Суннатга тарғиб қилувчи имомлар

il_340x270.957956504_rkc9

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар тилло, ё кумуш мерос қилиб қолдирмадилар, балки илм қолдирдилар. Ким уни олган бўлса катта насибани қўлга киритибди», деганлар. (Имом Термизий ривояти).

Бугунги кунда масжидларимиздаги имомларимиз илм аҳли, ўша масжид қавмлари эса ибодат қилувчилардир. Албатта улуғ насибадан баҳраманд бўлган меҳроб соҳиблари масжидга келадиган намозхонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қолдирган меросларидан улашадилар. Бу улуғ мерос Аллоҳнинг буйруғи ва қайтариғи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан иборатдир. Имом-муаллимлар мусулмонларга нафақат бу илмларни айтиб-ўргатиш, балки ўз кўринишларида ҳам кўрсатишлари ва ўз ҳаётларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сиймоларини гавдалантиришлари керак.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим: “Ким мендан кейин унутиб борилаётган бир суннатимни қайта тирилтирса ва унга одамлар амал қилишса, унга шу суннатга амал қилганларникича ажру мукофот бўлади ва бу уларнинг ажрларини ҳеч ҳам камайтирмайди” – дедилар. (Имом Ибн Можанинг саҳиҳ санад билан ривояти).

Кун сайин тарк этилаётган суннатлардан бири баъзи имомларнинг салла киймай меҳробга ўтаётганидир. Имом намозни қандай ўқиб берса, жамоатнинг намози ҳам ўшандек бўлади. Агар намоз хушуъ билан, барча суннатлар ўз ўрнида ва ибодат фазилатларини зиёда қиладиган амаллар билан адо этилса, Аллоҳга мақбул ва жамоатга ҳам маъқул бўлади. Акс ҳолда…

Салла кийиб ўқилган намознинг фазилати ҳақида шундай ҳадиси шариф ворид бўлган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Салла билан ўқилган икки ракаат намоз салласиз ўқилган 70 ракаат намоздан яхшидир”, дедилар. (Имом Дайламий ривояти).

«Саҳиҳи Бухорий»га ёзилган шарҳларнинг энг мўътабари бўлмиш Бадриддин Айнийнинг “Умдатул қорий” номли шарҳида “Бобул амоим” бўлимида салла ҳақида ворид бўлган ҳадислар келтирилган.

 “Ансорийлардан бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб: “Эй Абу Абдурраҳмон, салла суннатми?” деб сўради. У зот: “Ҳа”, деб жавоб бердилар.

Аллома Муновий айтадилар: “Салла намоз учун ва чиройли кўринмоқ учун суннатдир. Салла ҳақида келган ҳадислар кўпдир. Баъзилари ниҳоятда заиф бўлса ҳам, ровийларнинг кўплигидан назарга олинади. Лекин у ҳадисларнинг кўпчилигини мавзуъ (тўқима) деб айтилиши таҳқиқда эҳтиётсизликдир”[1]

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича. Бадр фаришталарнинг белгиси оқ салла бўлиб, унинг учини орқаларига тушириб олишган экан[2].

Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Аллоҳ таолонинг Оли Имрон сурасидаги “белгили[3] оятининг шарҳи ҳақида: “аломати борлар, Бадр кунида фаришталарнинг сиймолари қора салла кийганлари ва Уҳудда эса қизил салла кийганлари эди”, дедилар. (Табароний ривояти).

Фаришталар саййиди Жаброил алайҳиссалом ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига салла ўраб тушганлари ҳақида ривоятлар бор.

Мусулмоннинг тожи бўлмиш саллани нафақат ердаги одамлар, балки кўкдаги фаришталар ҳам кийган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиёфаларига эргашиб, фаришталар ҳам салла кийиб мусулмонлар билан бирга жам бўлардилар. Нега фаришталар бошқа кийимда эмас, салла кийиб нозил бўлардилар? Чунки ўша пайтда мусулмонлар мушриклардан салла кийиши билан фарқланардилар.

Рукона розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушдим. Бас У зот мени йиқитдилар. Ва У зотнинг: “Биз билан мушрикларнинг орасидаги фарқ дўппилар устидаги саллалардир” деганларини эшитдим” (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).

Ҳадиси шарифнинг иккинчи қисмида айни биз сўз юритмоқчи бўлган “салланинг фазилати” ҳақида маълумот келтирилмоқда. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз билан мушрикларнинг орасидаги фарқ дўппилар устидаги саллалардир”, дедилар. Мана шу жумланинг ўзи ҳам саллани қанчалик фазилатли бош кийим эканлигини ифода этиб турибди, қолаверса салла мусулмонларга хос бўлган бош кийим эканлиги ҳам ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлиб турибди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саллани мусулмонлар билан мушрикларнинг орасидаги фарқловчи деб сифатладилар. Мазкур ҳадиси шарифга барча мусулмонлар қатори юртимиз мусулмонлари ҳам аввалги асрларда тўлиқлигича амал қилиб келганлар. Ҳаттоки ўша асрларда юртимиз эркакларини бош кийимсиз хоссатан салласиз тасаввур қилинмас эди.

Зандавистийнинг “Равзату-л-уламо” номли асарида келтирилишича, Бухоро султони Абу Ҳафс Кабир Бухорийга салла тортиқ қилган. Салла муҳим илтифот қилинган кийимлардан бўлиб, амирлар уни ўзлари танлаган ва яқин кишиларига совға килганлар[4]. Чунки у зот туфайли Бухоро «Қуббат ул-ислом»—«Ислом динининг гумбази» деган номга сазовор бўлган.

Қадимда эр кишининг салласини олиб қўйиш унинг учун таъзир бериш жазоси сифатида қўлланган.

Маълумки, салла ислом динининг шиорларидан ҳисобланади. Айниқса, бугунги кунда салла кийган киши одамларга Исломни эслатади. Салла кийган имом салобатли кўринади, ҳалимлиги ортади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Салла боғланглар, ҳилмларингиз зиёда бўлур” (Табароний ва Термизий ривоят қилганлар).

Ҳанафий мазҳабида намозхон суннатни қасддан тарк қилиши ёки хушуъ ва камолни кетказувчи амални қилиши макруҳдир. Аллоҳ таоло: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингзни олинг”[5] деб буюрган зийнати тарк қилгани учун бош яланг намоз ўқишлик макруҳдир.

Ибн Ажийба роҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Баҳр ул-мадид” тафсирларида “зийнат” дан мурод сатрда зиёда қилишликдир дедилар. Демак, бошни ҳам сатр қилиш зийнат ҳисобланади. Ўтган баъзи азизлар ушбу амрга итоат маъносида намоз учун алоҳида гўзал кийим тайёрлаб қўйганлар.

Уламолар дедилар: “Шунинг учун мусулмон киши намоз ўқишликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, кийимларнинг энг тўлиғи ва кўринишларнинг энг афзал ҳолида бўлиши ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишончли ривоятлар орқали келган суратда намозини адо этиши керак”.

Амр ибн Ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни минбар устида кўрдим. Бошларида қора салла бўлиб, бир учини икки кураклари орасидан тушириб олган эдилар». (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган).

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қавмга уларнинг ичидан Аллоҳнинг китобига қорироқлари имом бўлади. Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари…», дедилар». (Имом Муслим ривояти).

Лекин, жумҳур уламолар, жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам, суннатни яхши биладиган олим қоридан муқаддам бўлади, деганлар.

Чунки, олим одам намозга керакли Қуръон қироатини яхши билиши турган гап, аммо қори одам намозда юзага келиб қоладиган масалаларни дарҳол ҳал қилиб кетавериши мумкин эмас, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким бир қавмга имом бўлса, Аллоҳга тақво қилсин ва албатта, у ўзига юкланган вазифасига масъул эканлигини билсин. Агар вазифасини чиройли адо этса, унинг орқасидан намоз ўқиганларнинг мислича ажрга эга бўлади ва у ажрлардан бирор нарса камайтирилмайди. Агар нуқсонга йўл қўйса, зараригадир”. (Имом Табароний ривояти).

Имом ўз жамоатининг раҳбари, уларнинг йўлбошчиси, намозларининг ва бошқа ибодатларининг тўкис бўлишида асосий хизмат кўрсатадиган пешво ҳисобланади. Шу билан бирга, имомгарчилик имомнинг зиммасига бир қанча масъулиятларни ҳам юклайди. Имом, аввало, жамоатнинг намози тўкис адо этилишини таъминлаши лозим. Шунингдек, имом намоз ўқиб беришда суннатларга қатъий риоя қилиши, жорий ва унутилиб бораётган суннатларни ўз амаларида кўрсатиб ўз қавмига ўрнак бўлиши керак.

“Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Жамол Мавлонов

[1] “Шамоили Муҳаммадия” “Шарқ” нашриёти 16-боб, 73-бет

[2] “Тафсири ҳилол” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1-жуз 405 бет

[3] Оли Имрон 125 оят

[4] “Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва Ҳанафий фиқҳи” Лобар Асророва

[5] Аъроф 31

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *