ФИТР САДАҚАСИ, УНИНГ ҲУКМЛАРИ ВА ҲИКМАТЛАРИ ҲАҚИДА

idamar_673827233Фитр садақаси закот каби молиявий ибодатлардан бири бўлиб, фитр закоти ҳам дейилади. У закот фарз бўлишидан олдин иккинчи ҳижрий санада жорий қилинган.

“Фитр” бу – оғиз очиш, рўзадан чиқиш маъносини англатади. Рўза тугаши муносабати билан берилаётгани учун унга шундай ном берилган.

Фитр садақасидан кўзланган ҳикматлар

Фитр садақаси бир қанча ҳикматлар туфайли жорий қилинган бўлиб, қуйида уларнинг баъзилари ҳақида сўз юритамиз:

1.рўзадорнинг рамазон давомида рўзасига етган нуқсонларнинг ўрнини тўлдириш. Яъни, фитр садақаси берилганда киши рамазон ойи мобайнида тутган рўзасининг моҳиятига зид келувчи айрим хатти-ҳаракатлар содир этган бўлса, масалан, ким биландир урушган, кимнидир ғийбат қилган, лағв ва бекорчи сўзлар сўзлаган бўлиб, рўзанинг ажри камайган бўлса, фитр садақаси шундай камчиликлар ўрнини тўлдиради. Бу худди намозда рўй берган нуқсон ва саҳвларни тузатувчи саҳв саждаси кабидир.

2.Ҳожатманд кишиларни рамазонда ўзгалардан ёрдам сўрашдан муҳофаза қилиш. Зеро, ҳайит байрамида ҳамма каби фақир кишиларнинг ўзига яраша сарфу харажатлари бўлади, улар ҳам барча инсонлар каби байрам хурсандчилигини ўз танларида ҳис қилишлари, фарзандлари ва оила аъзоларига совға-салом ва кийим-кечак харид қилишлари учун қўлларида пул бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Ваҳоланки, эҳтиёж соҳибларини беҳожат қилиш аслида динимизнинг асосий талаб ва мақсадларидан бири эди. Боз устига, фитр садақасини адо этиш дини бир, қибласи бир, Парвардигори бир бўлган жамият вакиллари ўртасида бирдамлик, такофул ва меҳр-муҳаббат пайдо қилади. Ҳа,

Закот ва фитр садақалари ҳадиси шарифларда таъкидланганидек, мўмин-мусулмонларнинг бир тану бир жон эканликларининг амалдаги кўринишларидан биридир.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “زَكَاةُ الْفِطْرِ طُهْرَةٌ لِلصَّائِمِ مِنَ اللَّغْوِ وَالرَّفَثِ ، وَطُعْمَةٌ لِلْمَسَاكِينِ” яъни: “фитр закоти (садақаси) рўзадорнинг лағв ва беадаб гаплари учун поклик, мискинлар учун эса таомдир”.

Ушбу ҳадис шарифда инсон ўз ибодатини ҳеч қачон мукаммал деб ҳисоблаб, ғурурга кетиши тўғри эмаслигига ҳам нозик ишоралар мавжуд. Зеро, инсон фитратида хато қилиш, камчиликларга йўл қўйиш бор. Шу боис ҳам истиғфор жорий қилинган. Фитр садақаси ҳам айнан рўза ибодатида йўл қўйилган камчиликларни тузатиб, уни мукаммал тарзда қабул этилишини таъминлар экан.

3.Фитр садақаси бадан закоти ҳам дейилади. Жон бошидан бериладиган садақа ҳам дейилади. Чунки, Аллоҳ таоло ўша бандасини у рамазондан бу рамазонгача эсон-омон етказди. Яна би йил умр берди. Тавба қилиш ва хайрли ишларни амалга ошириш учун яна бир йил фурсат берди. Шу боис, мазкур садақа ҳали рўза зиммасида фарз бўлмаган кичикдан ҳам, каттадан ҳам адо этилади.

4.Фитр садақаси бандага рўза тута олгани, шундай улуғ ибодатга жасадий жиҳатдан имкон берилгани ва унга ҳидоят қилингани туфайли адо этиладиган шукрнинг бир кўринишидир.

Ҳажга боришга муваффақ бўлганлар мазкур ибодатни бажариб уйга қайтаётганларида ватанларидаги яқинларига турли-туман ҳадиялар оладилар. Нима учун? Шундай буюк ибодатни бажаришга муваффақ қилганига шукрона бўлиш учун. Фитр садақаси ҳам худди шундай. Рамазон рўзасидек улуғ ибодатни бажаришга муваффақ қилгани учун ўзгаларга ҳадия тарзида адо этиладиган шукронадир. Айнан шунинг учун ҳам мазкур садақа рамазонни тугатиб, эришиладиган “фитр” (рўзадан чиқиш) сўзига изофа қилиниб, фитр садақаси дейилади.

Фитр садақасинин ҳукми

Фитр садақасининг машруъ бўлишининг далили Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифдир.

“فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكاة الفطر من رمضان صاعا من تمر أو صاعا من شعير على العبد والحر، والذكر والأنثى ، والصغير والكبير من المسلمين, وأمر بها أن تؤدى قبل خروج الناس إلى الصلاة”

Маъноси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини мусулмонлардан қулга ҳам, озод кишига ҳам, эркакка ҳам аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ қилиб белгиладилар ва уни одамлар (ҳайит) намозга чиқишларидан олдин берилишини буюрдилар (Имом Бухорий ривояти: 1503-ҳадис).

Кимларга вожиб?

Фитр садақаси аслий ва зарурий эҳтиёжларидан ортган мол-мулки нисобга етган ҳар бир озод мусулмонга вожиб бўлади.

Фитр садақасининг миқдори

Фитр садақасининг миқдори жон бошидан буғдой ва унинг маҳсулотларидан масалан, ун, талқон ва ҳоказолардан ярим соъ миқдорда чиқарилади. Аммо, арпа, хурмо (тамр) ва майиздан бир соъ миқдорида адо этилади.

Аслида, ҳадиси шарифларда ярим соъ деган миқдор ишлатилмаган. Лекин, Набий алайҳиссалом даврларида Мадинада буғдой кўп эмасди. Одамларнинг емиши асосан арпа ва юқорида зикр этилган егулик турларидан эди.

Аммо, Муовия разияллоҳу анҳу даврига келиб, Ислом ўлкаларида буғдой кўпайиб кетгач, саҳобалар буғдойнинг ярим соъ миқдори арпанинг бир соъига тўғри келади, деган тўхтамга келадилар. Ва буни Муовия разияллоҳу анҳу тасдиқлайди.

Шу тариқа буғдой ва унинг маҳсулотларидан бериладиган фитр садақаси миқдори ярим соъ миқдорида қилиб белгиланади. Бу саҳобаларнинг ижмоъси бўлганлигидан эътиборли ҳукмга айланган бўлиб, ундан воз кечиш жоиз эмас.

Соъ бу қадимда озиқ-овқат миқдорини ўлчаш учун ишлатилган махсус идиш бўлиб, фиқҳий мазҳаблар унинг килограмдаги ўлчовини белгилашда турли хил йўл тутганлар.

Қадимда озиқ-овқат учун ўлчов бирликлари маълум сиғимга эга бўлган идишлардан иборат бўлган. Одамлар турли хил идишлар ясаб, уларнинг ҳар бирига муайян ном бериб, арпа, буғдой каби сочилувчан моддалар ҳамда суюқликларни ўлчаш учун ишлатганлар ва мазкур идишлар ўлчов бирликлари сифатида кенг урфда бўлган.

Катта ўлчов бирлиги ўзидан кичикроқ ўлчов бирлиги бўлган идишнинг аниқ бир жуфт сонидан иборат бўлган. Масалан, бир соъ тўрт мудд, бир мудд эса икки ратлдан иборат бўлган ва ҳоказо.

Гарчи, ўлчов бирликларининг номи муштарак бўлса ҳам, турли жойларда ҳажми турлича бўлган. Айнан шунинг учун ҳам уларнинг килограм тизимидаги миқдорини белгилашда мазҳаблар ўртасида тафовут юзага келган.

Соъни замонавий ўлчов бирликларига нақл қилишда ҳанафий мазҳаби томонидан белгиланган миқдор энг юқори миқдор ҳисобланади. Унга кўра, бир соъ тўрт мудддан иборат. Тўрт мудд эса саккиз ратл.

Ҳанафий мазҳабимизга кўра, бир мудд 1072 граммдан иборат. Шунда соънинг ҳанафий мазҳабидаги миқдори қуйидагича бўлади: 4 мудд x 1072 гр = 4288 грамм. Демак, бир соънинг миқдори 4 килограмм 288 граммни ташкил этади. Ярим соъ эса 2 килограмм 144 граммдан иборат. Фитр садақасининг буғдой ва унинг маҳсулотидан бериладиган миқдори шунча.

Аммо, шайх Абду-л-Ҳамид Маҳмуд Таҳмознинг «ал-фиқҳ ал-ҳанафий фий савбиҳил жадид» китобида ярим соъ тахминан икки килограму 250 грам миқдорида белгиланган. Бунда эса юқоридаги миқдордан тахминан 100 грамм фарқ қиляпти.

Демак, буғдой ва ундан фитр садақа ажратмоқчи бўлганлар юқоридаги миқдордан келиб чиқишлари лозим.
Аммо, хурмо, майиз, пишлоқ, арпа каби нарсалардан эса том бир соъ миқдорида фитр закоти чиқарилиши керак. Мазкур нарсалардан жон бошидан 4 килограму 288 грамм миқдорида берилади.

Ҳанафий мазҳабига кўра фитр садақасини юқоридаги маҳсулотларнинг бозордаги қиймати бўйича ҳам бериш жоиз. Бугунги кунда ҳатто бу афзал ҳамдир. Чунки, замонамизга келиб, бойлик ва фақирлик тушунчаси ҳам жуда ўзгариб кетди. Одамлар қадимда буғдойлари бўлса, қўлбола тегирмонларида янчиб, нон қилиб кунларини ўтказаверганлар. Ҳаёт осон ва содда бўлган. Ҳозир эса нафақат тамоланиш ва қорин тўйиши, балки, умуман кўп нарса учун пул бирламчи ўринни эгаллаган даврда яшаяпмиз. Инсон фақир ва муҳтож бўлиши аммо уйида ейдиган нарсаси етарли даражада топилиши мумкин.

Фуқаҳоларимиз ҳам шу нарсани ҳисобга олиб, осончилик ва кенгчилик пайтида фитр садақасининг қийматини берган афзал, очарчилик ва қаҳатчилик даврида эса егуликда берган афзал деганлар.

Шунга кўра, бугунги кунда фитр садақасининг қиймати берилиши афзалроқ. Ана шунда эътиёжманд киши қўлига тушган пулни ўзи билиб, ўзи энг зарурий деб ҳисоблаган эҳтиёжига сарфлайди.

Юқорида фитр садақаси бериладиган егуликлар борасида ҳадиси шарифлар ва саҳобалардан нақл этилган нарсалар тилга олинди. У ҳам бўлса, буғдой, арпа, хурмо, майиз ва пишлоқдир. Ушбулар мусулмон ўлкаларда қадимда асосий емак тури бўлган.

Аммо, ҳозир рўзғор маҳсулотларининг тури кўпайиб кетган. Мисол учун, маккажўхори, гуруч, мош каби озуқалар ҳам рўзғорда асосий ўринни эгалламоқда. Хўш, бу нарсалардан фитр садақаси берса бўладими(?), агар бўлса, миқдори қанча бўлади(?), деган ҳақли ва ўринли савол туғилади.

Жавоб шуки, насс билан собит бўлмаган яъни, ҳадисларда тилга олинмаган егулик турларидан фитр садақаси берса бўлади фақат, уларнинг ўзи эмас балки, тегишли миқдор бўйича қиймати берилади.

Фитр садақаси кимларга вожиб ва кимлар номидан адо этилади?

Зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлган киши ўзи ва фақир боласи номидан бериши вожиб. Балоғатга етган фарзанди руҳий хаста ёхуд камбағал бўлса, унинг номидан ҳам чиқаради. Агар ота бўлмаса, бобо давлатманд бўлса, набираси номидан ҳам фитр рўзани бериши лозим.

Эр ўз аёли номидан ёхуд ақли жойида бўлган, балоғат ёшидаги фарзанди номидан ҳам фитр садақасини беришга мукаллаф эмас. Инсон фақат зиммасида нафақаси вожиб бўлган ва устидан васийлиги ва валийлиги комил бўлган кишилар номидан фитр садақасини чиқаришга масъул.

Молиявий масалаларда аёл киши мустақил бўлганлиги учун эрнинг ўз аёли устидан валийлиги комил ва тўлиқ ҳисобланмайди. Балоғатга етган катта бола эса ўзи ишлаб пул топиши мумкинлиги учун ота унга нафақа қилишда давом этишга мажбурланмайди.

Аммо, отаси ўз қарамоғида бўлиб, фақир бўлса, унинг номидан ҳам фитр рўза чиқариши лозим бўлади. Бордию хотини ва қарамоғидаги катта бўлиб, балоғатга етган фарзанди номидан улардан сўрамасдан фитр садақасини бериб юборса ҳам қабул бўлади.

Қачон берилади?

Фитр садақасини рамазон ҳайити кунининг субҳидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам берса бўлади. Лекин, ҳайит намозидан аввал адо этилса, фақир ва эҳтиёж соҳибларининг эҳтиёжлари бир қадар қондирилган бўлади. Натижада улар ҳам байрам кайфиятини ўз танларида ҳис этадилар. Шу эътибордан, фитр рўзани ҳайит намозидан олдин адо этиш афзал ва савоби ҳам улуғроқдир.

Баъзилар фитр садақасини рамазоннинг сўнги кунига қадар тақаб кейин берадилар. Чунки, баъзи уламолар фитр садақаси арафа куни шомдан кейин вожиб бўлади, дейдилар. Аммо, бу дегани ундан аввал бериб бўлмайди, дегани эмас. Аксинча, бугунги кунда аввалроқдан бериб қўйиш юқорида айтилганидек, кишиларни ҳайит учун тайёрланишларига замин ва енгиллик яратади. Ҳолбуки, Набий алайҳиссалом даврларида ҳам фитр садақаларни ҳайитдан олдинроқ адо этишган.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг шогирди ва мавлоси Нофеънинг айтишича, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо фитр садақасини қабул қилувчиларга берар эдилар. Ва Одамлар уни ҳайит байрамидан бир кун ё икки кун олдин берардилар (Имом Бухорий ривояти: 1511-ҳадис).

Мазкур ривоят фитр садақасининг адо этиш вақтида кенгчилик борлигини кўрсатади. Айниқса, бугунги кунимизда аввалроқдан бериб қўйилса яна ҳам яхши бўлади.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *