Шамсиддин ал-Фанорий (751-834/1350-1431)

Lotin alifbosida

Шамсиддин Муҳаммад ибн Ҳамза ибн Муҳаммад ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ усмонийлар даврининг энг таниқли олимларидан биридир. Фанор ясовчи касби билан шуғуллангани боис шу нисбани олган. Айримлар Фанор деган қишлоқда туғилган, деганлар.

У таниқли олим, “Тафсири Жалолайн” соҳиби Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг устози Муҳйиддин Кофиячи (788-873/1386-1468) раҳимаҳуллоҳга устоз бўлганлар. Муҳйиддин Кофиячи раҳимаҳуллоҳ уни кўп мақтар эканлар. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ эса Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳни арабий илмларга моҳир, маоний ва баён илмини чуқур биладиган, қироат илмини тўлиқ ўзлаштирган зот сифатида таърифлайдилар.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ 751 йил (мелодий 1350) сафар ойида таваллуд топганлар. Унинг отаси Мавлоно Ҳамза раҳимаҳуллоҳ таниқли олим Садриддин ал-Қўнавий (ваф. 673/1275) раҳимаҳуллоҳнинг шогирди бўлганлар. Унинг “Мифтоҳ ал-ғайб” номли машҳур асарини муаллифнинг ўзидан ўқиб ўтказган эканлар. Кейинчалик ушбу асарга Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ ажойиб шарҳ ёзганлар.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ “ал-Муғний” ва “ал-Виқоя” китобларининг шориҳи Қора хўжа лақаби билан танилган Алоуддин ал-Асвад (ваф. 800/1397) раҳимаҳуллоҳ, Жамолиддин Муҳаммад ал-Оқҳисорий (вафоти 775/1374) раҳимауллоҳ кабиларнинг шогирди ҳисобланади. У талабалик вақтида учта шерик бўлишган экан. “Тарихи Искандар” манзумасининг муаллифи Мавлоно Аҳмадий раҳимаҳуллоҳ, “аш-Шифо фи-т-тиб” асарининг муаллифи Ҳожи пошшо раҳимаҳуллоҳ билан бирга ўқишган экан. Бир куни ўша даврнинг авлиёларидан саналган Шайх Акмалиддин қуддиса сирруҳунинг зиёратига боришибди. У зот бу учаласига назар солиб, Мавлоно Аҳмадий раҳимаҳуллоҳга: “Сен умрингни шеър ёзиш билан ўтказасан!”, Ҳожи пошшо раҳимаҳуллоҳга қараб эса: “Сен умрингни тиббиётга бағишлайсан!”, дебдилар. Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳга қараб эса: “Сен дин ва дунё, илм ва тақвонинг орасини жамлайсан!”, дебдилар. У зот айтган башорат ҳаётда ўз тасдиғини топибди. Кейин бўлажак олим Мисрга бориб, машҳур аллома Саййид Шариф Журжоний раҳимаҳуллоҳ билан бирга шерик бўлиб, таниқли ҳанафий олими Акмалуддин ал-Бобуртий (ваф. 786/1384) раҳимаҳуллоҳдан сабоқ олганлар.

Сўнг ўз юрти Румга қайтиб келиб, Бурсада бутун усмонийлар салтанатига қозикалон ва муфтий бўлиб фаолият юритганлар. Бурсанинг “Монастр” мадрасасида мударрислик қилганлар. Ушбу мадраса Бурса фатҳ қилинишидан олдин насронийларнинг монастри бўлган.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳнинг Бурсадалик даври унинг обрў, мансаб, илмий ижод, диний хизмат жиҳатидан энг гуллаган даври ҳисобланади. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз мағлуб қилган усмоний халифа Боязид Йилдирим уни жуда ҳурмат қилар, ҳар бир ишни у билан бамаслаҳат амалга оширарди. У амалда вазир ўрнида шуҳрат қозонган эди. Жумъа куни жомеъга чиққанида, уй олдидан то жомеъгача уни зиёрат қилишни истаган одамлар қаторлашиб турар, улар орасидан Мавлоно исломнинг ва илмнинг бутун шавкатини намоён қилиб, виқор билан ўтиб борарди. Унинг қулларининг сон-саноғи йўқ, мол-мулки ҳадсиз-ҳисобсиз бўлган. Шу билан бирга, ўзи йиртиқ-ямоқ кийимлар кияр, жуда оддий кичкинагина салла ўрарди. “Кийимим ҳам, таомим ҳам ўз қўлим билан қилган касбим эвазига келади. Касбимдан ортиқроқ нарса менга вафо қилмайди”, дерди. Мадрасаси уйи ва Султон Боязиднинг қасри орасида жойлашган эди. Вафот қилганида жомеънинг олдига дафн қилинган. У ўзидан сўнг кутубхонасидаги 15 000 (ўн беш минг) мужаллад китобни мерос қолдирганлар.

Бир куни Султон Боязид уни бир масала бўйича ҳукм чиқариб бериш учун таклиф қилади. Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ султоннинг гувоҳлиги ўтмайди, деб унинг гувоҳлигини қабул қилмайди. Рад қилганлик сабаби сўралганда, султонни жамоат намозига чиқмайди, дейди. Бу гап Султон Боязидга жуда қаттиқ таъсир қилади. Ушбу гапни эшитган заҳоти қасри олдига жомеъ қурдиришга фармон беради. Шундан сўнг Султон Боязид бирор марта жамоат намозини тарк қилмаган экан.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳнинг обрў-эътибори сарой аъёнлари, айниқса, вазирларга ёқмасди, албатта. Шунинг натижасида, Алишер Навоий раҳимаҳуллоҳ билан Султон Ҳусайн Бойқаро ўртаси бузилганидек, Султон Боязид билан унинг ўртаси ҳам бир муддат бузилади. Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ Қаромон шаҳрига кетиб қолади. Қаромон волийси уни ҳурмат-иззат билан кутиб олади. Ҳар куни минг дирҳам маош, шогирдлари учун эса беш юз дирҳам мояна таъйинлайди. Султон Боязид ўз қилмишидан афсусланиб, уни яна Бурсага чақириб олади. Султон билан унинг орасини бузилишига сабабчи бўлган вазир Аваз пошшо бўлиб, Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳнинг кўзи кўр бўлиб қолганида, “Бу аъмо шайхнинг жанозасини ўзим ўқишни умид қиламан!”, деган экан. Бу гапни Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ эшитиб, “Ахир у жоҳил-ку, маййитга жаноза ўқишни яхши уддалай олмайди. Яхшиси, ўзим унинг жанозасини ўқисам, унга фойдалироқ бўларди!”, деган экан. Шундан сўнг бир неча йиллар ўтиб, Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳнинг кўзлари тузалиб кетади. Султон эса Аваз пошшодан ғазабланиб, кўзига мил торттиради. Аламидан ўлим кетган вазирнинг жанозасини ҳақиқатдан ҳам Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ ўқиганлар.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳнинг бир муддат кўр бўлиб қолишига бир ажиб воқеани келтирадилар. У зот: “Илмига амал қилувчи уламоларнинг гўштини ер емайди (жасади чиримайди)!”, деган ривоятни эшитиб қолиб, бу ривоятнинг ҳақлигини исботлаш мақсадида ўз устози Алоуддин ал-Асвад раҳимаҳуллоҳнинг қабрини очган экан. Қараса, вафот топиб кетганига узоқ йиллар бўлганига қарамасдан жасад шу ҳолида турган бўлган. “Ҳақлигини билдингми, кўзинг кўр бўлгур!”, деган овоз эшитибди. Шундан кўзи кўр бўлиб қолган, дейилади.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ Ҳожи Байрам валий билан суҳбатдош бўлиб, унинг тариқатини қабул қилганлар.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ яшаган даврда мадрасаларда икки кун – жумъа ва чоршанба дарс бўлмас экан. У зот сешанба кунини ҳам таътил куни қилиб белгилаб қўйган. Чунки, шу даврларда Самарқандда яшаган буюк аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг китоблари шуҳрат қозонган, ҳамма жойда унинг китоблари ўқитилар экан. Ҳамма китоблар қўлда кўчирилгани боис, хаттотлар ва саҳҳофлар китоб етиштириб бера олмай қолган. Талабалар бу сешанба кунини Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ китобларидан ўтиладиган бир ҳафталик дарсни кўчиришга сарфлар экан.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ 821 йилда (мелодий 1418) ҳажга отланади. Қоҳирага келганида, ўша давр уламоларининг барчаси уни кўргани келганида, илмий баҳс-мунозаралар юз беради. Шу жойда унинг чуқур илм соҳиби экани ошкор бўлади. Қуддуси шарифни ҳам зиёрат қилиб қайтадилар. Ана шу сафари чоғида нақшбандия тариқатининг муассиси Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳунинг бош халифаси Хожа Муҳаммад Порсо қуддиса сирруҳу билан ҳамсуҳбат бўлади. Хожа Муҳаммад Порсо қуддиса сирруҳу Мадинаи мунавварада 822 йилнинг охирида (1419 йил декабрь) вафот қиладилар. Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ унинг жанозасида имом бўлганлар.

Кейин 833 йилда (мелодий 1430) Антокия орқали яна бир бор ҳаж сафари муяссар бўлади. 834 йили (мелодий 1431) ражаб ойида вафот қиладилар.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳнинг “Фусул ал-бадойеъ фий усул аш-шаройеъ” номли усул ал-фиқҳга оид асари шуҳрат қозонган. Унда ҳанафий мазҳабининг соҳага оид “ал-Манор”, “Усул ал-Баздавий”, шофиъийликка оид “Маҳсул ар-Розий”, “Мухтасар Ибн Ҳожиб” каби асарлардаги маълумотларни жамлашга муваффақ бўлганлар. Асар роппа-роса 30 (ўттиз) йил давомида қайта-қайта ишланиб, мукаммаллаштирилиб борилган.

У яна ўша даврдаги илмлар таснифига оид – юзта илм ҳақида маълумот берилган “Унмузаж ал-улум” номли асар муаллифи ҳамдир. Таниқли ҳадисшунос олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ушбу асарни муаллиф дастхатида ўқиб чиққанини фахр билан қайд қилганлар. Мазкур асарга муаллифнинг ўғли Муҳаммадшоҳ ал-Фанорий (ваф. 840/1436) раҳимаҳуллоҳ шарҳ ёзганлар. У ҳам таниқли олимлардан бўлиб, отаси ҳаёт вақтида Бурсадаги “Султония” мадрасасига мударрис бўлганлар.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳнинг яна “Исоғучи” номли мантиққа оид асарга “ар-Рисолат ал-асирия” номли шарҳ битган бўлиб, уни муаллиф ҳажми катта бўлишига қарамасдан эрталабдан бошлаб то шомгача ёзиб тугатган экан. Шунинг учун бу шарҳ “Якрўзий” (“Бир кунлик”) деган лақаб билан танилган.

Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳнинг илмининг юксаклигини билдириб турадиган яна бир далил “Фотиҳа сураси”нинг ўзига битта катта китоб қилиб тафсир ёзганлар.

Ҳанафийларнинг мерос ҳуқуқига оид “ал-Фароиз ас-сирожия” номли асарнинг энг яхши шарҳларидан бирининг муаллифи ҳам Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади.

Яна Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳнинг Саййид Шариф ал-Журжоний раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб аҳли суннат ва жамоат ақоидига оид “Шарҳ ал-Мавоқиф” асарига битган ҳошия шарҳи ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳнинг бир қанча асарлари қўлёзма ҳолида қолиб кетган. Фатво, дарс ва қозилик ишлари билан бўлиб, уларни кенг омма ҳукмига ҳавола қила олмаган.

Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “ал-Фавоид ал-баҳия” асарида Шамсиддин ал-Фанорий раҳимаҳуллоҳни ўз даврининг мазҳаб мужтаҳиди – мужаддиди сифатида улуғлаганлар.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *