САФАРНОМА

10429855_764045330336542_2554383526143191242_n

Сайтимизнинг бош илмий маслаҳатчилари, устозимиз Ҳамидуллоҳ Беруний домла ҳафизаҳуллоҳнинг устозлари Шайх Аҳмаджон махдум Кўҳистоний қуддиса сирруҳу ҳақларида покистонлик таниқли шайх, нақшбандия тариқати машойихи Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳнинг эсдаликлари.
Эсдалик умумий «Лоҳурдан Бухоро ва Самарқандгача» номи ила 1992-йили Ўрта Осиёга қилган сафарларидан 8 йил сўнг ёзилган.

САРИОСИЁГА САФАР

26-июнда (1992-йил) Муҳиббуллоҳнинг уйига Сариосиёлик машҳур олим Домла Аҳмаджон дўсту-аҳбоблари билан келиб, тариқатга дохил бўлишди.
Ҳабибуллоҳ Домла Аҳмаджонни таништирди:
— Бу киши улуғ олим. Сариосиёда бу кишининг обрўлари баланд деди.
Домла Аҳмаджоннинг тақвоси чеҳрасидан намоён эди. Нақшбандийя сабоқларида охирлаб қолган, аммо Пийрининг вафотидан сўнг зикр таълими тўхтаб қолган эди. Ўнлаб кишилар у кишининг дарс ҳалқасига келиб ўтирарди.

Домла Аҳмаджон Фақирнинг Сариосиёга бир неча кунга меҳмон бўлишимни илтимос қилди. Мавлоно Абдуллоҳнинг маслаҳати билан борадиган кунимиз белгиланди.
Сариосиё Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятининг бир қисмидир. Сариосиёликлар ниҳоятда диндор, уламоларни қадрлайдиган кишилардир. У ерда аксар Машойихларнинг хонақоҳлари ободдир. Бу кишиларнинг коммунизм даврида ҳам дийнини сақлаб қолганликлари юзларидаги нурдан билиниб турибди.

Бир неча соатлик сафардан сўнг қишлоққа кириб келдик. У ерда Домла Аҳмаджоннинг масжиди бор эди. Масжидга яқин ерда болалар учун диний таълим мадрасаси ҳам бор эди. Домла Аҳмаджоннинг уч ўғли олим бўлиб, мадрасада талабаларни ўқитар экан. Икки қизи ҳам олима бўлиб, илмли кишиларга узатилган эди.
Эртаси куни Домла Аҳмаджоннинг куёвининг уйига меҳмонликка чақирилган эдик. Куёвининг уйи тоғли қишлоқнинг ям-яшил, серсув жойида жойлашган экан. Ҳар тараф мева-чева, гуллар, ям-яшил. Фазо эса муаттар хушбўй ҳидга тўлганди. Уйлар ниҳоятда чиройли қилиб солинган ва остидан сув оқиб турувчи сўри ҳам бор эди. Сувнинг шилдираб оқиши, салқин ҳаво, қушларнинг ажойиб сайраши .. Ҳаётимда бу қадар гўзал жойни кўрмаган бўлсам керак.
Фақир хаёлга чўмгандим:
Жаннатдаги сўрилар не қадар чиройли бўлса?! Аллоҳ Таоло мўъмин бандаларининг кўзининг қувончи қилиб яратиб қўйган қандай неъматлари бор экан-а ?!.

Домла Аҳмаджонга шу ерда Мушорибот сабоқларини мукаммал қилдирдим. Унда Муроқаба Маъийят сабоғининг кайфийяти олдиндан бор эди. Куннинг аксар қисми зикру-муроқаба қилиш-қилдириш билан ўтди. Фақирнинг устига кучли илоҳий муҳаббат ғолиб келган эди.

ДОМЛА АҲМАДЖОНГА ИЖОЗАТ БЕРИЛИШИ

Аср намозидан сўнг Фақир масжидда зикри қалбий (қалб зикри) мавзусида суҳбат (маъруза) қилдим. Мавлоно Абдуллоҳ ўзбекчага таржима қилди. Суҳбат охирида Фақир Домла Аҳмаджоннинг елкасига ижозат юкини солдим. Масжиддагилар ажиб ҳол-кайфиятга тушганди. Масжид аҳли шу даражада оҳу-йиғи билан машғул эдики, овозимни эшиттиргани қўйишмасди. Мавлоно Абдуллоҳ ҳам йиғлаб юборди. Фақирда ҳам ажиб бир ҳол бор эди. Забонимга дард тўла сўзлар оқиб келаётганди. Нақшбандийя нисбатининг файз-нури шу даражада тинимсиз ёғилаётгандики, ҳатто Фақир каби бир ожизга аниқ-тиниқ кўринарди.
Маҳфилдан сўнг, дуо вақтида одамлар ўксиб-ўксиб йиғларди. Дуодан сўнг масжид аҳли Домла Аҳмаджон билан қучоқлашиб, кўриша бошлашди ва муборакбод этишди.

Масжиддан чиқишимизда Домла Аҳмаджон оёқ ковушимни қўлига олиб, кўксига босиб, сўнг рухсорига теккизиб йиғлай бошлади. Бу ҳолни кўриб одамлар баланд овозда йиғлаб юборишди. Домла Аҳмаджон бу байтни такрор-такрор ўқир эди:

» Қол ро бигузор, марди ҳол шав,
Пеши марди комиле помол шав».
(Қол ни тарк эт, ҳол ўғлони бўл,
Комил Инсон қаршисида хокисор бўл.)

» Сад китобу, сад варақ дар нор кун,
Жону, дилро жониби дилдор кун «.
( Юз китобу, юз варақни оташга от,
Қалб ва жонингни Аллоҳ тарафга юзлантир).

РУБЛ ЁМҒИРИ

Масжиддан чиқиб, Домла Аҳмаджоннинг уйига етиб келганимизда тумонат одам биз билан бирга эди. Фақир уй эшигига етишим биланоқ , бошимдан рубль ёғила бошлади. Аёллар олдиндан бу хушхабарни эшитган экан, ихлос билан шу ҳолда кутиб олишди. Фақир Аллоҳ Таолога бошим устидан тош эмас, қоғоз пул ёғдираётганига шукр қилдим.

Ҳазрат Боязийд Бастомий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида китобларда ёзилишича бир куни у зот янги либос кийиб, жумъа намозини ўқиш учун масжидга кетаётганларида, тўсатдан бир уйнинг чатидан қайсидир аёл кул ташлади. Улоқтирилган кул Ҳазрат Боязийд Бастомийнинг уст-бошларига келиб тушди. Атрофидаги кишилар қаттиқ хижолат бўлиб турганларида Боязийд Бастомий ҳазратлари Аллоҳ Таолога шукр адо эта бошлади.
Кимдир » Шундай ҳолда ҳам шукр этяпсизми ?! » деб сўраганида Ҳазрат Хожа шундай жавоб бердилар:
— Ҳа! Мен бошимдан кўмир чўғи ёғилишига лойиқ эдим, Аллоҳга шукрлар бўлсинким фақат кул ёғдирди».
Эртаси кун тонгдан пешингача ўша жойнинг уламолари, машойихлари Ҳазрат Домла Аҳмаджонни муборакбод қилиш учун кела бошлашди. Одам шу даражада кўп эдики гўё ҳайит намозидан сўнг уйларига тарқалаётгандек. Ҳар бир чеҳрада қувонч ва хурсандчилик намоён эди. Нисбат нурининг насиб этганига Сурхондарёликлар шу даражада севиндиларки бунинг мисоли топилмас.
Нақадар ҳақ сўз! Гул қадрини ўлимтик ейдиган калхат қаердан ҳам билсин. Гулнинг қадр-қиймати мияси соф булбулга маълумдир.

Пешин намозини Тарғуром масжидида ўқиш учун мошинлар карвони йўлга тушди. Фақир:
— Мавлоно Абдуллоҳ! Худди куёв навкарлар куёвни олиб кетишаётгандек дедим.
Мавлоно Абдуллоҳ тап тортмасдан:
— Ҳазрат! Куёв сизсиз деди.
Фақир:
— Шукрлар бўлсинки бандасининг уйига эмас, балки Парвардигорнинг уйига тараф кетаяпмиз дедим.
Ёнимдагилар бу жавобдан таъсирланишди.

Ўзбекчага Абдулвоҳид Иброҳим Ҳисорий таржимаси.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *