ЭЪТИКОФ

6ec8d5b30ba5ec29a3a8b6f5b989f0a6Эътикоф деб шаръий истилоҳда рўзадор одамнинг ният билан жоме масжидда туришига айтилади. Эътикоф ўтирувчи ўзини том маънода ибодатга бағишлайди. Аллоҳнинг байтида дунё ва унинг ишларидан узилиб вақтини Яратганга қуллик қилиш билан ўтказади. Чин ихлос билан бажарилган эътикоф энг шарафли амаллардандир. Тобеинларнинг улуғларидан Ато ибн Абу Рабоҳ эътикоф ҳақида шундай ўхшатиш қилган: бировнинг остонасига бориб ишим битмагнуча остонангдан кетмайман деб ётиб олсанг, ишингни битказиб берадилар. Худди шуни сингари эътикоф ўтирувчилар ҳам Аллоҳнинг уйига бориб, то гуноҳларимни кечирмагунингча байтингдан кетмайман деб туриб оладилар. Аллоҳ уларни албатта кечиради.

Эътикоф уч қисмдир: Вожиб, суннат ва мустаҳаб даражасидаги эътикофлар. Мусулмон эътикоф ўтиришни назр қилса бу вожиб эътикоф бўлади. Рамазои шариф ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтириш суннат даражасидаги эътикофдир. Йилнинг бошқа вақтларида эътикоф ўтириш эса мустаҳабдир.

Эътикоф саҳиҳ бўлиши учун ният шартдир. Эътикофчининг рўзадор бўлиши шартми ёки йўқ? Имом Абу Ҳанифа, имом Моликнинг наздида ва имом Аҳмаддан келган бир ривоятга кўра, эътикофда рўза ҳам шартдир. Аммо, имом Шофеъийнинг қавлига кўра, шунингдек, имом Аҳмаддан келган машҳурроқ ривоятда эътикоф ўтирувчининг рўзадор бўлиши шарт эмасдир, дейилган.

Рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф ўтириш кифоя йўлига кўра суннати муаккададир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу одатларига узлуксиз амал қилиб келганлар. Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то умрининг охиригача Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирардилар. Ул зот вафот этганларидан кейин завжалари – оналаримиз бу суннатни давом эттирганлар.

Суннат эътикофнинг вақти Рамазони шарифнинг йигирма биринчи тунидан бошлаб то фитр ҳилоли кўрингунчадир. Эътикоф нияти билан масжидга кирганларга эътикофни охирига етказиш вожиб бўлади. Жамоат намоз ўқийдиган, муайян имоми ва муаззинига эга ҳар қандай жоме масжидда эътикоф ўтириш мумкин. Эътикоф ибодати учун иложи борича катта жомеларни танлаш афзал. Масжид ул-ҳаромда, Масжид ун-набавийда ва Масжид ул-ақсода эътикоф ўтириш жоиздир. Шунингдек, барча масжиди жомеъларда эътикоф ўтириш мумкинлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.

Аёллар уйларидаги намозхоналарида эътикоф ўтиради. Уларга жоме масжидларга бориб эътикоф ўтириш мумкин эмас.

Эътикоф ўтирувчиларга жума намозига чиқиш вожиб бўлади. Эътикоф ўтирувчи кимса эътикоф ўтирган жойидан зарурат туфайли чиқиши мумкин. Масалан қазои ҳожати учун, жанобатдан ғусл қилиш учун, фитна хавфи туфайли, ҳайз, нифос қонлари келиб қолгани туфайли.

Эътикофда кечгача гапирмасдан ўтириш макруҳ бўлади. Эътикофчилар охират учун фойдаси бор гапларни гапириши лозим. Имом Шофеъийдан ибн ал-Мунзирнинг ҳикоя қилишича, эътикофда гапирмасликни назр қилган киши назрини бузиб гапираверади. Унга каффорат вожиб бўлмайди. Эътикофда Аллоҳни зикр қилиш, Қуръон ўқиш, намоз ўқиш мустаҳаб бўлади.

Эътикоф ўтирган кимса аҳли аёли билан яқинлик қилишдан ман қилинган. Эътикоф ўтирган киши аёлига қасддан яқинлик қилса, эътикофини бузган ҳисобланади.

Эътикоф ўтирган киши, ҳеч қандай заруратсиз эътикоф ўтирган жойидан ташқарига чиқиб кетса, эътикофи бузилади. Эътикофда тижорат ва бошқа ҳунармандчилик билан мутлақо шуғулланилмайди. Эътикофни бузганларга қазоси вожиб бўлади.

Абдуллаев ЎКТАМЖОН

Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжид ноиб имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *