбу ҳодисани яна Имом ал-Бирзолий (ҳ. 665-739/ м.1267-1339) раҳимаҳуллоҳнинг «Тарих» китобларида  қуйидагича келтирилганини ёзганлар:

وقال انه قرأه في تاريخ البرزالي بما نصه : قال: …ولم يزل ابن تيمية في الجب إلى أن شفع فيه مهنا أمير آل فضل فأخرج في ربيع الأول في الثالث وعشرين منه وأحضر إلى القلعة ووقع البحث مع بعض الفقهاء فكتب عليه محضر بأنه قال : أنا أشعري ، ثم وجد خطه بما نصه : الذي اعتقد أن القرآن معنى قائم بذات الله ، وهو صفة من صفات ذاته القديمة وهو غير مخلوق ، وليس بحرف ولا صوت ، وأن قوله : (الرحمن على العرش استوى ) ليس على ظاهره ولا أعلم كنه المراد به ، بل لا يعلمه إلا الله ، والقول في النزول كالقول في الاستواء . وكتبه أحمد بن تيمية . ثم أشهدوا عليه أنه تاب مما ينافي ذلك مختارا وذلك في خامس عشري ربيع الأول سنة (707هـ) . وشهد عليه بذلك جمع جم من العلماء وغيرهم وسكن الحال وأفرج عنه وسكن القاهرة

«Фазл оиласидан бўлган амир унга шафоатчи бўлмагунча Ибн Таймия қамоқда бўлди. Уни робиул-аввал ойининг 23- куни чиқардилар ва қалъага келтирдилар. У билан баъзи фақиҳлар ўртасида баҳс бўлди ва уларнинг гувоҳлигида у (Ибн Таймия): «Мен ашъарийман» деб айтганини ҳужжат қилиб ёзиб қўйдилар. Сўнгра, унда унинг қуйидагиларни ёзганлари келтирилди: «Албатта, Қуръон Аллоҳнинг Зотида қоим эканлигига эътиқод қиламан. Ва бу Унинг Зотидаги қадим бўлган сифатларидан бир сифат бўлиб, у махлуқ эмасдир. У ҳарф ҳам эмас, товуш ҳам эмас. Ва албатта, «Раҳмон Аршга иставо қилди» ояти зоҳирий маъносида тушунилмайди ва мен ундан нима маъно ирода қилинганлигини билмайман, буни Аллоҳдан бошқа хеч ким  билмайди. «Нузул» сўзи ҳам ҳудди «Иставо» сўзи сингаридир. Буни Аҳмад ибн Таймия ёзди. Уни ҳақ йўлга қарши бўлган хилофларидан тавба қилганига сизлар гувоҳ бўлинглар. Бу ҳижрий 707 йилнинг  робиул-аввал ойининг 25-куни бўлди. Бу ишга жудаям кўп уламолар ва бошқа одамлар гувоҳ бўлдилар. Шундан сўнг ҳолат тинчиди ва уни қўйиб юбордилар. У Қоҳирада жойлашди». (Ибн Хажар ал-Асқалоний «ад-Дурар ал-комина фий аъён ал-миа ас-сомина», 1-ж. 148-бет).

ТАВАССУЛ ҚИЛИШ ВА ШАФОАТ СЎРАШ МУМКИН

Буюк тарихчи ва муҳаддис, Имом Имодуддин Ибн Касийр (ҳ.701-774/ м.1301-1373) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Ал-Бидая ва ан-Ниҳая» номли китобларида айтадилар:

قال البِرْزالي : وفي شوَّالٍ منها شكَى الصوفيةُ بالقاهرةِ علي الشيخِ تقيِّ الدين وكلامِه في ابن عربيِّ وغيرِه إلى الدولةِ ، فردُّوا الأمرَ إلى القاضي الشافعي ، فعُقِد له مجلسٌ وادَّعَى عليه ابنُ عطاءٍ بأشياءَ فلمْ يَثبُتْ عليه منها شيءٌ ، لكنه قال: لا يُستغاثُ إلا باللهِ ، لا يُستغاث بالنبي استغاثةً بمعنى العبادةِ ، ولكن يُتوسَّلُ به ويُتشفَّعُ به إلى الله

«Ал-Бирзолий айтди: «Шу йилнинг (707 ҳ.й.) Шаввол ойида Қоҳирадаги сўфийлар Шайх Тақиюддин (Ибн Таймия) устидан, уни (Муҳйиддин) ибн Арабий ва бошқалар тўғрисидаги сўзлари хусусида давлатга шикоят қилдилар. Бу ишни шофеъий қозисига етказдилар. Мажлис ташкил этилди ва унга қарши ибн Ато (ас-Сакандарий) баъзи нарсаларни даъво қилди. Лекин унга нисбатан улардан ҳеч нарса исботланмади. Лекин у (Ибн Таймия) айтди: «Аллоҳдан бошқа хеч кимдан ёрдам сўралмайди. Набийдан ҳам ибодат маъносида ёрдам сўралмайди.  Лекин у билан тавассул қилиш мумкин ва ундан Аллоҳга шафоатчи бўлишлигини (ташаффуъ) сўраса бўлади».  (Ибн Касийр, «Ал-Бидая ва ан-Ниҳая», 14-ж. 45-бет).

ИБН ТАЙМИЯНИНГ МАШҲУР ШОГИРДЛАРИ ЎЗ УСТОЗЛАРИ ҲАҚИДА

Имом Имодуддин Ибн Касийр

Юқорида Ибн Таймиянинг тавассул ва шафоат сўраш ҳақидаги тавбаси тўғрисида, у кишининг шогирди бўлмиш Ибн Касийр (ҳ.701-774/ м.1301-1373й.) раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари келтирилди. Имом Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ фиқҳда шофеъий мазҳабида, ақийдада эса ашъарий мазҳабида бўлганлар.

Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ, ашъарий эканликларини ўзлари таъкидлаганлар. Бу сўзларни Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ «ад-Дурар ал-комина фий аъён ал-миа ас-сомина» китобларида, Ибн Қаййим Жавзиянинг ўғли бўлмиш Иброҳим ибн Муҳаммаднинг таржимаи ҳолида келтириб, буни Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ ва ибн Муҳаммад ўртасида бўлиб ўтган баҳс жараёнида бўлганлигини айтадилар:

ومن نوادره أنه وقع بينه وبين عماد الدين ابن كثير منازعة في تدريس الناس فقال له ابن كثير أنت تكرهني لأنني أشعري فقال له لو كان من رأسك إلى قدمك شعر ما صدقك الناس في قولك أنك أشعري وشيخك ابن تيمية وقال ابن رافع شرح ألفية ابن مالك وقال ابن كثير كان فاضلا في النحو والفقه على طريقة أبيه ودرس بأماكن وكانت وفاته في صفر سنة767

«Нодир бўлган ҳолатлардан, у ва Имодуддин Ибн Касийр ўртасида, дарс бериш ҳақида бўлиб ўтган баҳсдир. Ибн Касийр унга: «Сен мени ашъарий бўлганим учун ёмон кўрасан», деди. У эса: «Агар сени бошингдан то оёғингача сочли бўлганингда ҳам (ашъарий сўзи, соч маъносини англатувчи «шаъар» сўзидан келиб чиққан – тарж.), Ибн Таймия сенинг шайхинг бўлгани учун, сенинг ашъарий эканлигинг ҳақидаги сўзингга одамлар ишонмайдилар», деди. (Ибн Хажар ал-Асқалоний, «ад-Дурар ал-комина фий аъён ал-миа ас-сомина», 1-ж, 58-б).

Шунингдек,  Имом Тожуддин ас-Субкий (ҳ.717-771/ м.1318-1370й.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Табақот аш-Шофеъия ал-кубро» китобларида (10-жилд, 398-бетда) айтишларича, «Дорул ҳадис ал-Ашрофия» мадрасасининг вақф таъсисчиси томонидан қўйилган энг асосий талаб — унинг мударрисларини фақат ашъарий мазҳабида бўлган олимлардангина тайинлаш бўлади. Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳни эса, «Дорул ҳадис ал-Ашрофия» мадрасасига раҳбар этиб,  Имом Субкий раҳимаҳуллоҳдан кейин 772 ҳижрий йилнинг муҳаррам ойида тайинланадилар.

Бундан ташқари, Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ, ўзларининг машҳур тафсир китобларида, ашъарий мазҳаби асосида муташобеҳ оятларни (Аъроф сурасининг 54-ояти,  Қасас сурасининг 88-ояти, Мулк сурасининг 1-ояти, Инсон сурасининг 9-ояти ва бошқалар) Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларига мос равишда таъвил қилганликлари ҳам, у киши ақийдада ашъарий мазҳабига эргашганликларига ёрқин далилдир. (Ваҳҳобийлар эса, мазкур оятларни ҳудди шу усулда таъвил қилувчи уламоларни «оятларни инкор қилувчилар», «жаҳмийлар», деб ҳақорат қиладилар).

Имом Ибн Ражаб ал-Ҳанбалий

Ҳофиз, Имом Ибн Ражаб ал-Ҳанбалий (ҳ.736-795/ м.1335-1393й.) раҳимаҳуллоҳ, ўз устози Ибн Таймия ҳақида айтадилар:

وطوائف من أئمة أهل الْحَدِيث ، وحفاظهم وفقائهم كَانُوا يحبون الشيخ ويعظمونه ، وَلَمْ يكونوا يحبون لَهُ التوغل مَعَ أهل الْكَلام ، ولا الفلاسفة ، كَمَا هُوَ طريق أئمة أهل الْحَدِيث المتقدمين ، كالشَّافِعِي ، وَأَحْمَد ، وإسحاق ، وأبي عبيد ، ونحوهم. وَكَذَلِكَ كثير من الْعُلَمَاء من الْفُقَهَاء ، والمحدثين ، والصالحين كرهوا لَهُ التفرد ببعض شذوذ المسائل الَّتِي أنكرها السلف عَلَى من شذ بِهَا ، حَتَّى إِن بَعْض قضاة العدل من أَصْحَابنا منعه من الإفتاء ببعض ذَلِكَ.

 «Ҳадис аҳлидан бўлган ҳофизлар ва фақиҳларнинг тоифалари шайхни яхши кўришарди ва ҳурмат қилардилар. Лекин, уни аҳли калом ва файласуфлар билан қўшилиб чуқур кетишини яхши кўрмас эдиларки, бу (ишлардан четланиш)  мутақаддим ҳадис аҳли бўлган Шофеъий, Аҳмад, Исҳоқ, Абу Убайд ва уларга ўхшаганларнинг йўли эди. Шунингдек, кўплаб уламолар, фуқаҳолар, муҳаддислар ва солиҳлар — ундан содир бўлган тафаррудлар (бир ўзи яккаланиб фикр билдириш) ва шоззлар (бошқаларга хилоф бўлган ғаройиботлар) каби нарсаларни салафлар инкор этганидек, улар ҳам ёмон кўришарди. Ҳаттоки, бизнинг асҳобларимиз (ҳанбалийлар) дан бўлган баъзи адолатли қозилар, унга буларнинг баъзиси бўйича фатво беришни ман қилган эдилар». (Ибн Ражаб ал-Ҳанбалий, «Зайл табақот ал-Ҳанабила», 4-ж. 505-бет).

Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (ҳ. 773-852/м.1372-1449) раҳимаҳуллоҳ  «Инбаул ғумар би абнаил умар» китобларида Ҳофиз Ибн Ражаб Ҳанбалий (ҳ.736-795/м.1335-1393) раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолларида айтадилар:

و نقم عليه إفتاؤه بمقالات ابن تيمية، ثم أظهر الرجوع عن ذلك فنافره التيميون فلم يكن مع هؤلاء ولا مع هؤلاء، وكان قد ترك الإفتاء بأخرة

«Уни (Ибн Ражабни) Ибн Таймиянинг сўзларидан олинган фатволари учун танқид қилдилар. Сўнгра у улар (фатволар)ни тарк этди ва бу сабабли таймиийлар (Ибн Таймиянинг ишқибозлари) ундан четландилар. Бас, у, булар билан ҳам ва анавилар билан ҳам бирга бўлмади. Охири, у фатволарни (яъни ибн Таймиянинг фатволарини) бутунлай тарк этди». (Ибн Ҳажар Асқалоний, «Инбауль ғумар би абнаил умар», 1-ж, 176-б).

Имом Шамсуддин аз-Заҳабий

Буюк олим, Ҳофиз, Имом Шамсуддин аз-Заҳабий (ҳ. 673-748 й.) раҳимаҳуллоҳ, ўз устозлари Ибн Таймия ҳақида айтадилар:

 و انا لا أعتقد فيه عصمة بل انا مخالف له فى مسائل اصلية و فرعية

«Мен унинг борасида бегуноҳ – покиза деб эътиқод қилмайман, балки мен аслий (эътиқодий) ва фаръий (фиқҳий) масалаларда унга мухолифман!». (ал-Асқалоний. «Ад-Дурар ал-комина». 1-жилд,151-бет, Байрут: Дор ал-Жайл, 1993.).

Шунингдек, Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Баян зағл ал-илм ва ат-талаб» номли китобларида, толиби илмларга насиҳат қилиб айтадилар:

فإن برعت في الأصول و توابعها من المنطق والحكمة و[الفلسفة] ، وآراء الأوائل و مجازات العقول ، واعتصمت مع ذلك بالكتاب والسنة وأصول السلف ، ولفقت بين العقل و النقل ، فما أضنك في ذلك تبلغ رتبة ابن تيمية و لا والله تقربها ، و قد رأيت ما آل أمره إليه من الحط عليه والهجر والتظليل و التكفير و التكذيب بحق وبباطل فقد كان قبل أن يدخل في هذه الصناعة منوراً مظيئاً على محياه سيما السلف ، ثم صار مظلماً مكسوفاً عليه قتمت عند خلائق من الناس ، ودجالاً أفاكاً كافراً عند  أعدائه ، و مبتدعاً فاضلاً محققاً بارعاً عند طوائف من عقلاء الفضلاء ، و حامل راية الإسلام و حامي حوزة الدين ، و محيي السنة عند عوام أصحبه هو ما أقول لك . 

«Агар сен Усулда ва унга тегишли бўлган мантиқ, ҳикмат, фалсафа, аввалгиларнинг фикрлари ва ақлларнинг мажозларини аъло даражада билсанг ва шу билан бирга Китоб (Қуръон) ва Суннат ҳамда ўтганларнинг асл қоидаларига маҳкам ёпишсанг ҳам, ақл билан нақлнинг орасида туриб баён қилсанг ҳам, бу борада Ибн Таймиянинг мартабасига ета оласан, деб уйламайман. Йўқ ундай эмас, Аллоҳга қасамки, унга яқин келишинг мумкиндир, холос. Лекин, хақиқатан хам мен унинг ишида пасайиш, хақиқатдан узоқлашиш, бошқаларни залолатда дейиш, такфир — одамларни кофир деб эълон қилиш, ҳақ ва ботил орасида ёлғон ишлатиш каби нарсаларни сезаяпман. Бу ишга киришишдан аввал у мунаввар эди, унинг сиймоси ўтган уламолар каби эди. Сўнгра уни зулмат қоплади, қуёш ва ойи тўсилди. Одамларнинг бир гуруҳининг кўзига у ёмон кўриниб қолди, душманлари ҳузурида дажжол, ёлғончи ва кофир бўлиб қолди. Ақлли ва фозил зотлардан иборат уламолар олдида эса у мубтадеъга — бидъатчига чиқарилса ҳам муҳаққиқ, чуқур илмга эга зот булиб қолаверди. Унинг аввом шогирдлари томонидан эса у дин байроғини кўтариб юрган, дин қўрғонининг ҳимоячиси, суннатни тирилтирувчи сифатида кўрила бошлади. Мана мен сенга айтмоқчи бўлган гаплар». (аз-Заҳабий. «Баян зағл ал-илм ва ат-талаб», 42-бет, «Усулуд-дин» боби).

Бундан ташқари, Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ томонидан Ибн Таймияга йўлланган, унинг адашувларидан тавба қилиши тавсия қилинган насиҳатлари ҳам машҳурдир.  Унда, жумладан қуйидагилар айтилган:

 فما أظنك تقبل على قولي ولا تُصغي إلى وعظي بل لك همة كبيرة في نقض هذه الورقة بمجلدات وتقطع لي أذناب الكلام، ولا تزال تنتصر حتى أقول لكَ: والبتة سكتت. فإذا كان هذا حالك عندي وأنا الشفوق المحبُّ الواد، فكيف يكون حالك عند أعدائك، وأعداؤك والله فيهم صلحاء وعقلاء وفضلاء كما أن أولياءك فيهم فجرة وكذبة وجهلة وبطلة وعور وبقر.

«Менинг гапимни қабул қиласан ва насиҳатимга қулоқ соласан деб ўйламайман. Балки сен буни жилд-жилд варақлар билан синдиришга катта ҳиммат кўрсатасан ва мен учун гапнинг думини кесишга ҳаракат қиласан. Ғолиб бўлишга ҳам уруниб қоласан. Ҳаттоки, мен сенга «Бўлди, жим бўлдим», деб ҳам айтишим мумкин. Сенинг ҳолинг менинг олдимда ана шундай, ваҳоланки мен сенга меҳрибон, севикли ва муҳаббат қўйганман, бироқ, сенинг душманларинг ва сенга душманлик қилувчиларнинг ҳузурида ҳолинг қандай экан?! Аллоҳга қасамки, уларнинг орасида солиҳлар, ақллилар ва фозил кимсалар бор. Бу худди сенинг дўстларинг орасида фожирлар, ёлғончилар, жоҳиллар, бекорчилар, кўрлар ва «мол»лар ҳам бор бўлгани кабидир». (аз-Заҳабий, «Насиҳа ли Ибни Таймия»).

Ушбу насиҳатнинг қўлёзмалари Қоҳира кутубхонасида 18823б-рақам билан, Дамашқдаги «Дарул-кутуб аз-заҳирия»да 1347-рақам остида сақланади ва унинг матни шунингдек, Ҳофиз Саховий раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-Илян би ат-тавбиҳ лима замма ат-тарих» китобларида ва Имом Заҳабийнинг ўзларининг «Сияр алам ан-нубала» китобларида келтирилган.

Юқорида келтирилган Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг тавба қилиш ҳодисалари ҳақида, бир нарсани эсдан чиқармаслик керакки, ушбу тавба воқеаларидан кейин ҳам, уни бир неча марта эътиқоди бўйича суриштирув ўтказилган. У охирги марта ҳижрий 726 йилнинг шаъбон ойининг 7-сида (мелодий 1326 йил, 9 июль), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига зиёрат қилиш нияти билан узоқ жойлардан бориш мумкин эмас деб таъкидлаб, янги фитнани қўзғагани боис маҳкамага тортилиб, зиндонга ташланган ва ундан чиқарилмасдан, ўша ерда ҳижрий 728 йил 22-зулқаъдада (м. 1328 йил 28 сентябр) вафот қилган.

 

Ҳамидуллоҳ Беруний

Анвар Абдуллоҳ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *