МАЗҲАББОШИМИЗ ИМОМ АЪЗАМ ҲАҚИДА ҲИКОЯЛАР

imam-abu-hanifara

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ МЎЪЖИЗАСИ

Бир киши ўз даврининг етук олимидан сўради:

— Расулуллоҳнинг мўъжизаси умматларидан бирор шахсда акс этиши мумкинми?

— Олим: Ҳа – деди.

— У яна сўради: масалан кимда?

— Олим жавоб берди: Имом Аъзам Абу Ҳанифада!

У 7 ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олди;

10 ёшида илм ва одобни тўлиқ ўзлаштирди;

15 ёшида 30 000 (ўттиз минг) ҳадисни ёдлаб соғлом ва носоғломини ажратди;

17 ёшида Китоб, суннат, ижмоъ ва қиёсдан 260 000 (икки юз олтмиш минг) масалага ечим топди!

СЕН СУННАТНИ ЁЙИШ УЧУН ТУҒИЛГАНСАН

Ривоят қилинишича имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳулоҳ ҳаётининг аввалида узлатни ихтиёр этиб, одамларга аралшмасдан ёлғиз ибодат қилишни, сўфийликни хоҳлаб қолдилар. Ҳатто ўша чоғлари у кишини замондошлари “Абу Ҳанифа сўфий кўфий” деб атай бошлашган ҳам эди. Бир куни туш кўрдилар. Тушларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг равзаларида ул зотнинг суякларини чиқариб, сарак-саракка ажратмоқда экан. Бу тушдан қўрқиб кетиб, Ибн Сириннинг баъзи шогирдларига ҳолатни баён қилди. У: суякларни лаҳаддан чиқаришинг ва хил-хилни ажратиб саралашинг сен келажакда Расулуллоҳнинг суннатини жонлантиришингга ва суннат билан бидъатни, шунингдек, ҳадисларнинг соғлом ва носоғломини ажратишда юксак даражаларга кўтарилишингга ишорадир деб таъбир қилди.

Яна бир сафар тушларида Расулуллоҳнинг ўзлари кўриниб у кишига: “Эй Абу Ҳанифа, сен ҳаётга одамлардан узлат қилиб ибодат қилиш учун эмас, аксинча одамлар орасида менинг суннатларимни ёйиш ва жонлантириш учун келгансан!”—деди.

ХОЗИРЖАВОБ ИМОМ

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ умумий ҳамомга кирди. У ерда бир даҳрий (атеист) авратлари очиқ ҳолда чўмилаётган экан. Абу Ҳанифа уни кўрган заҳоти кўзларини юмиб олди. Даҳрий: Эй Абу Ҳанифа, Аллоҳ кўзинг нурини қачон олиб қўйди, деб мот қилиш ниятида савол қилди. Абу Ҳанифа: сенинг либосларингни олиб қўйган чоғда—деб жавоб берди.

НАСАБИ ТОЗА БЎЛГАНИДА ҲАЁСИ ҚАЙТАРИБ ҚОЛАРДИ

Имом Абу Ҳанифа талабалари даврасида дарс айтиб илм мажлиси ўтказаётган эди. Яқин атрофда, одатга кўра ўйнаб юрган болаларнинг ўйинчоғи аҳли илмлар даврасига тушиб қолди. Болалар имом Аъзам Абу Ҳанифадан уялишиб ўйинчоқни олиш учун даврага киришга журъат қила олмадилар. Лекин бир йигитча ўзини кўрсатиб даврага керилиб кириб келди ва ўйинчоқни олиб чиқиб кетди. Мажлисдагилар боланинг журъати ва ҳаёсизлигидан ҳайратга тушишди. Шунда имом Абу Ҳанифа: Агар насаби бузуқ бўлмаганда беодоб ва уятсиз бўлмас эди, деди. Эй имом, буни қаердан биласиз? –деб сўрадилар. Шунда имом: Насаби тоза бўлганда ҳаёси қайтариб қоларди…  деб жавоб қилди.

МУКАММАЛ ТАҚВО НАМУНАСИ

Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг энг яқин шогирдларидан бири Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ёшлик чоғида жуда хушсуврат бўлган. У кишини имом Аъзамга шогирд қилиб олиб келганларида бир марта юзларига кўзлари тушган ва шундан кейин то соқоли чиққунча унинг юзига қарамаган. Токи, ҳаёли ножоиз ўйларга кетиб қолмаслиги учун дарс вақтида ҳамиша устун ортига ўтиргизиб қўяр эканлар.

Ҳазрат Абу Ҳанифага баъзи дўстлари ҳадя сифатида бир қанча тароқ келтирди. Тароқларни имом Муҳаммад ибн Ҳасандан ташқари, талабалари орасида тарқатди. Шогирдлари: устоз Муҳаммадга бермадингиз дейишди. Имом: унинг соқоли чиқдими? Тароққа эҳтиёжи борми? – деб сўради. Улар: ҳа, унинг соқоли чиққан – дейишди. Шундан кейин унга ҳам тароқ берди.

ИНСОФЛИ УСТОЗ

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ кўча-кўйда йиқилиб тушган ёки оёғи лойга ботиб қолган болаларни кўрса, уларга ёрдам қилиб тургазиб қўяр эди. Бир куни бир гўдакни ўрнидан тургизар экан унга: “ҳой болакай, эҳтиёт бўлиб юргин”—деди. Бола: Эй имом, менинг йиқилишим ҳеч нарса эмас. Ўрнимдан туришим ҳам осон. Аммо сиз кўпроқ эҳтиёт бўлинг! Чунки олимнинг йиқилиши билан олам ҳам йиқилади—деди.

Боланинг фаросати ва ўткир мулоҳазали жавобидан хушёр тортган имомнинг кўзларига ёш келди ва шогирдларига: “Агар бирор масалада меникидан кўра кучлироқ далилга дуч келсангиз, ўшанга амал қилинг, менга эргашманглар”—деди. Бу Имом Аъзамнинг инсоф ва адолатининг ёрқин далили эди. Шунинг учун ҳам шогирдларидан баъзилари имом Аъзамга кўплаб фуруъий масалаларда мухолиф бўлди. Масалан имом Абу Юсуф, имом Муҳаммадлар каби.

СУННАТ ҲИМОЯЧИСИ

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ даврида бир бадавлат ва обрўли киши бор эди. Унинг эътиқоди бузуқ бўлиб, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг куёвлари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга нисбатан нафрати кучли эди. Ҳазрати Усмонни асли яҳудий деб эътиқод қиларди.

Ўша одамни Имом Аъзам хузурига чорлади ва: фалон маҳаллада бир бой яҳудий бор. Ўша бойвачча сенинг қизингни ўғлига сўраяпти. Рози бўлсанг, тўй қилиб икки ёшни қовуштириб қўйсак — деди. Ҳалиги одамнинг рангги ўзгариб баданига титроқ кирди ва ғазабини ютолмай имомга деди: Сиз бутун бошли халқнинг имоми бўлатуриб, яҳудийга муслималарнинг турмушга чиқиши мумкинмаслигини билмайсизми?!—деб ўшқирди. Шунда Имом Аъзам: ўзингни бос, ёқмадими?! Сенки ўз қизингни яҳудий билан бирга бўлишини истамаяпсан, бундай никоҳга Расулуллоҳ қандай рози бўлсин?!—деб мулзам қилди. Шундан кейин ҳалиги бидъатчи эътиқодидан қайтиб тавба қилди ва аҳли суннага қўшилди.

Мазҳаббошимиз аҳли сунна вал-жамоани шу тариқа моҳирона ва ўта мантиқли услублар билан ҳимоя қилар эдилар.

Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» китоби асосида

Андижон шаҳар «Абу Ҳурайра» жоме масжид имом хатиби Ш. МУСАБОЕВ тайёрлади

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...