Аҳмад Дийдот раҳимаҳуллоҳ

Lotin alifbosida

 (1337-1426/1918-2005)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

ahmad-diydot-rahimahullohАҳмад Ҳусайн Дийдот ҳ.1337/м.1918 йилда Ҳиндистоннинг Сурот вилоятига қарашли Тодкишнар шаҳарчасида туғилган. Озгина муддатдан сўнг, 1927 йилда оиласи Жанубий Африкага кўчиб кетишади. Шу ерда 9 яшар бола онасидан етим қолади. Африка жанубида улғайган Аҳмад Дийдот илмини мустақил равишда оширади, турли миллат вакиллари орасида катта бўлаётган бола уларнинг тилларини ҳам пухта ўзлаштириб олади.

1936 йилгача ҳар хил юмушларда ишлаб юради ва ўн саккиз яшарлигида бир мусулмон шахснинг озиқ-овқат дўконига ишга жойлашади. Масиҳий миссионерлар ҳам дўконга тез-тез келиб туришар, дўкондагилар билан соатлаб мунозара ва мубоҳаса қилар эдилар.

Миссионерлар ислом динини ва унинг пайғамбарини ҳақорат қилар, қаттиқ таъналар қилардилар. Аҳмад Дийдот кейинчалик ўша ҳолатларни эслаб: “Улар нима дейишаётганини тўла англаб ололмасдим. Фақат мусулмон эканлигимни, исмим Аҳмадлигини, отамга ўхшаб намоз ўқиб, рўза тутишимни, чўчқа гўшти ва ароқни истеъмол этмаслигимни билар эдим, холос” деган эди. Шундай кунларнинг бирида унинг қўлига “Изҳор ал-ҳақ” газетаси тушиб қолади. Унда Ҳиндистондаги сиёсий воқеалар, мусулмонлар билан бошқа дин вакиллари ўртасидаги фикрий тўқнашувлар ёритилган, ҳар бир дин вакилининг фикрлари ва далиллари келтирилган эди. Бу икки ҳодиса Аҳмад Дийдотга жуда қаттиқ таъсир қилди. У ўз динини яхшилаб ўрганиши лозимлиги ва бошқаларга ҳам билдириш кераклигини англаб етди.

Аввалига Аҳмад Дийдот “Инжил”ни ўрганишдан бошлади. Уни бошдан-охир синчиклаб ўқиб чиқди, кейин “Инжил”нинг бошқа вариантларини бирма-бир солиштириб кўрди. “Нима учун “Инжил”лар ҳар хил? Уларнинг энг тўғриси қайси?”, “Исо Аллоҳнинг ўғлими?!”, “Масиҳ хочга тортилганми?!” деганга ўхшаш саволлар пайдо бўлди. Ҳар куни миссионерлар билан тортишувлар, баҳс-мунозаралар натижасида Аҳмад Дийдот “Қуръон”, “Инжил” каби муқаддас китобларни солиштириш, уларнинг қайси бири Аллоҳнинг ҳақиқий муқаддас каломи эканлиги ҳақидаги ўй-фикрлар ва изланишлар уни ХХ асрнинг буюк даъватчисига айлантирди.

1946 йилда Аҳмад Дийдот тўқувчилик касбини ўрганиш учун Покистонга бориб келган. Унинг икки ўғли ва бир қизи бор.

Аҳмад Дийдотнинг ҳаётида икки дўсти, бири Ғулом Ҳасан ва яна бири Солиҳ Муҳаммад муҳим роль ўйнаган. Тижоратчи Ғулом Ҳасан унга илм олишида, дунёқарашини кенгайтиришида жуда катта ёрдам берди. 1956 йилда эса бу икки дўст Дурбон шаҳрида “Мактабат ад-Даъват” (Даъват кутубхонаси) номли муассасага асос солдилар.

Аҳмад Дийдот Жанубий Африкадаги черков, насронийларнинг ўқув даргоҳларига бориб насронийлар билан оммавий равишда баҳсу мунозараларга киришиб кетади. Чунки, насроний миссионерлари Африканинг аксар жойларида ўзларининг фаолиятларини кенг олиб бормоқдалар.

Аҳмад Дийдотнинг иккинчи дўсти Солиҳ Муҳаммад Кейптаун шаҳридан бўлиб, у ерда таниқли мусулмон раҳбарлардан эди. У Аҳмад Дийдотнинг даъватларини эшитади, мунозара мажлисларига қатнашади ва Кейптаунга уни кўчириб олиб келади. Энди Кейптаун Аҳмад Дийдотнинг исломий даъватлари натижасида халқ орасида Дийдоттаун номи билан атала бошлайди. Бутун дунёдан Аҳмад Дийдотнинг суҳбатлари ва мунозараларини эшитиш учун журналистлардан тортиб, олимлар, оддий одамлар Кейптаунга оқиб кела бошлайдилар. Минглаб насронийлар ва мусулмонликни ташлаб ғайри дин бўлганлар хатоларини англаб мусулмон бўладилар.

Африканинг жанубидан чиққан Аҳмад Дийдотнинг оламшумул мунозараси 1977 йил Лондонда насронийларнинг энг катта черковида бўлиб ўтди. Бутун дунёдан келган ўндан ортиқ энг таниқли насроний олимлари Аҳмад Дийдотга қарши турдилар. Мунозара тўрт хил вариантдаги “Инжил” ҳақида бўлди. Ушбу мунозара ўз вақтида ғарб дунёсига атом бомбадек таъсир қилган. Бунга ўхшаш донғи кетган мунозаралар маълум бир мавзуга бағишланган бўларди. “Исо Аллоҳнинг ўғлими?!”, “Масиҳ хочга тортилганми?!” каби мавзулардаги даъват ва мунозараю мубоҳасалари шуҳрат қозонган. Ғарб насронийят олами Аҳмад Дийдотнинг китоблари, баҳсу мунозаралари ёзилган аудио, видео ва бошқа манбаларини тарқалиб кетмасликка қаттиқ ҳаракат қилиб келмоқдалар.

Аҳмад Дийдотнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Жанубий Африканинг Дурбон шаҳрида Исломий даъватлар Олий маъҳади очилди ва ҳозирда ҳар йили юзлаб талабалар соф исломий ақидалар даъватчиси бўлиб чиқмоқдалар.

Аҳмад Дийдотнинг йигирмадан ортиқ асарлари бор. Баъзилари хайрия тариқасида бепул тарқатилади. Барча асарлари бир қанча тилларга таржима этилиб, қайта-қайта нашр қилинган. Улардан баъзилари қуйидагилар:

1.“ал-Ихтиёр” (Танлаш хоҳиш-истаги). “The Choice” деб аталган бир неча жузълик ушбу китоб жуда машҳур бўлиб, исломий ақидаларнинг тўғрилиги ақлий ва нақлий далиллар асосида исботланиб, инсон ўз ихтиёри билан исломга кириши кераклиги зикр этилади.

2.“Ҳал “ал-Инжил” калиматуллоҳ?!” (“Инжил” Аллоҳнинг каломими?!). ушбу асарда “Инжил” ва унинг вариантлари ҳақида сўз боради. “Инжил”га кейинчалик қўшилган қўшимчалар ва асл оятлар ҳақида мулоҳазалар баён этилади. Ушбу асар “Ҳал ал-Китоб ал-муқаддас каломуллоҳ?” (Is the Bible God’s Word?) деб ҳам аталган бўлиб, инглиз тилида 260 мингдан ортиқ нусхада чоп этилган, бошқа ўнлаб тилларга таржима бўлган.

3.“ал-Қуръон мўъжизат ал-мўъжизот” (“Қуръон” мўъжизалар мўъжизаси). Қуръони каримнинг мўъжизалиги унинг бадияти, илмий ҳақиқатлари асосида очиб берилади.

4.“ал-Масиҳ фи-л-ислом” (Исо масиҳ исломда). “Christ in Islam” деб аталган ушбу асарда Ислом дини Исо (а.с.) ҳақида қандай қарашда эканлиги муфассал баён этилади.

5.“ал-Араб ва Исроил суроъ ам вифоқ” (Араб ва Исроил: кураш ёки битим). Араб давлатлари билан Исроил орасидаги кескин муносабатларнинг асл сабаблари ҳақида мулоҳазалар ҳақида сўз боради.

6.“Масъалут салб ал-Масиҳ байн ал-ҳақиқат ва-л-ифтиро” (Исо масиҳнинг хочланиш масъаласи: ҳақиқат ва туҳмат-бўҳтон орасида). Инглиз тилида “Crucifixion or Cruci-fiction” деб аталган мазкур рисолада Исо (а.с.) хочланганми ёки исломий қарашга кўра хочланган эмасми, деган саволга насронийлик ва мусулмонликнинг муқаддас китоблари ва ақлий далиллар асосида муфассал жавоб берилган.

7.“Маза йақулу ал-китоб ал-муқаддас ъан Муҳаммад с.а.в.” (Муҳаммад с.а.в. ҳақида Муқаддас китоб нима дейди?). Инглиз тилида “What the Bible says about Muhammed (RBUH)” деб номланиб, 300 мингдан ортиқ нусхада чоп этилган асарда Библия, Инжил кабиларда Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳақида нималар дейилганлиги, унинг сиймоси қандай тасвирланганлиги, нималар башорат этилганлиги зикр этилади.

8.“ал-Ҳалл ал-исломий ли-л-мушкилот ал-унсурийа” (Ирқий мушкилотлар учун исломий ечим). “Islam’s Answer to the Racial Problem” деб номланган мазкур асарда исломда барча ирқидан қатъий назар тенглиги, исломий қараш бўйича, ирқий камситишлар мутлақо мумкин эмаслиги каби масаъалалар ёритилган.

9.“ал-Муслим йаудду ас-солат” (Мусулмон намоз ўқийди). “The muslim at pcayer” номли рисола намоз ўрганаётганлар учун махсус қўлланмадир.

10.“Ман дахраж ал-ҳажар?” (Тошни ким думалатди?). “Whu Moved the Stone” номли асарда исломий ва ғайри динлар орасидаги тортишув ва келишмовчиликларнинг асл сабаблари ҳақида сўз юритилади.

1986 йилда Аҳмад Дийдотнинг исломга қилган хизматлари, кун-кундан фаолиятлари кучайиб кетаётган миссионерларга қарши курашишнинг энг тўғри, фикрли, ғояли ва маърифатли йўлини топганлигини эътиборга олиниб, давлат мукофотига сазовор қилинган.

1996 йилдан Аҳмад Дийдотнинг бутун ташқи аъзолари фалаж бўлиб қолади. Фақатгина икки кўзигина ҳаракатланар эди. Ўғли Юсуф ёрдамида кўзлари қаратилган ҳарфлар асосида сўзлар, ёзар, зиёратига келганлар билан “қизғин суҳбатлар” олиб борар эди… Шу ҳолатда кунда келган 500 га яқин мактублар маъносидан хабардор бўлар, аксариятига жавоб ҳам йўллар эди.

Бундай буюк жасорат натижасида Аҳмад Дийдот миссионерларга “ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр” билан курашиб, 87 ёшида 1426 йилининг ражаб ойи (2005 йил 8 август) вафот этди.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *