БИТКОИН БИЛАН МУОМАЛА ҚИЛИШ ҲУКМИ

126835-btc-halving-2САВОЛ:

“Биткоин” орқали пул топиш, у билан муомала қилиш шаръан тўғрими?

ЖАВОБ:

Биткоинни валюта деб эътиборга олиш учун бутун дунёда тасдиқланган валюталарда эътиборга олинадиган зарур талабларга жавоб бериши керак. Биткоин ўша талабларга  тўлиқ жавоб бермайди.

Шунингдек, Биткоинни бошқа товар турлари билан айирбошлаш учун, яъни уни “шаръий мол” деб ҳисобга олиш учун ҳам эътиборга олинадиган шаръий шартлар унда мавжуд эмас. Булар ҳам Биткоинда топилмайди.

Бунга қуйида аниқлик киритамиз:

БИРИНЧИДАН:

Биткоинни муомалага жорий қилганларнинг ўзлари уни воқеликда умуман мавжуд бўлмаган виртуал валюта туридир, деб таърифлашади.

Бу каби валюта турлари бир неча йиллардан бери маълум бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қаторига “Ethereum, Dash, Ripple, Light Queen ва Ethereum Classic” номли валюталардир. Буларнинг барчаси ўзига хос хусусият, афзалликлар, қайта ишлаш усулларига ва авлодларига эга бўлган рақамли валюталардир. Бу валюталар ҳеч қандай расмий муассаса ё банкларга расман боғлиқ эмас. Ҳеч қандай молиявий назорат ё қонунлар билан ҳам ҳимояланмаган. Бу валюталар бирор бир тартибга солиш органига бўсунмайди ҳам.

Биткоин каби рақамли виртуал валюталарнинг юқорида айтилган ҳолати уларнинг қиймати кескин кўтарилиш ё тушиб кетишига асосий сабабдир. Бунга яна қўшимча тарзида шу ҳам борки, бу валюталарни ривожлантириш ишлари ортида кимлар тургани мутлақо номаълум. Бу эса кутилмаганда унинг қиймати йўқолмаслигига ва истеъмолчилар фавқулодда ҳеч вақосиз қолмасликларига кафолат йўқ деганидир. Мана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб Биткоинни дунёдаги ҳеч бир мамлакат қонуний валюта сифатида тан олган эмас.

ИККИНЧИДАН:

Ўзаро савдо ва битимларда истеъмол қилинадиган валюталарда эътиборга молик шаръий меъёр (стандарт)лар ҳам бор. Бу бандда ана шу меъёрларнинг энг муҳими баён қилинади. Яъни, ҳар қандай валютани шаръий жиҳатдан ҳам валюта деб тан олиниши учун уни бирор қонуний давлат чиқарган бўлиши ва давлат даражасида тан олиниши, ва қиймати қонун билан кафолатланган бўлиши талаб этилади.

Ислом фуқаҳолари тилида буни (ضرب النقود) пул зарб қилиш, пул чиқариш дейилади. Аслида шариат бўйича, молиявий валюталарни қабул қилиш яъни, пул зарб қилиш фақат давлатнинг махсус вазифасига киради. Шунинг учун нақд пуллар бирон бир қонуний давлат тарафдан, амалдаги қонунларга мувофиқ тасдиқланган бўлиши шарт. Бу қоида тилла, кумуш каби зотий қийматга эга қимматли металлардан тайёрланган динор, дирҳам каби тангаларга ҳам, шунингдек, аслида ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган-у аммо, қонун йўли билан ҳимояланган банкноталар, қоғоз пулларга ҳам тегишли. (ал-Мавсуъа ал-фиқҳия. 37- Ж. 295 — Б).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

لا يصلح ضرب الدراهم إلا في دار الضرب، بإذن السلطان؛ لأن الناس إن رُخص لهم ركبوا العظائم

“Дирҳам зарб қилиш (пул ишлаб чиқариш) фақат махсус зарбхонада султоннинг изни билангина амалга оширилади. Одамларга дирҳам зарб қилишга рухсат берилса, улар катта-катта (ноқонуний ва ношаръий) ишларга қўл уриб юборадилар”. (ал-Аҳкам ас-султония. 181 –Б).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

ويكره للرعية ضرب الدراهم وإن كانت خالصة؛ لأن ضرب الدراهم من شأن الإمام

“Фуқароларнинг дирҳам зарб қилишлари (пул ишлаб чиқаришлари) шаръан макруҳ. Гарчи соф тилла ё кумушдан бўлсам ҳам мумкин эмас. Чунки дирҳамларни зарб қилиш имом (юрт раҳбарияти)нинг ваколатига хос ишдир”. (Равзатут-толибин ва умдатул-муфтиййин. 2 – Ж. 258 – Б).

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

ولو أن الناس أجازوا بينهم الجلود؛ حتى تكون لها سكة وعين؛ لكرهتها أن تباع بالذهب والورق نظرة

“Агар одамлар орасида тери муомаласига рухсат берилса ва уни пул сифатида зарб қилиб қиймати тайинланса, тилла ва кумуш пуллар истеъмолини хушламаган бўлардим.” (ал-Муддаввана. 3 Жю 5 – Б).

Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳнинг шу сўзлари аслида, тилла ва кумушдан бошқа нарсалар, масалан тери ё қоғоз кабилардан давлат маълум қийматга эга пул чиқариб истеъмолини жорий қилса, ва ҳимоясини кафолатласа, бу шаръан тилла ва кумуш ўрнини босувчи пул бўла олишини исботловчи қоидадир.

Шундан келиб чиқиб тилла ва кумушдан ташқари нақд кўринишдаги валюта турларини насиа савдоси дуруст эмас.

Юқоридагилардан ойдинлашадики, Ислом шариатида ҳам давлатлар қоунунларида ҳам воқеликдан мавжуд нақд валюталар ҳақиқий пул деб эътиборга олинади. Модомики уни давлат расман муомалага киритган ва қийматини кафолатлаган ва унинг асосий функцияларини бажарилишида ҳуқуқий ҳимоялаган бўлса. Одамлар эса бу пуллардан кўнгли тўқ ва ишончлари комил бўлиши керак. Бугун катта қийматга эга бўлган пуллари бир лаҳзада ҳеч нарсага ярамайдиган бир уюм қоғоз тўпламига айланиб қолмаслигига ишончлари комил бўлиши керак.

Энди, юқорида айтилган талаб ва шартлардан келиб чиқиб Биткоинга қарасак, уни валюта деб эътиборга олсак, унда шаръий ва қонуний талаблар топиладими? Биткоиннинг тарърифидан тушунилишича у асли моддий вужудга эга бўлмаган, виртуал ҳаёлий, бирорта расмий молиявий муассаса ва ё ташкилотга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган рақамли валюта холос. Биткоин қийматини бирорта банк ё давлат кафолатлаган эмас, ҳимоясига ҳам олмаган. Биткоин ҳақиқий валюталарда тўғри деб тан олинган шартларга жавоб бера олмайди.

Демак, Биткоинда ҳақиқий пулларнинг на шаръий ва на қонуний шартлари топилмайди. Шундай экан у ҳақиқий нақд пуллар ўрнида истеъмол қилинмайди ва шаръан саман (пул) деб тан олинмайди. Биткоин нарсаларнинг қийматини белгилашга яроқсиз ва одамларда унга нисбатан тўлиқ ишонч ҳам йўқ. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Биткоин каби қонунан кафолатланмаган пуллар билан молиявий муомала қилиш шаръан ҳаром қилинган қимор ўйинларидан ҳам кўра хатарлироқ. Зеро, қиморда инсон бир лаҳзада пулдор ва бир лаҳзада қашшоққа айланиши мумкин бўлганидек, Биткоин муомаласида ҳам бир лаҳзада пулдор яна бир лаҳзада қашшоққа айланиб қолиш эҳтимолдан соқит эмас. Бу эса кўплаб инсонлар ҳақларини поймол бўлиши, ва бировларнинг молини ботил йўл билан ўзлаштиришга олиб келади. Ва ҳолбуки қиёмат куни инсонга дастлаб бериладиган саволлардан бири унинг топган бойлиги ҳақида бўлади. Қаердан, қай йўл билан топган ва қаерга, қандай сарфлаган…

УЧИНЧИДАН

Нақд пул ва товар ҳом-ашёларини айирбошлаш ишлари шаръан саҳиҳ бўлиши учун яна бошқа шартлар ҳам бўлиб, уларнинг муҳимлари қаторида қуйидагиларни санаш мумкин:

А) Битимнинг икки тарафи (масалан, олувчи ва сотувчи) ва айирбошланаётган ҳар икки нарса (товар ва пул)нинг аниқ ва маълум бўлиши. Яъни битим ҳар тарафлама очиқ ва шаффоф бўлиши шарт. Биткоинда шу шартлар топиладими? Йўқ! Биткоин билан муомала қилишда кўплаб ноаниқликлар бор. Бу эса Ислом шариатида қатъий ман этилган алдов ва фирибгарликка олиб боради. Ва ҳолбуки Аллоҳ таоло Қуръонда шундай амр қилган:

يا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ

Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли.” (Нисо сураси 29 оят).

Имом Муслим саҳиҳ тўпламида эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келган:

نهي رسول الله صلى الله عليه وسلم « … عن بيع الغرر»

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам алдов битимидан қайтарганлар.” (Саҳиҳи Муслим 4).

Аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг бу ҳақда ижмоъси ҳам бўлиб, уни ибн Арабий қуйидагича нақл қилган:

القاعدة الثامنة: الجهالة، وقد اتفقت الأمة على أنه لا يجوز إلّا بيع معلوم من معلوم بمعلوم بأي طريق من طرق العلم وقع

Саккизинчи қоида битимдаги ноаниқлик. Уммати муҳаммадия бировоздан иттифоқ қилдиларки, савдо битими қачонки аниқ тарафдан аниқ тарафга аниқ нарсани сотилганидагина шаръан эътиборли бўлади!” (ал-Қабас фи шарҳи Муаттои Молик ибн Анас. 1 – Ж 791 – Б).

Б) Битим зарар келтиришдан ҳоли бўлиши керак. Биткоин шу зарардан, хоҳ хусусий ё умумий зарар келтиришдан ҳолими? Йўқ! Чунки Биткоин ўз қийматини доимо сақлаб қолишига ҳеч қайси давлат ва на бирор молиявий муассаса кафил бўлган эмас. Хоҳ уни валюта деб ҳисоблайлик ёки товар ҳом-ашё деб ҳисоблайлик барибир, унинг қиймати ҳеч қандай назорат остида эмас. Бу унинг қийматини кескин тушиб кетиши ёки умуман қабул қилинмаслигига асос бўла олади. Бу эса Биткоин эгалари учун муқаррар зарардир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

لَا ضَرَرَ وَلَا ضِرَار

Зарар ҳам зиддиятга бориш ҳам йўқ(Муснади имом Аҳмад. 2867).

ХУЛОСА

Биткоин – бу шаръий ва юридик мезонлар талабига жавоб бермайдиган рақамли валютадир. Ҳар қандай валютани шаръий ва юридик жиҳатдан эътиборга олиниши учун эса аввало Ислом шариати талабларига мослиги ва юридик мезонларга мувофиқлиги талаб этилади. Шу талабга жавоб берса у ҳаққоний валюта (ёки товар) деб тан олинади. Акс ҳолда у ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган, эгасининг бойлигини кафолатлай олмаган қийматсиз матоҳдан бошқаси эмас. Шундай экан, Биткоин билан савдо қилиш, у орқали пул ишлаш Ислом шариати нуқтаи назаридан тўғри эмас! Интернет маълумотлари ва манбалар асосида тайёрланди.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Ғиштлик” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *