“Машҳур бидъатлар баёни” номли рисола

Рисолани .pdf форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

Ўз даврида машҳур бидъатлар ҳақидаги рисоласи билан шуҳрат қозонган улуғ олим, қадим Бухоронинг охирги муфтийларидан бири Домла Икромча раҳимаҳуллоҳ номи билан танилган бўлиб, унинг асли исми Муҳаммад Икром ибн Абдуссалом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳидир. У зот 1344/1925 йилда 70 ёшларида вафот этганлар. Демак, 1272/1855 йилларда туғилган бўлиб чиқади. Замондошлари у ҳақда: “Бухоро уламоларининг энг улуғи, бу ернинг аксар мударрисларининг устозидирлар” деб зикр қилганлар. “Тазкират аш-шуаро”да уни Мир Араб мадрасасига мударрис эканлиги, “Афзал ат-тизкор”да эса Абдуллоҳхон мадрасасига мударрис эканлиги қайд этилган. Яна бир “Тазкират аш-шуаро”да эса унинг асосан дарс бериш билан машғуллиги, кўплаб талабаларга устозлиги қайд қилинади. Жумладан, таниқли адиб Садриддин Айний (1878-1954) раҳимаҳуллоҳ, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, биринчи муфтийси Эшон Бобохон (1860-1957) раҳимаҳуллоҳ, Андижонлик таниқли уламо Ҳасанхон Махдум Восилий (1898-1979) раҳимаҳуллоҳ кабилар Домла Икромча раҳимаҳуллоҳдан сабоқ олганлар. Домла Икромча раҳимаҳуллоҳ Бухорода ўн бир нафар муфтийнинг бири сифатида шуҳрат қозонган, кейинчалик Пешку, Қоракўл ва Ғузор туманларига қози қилиб юборилган эди.

Домла Икромча раҳимаҳуллоҳнинг машҳур бидъатлар ҳақидаги асарининг асли номи “Ийқоз ан-ноимин ва иълом ал-жоҳилин” (“Ғофилларни бедор қилиш ва жоҳилларни огоҳлантириш”) бўлиб, 1911 йилда Бухорода чоп қилинган. Домла Икромча раҳимаҳуллоҳнинг мазкур асарида акс эттирилган фикрлар ўз даврида жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Бир қанча муллалар бундай фикрларга қарши чиқишган бўлса-да, лекин оддий одамларга, ёшларга, талабаларга кучли таъсир кўрсатди. Асар халқ орасида “Дар баёни бидъаоти машҳура” (“Машҳур бидъатлар баёни”) номи билан танилди ва халқнинг кўзи очилишига таъсирли омил, маърифатпарварларнинг бидъатларга қарши курашишига эса туртки бўлди.

Домла Икромча раҳимаҳуллоҳ ўзи қадимчилар тарафида бўлса-да, бироқ, бутун умри давомида янгиликларга мойил, маърифатпарварлик ишларини қўллаб-қувватловчи, маориф тизимини тубдан ислоҳ қилиш тарафдори сифатида жадидчиларга ён босар, уларга хайрихоҳ эди. Унинг “Дар баёни бидъаоти машҳура” асари жадидчиларнинг маърифатпарварлик ишларида, халқнинг онгини ўстириш, маърифатли қилиш, миллатни ҳар хил бидъат ва хурофотлар гирдобидан озод этиш йўлида асосий манбалардан бири бўлиб хизмат қилгани, шубҳасиз.

Домла Икромча раҳимаҳуллоҳнинг “Машҳур бидъатлар баёни” асари форс-тожик тилида бўлиб, уни илк бор ўзбек тилига ўгирилмоқда. Айрим атама ва номларга қавс ичида кенгроқ изоҳ бериб чиқилди. Асар маърифатпарвар китобхон халқимизга манзур бўлади, деб умид қиламиз.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

“МАШҲУР БИДЪАТЛАР БАЁНИ”

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ҳамду санолар оламлар тарбиячиси Аллоҳ учундир! Салот ва саломлар унинг яратганининг яхшиси Муҳаммад алайҳиссаломга ва оилалари ҳамда жами саҳобаларига бўлсин!

Шундан кейин, бу бечора фақир шуни айтадики, узоқ муддат ўз аҳволимни ниҳоятда хароб ва бузуқ эканлигини мушоҳада қилардим. Аммо уни изҳор қилишга журъат топа олмасдим. Чунки, бундай шикоят ишбошчиларга нисбатан шикоят мазмунида бўлиб қолмасин. Зотан, замона султонлари илоҳий жалол ва жамол сифатининг кўринишидирлар (Аллоҳнинг “ал-Жалол” яъни “Буюк” сифатига ва “ал-Жамол” яъни “Гўзал, ёқимли” сифатларига ишора. Бу билан муаллиф даврининг давлат раҳбарларини улуғламоқда.).

Агар фуқаролар лутф ва марҳаматга ҳақли бўлсалар, жамол ва илтифот сифатини изҳор қиладилар. Агар қаҳру ғазабга ҳақли бўлсалар, жалол ва қаҳр сифатини зоҳир этурлар. Шунга кўра, адаб сақлаб турардим ва бузуқликлардан ва олам аҳволларининг ўзгаришидан шикоят изҳор қилолмасдим. Бу бир куни “Фатовойи комила” китобида қуйидаги масала борлигини топгунимча бўлди: (Асли исми “ал-Фатово ал-комилия фий ал-ҳаводис ат-таробулисия” деб аталган бир жилдли ушбу асар ҳанафийлик мазҳаби фиқҳига оид бўлиб, Муҳаммад Комил ибн Мустафо ат-Таробулисий (1829-1900) раҳимаҳуллоҳ ёзганлар. Асар Мисрда 1895 йилда нашр қилинган эди.):

 “Фатовойи комила” соҳиби айтадиларки, менга ушбу масаладан савол қилдилар: Замон фасоди ва бузукликлар пайдо бўлганида одамлар орасида ўз подшоҳларидан шикоят қиладиган ва уларга ҳар хил таъналар етказадиган кимсалар ҳақида нима дейсиз? Эй, шариатда бундай таъна ва ёмонлаш дуруст бўладими ёки йўқми?”.

Жавоб шуки, бундай таъна ва ёмонлаш дуруст бўлмайди. Шунга биноанки, тафсирда пайғамбарларга туширилган баъзи китоблардан нақл келтирилган: Аллоҳ таоло буюрган: “Мен ўн саккиз минг оламнинг худоси, подшоҳлар подшоҳиман! Чунки, барча подшоҳларнинг кокиллари ва қалблари менинг қудратли тасарруфимдадир. Ҳар хилда тасарруф қилишни хоҳласам, қилурман. Демак, агар бандаларим менинг буйруқ ва қайтариқларимга бўйсуниб итоат этcaлар, подшоҳларнинг қалбларини лутф ва марҳаматдан тўла қиламан. Агар тобелик ва итоат қилмасалар, шоҳларнинг қалбларини ғазаб ва қаҳру уқубатга тўлдириб қўюрман. Демак, менинг бандаларим подшоҳларнинг таъна ва шикоятларига машғул бўлмасинлар. Балки, ўзларининг ёмонликка буюрувчи нафсининг таънасига қайтиб, ёмон феъл-атворларидан тавба ва истиғфор қилсинлар. Токи подшоҳларининг қалбларини уларга мойил ва меҳрбон қилурман!”.

Расулнинг, унга Аллоҳ саловат айтсин, “Подшоҳларингиз сизларнинг аҳвол ва атворларингизга мувофиқ бўладилар”, деган ҳадисларининг маъноси ушбудир. “Фатовойи комила”нинг сўзи шудир.

Шундай қилиб, бу жойда очиқ бўлдики, ҳамма гуноҳлар ва ахлоқсизлигу айблар ва бузуқликлар биз азизларнинг ёмонликка буюрувчи нафсимиздан ўсиб чиққандир. Подшоҳнинг унда ҳаракати йўқдир. Демак, бизга вожиб шудирки, ўзларимизнинг қусурларимизни эътироф ва иқрор қилиб, бу бузуқликларни ўзимиздан билайлик ва ўз гуноҳларимиздан тавбаю истиғфор қилайлик. Ҳаром қилинган, янги пайдо бўлган расм-русумлар ва ораларимиздаги машҳур бидъатлардан сақланайлик. Тоинки биз осийларнинг гуноҳлари шумлиги ва касофатидан ислом подшоҳи давлатига зарару заҳмат ва хароблик қайтмасин.

Бинобарин, бу даъватчи қўрқмасдан ҳаром қилинган, янги пайдо бўлган ва одамлар орасидаги машҳур бидъатлар баёнига, шояд ғофил ғафлат уйқусидан бедор ва жоҳил ўз қилмишидан ҳушёр бўлса, деган умид билан киришдим. Инсоф ва диёнат соҳиби инсофу диёнат бошига келиб, тавбаю истиғфор ва дуои хайр қилгай. Мисра:

  Шояд икки юз йиғидан бири кор берса!

Токи Худонинг авф қилишига сабаб ва баҳона бўлиб, илоҳий саховат денгизини жўш урдирса, ислом давлати ва миллати ривожига боис бўлса. Бинобарин, ушбу мажмуани “Ийқоз ан-ноимин ва иълом ал-жоҳилин” (“Ғофилларни бедор қилиш ва жоҳилларни огоҳлантириш”) деб ном қўйдим-да, тушунилиши осон лафзлар билан омма одатига мувофиқ баён қилиб, икки мақолага кўра тартиб қилдим.

Биринчи мақола одамлар орасида машҳур бўлган ҳаром қилинган лаззатлар баёнида. Бу икки қисмдир:

Аввалги қисм шудирки, унинг ҳаромлигини, хусусан, уламолар биладилар. Лекин уларнинг одамлар орасида ниҳоятда машҳурлиги ва уларнинг мубталолиги жиҳатидан кўпчилик парво қилмайдилар: қиладилар ва ейдилар.

Рибо мана шу қисмдандир (Рибо ислом шариатида ҳаром қилинган амал ҳисобланади. Қарз бериб кўпроқ қилиб қайтариб олиш ҳамда бирор нарсани ўз жинсига сотганда кўпроқ ундириб олиш рибо, яъни судхўрлик дейилади.).

Рибо одамлар орасида ниҳоят даражада шуҳратли одатга айланган. Олимлар ҳам унинг қатъий ҳаромлигини билишлари билан бирга мубталодирлар. Баъзилар уни “фойда” дейдилар, бошқа бировлар “танзил” деб атайдилар (“Танзил”нинг маъноси “тўлов миқдорини пасайтирмоқ”, “нархни арзонлаштирмоқ” бўлиб, рибода фойдани кўп олмасдан озроқ олинмоқда, деган маънода ишлатилган.).

Бу замонда уларнинг касбу ҳунари пул алиштириш савдоси бўлган саррофлар саррофликни рибохўрликдан бошқача деб билмайдилар. Бу қабиҳ феъл “Қуръон”да ҳужжати келган ҳаромдир: “Аллоҳ савдо-сотиқни ҳалол, рибо-судхўрликни эса ҳаром қилган” (Бақара, 275). Судхўрлик шундай ошкора пайдо бўлганки, унинг ҳаромлиги авом ва хослар назаридан шунчалик яширинган: ҳеч ким андиша ва ўзини тия олмай, мубоҳ каби билиб қолган (Шариат инсон қиладиган ишларни саккиз турга бўлади. Шулардан бири “мубоҳ”дир. Яъни, бирор ишни қилиш ихтиёрий, унга савоб ҳам берилмайди, гуноҳ ҳам ёзилмайди.).

Сўраган пайтда “Рибодан сақланиш мумкин эмас!” дейдилар.

Бундан Аллоҳ паноҳ берсин! Аллоҳ бизни ва сизларни мубтало бўлишдан сақласин!

Ушбу замона пайғамбарона ҳадиси шарифда ваъда қилинган замондир. Ҳадиснинг маъносини шундай баён қилганларки, худонинг пайғамбари, Аллоҳ унга салоту салом йўлласин, бундай деганлар: “Мендан кейин одамларга рибохўрликдан холи бўлмаган бир замон келади. Гарчи холи бўлса ҳам, унинг ғуборидан холи бўлмайди”. Бошқа ривоятда: “Унинг бадбўйлигидан холи бўлмайди” дейилган.

Рибо қиёмат кунида оловга айланади, уни ейувчининг димоғи қайнаб кетади, унинг бадбўй ҳиди яқинларигача етиб боради. Демак, унинг гуноҳ ва зарари ҳар бир кишига етади. Буларнинг ҳаммасига савдо-сотиқ ҳукмларини билмаслик ва жаҳолат сабаб бўлади. Шунинг учун Ҳазрати Умар, Аллоҳ ундан рози бўлсин, Мадинаи мунаввара бозорларида дарра олиб юрардилар ва савдогарларни ўша дарра билан урардилар (Умар ибн Хаттоб (585-644) розияллоҳу анҳу дастлабки тўрт халифадан иккинчиси (634-644). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқин сафдошлари, у зот билан барча ғазотларда бирга қатнашганлар. Абу Бакр ас-Сиддиқ (572-634) розияллоҳу анҳунинг халифа этиб сайланишининг ташаббускори ва ундан сўнг бир овоздан халифа қилиб сайланган зотдирлар. Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида араб-мусулмон салтанати юзага келди ва ривожланди. Уни кейинги давр мусулмонлари “Умари одил” деб атадилар.).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Кимки савдо-сотиқ ҳукмларига фақиҳ бўлмаса, сотмаслиги ва сотиб олмаслиги лозим. Чунки, истаб-истамай рибохўр бўлиб қолади” дердилар.

Рибонинг ҳаромлиги бобида, унинг зарари ва уқубати борасида оятлар кўп келган. Аллоҳ таолонинг гапи: “Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) турадилар” (Бақара, 275). Ундан бошқа оятлар ҳам бисёр.

Расулуллоҳдан, Аллоҳ унга салоту салом йўлласин, ривоят қилинган:

“Исро кечаси менга қоринлари уйдек қавмни кетиришди (Ислом тарихида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан Қуддус шаҳрига қилган тунги сайрлари (исро) ҳамда Қуддусдаги Ақсо масжидидан осмонга кўтарилиш (меърож) воқеаси. Бу ҳақда Қуръон оятлари (масалан, Исро сурасининг 1-ояти) ва ҳадиси шарифларда кенг маълумотлар берилган. Исро ва меърож кечаси ислом оламида диний байрам сифатида ражаб ойининг 27-кечасида нишонланади.).

Унда илон ва чаёнлар қоринлари ташқарисидан ҳам кўриниб турар эди. Шунда мен: “Эй Жаброил, булар ким?” дедим (Жаброил – исломдаги тўрт бош фаришта (Микоил, Исрофил ва Азроиллар)дан бири. Аллоҳ амрини Пайғамбарларга етказиб, ваҳий келтирувчи фаришта.).

Жаброил алайҳиссалом эса: “Улар рибо егувчилар” дедилар”.

Оламда юз бераётган бу хилдаги барча зилзилалар ушбу қабиҳ феъл касофати билан бўлган. Аллоҳ бизни рибо ва унинг шуҳратидан нажот берсин!

Мадрасаларнинг вақф ҳужраларини сотиш ҳам мана шу қисмдандир (Вақф “тўхтатилган” деган маънода бўлиб, бирор кимса ёки ташкилот томонидан Аллоҳ учун мусулмонлар фойдасига ажратилган мулк шундай аталади. Вақфни ўзгартириш, уни сотиш, сотиб олиш, шахсий эгачилик қилиш мумкин бўлмаганидан шундай аталган. Вақф кўчмас мулклар ёки натураль ҳам бўлиши мумкин. Исломнинг илк даврлариданоқ жорий қилинган.).

Ҳеч бир жиҳатдан бу жоиз эмас! Унинг пули шубҳасиз ҳаромдир. Мадрасада яшамасдан фақат вақф ҳужранинг қўлда олиб турилиши харидорга ҳам аниқ ҳаромдир. Агар: “Бу менинг ҳаққим” деса, кофир бўлади. Аллоҳ мана шундан паноҳ берсин!

Шундай бўлса ҳам, ниҳоят даражада шуҳрат топганки, олиму фозиллардан ҳеч бири истиқомат қилмаса ҳам вақфни сотиб олиб туришдан андиша ва ман қилмайдилар. Агар: “Биз вақф ҳужрани сотмаймиз ҳам, олмаймиз ҳам, балки парҳез қилиб, ўзимизнинг мулкимиз бўлмиш тағора ва бўрёни сотиб олурмиз” десалар, жавоб шуки: “Битта тағора ёки бўрёни нимага йигирма минг ёки ўттиз мингга сотасиз? Яна буларни сотиб олишни нима учун вақфларга боғлаб қўйяпсиз? Ҳолбуки, мазкур ҳужрани вақф қилувчи тағоранинг эгасига бирор нарса вақф қилмаган. Нима учун унинг баробарига вақфни бермаймиз?! Нимага уни мазкур ҳужрадан тағора ва бўрёни сотиб олиши сабабидан чиқариб юборасиз?!”.

Агар: “Вақф дўконларнинг ва вақф ерларнинг асбоб-ускуналарини сотадилар. Ҳужранинг битта эшигин сотиш нима учун жоиз эмас экан”, деб сўрасалар, жавоб шуки, бу бошқа-бошқа нарсани таққослашдир. Чунки ер ва дўконларни вақфнинг фойда етказадиганлари қилган. Уларни ижарага берадилар. Ижарага олувчилар фойда олишлари учун унга ўз мулкларидан, масалан дарахтлар экадилар. Шу сабабдан қарор топиш ҳаққи юзага келади. Шунинг учун ўзларининг асбоб-ускуналарини сотадилар. Бу мадраса ҳужраларидан бошқача бўлиб, унинг вақфи ҳосил олиш учун эмас, балки аҳли илм талабалар яшамоқлари жиҳатидан вақф қилинган. Бинобарин, мазкурни вақф қилувчи унинг иморатлари учун бошқа вақфлар қилган. Масалан, работ ва масжидни мусофирлар тушишлари ёки беш вақт намоз ўқиш учун вақф этганлар. Шу боис буларда ижара жоиз эмас. Демак, икковининг ораси фарқланди.

Ҳийлаи шаръия бир қанча ўринларда жоиз (Ҳийлаи шаръия “қонуний алдов” дегани. Яъни, шаръан жоиз қилинган ҳийлалар бўлиб, ислом фиқҳида баъзи муаммоларни ечишда ишлатилган. Бунда ҳаромдан сақланиш учун топилган, ҳалолга олиб борадиган осон йўл бўлиб, ботилни йўқотишда фақиҳлар томонидан жорий қилинган. Масалан, “Сод сураси”нинг 44-оятида келтирилган қиссани ҳийлаи шаръияга мисол қиладилар. Унда Айюб пайғамбар алайҳиссалом ўз хотинларини юз қамчи уришга қасам ичганларида, юзта майда новдани бир қилиб, бир марта уришга буюрилган. Қаранг: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Тошкент-2007. –Б. 456.).

Агар “Бу ерда ҳийлаи шаръия нимага жоиз эмас?”, деб сўрасалар, жавоб шуки, ҳийлаи шаръияни ихтиёр қилинган ҳар жойни биз ҳанафийларнинг мўътабар китобларидан топганмиз. Мадрасанинг ҳужраларини сотишнинг жоизлиги эса ҳеч қаерда мавжудлиги топилмади.

Агар: “Олдинлари уламо ва муфтийлар кўп бўлган, нимага улар сотишдан ман қилмаганлар”, деб сўрасалар, жавоб шуки, ҳаромлиги иттифоқ қилинган, кўплаб ояту ҳадислардан унга ҳужжат топилган рибони нима қилдиларки, вақф ҳужраларни сотишни шундай қилсалар?! Аниқроғи, бу савдо биз азизларнинг ўйлаб топгани, янгилиги бўлиб, бошқалар биздан ўрганганлар. Агар: “Сиз ҳам ҳужрани оласиз ёки сотасиз-да, ҳаром демайсиз?” деб ишкал савол қилса, жавоб айтамиз: “Рост айтасиз, “Араблар ўз қатиғини шўр демайди” деган мақол машҳур. Шунинг учун неча маротаба олимлар мубтало бўлган гуноҳлардан Худодан паноҳ сўрайман!

Бу савдодан ҳаромроғи шуки, мадрасанинг катталари ушбу савдо вақтида ҳозир ва гувоҳ сифатида иштирок этиб, ботил савдога гувоҳ бўладилар ва анча танга олиб, уни “ширинкома” деб атайдилар (Савдо вақтида ўртада турган даллол, гувоҳ ва бошқаларга умумий савдо пулидан ажратиладиган маблағ “ширинкома” (мазали улуш) деб аталган ва бу иш ҳозиргача бозорларда давом этиб келмоқда.).

Ўша маблағга турли-туман зиёфатлар ташкил қилиб, “бисмиллоҳ” айтиб ейдилар. Бундай зиёфатларда ҳозир бўлишни ифтихор деб биладилар. Олимларнинг бу ботил нарсаларга мубтало бўлишидан Аллоҳга паноҳ тилайман! Ҳайҳот! Олим бузилса, олам бузилгувсидир!

Иккинчи минг йилликнинг мужаддиди Имом Раббоний қуддиса сирруҳу бундай деганлар (У Шайх Аҳмад ибн Абдулаҳад ал-Форуқий ан-Нақшбандий раҳимаҳуллоҳ бўлиб, 971/1564 йилда туғилганлар. Илмни оталари Шайх Абдулаҳад раҳимаҳуллоҳдан олганлар. Қуръонни ҳифз қилганлар, қодирия, чиштия тариқатларидан ҳам ижозат олганлар. Деҳлида Шайх Муҳаммад Боқий Биллоҳ (1563-1603) қуддиса сирруҳу орқали Нақшбандия тариқатига кирганлар. Силсилалари олти восита билан Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳуга етади. У сафар ойида 1034 йилда/1624 йил март ойида вафот қилганлар. Унинг муридлари томонидан тўпланган мактублари – “Мактубот”дан ташқари ўзи таълиф қилган “Мабдаъ вал-маод”, “Мавоҳиби ладуния”, “Рисола дар радди равофиз” каби асарлари бор.):

“Бугун олам бидъатлар дарёсига ғарқ бўлган ва бидъат сояларида ором олмоқда. Кимда сўзлашга, бидъатни кўтаришга ва суннатни тирилтиришга лаб оча оладиган мажол бор?! Бу вақтнинг аксар уламолари бидъатга ривож берувчи, суннатни маҳв қилувчидирлар. Семириб кетган бидъатларни халқнинг таомули-одати деб билиб, жоизликка, балки унинг истеҳсонига фатво бермоқдалар ва одамларни бидъатга далолат этмоқдалар (“Истеҳсон” ҳанафийлик мазҳабига киритилган қоидалардан бири бўлиб, “истеҳсон”нинг луғавий маъноси “маъқуллаш”дир ва бирор нарсани шариатга зид бўлмаган, деб маъқулланган ишга нисбатан айтилади. Истеҳсон фақиҳ томонидан оғир ҳолатни тарк қилиб, одамлар учун қулай ва енгил бўлган ҳолатни (масалан, урфни) танлаб олинишидир. Қаранг: Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. –Тошкент-2002. –Б. 73.).

Агар залолат ёйилиб кетса, ботил иш урфга айланса, таомул бўлади, дейдилар?! Таомул истеҳсоннинг далили эмаслигини билмайдиларми? Эътиборга олинадиган таомул аввалги даврдан келаётган ёки жами одамларнинг ижмоъси билан ҳосил бўлган бўлади (“Ижмоъ” (иттифоқ, келишув) – ислом ҳуқуқи манбаларининг учинчиси. Ижмоъ фиқҳий атама сифатида ижтиҳод малакаси ва адолат сифатига эга бўлган бир давр олимларининг муайян ҳукмлар бўйича келишувидан иборат.).

Чунончи, (таомулнинг олиниш-олинмаслик масаласи) “Фатовойи Ғиёсия”да зикр қилинган (Шайх Жамолиддин Довуд ибн Юсуф ал-Хатиб ад-Димишқий ал-Қазвиний ал-Ҳанафий раҳимаҳулоҳнинг “Фатовойи Ғиёсия” номли кичик ҳажмли ҳанафийлик мазҳаби фиқҳига оид асари. Асар Султон Абул Музаффар Ғиёсиддинга бағишлангани учун шундай аталган. Мисрда 1904 йил “Фатовойи Зайния” билан бирга нашр этилган.).

Шак йўқки, таомулни одамлар оммаси билиши шарт эмас. Унга жами шаҳару қишлоқларнинг амал этишини шарт қилиш эса башарият чегарасидан ташқаридадир. (Фақат таомулни олимлар томонида яхши эканлиги исботланиши, унинг хайрли қадрият экани, одамларга фойдали урф-одат экани мутахассислар томонидан аниқланиши шарт).

Аввалги даврда қолган таомул ҳақиқатда у Пайғамбаримиз, унга ва оилаларига солату салом бўлсин, томонидан тақрирдир ва ул зотнинг суннатига қайтишдир. Бидъат қаерда ва чиройли бидъат қайси?! (“Бидъат” янги пайдо бўлган иш ва ҳолатлар бўлиб, уни баъзи олимлар икки қисмга ажратадилар. Ёмон бидъатлар “бидъати саййиа”, “бидъати мамнуъа”, “бидъати муҳаррама”, “бидъати макруҳа” ва “бидъати золла” деб аталади. Яхши кўрилган, гўзал бидъатларга эса “бидъати ҳасана”, “бидъати вожиба”, “бидъати мубоҳа” кабилар киритилади.).

Эшитмадингизми, биз олимларнинг гумони шуки, бизнинг билимимиз ва қарашимизга кўра ҳаром ҳалолга айланиб қолмоқда. Ҳеч ҳам бундоқ эмас! Ҳалол Аллоҳнинг ҳалол қилганидир, ҳаром Аллоҳнинг ҳаром қилганидир!

Бу бобда гап бағоят кўпдир, лекин бевақт хавф бор.

Ушбу қисмдан бири муфтийларнинг оқмуҳрлари бўлиб, ёзувсиз, ҳукм ва даъвосиз оппоқ қоғозга муҳр урадилар. Агар “Бу муҳр уриш ҳукм эмас-ку!” десалар, “Бўлмаса, бу муҳр нимага?” деймиз. Агар: “Ҳукм” десалар, “Нимага ва кимга ҳукм?” деймиз. Во дариғ! (Айрим муфтий ва қозилар фатво ва ҳукм чиқаришдан олдин ўз ёрдамчиларига маълум ҳақ эвазига бир қанча оппоқ қоғозлар остига муҳрларини босиб-босиб сотар эдилар. Ёрдамчилар эса одамлардан катта ҳақ олиб, уларнинг муҳрлари тепасига одамлар хоҳишига мувофиқ фатво ва ҳукм ёзиб бераверардилар. Оқ қоғозга муҳр урилган бундай варақлар “оқмуҳр” деб аталарди. Ана шундай бўлмағур одат бу ерда қаттиқ қораланмоқда.).

Нос чекиш ҳам ушбу қисмдан бўлиб, унда бир қанча ҳаромлар жам бўлган. Бири исроф, яна бири, агар оғизга отадиган бўлса, оғизнинг ҳидланиши. Агар бурнига ҳидлайдиган бўлса, жанобатдан чиқмаслиги эҳтимоли бор (Жанобат “ифлосланиш” дегани, ифлосланган кимса “жунуб” дейилади. Диний маросимдаги нопоклик бўлиб, фиқҳнинг “таҳорат китоби” бўлимларида бунга батафсил тўхталинади. Ҳанафийлик мазҳабида, асосан, эр-хотин қўшилиши, манийнинг чиқиши жанобатга сабаб бўлади ва бу ҳолатда ювиниш (ғусл) лозим бўлади. Ғуслда оғиз ва бурунни ҳамда бутун баданни ювиш фарз бўлгани учун Икромча домла раҳимаҳуллоҳ бурунга кириб кетган нос-тамаки натижасида жанобатдан тоза бўлмаслик эҳтимоли бор, демоқдалар.).

Яна шуки, фақиҳлар: “Нимада шаръий мақсад бўлмаса, у абасдир. Абас эса ҳаром!” деганлар. Демак, носкашнинг нос чекишида нафсига эргашишдан бошқа ҳеч қандай шаръий мақсад йўқ.

Яна шуки, носнинг табиатини табиблар иссиқ-қуруқ дейдилар. Кўп истеъмол қилиш натижасида миянинг қуруқлашуви ва ақлнинг нуқсонга учраши юз беради, шу билан юрак безовта бўлади. Шу сабабдан ҳаром деганлар.

Яна шуки, носкаш умри давомида нос учун кўп пулини харжлайди, бу жиҳатдан у исрофга йўл қўяди. Аллоҳ айтган: “Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир” (Исро, 27).

Яна шуки, нос чекиш аниқ нафси ҳавоси учун ва нафсига эргашишдир. Нафсига эргашиш эса ҳаром. Аллоҳ таоло айтган: “Сен (нафсу) ҳавога эргашиб кетмагин! Акс ҳолда, у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур” (Сод, 26). Яна Аллоҳ бундай деган: “Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир” (Юсуф, 53).

Яна духон ичиш, яъни чилим (ва сигарет) чекиш. Гарчи бу иккисининг ҳаромлиги қатъий бўлмаса ҳам, бироқ бошқа ҳаромлардан холи эмас. Олимлар мубтало бўлган гуноҳлардан худо паноҳ берсин! Бир олим сабабидан улуғ бузуқликлар келиб чиқади. Шу сабабдан Истанбул диёри олимлари духон ичишнинг ҳалоллигига фатво берганлар (Истанбул фақиҳларининг баъзиси тамаки чекишни ҳалол деган бўлсалар, айримлари ҳаром деб фатво берганлиги “Ойна” журналида ҳам айтиб ўтилган. Жумладан, “Тутун ёинки тамоку” мақоласида Истанбул султонларидан Усмон II (1618-1622) 1030/1620 йилда, Мурод IV (1623-1640) эса 1040/1630 йилда тамаки чекишни қатъий манъ қилганлари ҳам айтиб ўтилган. Қаранг: Маҳмудхўжа. Тутун ёинки тамоку // Ойна. 1913, 20-август. № 1, Самарқанд. – Б. 18-22.).

Ўша қисмдан яна бири ёмон хулқ ва қабиҳ феъллар бўлиб, ғийбат, ғазаб, қаҳр, гина, ҳасад, бахиллик, такаббурлик, мақтончоқлик, ёлғон, хиёнат, шуҳрат ва мансабни яхши кўриш, риё ва хўжакўрсинлик, ўз ишларидан фахрланиш, бошқаларни ёмонлаш кабилар. Ҳеч кимса қабиҳ феъллари ва ёмон қилиқларига эътироф ва иқрор қилмайди. Шунга кўра, биров ўшаларни биронтасига мансублигини айтса, шу заҳоти “қиёмат қоим” бўлади.

Мовароуннаҳр диёридаги юз бераётган энг катта бузуқлик диний мажбуриятлардан жаҳолат бўлиб, кўпчилик одамлар саводсиз ва илмсиздирлар. Хусусан, шаҳардан ташқаридаги одамлар, яъни саҳро ва даштда яшовчиларнинг аксарияти, хусусан, аёллар тоифаси “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни билмайдилар. Шундан, уларнинг никоҳи шаръан дуруст бўлмайди. Эр зинокор, аёл эса зония бўлади, фарзандлари эса валади зино. Аллоҳ сақласин! Аллоҳдан ўзга куч-қудрат соҳиби йўқ. Бу ҳол ва қилмишлар шумлигидан олам остин-устин бўлиб кетмасин-да!

Бу фақирнинг ушбу мақолани таҳрир қилиш асносида Фахрли шаҳарнинг ҳисоблашиш уйига тасодифан йўли тушди (“Балдаи фохира”, яъни фахрли шаҳар деб Бухоро шаҳри назарда тутилган. “Дор ал-иҳтисоб”, яъни ҳисоблашиш уйи муҳтасиблар одамларни олиб келиб сўроқ-савол қиладиган, шаҳар аҳолисининг баъзи муаммоларини ҳал қиладиган маҳкама бўлиб, қозихонадан бошқа бўлган.).

Бир кимсани оёқ-қўли боғлиқ ҳолда олиб келдилар. “Бу нима ҳодиса?” деб сўрадим. Ислом муҳтасиби бундай деди (Муҳтасиб (инспектор) диний лавозимлардан бири бўлиб, тош-тарозиларни, бозор ишларини, аҳолининг ахлоқий ва диний жиҳатларини текширувчи. Муҳтасибларга раис бошчилик қилган.):

“Бу бадбахтни кўряпсизми, етти лак тангага эга бадавлат кимсадир. Ҳазрат Баҳоуддин қуддиса сирруҳуга яқин қишлоқлардан бирида яшайди. Ўз наслида бўлган тўққиз яшар сағира қизини ўзига тортиб зинони қасд қилмоқчи бўлган. Мазкура сағира: “Эй, бадбахт ота! Бу қандай ёмон феълни ўзингизнинг сағира фарзандингизга раво кўрмоқдасиз?!” деб бақирган. Унинг сўзларига парво қилмасдан яна зино қасдида ўзига торта бошлаган. Мазкура сағиранинг она қариндошлари можародан воқиф бўлишиб, ислом муҳтасиби олдига келиб айтиб беришган. Ўзининг ўнта мулозими ва қушбегининг ҳам ўнта мулозимини юбориб, уни кўп қийинчилик билан қўлга туширдилар ва қўл-оёғини боғлаб бу ерга келтирдилар. Бўлиб ўтган ҳодиса шу холос”.

Аллоҳга паноҳ! Сўнг яна одамлар бузуқлигидан Аллоҳга паноҳ!

Агар қон йиғласак ҳам оз. Бу қандай ҳодиса бўлди, эй одамлар!

Энди, воқиф ва огоҳ бўлинглар. Бу ифлос ҳодиса Лут ва Самуд қавмининг ҳодисасидан кам эмас (Қуръонда номи тилга олинган Лут пайғамбар алайҳиссаломнинг Фаластин атрофидаги Садум аҳолиси баччавозлик (ливота) билан шуғулланишган. Лут пайғамбарни юртидан қувиб юборадилар, шунда ахлоқсиз қавм устига тош ёғилиб, шаҳар остин-устун бўлади. Ҳозирда ўша шаҳар ўрнида денгиз мавжуд бўлиб, “Ўлик денгиз” ва “Лут ороли” деб аталади. Лут алайҳиссаломнинг қиссаси Қуръонда “Ҳижр сураси”нинг 61-74 оятларида батафсил сўз юритилган.  Самуд Ҳижоз билан Шом орасидаги Ҳижр деган жойнинг номи бўлиб, у ернинг аҳолисига Солиҳ алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган эди. Самуд аҳолиси унинг пайғамбарлигига ишонмайдилар ва ундан мўъжиза кўрсатишни талаб қиладилар. Солиҳ алайҳиссалом мўъжиза кўрсатиб харсанг тошдан туя чиқаради. Туяга озор бермаслик, қудуқдан бир кун улар сув ичса, бир кун туя ичишга аҳолини даъват қилади. Лекин Самуд қавми ўз пайғамбарига хиёнат қиладилар ва туяни сўйиб юборишади. Аллоҳ уларга ғазаб қилиб, осмондан кучли яшин, ердан зилзила чиқаради. Самуд қавми ҳақида Қуръоннинг Аъроф, Зориёт ва Қамар сураларида батафсил сўз юритилган.).

Чин қалбдан тавба ва истиғфор қилинглар ёки балолар тушишига тайёр туринглар! Ҳисор Қоратоғидаги зилзила ва ер ютиш ҳодисаси ҳам сизларнинг огоҳлигингизга боис бўлолмади. Неча йиллик вабо, чигиртка ҳужуми тавбаю истиғфорга сабаб бўлмади. Нархлар қимматлашуви ва кучли қаҳатчилик ҳушёрлигингизга сабаб бўлмади. Ҳокимлар зулми ва бегоналарнинг ҳақоратлари ғафлат уйқусидан бедорлик беролмади. Кичикдан каттагача бошқаларнинг қўлида мутеъсизлар. Нимага воқиф эмассизлар?! Сизлар инсон жинсидан эмасмисиз?! Сизларнинг азизларингиз бошқаларнинг хорларидан ҳам хорроқдирлар. Бу бало эмасми?! Бу қандай бало?!

Ундан ҳам юз баробар бадтари қози қозиликка, муҳтасиб муҳтасибликка, муфтий фатво беришга қодир эмас! Бу маъно ҳеч балодан кам эмас!

Авом халқни ислоҳ қилмоқ даркор!

Олимларга талаб қулувчиларга фарзи айнини ўргатиши фарздир, токи фаҳмласинлар ва ёд олсинлар. Бу барча дангасалик ва бепарволикларнинг гуноҳи олимларга бўлиши замоннинг бузилганига далилдир!

“Сенга замона боқмаса, сен замонга боқ!” деганлар-ку, десалар, унга жавоб шуки, замонанинг бузилиши бутун омманинг бузилишидан иборат, замонга нисбат қилиш зарфият (ҳолни ифодалайдиган равиш) алоқасига кўра мажозийдир. “Бирор шаҳарни ҳалок қилишни истасак, ундаги маишат аҳлини (итоат этишга) буюрамиз ва улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси) устига (азоб ҳақидаги) сўз муқаррар бўлур. Бас, биз уни вайронага айлантирурмиз” мазмунидаги ояти карима шунга ишора қилади (Исро, 16).

Аксар масжидларда азон ва иқомат, балки шаҳардан ташқаридаги баъзи қишлоқларда имом ва муаззин йўқ! Қишлоқларнинг кўпгина масжидлари хароб ахволда!

Ҳатто эшитилишига қараганда, бир кун қишлоқ аҳолисидан бировининг моли ғойиб бўлибди. Қанча изласалар ҳам топилмабди. Бир ойча муддатдан кейин фалончининг ўғли фалончи ўғирлабди, деган хабар эшитилди. Қозининг олдига келиб, ўғирлаганлик даъвосини қилибди, тахмин қилинган ўғри буни инкор қилибди. Мунозара узоқ чўзилибди. Охири маслаҳат шунга келиб тўхтабди: фалон кунни таъйинлабдилар. Ўша куни маҳалла аҳли қишлоқ масжидида ушбу ишнинг ислоҳи учун жамланиб, ўғирлик даъвосини бир маблағга кўра сулҳ қилишга қарор қилибдилар. Шу вақтда бировнинг инсоний ҳожатга зарурати бўлиб, жойидан турибди ва чопони билан салласини ечиб, масжиднинг покиза ерига қўймоқчи, сўнг таҳоратга машғул бўлмоқчи бўлибди. Қараса, масжид жуда ифлос ва пўпанак босиб кетганмиш. Масжид ўртасида катта жуссали нарса ётганмиш. Ниҳоятда таажжуб қилганидан текшириб кўрибди: бир мол чириб, ўлиб ётган экан. “Ҳай, ҳай, бу ажойиб ҳодисадан ҳеч кимнинг хабари йўғ-а!” деб, масжидга яқин ўртада ҳеч ким кирмаганидан афсусланибди. Ҳозир бўлган маҳалла аҳлининг ҳаммаси масжид ичига кириб, қарасалар, ўша устида тортишаётган мол экан.

Мана дин ишида қишлоқ аҳлининг ахволи!

Бироқ, дунёвий ишларда ва жоҳилона расм-русумларда ғоят даражада қасд қиладилар, уларни тарк этишни жоиз кўрмайдилар. Масалан, агар молдор кимса ўлиб, ундан сағир ёки сағиралар меросхўр бўлиб қолсалар, ҳар қандай қариндошлари: “Бу менинг жигиргўшам. Боқиш ва тарбия қилиш ҳаққи менга лозим” деб, рақобат қилиб заҳматлар чекишади. Буларнинг кўзлаган мақсади фақат унинг молидир. Бунга далил шуки, боқиш ҳаққи аниқ бўлиб қози ҳукм қилгандан сўнг ўша бечора сағирани тарбиялаш бундай бўлади: нон ва ош ўрнига шиддатли калтак ейиш ва сон-саноқсиз ҳақоратлар эшитиш, тўн ва куйлак ўрнига совуқ ва шамол сезиш. Шу хилда ейиш ва кийиш билан бирга қаттиқ хизмат ва оғир ишлар буюрадиларки, бунга ўша бечоранинг тоқати етмай қолади. Лекин, ўша бераҳм тарбиячининг нишидан қўрқиб йиғлаб-йиғлаб, нола қила-нола қила буюрилган хизматни тоқати етгунча адо қилади. Агар бажо келтирмаса, ҳар хил зарбалар ейишига тўғри келади. Шу билан бирга тарбиячи сағирнинг молу мулкини имкон даражасида кўпроқ-кўпроқ еяверади. Агар сағира бўлса, унинг маҳрига сотилган молнинг пули сингари қараб, тасарруф қилади.

Шу ҳолда нимага зулму азобларга мустаҳиқ бўлмас эканлар?!

Шу жумладан, жами ман қилинган гуноҳларни қодир бўлгунча қилаверадилар, Худодан қўрқмайдилар, шаръий буйруқлардан биронтасига амал қилмайдилар. Фақат ҳокимдан қўрқиб баъзи ишларни юзаки қиладилар. Жами ёмон хулқлар билан ўралганлар, жами гўзал ахлоқлардан холи ва ёлонғочдирлар. Шу жиҳатдан уларнинг феъл-атвори итларникидан ҳам бадтардир. Бечора ит эгасининг уйида қўриқчилик ва бошқа ишларга машғул бўлиб, ўз ҳақини тўла оқлаб, суяк ва бошқа нарсаларни бошқа итлардан кўра ҳалоллаб ейди. Бу кимсалар эса бошқаларни ўлдириш, ҳақорат қилиш, заҳмат етказиш эвазига ҳуқуқларини поймол этадилар, хутбада зикр қилганимиздек (рисоланинг кириш қисми назарда тутилмоқда), уларнинг уйлари зулму ситамдан  холи бўлмайди.

Шаробхўрлик ҳам ушбу қисмдандир. Баъзи мусулмон диёрларида кенг ёйилмоқда. Унинг ҳаромлиги қатъийдир! Лекин, унга мубтало бўлганлик жиҳатидан мубоҳ сингари қараб, ундан андиша ва манъ қилинмайди. Унинг мусулмонлар орасида шуҳрат топишидан Аллоҳ паноҳ берсин!

ИККИНЧИ ҚИСМ шуки, ҳеч ким ҳаром деб билмайдиган, агар бир кимса ҳаром деса, мунозара қиладиган, балки уни бу сўзидан қайтарадиган нарсалардир.

Ушбу қисмдан эркакларнинг ипак, бахмал ва зарли кийимлар кийиш, кумуш ва тиллодан камар ҳамда ундан бошқаларни тақишларидир. Бунга ниҳоят даражада мубтало бўлинганидан одамлар уни ҳаром санамай қўйганлар ва уни ишлатишдан андиша ва ман қилмайдилар. Ўзлари ҳам киядилар, болаларига ҳам кийдирадилар.

“Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Агар баданга тегмаса ҳаром бўлмайди”, деган-ку!”, дейдилар (У исломнинг буюк шахсларидан бири Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зуто ал-Кўфий раҳимаҳуллоҳдир. 80/699 йил туғилиб, 150/767 йил вафот қилганлар. Исломда эътироф қилинган тўрт мазҳабнинг биринчиси – ҳанафийлик мазҳабининг тузувчиси. Унинг бир қанча асарлари бор, дейилади. Шулардан энг машҳури калом илмига бағишланган “ал-Фиқҳ ал-акбар” деб аталади.).

Жавоб шуки, фатоволардан ҳар бир китобда бу масала зикр қилинар экан, ушбу гап Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳга нисбатан аниқ ёлғон ва тўқималиги маълум бўлади. Агар тўғри бўлган тақдирда ҳам, “Сизнинг қўлингиз баданингиздир, у тегяпти-ку! Демак, ҳаром бўлди” дейилади.

Танбур чертиш, мутрибларнинг ва бизнинг диёрларимизда ҳофиз дейдиган қавволларнинг нағмаларни чалиши ҳам ушбу қисмдандир. Замонамизда танбурга зиёда бўлиб бошқа бир нағма чиқди: раққос ва бесақоллар давраларда инсоний ва нафсоний шаҳватларни ҳаракатга соладиган ва кучлантирадиган дилтортар ўйин ва рақслар қиладилар. Ушбу ёмон мажлисда таниқли шахслар ҳам ҳозир бўлиб, кўп исрофлар қилиб, сонсиз динору дирҳамлар сарф қиладилар. Бу арбоб ва улуғлар ўзларига фарз бўлган беш танга закотни минг илтижо қилсак ҳам бермайдилар.

Замонамиз бузуқликларидан Аллоҳ паноҳ берсин!

Балки, аксари одамлар бу хилдаги ўйинларни тўйларда лозим ва вожиб иш деб ўйлайдилар. Шундай деб билишларининг ўзи уларни кофир қилади.

Агар улар: “Биз лозим ва вожиб деб билмаймиз” дейишса, жавоб шуки: “Унда, нимага тарк қилмайсизлар?! Таркини жоиз деб билмайсиз?!”.

Бундан ҳам ажабланарлиси, энг ёмони бу нағма ва ўйинларни олиму фозиллар ва муфтийлар суҳбатида ҳам ҳозир қиладилар. Ундан ҳеч бир ижирғаниш уларнинг табиатида мушоҳада қилинмайди. Балки, у йўқ вақтида ҳозир қилишга ҳаракат қиладилар. Мисра:

Куфр Каъбадан бош кўтарса, мусулмонлик қаерда қоларди?!

Мусулмонлар орасидаги исроф ҳам ушбу қисмдандир. Ниҳоятда кенг тарқалган. Унга иттифоқ қилинган ҳаром бўлиб, “Албатта, у исроф қилувчиларни севмайди” ояти унинг шаънидадир (Анъом, 141).

Исрофнинг ҳамма тури ейишу ичишлар ва кийинишлар, тўйу зиёфатларда тўла равишда бугун одамлар орасида ҳукмрон бўлиб қолган. Ҳеч ким уни исроф демайди ва билмайди. Балки, бу хилдаги исрофгарларни карам эгаси ва саховат соҳиби деб атайдилар. Исрофсизни эса бахил ва маломатчи деб айблайдилар. Масалан, агар биров дастурхон устига битта нон билан қўшиб ейдиган бир нарсагина қўядиган бўлса, уни ғоятда айбдорга чиқарадилар. Ҳолбуки, ўтганларнинг йўли шу эди, ундан ортиғи исроф ва бидъат саналарди. Бугун бизнинг диёрларимизда бир шахснинг олдига анвойи ширинлик ва ичимликлар ва емишлар шундай териладики, хонада ўтиришга жой қолмайди.

Кийинишларда ҳам исроф шу хилдадир.

Бу исрофлар ичида қочиш энг зарур бўлгани, умрдаги исроф бўлиб, диёрларимизда яшовчиларнинг кўпчилиги, балки ҳаммаси ушбу исрофга мубталодирлар. Одамлардан ҳар бир тоифаси ўз тенгқурлари билан жам бўлишиб, кераксиз сўзларга, уни “чақ-чақ” деб атаб азиз умрларини зое қилмоқдалар. Ўша ўтиришларда фисқу фасод, ёлғон, шикоят, чақимчилигу ғийбат йўл топмаса шундай. Агар йўл топса, ҳаром устига ҳаром, фасод устига фасод бўлади. Хусусан, толиби илмлар баъзи вақтларда жам бўлишиб, “қориёна”, “ижтимоъона” деб атаб, турли-турли ҳаром ва янги-янги бузуқликлар қиладилар. Уни илм толибининг лозим ва вожиблари жумласидан деб биладилар.

Олимлар мубтало бўлган балолардан Аллоҳга паноҳ тилайман!

Савдогарларнинг одатлари ҳам шу қисмдан бўлиб, сотиш ва олиш вақтида янгилик қилишиб, уни “партов”, “ғуломона”, “хўроки” ва “доғи халта” деб атайдилар. Буларнинг ҳаммаси савдо-сотиқнинг бузуқлиги, пул ва фойданинг ҳаромлигига сабаб бўлади. Ундан фойда олиш, молик бўлиш ва ейиш жоиз бўлмайди. Сотувчи ва олувчининг ҳар қайсиси ботил ва фосид байъни бузиб, фасодни йўқотиш, шариатнинг ҳаққига риоя қилиш вожиб бўлади.

Баъзилар айтишича, агар киши бозор аҳли билан муомала қилишнинг ўзи бузуқликдир, деб ўйласа, улардан ҳеч нарса сотиб олмасдан тақво қилса яхши бўлар эмиш. Чунки, бугун бозорларимиз аҳлининг ҳаммаси фасод устига фасод қилмоқдалар. Сотиш ва олиш ҳукмларини аниқ билмайдилар. Сотиш ҳам олиш ҳам хиёнатсиз, алдовсиз, ёлғон ишлатишсиз мавжуд эмас. Балки ўзлари: “Ёлғон ва алдовсиз сотиш ва олиш бўлмайди”, дейдилар. Бу пуч даъвога далил ва ҳужжат кўрсатиладиган бўлса, сотиладиган нарсанинг айбини яшириш очиқ зулмдир, сотувчига айбини айтиш вожиб бўлади. Кимки айбларини айтишга қодир бўлмаса, тижоратни тарк этсин ёки дўзах азобини тортсин. Чунончи, “Мажолис ал-аброр”да келтирилган (Саййид Аҳмад ар-Румий раҳимаҳуллоҳ асари. Асарда ҳадисга оид “Мишкот ал-масобиҳ” китобидан олинган 100 та ҳадис 100 бобда шарҳланган. Китоб Деҳлида 1866 йилда нашр этилган.).

Балки, хиёнатчи, фирибгар, ёлғончини: “Фалончи кимса чаққон ва гапдон ҳунарманд, унга ҳеч ким бас келолмайди”, деб мақтайдилар. Бинобарин, уни сотиб-олишга вакил қилиб таъйинлайдилар.

Ҳикоят эшитдим, балки ўзим ҳам кўрдимки, бир ўта кетган судхўр кимса бор эди. Судхўрликдан бошқа ҳунару пешаси йўқ эди. Бошқа бир “ҳунарманд” ва фирибгарнинг қўлига тушди. Ўша гапга уста ҳунарманд ва фирибгар кимса: “Менга юз минг маблағ қарз керак бўлиб қолди. Ҳар кунига шунча танга фойда ва “танзил” бериб тураман” деди. Ўша судхўр тахминий фойдани эшитиб, унинг алдовларига ишонди. Ўзида бор тўқсон олти минг танга маблағни унга топшириб, санад талаб қилди. Ҳушёр ҳунарманд кимса унга жавоб бериб, “Мана, юз мингга муҳр уриб санад келтирдим. Энди, тўрт минг сўмни ҳам тайёрлаб бергин. Шунда сенга бу санадни топшираман”, деди. Бу нодон бечора кимса ўзига тегадиган ҳисобсиз фойданинг умиди ва ҳавасида одамлардан тўплаб, тўрт минг маблағни тайёрлаб ўша ҳушёр одамга олиб борди. Ақлли киши: “Ким билан иш қиласиз? Бу ерга нима иш билан келдингиз?” деб сўради. У деди: “Қолган тўрт мингни келтирдим, олинг. Юз мингга қилинган санадни беринг”. Гапга уста ҳунарманд: “Сен кимсан, тўрт мингинг нимаси? Қолган-қутгани дейяпсан, девона бўлдингми?” деди. Бу нодон бечора ҳайрон бўлиб, ўзини ҳар тарафга урди, йиғлади. Ҳеч фойдаси бўлмади, фойда бермади. Охири, амиру вазир ва қозию раисга чопди, унга хусумат қилиб даъволашди. Лекин, бир чақа ҳам ололмади. Хуллас, асли йўқ, хом ва пуч ваъдага ишониб, маблағнинг учдан бирига сулҳ қила олди. Мана замонамизнинг бечора ва ҳунарманд савдогарларининг ҳоли! Машҳур масал бор:

“Агар бало бўлса, ундан икковига ҳам лаънат келур!”.

Ўша бечора кимса минглар, миллионларга соҳиб бўлса ҳам фарз закотидан бир танга ҳам адо этмаган.

Шунингдек, савдогарлар оммаси ўзларининг ички молларидан фақирларга вожиб бўлган закотни бермайдилар.

Яна соат, пиёла, лаъли, офтоба, дастшўй, камарбанд каби кумуш ва тиллодан бўладиган асбобларга ҳам закот вожиб бўлади. Бу асбоблар ҳамма вақт икки ҳаромни қилишга сабаб бўлади: Бири, уларни ишлатиш, кейингиси закотини бермаслик.

Тижорат молларида эса, иложсиз божхонадан ўтишга тўғри келади. Агар яширишнинг иложи бўлса, яширардилар. Агар ёлғон сўз билан халос бўлсалар, ёлғон гапираверадилар.

Яна қўлларидаги нарсаларга кибрланишга ва ифтихор қилишга шундай берилиб кетганларки, ўзларидан бошқаларни одам санамайдилар. Пайғамбаримиз, унга салом бўлсин, “Дунё ўлимтикдир, уни талаб қилувчи итлардир” ҳадисининг ҳукми билан бўлганидек, ҳатто олимларни ҳам таҳқир қилаверадилар. Бу билан куфрга кетадилар. Аллоҳ мана шундан сақласин!

Иккинчи мақола бошқаси сабабли ҳаром қилинганлар баёнида. Улар ўз зоти чегарасида ҳаром эмас, лекин ўзгариши ва айланиши сабаби билан ҳаромга ўзгаради ва айланади. Бу ҳам бир неча қисмдир:

Биринчи қисм шуки, у вожиблар жумласидандир. Одамлар орасида урф бўлган назрларга ўхшаш. Аслида Аллоҳга назр машруъ ва вожибдир. У “Ғавс ал-аъзам ҳазратларининг назри”га айланган (Муҳйиддин Абдулқодир ибн Абу Солиҳ ал-Жийлоний (1077-1166) қуддиса сирруҳу машҳур мутасаввиф. Эроннинг Гилон шаҳрида туғилганлар. Бағдодда таълим олганлар ва ўша ерда вафот қилганлар. ал-Жийлоний қодирия тариқатига асос солган, дейилади. Халқ оммаси уни бечораларга ёрдамчи сифатида кўрадилар ва “Ғавс ал-аъзам” (“Улуғ ҳимоячи”), “Пири дастгир” (“Мададкор пир”) сифатида улуғлайдилар. Унинг араб тилидаги девон ва тасаввуфий рисолалари бор.)

Яна “Баҳоуддин ҳазратларининг назри”, замона шайхидан бир эшон ҳазратнинг назрига ўзгарган. Бу назрлар ботил ва ҳаромдир (Авлиёларга атаб назр қилишнинг жоиз эмаслиги Домла Икромча раҳимаҳуллоҳнинг асари нашр қилинган даврларда “ал-Ислоҳ” журналида ҳам айтилган. “Ойна” журнали ҳам ундан иқтибос олиб эълон қилган. Қаранг: ал-Ислоҳ. Мазор ва эшонларга назр // Ойна. 1915, 2-апрель. № 11, Самарқанд. – Б. 287-291.).

Бунга боис ҳеч бир яралмишга атаб назр қилиш дуруст эмас. Ҳатто ўша гапни айтувчи унга назр қилинадиган валий баъзи ишларда тасарруф қила олади, деган эътиқодда бўлади. Масалан, касалга шифо бериш, фарзанд ато қилиш ва бошқалари кабилар ўша валийнинг ихтиёридаги нарса, деб эътиқод қилиш назр қилувчини кофир қилади. Бундан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз!

Мазкур гапдан Аллоҳга қилинган назр мурод, деб таъвил қилган тақдирда ҳам, валийнинг мозори тепасида ўтирган мазкур назрни еювчиларнинг ҳаммаси бойдирлар, уларга бермаслик керак. Зотан, назр қилувчи бошқаларнинг олишига рози бўлмаслиги – унинг муроди яралмишга қилинган назр эканига далолат қилади. Аслида, назр қилувчиларнинг гаплари таъвилни қабул этмайди, чунки Аллоҳга назр қилишни билмайдилар. Агар “Мен назр қилдим” деган кимсадан: “Баҳоуддин ҳазратларига назр қилдингми ё Ғавс ал-аъзамгами?” дейилса, агар Аллоҳга назр қилишни билганида, саволни бу хилда қолдирмаган, бердирмаган бўларди. Бундан ҳам ажабланарлиси, назр олувчи сармазорларни ижарага олади ва беради. Уни “ижораи шаръия” деб атаб, замона қозисига муҳр ҳам урдириб қўяди. Ҳайҳот, во дариғ!

Уламолар бундай бузуқликларни кўриб турса ҳам ман қилмайдилар. Агар фаразан бу ҳақда гап очилса, сўзловчини ҳақорат ва маломат қилиб ташлайдилар, балки, олимларнинг ўзларидан бу бузуқликлар тарқаб кетган.

Бизнинг ҳаққимизда: “Замона бузилса, уни аттор тузата олмайди!” дейилгани бўлса керак.

Яна мазкур сармазорда, масалан, қўй назр қилиб, ўша жойнинг ўзида сўядилар. Унинг гўшти ҳаром бўлади. Шундай бўлса-да, “бисмиллоҳ” айтиб, табаррук деб ейдилар. Аслида, назр қилувчига агар назри ўз жойига тушган тақдирда ҳам ўзининг назридан ейиши дуруст эмас.

Бу бузуқликлардан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз!

Ҳокимлардан бошқа қудрат эгаларидан биронтасида уларни ман қилишга қудрат қолмади.

Қозилик ва раислик ҳам ушбу қисмдан бўлиб, аслида фарзи кифоя  жумласидан бўлади (“Фарз” шариатда қатъий тарзда буюрилган буйруқлар бўлиб, у одатда икки турга бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя. “Фарзи айн” ҳар бир мусулмоннинг ўзи бажариши лозим бўлган намоз, закот, ҳаж каби амаллар. “Фарзи кифоя” эса баъзи мусулмонлар бажарса, бошқалардан соқит бўладиган, бошқалар бажармаса ҳам бўлаверадиган жаноза ўқиш каби амаллар.).

Лекин, бу замонда (қозилик ҳам, раислик ҳам) ниҳоятда ўзгариб бошқача бўлиб кетган. Баъзи қозилардан ўз қулоғим билан эшитганманки, “Бу замонда исломдаги қозилик тўғри топилмайди!” деганлар. Аллоҳ таоло билгувчироқ, уни муболаға билан айтган ёки исломнинг ниҳоятда тўғрилигини эътиборга олган. Шу ерга муносиб гап “Мажолис ал-аброр”нинг саксон биринчи мажлиси қозилик баёнида зикр этилади.

Қачонки қозилик пора (ришват) билан бўлса, у ўз зотида қозилик бўлмайди. Кимки пора билан қози бўлса, унинг чиқарган ҳукми юрмайди, ўтмайди. Демак, бизнинг замонамизда ҳукми ўтадиган қози мавжуд эмас. Чунки, уларнинг ҳаммаси қозиликни пора билан оладилар. Мавзудаги бизнинг ғойибимиз (яъни, қайсидир қози) порага бошқа ном қўйиб олганлар. Эътибор маъногадир!

Демак, қозиликни пора билан олишлик шаръий ҳукмлардан кўпчилигининг бекор бўлишига сабаб бўлади. Чунки, мусулмонларнинг иш ва ҳукмларининг кўпчилиги уларга топширилган, уларнинг ҳукмларига боғлиқ. Масалан, никоҳ уларнинг раъйларига топширилган. Эр ва хотин мана шу ботил никоҳ остида қўшилсалар, зоний ва зонийа бўлиб қоладилар. Бу зинонинг гуноҳ ва айби қози жанобларига мансуб бўлади. Бошқа ҳукмларнинг ботил бўлиш гуноҳи ҳам шунга ўхшаш.

Пора билан қозиликни олиш бир олимнинг гуноҳкор бўлиши ва бузилишига сабабдир. Шундай бўлса ҳам, бу улар ифтихор қилишига сабаб бўлаверади.

Шунинг учун ҳам, кўпчилик Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга ўхшаган салафлар, қозиликни қабул этишни мажбурланган, зўрланган бўлса ҳам андиша ва ман қилганлар. У зот уч бора ниҳоятда мажбур қилинди, ҳибсда сақланди, ҳар марта ўттиз даррадан урилди, ҳатто ўзига ўлим хавфи туғилди. Шогирдларга маслаҳат солдилар, Имом Абу Юсуф, Аллоҳ уни раҳмат қилсин, айтдики, агар Аллоҳнинг халқига шафқат ва манфаат бўладиган бўлса, қабул қилсангиз, яхши бўларди (У Қози Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Кўфий (731-804) раҳимаҳуллоҳ бўлиб, Ислом дини тарихида биринчи марта қози ал-қузот (қозилар қозиси, қозикалон) деб аталган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг энг катта шогирди. Ҳорун ар-Рашид (786-809) унга жуда икром кўрсатган. Унинг “Китоб ал-Харож”, “ал-Амолий”, “ал-Асор” каби асарлари борлиги маълум.).

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг гапларидан таъсирланиб, унга ғазаб назари билан боқадилар ва “Ўзимни чуқур денгизга ташлаганим, қози бўлишимдан кўра яхшироқ!” дейдилар. Кейин бошқа тарафга қараб, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга бошқа қарамадилар. Мана шундай буюк Имом қозиликни қабул қилишга таклиф ва буйруқ қилинганди, лекин, қабул қилмадилар. Ҳатто эллик кундан зиёда вақт занжирбанд ва маҳбус қолдилар.

Бу мукаррам зотларнинг ҳаммаси боғлансалар ҳам қабул этишдан сақланганликлари Абу Ҳурайра, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ривоятидаги ҳадис жиҳатидандир (Абдураҳмон ибн Сахр ад-Давсий (602-679) раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳобалардан бири. Мушукларни жуда севгани учун “Абу Ҳурайра” (“Мушукчанинг отаси”) деб аталган. Баҳрайн, Мадина волийси, Макка қозиси ҳам бўлганлар. У зот саҳобалар ичида энг кўп ҳадис ривоят қилганлар.):

Пайғамбаримиз, Аллоҳ унга салоту салом йўлласин, дедилар: “Кимки одамлар орасида қози қилинса, пичоқсиз сўйилибди”.

Ҳадиснинг маъносини шундай баён қилганларки, пичоқсиз сўйилишдан мурод ўлдирувчи заҳардир. У зоҳирда таъсир қилмайди, руҳни йўқ қилади, ботинга таъсир қилади. Қозилик шу хилда зоҳирга таъсир қилмайди. Балки зоҳирда обрў ва мартабадир. Ботинга таъсир қилиб, диннинг ҳалокатига сабаб бўлади. Зотан, бу замонда икки хасм (даъвогар ва жавобгар)нинг орасида адолатли бўлиш табиий жиҳатдан ҳам жуда ноёбдир. Ҳар бир қозининг дўсту биродар ва қариндошлари бор ҳамда қозилик мансабига зарари тегиб қолишидан қўрқадиган кишилар бор. Пасткаш дунёдан умид қилиб, мойил бўлиш сабаби ҳам бор. Шубҳасиз, қозилик саноқсиз гуноҳларга олиб боради, дин бузилишига, охират ҳалокатига боис бўлади. “Мажолис ал-аброр”даги нарса тугади.

Бу жойда тушуниш керак бўлган нарса бор. Замонамиз одамларининг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа, Аллоҳ уни раҳмат қилсин, кабилардан ортиқ ўз нафсларига кўпроқ ишончлари йўқ. Шундай экан, нимага қаттиқ жидду жаҳд қилиб, қозиликни талаб қиладилар?! Ҳолбуки, қозиликни талаб қилиш мутлақо дуруст эмас. Низолашиб турган жой қозиликка мажбурлашдир.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа, Аллоҳ уни раҳмат қилсин, ўзини тийишлари мажбурлашдан эди. Ҳадисдаги “кимки қози қилинса…”нинг таҳдидидан “қозига айланса” тушунилади. Кимда озгинагина фаросат бўлса, ўйлаб топади!

Эй, Аллоҳга томон борувчи толиб! Қози бўлмагин!

Хусусан, бу замонда озгина талаб қилганлар ҳам, балки, қаттиқ истаганлар, кучли ҳаракат қилганлар, илтижо, илтимос ва ўтинганлар, йиғлаганлар ҳам, ҳатто ўртакаш бўлиб ўртага тушганлар ҳам: “Кимда-ким ёмон шафоат ила (бировни) ҳимоя қилса, унга ҳам ўша (ҳимояси)дан насиба (гуноҳ) бўлур”, оятининг ҳужжати билан гуноҳда шерик бўладилар (Нисо, 85).

Агар қозиликни талаб қилувчилардан неча бор эшитганимиздек: “Нима учун қозиликни талаб қилмаслигимиз керак, ахир нон ейиш, кийим кийиш, хонада ўтириш, китоб ўқиш, хонага тўшак устига тўшак солишга мажбур бўламиз” дейишса, аввало жавоб шуки, ҳозиргача умрингизнинг ярми, балки зиёдаси ўтиб бўлди. Нон ейиш то охиригача мавжуд эди, Худо бериб турди. Энди нимага мавжуд бўлмас экан, Худо бермас экан?! Сизнинг олдинги эътиқодингиз қолмадими?  “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса!” (Ҳуд, 6) ояти каримасини кўрмадингизми?! Ёки сиз Худонинг яратмиши ва бандаси эмасмисиз? Аллоҳ сақласин! Байт:

           Олдингда озроқ гапирдим, дил ғамидан қўрқдим,

           Дил озор чекади, бўлмаса гап кўп эди!

Иккинчи жавоб шуки, ҳожат ва зарурат вақтида касб фарздир, шаръан ман қилинган қозиликни талаб қилиш эмас.

Ҳаром қилинганлардан иккинчи қисми аслида ҳаром бўлмаган, балки, мубоҳ ва мустаҳабдир. Лекин, “Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлгани” бўлмиш янги пайдо бўлган бидъатларнинг қўшилиши ва аралашиб кетиши жиҳатидан ҳаром қилинган.

Авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилиш ўша қисмдан бўлиб, махсус кунда у ерда тўпланадилар. Аксари авом эркагу аёллар қабр зиёратини қабрни ўпиш, уни айланиш, деворини силаш деб тушунадилар. Зотан, ҳажар ал-асваддан бошқасини ўпиш, Каъбадан ўзгасини тавоф қилиш жоиз эмас! Баъзи одамлар эса юзларини ўша сармазор тупроғи ва тошларига суртадилар. Бу сажда маъносида бўлиб қоладики, куфрнинг хавфи бор. Аллоҳ сақласин!

Бошқа қабиҳликлар – турли муайян нарсалар, бесақол йигитларнинг келиши ва бошқа қайтарилган нарсалар жуда кўп. Тафсилотга ҳожат йўқ, оқилга бир ишора кифоя қилади.

Хотинлар орасида машҳур бўлган баъзи ҳаром қилинган нарсалар ушбу қисмдан бўлиб, уни қўшиб-чатиб “Биби Сешанба” деб ном қўйиб олганлар (“Биби Сешанба” – оилаларда ўтказиладиган маросимлардан бири. Оила бошига бир мусибат тушганда ёки кимдир касал (фарзандсизлик, бахти очилмаётганлик кабилар) бўлиб қолганда, аёлларнинг ҳомий культи Биби Фотима шарафига маҳалла аёллари иштирокида махсус таом – Биби Сешанба оши таёрланади. “Биби Сешанба қиссаси” ўқилади, Қуръон ўқилади. Биби Сешанбага атаб ҳар хил расм-русумлар қилинади. Туркий халқлар орасида тарқалган бу маросим Биби Сейшанба, Пейшанбе қоры, Биби Нур, Биби Ҳур ҳам деб аталади. Қаранг: Крамер А. Биби Сейшанба // Ислам на территории бывшей Российской империи: Энциклопедический словарь. Вып. 4. – Москва, 2003. – С. 17.; Фатхи Х. Смысл женских ритуалов Биби Мушкулькушод и Биби Сешанбе в современной Центральной Азии // Марказий Осиёдаги анъанавий ва замонавий этник жараёнлар. – Тошкент, 2005. – С. 13-24.; Аширов А. Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари. – Тошкент, 2007. – Б. 198-204.).

Мазкур кунда махсус шартлар билан махсус вақтларда турли-туман таомлар пиширадилар, уни ўзгартиришга, алмаштиришга имкон йўқ. Бу аҳмоқона ишларга берилганларнинг ҳар бири ғоят одоб билан мазкур ўтиришни бажо этадилар. Овозини баланд кўтаришга ҳам ҳеч қайсисининг журъати етмайди. Эътиқодлари шуки, номи ўтган ўйлаб топилган Бегими аслида йўқ бўлса ҳам, ўша мажлисга ҳозир бўлиб, ўз қўли билан таомларни пиширар эмиш. Ушбу фосиқа ва осия хонимлар ўйлаб чиқарилган мазкура Бегим пиширган унни табаррук деб юзларига суртадилар. “Агар менинг эрим қози бўлса ёки ҳоким бўлса ёхуд сафардан келса ё қорнимда ёки қизимнинг қорнида фарзанд пайдо бўлса, битта “Биби Сешанба” ўзимга назр қилдим!” дейдилар. Ўша аҳд қилинган вақтда ўз назрига вафо қилиш гўё лозим ва “вожиб” бўлади, ҳеч жиҳатдан унинг тарки жоиз эмас. Ҳатто гадолик ва бошқа нарса ҳам қилаверадилар. Шу билан бирга, бу ифлосликни қилувчилар Аллоҳнинг жами фарзу вожибларини тарк қиладилар, ҳеч ҳам ибо ва ман қилмайдилар.

Аллоҳ бундан паноҳ берсин!

Яна ушбу ёмон маросимга балоғатга етмаган гўдакни ҳам киритмайдилар. Ўйлаб чиқарилган Биби Бегим номаҳрамдан, гарчи у гўдак бўлса ҳам қочар эканлар ва ушбу хайрли ўтиришга ҳам ҳозир бўлолмас эмишлар. Бу аёлларнинг ҳар бири кўпинча эрларининг ижозатисиз ўзини қанча номаҳрамларга кўрсатиб, узоқ йўлдан бу ёмон маросимга ҳозир бўладилар. Буларнинг орасида фоҳиша аёллар ҳам келаверадилар, уялиб ўтирмайдилар. Яна уларнинг сўз ва феълларида олам-олам гуноҳлар ўша ёмон маросимда содир бўлади, уларнинг баъзиси куфрга олиб ҳам боради.

Аллоҳ мана шундан сақласин!

Бундан ҳам ажабланарлиси шуки, уларнинг эрлари ҳам шундай ёмон ўтиришларга розидирлар, кўп мол ва саноқсиз дирҳамлар сарф қиладилар. Бундан ҳам ажабланарлиси эса баъзи олимлар ҳам аҳмоқона аёлларнинг гапларига қулоқ осиб, мазкур маросимларга сарф-харажат қиладилар.

Савол. Агар бу мажлис сиз зикр қилгандек, шунчалик қабиҳ бўлса, ўз молларининг закотига жудаям ҳирс қўйганликлари учун беш танга ҳам бермайдилар ёки вожиб бўлмиш қурбонликни адо қилмайдилар. Балки, мазкур маросимни ўтказадилар. Нима учун молларининг юз баробар закоти бўлмиш кўпгина дирҳамларни сарф қиладилар?! Хусусан, баъзи олимлар ҳам ушбу маросимни ўтказишни ҳаракат қиладилар?

Жавоб шуки, “Хандаққа борган ифлос сув…” масали машҳурдир (Аслида, ислом фиқҳига кўра хандақ (катта ҳовуз)даги сув тоза (шаръан ишлатиш жоиз) бўлиши керак. Бироқ, унга келаётган сувнинг ўзи ифлос бўладиган бўлса, сув ҳовузга тушиши билан тоза бўлиб қолмайди. Муаллиф юқорида келтирган мақол билан шаръан нодуруст бўлган “Биби Сешанба” мажлисига ишлатилаётган пулларнинг, аслида, закоти, ун-буғдойларининг эса ушри берилмагани учун ҳалол эмаслигига ишора қилмоқда.).

Вассалом!

Хотинларнинг азадорликдаги расм-русмлари ҳам мана шу қисмдандир. Уни “қирқ”, “йигирма” ва “йил” деб атайдилар (Инсон вафот қилганидан сўнг ўтказиладиган маросимлар ҳақида гап кетмоқда. Исломдан аввалги замонларга бориб тақаладиган бу хилдаги маросимлар – “қирқ” инсон ўлганининг қирқинчи  ёки ундан камроқ куни, “йигирма” эса йигирманчи ёки ундан камроқ куни, “йил” эса бир йилдан сўнг ёки ундан олдин ўтказиладиган маросимга айтилади. Бу маросимларни ўтказиш ҳозиргача туркий халқлар орасида жорий бўлиб келмоқда. Лекин, аслида ҳанафийлик мазҳаби фиқҳига оид манбаларда ҳам бундай маросимлар ўтказиш, унда қатнашиш макруҳ дейилган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Мусулмонлари идораси “Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида” махсус фатво чиқарган (Тошкент, 1998 йил, 3 ноябрь). Унда, жумладан, шундай дейилади: “Марҳумлар дафнидан кейин одат тусига айланган 7, 20, 40, йил, ҳайит каби маросимларнинг шаръий эмаслиги, балки қадимдан кимлардир жорий этган бидъат ишлардан эканлиги тушунтириб борилсин”. Қаранг: Абдурашид қори Баҳромов. Ислом ва маърифат. – Т.: Мовароуннаҳр, 2002. – Б. 58-61.).

Бу маросимларда махсус тартиблар борки, уни ўзгартиришнинг сира иложи йўқ. Бир неча аҳмоқлик қилувчилар тўпланиб, ҳар хил йиғи-сиғи ва сийналарини чок қилиб, уриб, қон йиғлайдилар. Шу хилда, агар бирор аҳмоқ иккинчи бор кириб келса ҳам, яна ўша йиғи ва ўзини уришлар лозим ва “вожиб” бўлади. Ўша жойда ўзгартиришга йўл бермайдиган махсус таомлар (масалан, ҳолвайтар, ширгуруч) пиширадилар. Баъзи бировлар ўша мажлисда ейишни “вожиб” деб билсалар, бошқа бировлар жоиз эмас, балки уйга олиб кетиш “вожиб”, дейдилар. Азадорликда иштирок этган аёлларга махсус кунларда кийим-кечак ва совун бериш ҳам уларга “вожиб” бўлади. Хотинларнинг бу қабиҳликлари эркакларга, айниқса, олиму фозиллар ва ҳокимларнинг ҳаммасига ҳам маъқул, ҳеч қайсиси унинг таркини жоиз кўрмайдилар, балки, кўпчилик одамлар лозим ва вожиб деб билиб, кўп дирҳамларни унда сарфлайдилар. Ҳолбуки, ўзларининг фарзи айни бўлган закотидан беш тангани адо этмайдилар.

Бу замонда турли-туман исрофлар ғассол ва ғассола сифатидагиларга харжланади ҳамда ўлган куни кўп ширинликлар сарф қилинади. Гарчи сағир ёки сағира ҳаққи унга боғланган бўлса ҳам.

Айтилинган ножоиз ишларнинг ҳаммасини ман қилиш кучи бор ҳокимларга лозим ва вожибдир!

Кайёллар, яъни тарозубонларнинг машҳур ўғирликлари ҳам ушбу қисмдан бўлиб, жами бозорларда ўзлари очиқ тил билан: “Бизлар шунча минг танга маблағни бу бозорлардан ўғирлаб ижарага олдик. Агар ўғирлик қилмасак, бу маблағни қандай жам қила олардик”, дейишади, сотувчи билан харидор агар бозорга келмасдан ўз уйида ўтириб, бирор нарса сотса, мазкур бозорнинг ижарагири “тарозу ҳақи”, “жой пули” деб, кўпгина пул талаб қилиб оладилар. Ота-боболаридан буён ислом қозисининг ҳукми билан кўп-кўп, ортиғи билан олиб келадилар.

Аллоҳ бу олиш ва ҳукм этишдан ўзи сақласин!

Эшитилдики, баъзи тарозубонлар ўлчаш ва тортишдан тўртдан бир олар эканлар. Даллолларнинг ҳоли ҳам худди шундай бўлиб, сотувчи ва харидорлар очиқдан-очиқ мажбур қилинадилар, ихтиёрлари ўзларида эмас.

Шу жумладан, ҳар ким зулмга қодир бўлса, қилади ва золим бўла олади. Ҳар ким зулмга қудрати етмаса, мазлум бўлади.

Замонамизнинг фақирларининг аҳволлари мана шу! Аллоҳ сақласин!

Ушбу қисмдан бири от чоптириш бўлиб, замонамиз урфида “кўкбари” дейилади (Ҳозирда бу ўйин тури “кўпкари” ёки “улоқ” деб аталади. Ўрта Осиё халқларининг қадимий, оммавий, миллий ўйинларидан бири. Байрам ва тўйларда ўтказилган. Отлиқ суворийлардан бири ўртадаги сўйилган, оёқлари кесиб олинган эчки ёки бузоқни маррага олиб келиши керак бўлади. Қаранг: Улоқ // Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 9-жилд. – Тошкент, 2004. – Б. 74.

“Ойна” журналида эълон қилинган “Андижонда улуғ исроф” номли хабарномада айтилишича, Андижонда катта бир тўй 13 кун давом этиб, унда кўпкари ўйини ҳам бўлган. Бу мақолада “Ушбу кўбкарида неча нафар қозилар ҳозир бўлуб туруб, шундоқ ваҳшиёна ишдан аларни ман қилмоқ ўрниға аларға қўшулуб, тарғиб қилмоқда эдилар… Қозиларимиз тарвижи шариат ўрниға мундоқ бидъат ва хилофи шаръ ва исрофгарликни тараққий берсалар, охиримиз нима бўлур?!” дейилган. Қаранг: Андижоний М.С. Андижонда улуғ исроф // Ойна. 1914, 22-февраль. № 14, Самарқанд. – Б. 331.).

У (кўпкари) аслида, ўтган замонларда мусобақа тури эди. Мусулмонлар кофирларга қарши курашиш учун машқ сифатида жорий қилган эдилар. Кейинчалик қиморга айланиб кетди. Бизнинг бу замонамизда эса “кўкбари” деб номланган махсус ўйин бор. Бир қўй ёки улоқни от суворийлари ташрифи учун ва ўйинлари учун ҳозирлаб, сўядилар. Ана ўша сўйганлари зиёфат ва уларнинг ейишлари учун эмаслигига шак-шабҳа йўқ, балки уларнинг махсус ўйинлари учундир. Яна қимор маъноси ҳам бор. Демак, шариат зоҳирига ва фақиҳларнинг гапларига қараганда ҳам у ҳаром бўлади.

“ал-Баззозийа”да куфр лафзлари ҳақида айтилганда очиқ келган: “Ҳаждан ёки ғазотдан ёхуд амирдан ё бошқадан келувчи учун сўйилган нарса ўлимтик бўлиб қолади. Сўювчининг куфри борасида ихтилоф қилганлар” (Ҳофизиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Кардарий ибн ал-Баззоз ал-Хоразмий (вафоти 829/1425) раҳимаҳуллоҳнинг аслида “ал-Важиз” ёки “Жомеъ ал-Важиз” деб аталган ҳанафийлик мазҳаби фиқҳига оид фатво тўплами. Китоб 4 жилд бўлган. У Миср, Ҳиндистон, Қозон  шаҳарларида тошбосмада нашр ҳам этилган.).

“Шарҳи Ашбоҳ”да ҳам бу келтирилган (Асли номи “Шарҳи “Ашбоҳ ва ан-Назойир” бўлган асарни Саййид Аҳмад ибн Саййид Муҳаммад ал-Ҳамавий (вафоти 1097/1686) раҳимаҳуллоҳ ёзганлар. Шарҳнинг матни “Ашбоҳ ва ан-Назойир” ҳанафийлик мазҳаби фиқҳига оид бўлиб, Ибн Нужайм ал-Мисрий (вафоти 970/1563) раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб.).

“Дастур ал-қузот”да эса: “Агар бир қавм учун ёки улуғлардан бировининг ташриф этгани учун Аллоҳнинг исми зикр этилиб сўйилса ҳам ейиш ҳаром бўлади”, дейилган.

Бу “Фатовойи Иброҳимшоҳий”да ҳам келтирилган (Шаҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Низом ал-Кайконий ал-Ҳанафий (XVI аср) раҳимаҳуллоҳнинг араб тилида ёзилган 2 жилдлик фиқҳий фатволар мажмуаси. Лўдийлар сулоласи вакили Иброҳимшоҳ (1517-1526)га бағишлангани учун “Фатовойи Иброҳимшоҳия” деб аталган.).

“ад-Дурр ал-Мухтор”да деган: “Фарқи шуки, агар ташриф буюрса, ундан ейди, сўйиш Аллоҳ учун, манфаат меҳмон ёки тўй учун бўлади. Агар келмаса ҳам ундан ейдиган бўлса, ундан бошқаларга ҳам берадиган бўлса-да, Аллоҳдан бошқанинг таъзими учун бўлса, ҳаром бўлади. Кофир бўладими? Икки қараш бор”.

“ал-Ҳамавий шарҳ ал-Ашбоҳ”да бундай деб келтирилган: “Унинг фарқланиши шуки, агар пиширса ва меҳмон учун тақдим қилса, у зиёфатдир. Агар сўючи одамларга тақсимлаб беришни буюрса, худди бизнинг шаҳримиздаги одат каби, у таъзим учун бўлиб қолади ва унинг ҳукмини олади”.

(Яъни, муаллиф Домла Икромча раҳимаҳуллоҳ фикрича, кўпкариларда отлар остига ташлаб қўйилган улоқ Аллоҳ учун сўйилмаган, балки, ўйиннинг қизиши учун сўйилган. Шу сабабдан, у ҳанафийликдаги фиқҳий матнлардаги иқтибосларга кўра, ҳаром деб баҳоланиши керак).

Замонамизда урф бўлган зикри жаҳр ҳам ушбу қисмдан бўлиб, аслида фарз, вожиб, суннат ёки мустаҳаб бўлиши мумкин. Лекин шундай ўзгариб кетганки, макруҳ балки ҳаромга айланган. Уни тоат қасдида қиладилар, куфрга олиб бориши узоқ эмас. Чунки, бу тариқада зикр қилувчилар, модомики хонақоҳ шайхидан молий манфаат ҳосил қилмаса, зикр даврасига ҳозир бўлмайдилар. То чопон ва салла олмаса, нола, самоъ ва рақс қилиб суҳбатни қизитмайдилар. Уларнинг суҳбатининг қизиши омманинг ёприлиб келиши, бесақолларнинг ва аскарлару бошқа шаҳар катталарининг ҳозир бўлишидир.

  “Фатовойи Хайрия” соҳиби ушбу маънода бундай дейдилар (Хайриддин Иброҳим ибн Сулаймон ибн Муҳаммад ибн Абдулазиз ар-Рамлий (вафоти 1081/1670) раҳимаҳуллоҳ Фаластиндаги Рамла шаҳридан. У ҳанафийлик мазҳаби фақиҳларидан бўлиб, 2 жилдлик “Фатовойи Хайрия” асари билан танилган. Унинг ўз ўғли Нажмиддин кўчирган қўлёзма нусхаси Тошкентда ШҚМ қўлёзмалар фондида 2923 тартиб рақами билан сақланади. Асар Мисрда 1883 ва 1893 йилларда нашр этилган.):

  “Шу нуқтаи назардан буларнинг ҳаммаси бизнинг замонамизда инкор этилган ишлардан баъзисига – ноғоралар, қўшниларнинг безовталаниши, чиройли бесақолларнинг тўпланиши бу ёқда турсин, Қуръон қироати, таҳлилларни ниқоб қилиб, қўшиқ, рақс, бекорчи ўйинларга етишадилар. Ҳар бирининг ўз маъшуғи бўлади. Мана шундай маконларга фақат шунинг учунгина тўпланилади. Улардан ҳар бири ўз маъшуғининг ёнига ўтиради. Саллалар олиб ташланган, кийимлар ҳам оғирлашиб қолгандан сўнг турли-туман рақс ва ахлоқсизликларни изҳор қиладилар, “Гавашт”, “Ҳарбия” ва бундан бошқа номлар билан номлаб, улар сабабли чиройли овозлар, ўғлонларнинг аҳлоқсизлиги билан қўшиқ самоъси ақлини йўқотар даражада адашганларни ҳаёжонга солади. Мана шу вақтда ақллар озади, ўз шайхининг ҳам нима деяётганини билмайди. У ерга ҳар макондан аёллар жам бўлиб келадилар. Сўнг (гоҳида) етимлар уйида ҳаром таом ейдилар. Сўнгра, ушбу бахтсиз вақтларда ҳосил бўлган “савоб”ларини мана шу инкор қилинган тўпланишга сабаб бўлган кишининг руҳига бағишлайдилар. Бизга бир неча марта етказишларича, ана шу фосиқлар ўз шайхининг уйида лавота-баччавозлик билан шуғулланишига гувоҳ бўлинган. Бундай қабоҳатлар бўлиб турса ҳам одамлар наздида бу тариқат. Улар ўзларини аҳли ҳақиқат деб атайдилар. Одамларни мана шунга васият қилишга чақирадилар. Қачон биров касал бўлиб қолса, уни кўргани келадилар ва васият борасида келган ҳадисларни ривоят қиладилар. Авом халқни мазкур васиятсиз ўлган жоҳил ўлимтик ҳолда ўлади, деб қўрқитадилар. Қачон биров шунга васият этмасдан ўлса, авомга “Фалончи мискин ўлди. Ҳеч нарса васият қилмади. Молу дунёсидан фойда келтирмади” дейдилар. Бу адашиш ва адаштиришга қаранг! Ҳадиси шарифларни ўз маъносидан бошқача изоҳлайдилар. Шундай бўлса-да, ўзларини шариат уламолари, тариқат ва ҳақиқат арбоблари санайдилар! Аллоҳ билангина куч-қувват бор!”.

“Фатово ал-Хайрия”даги нарса тугади.

Бизнинг диёрларида “Ўн биринчи” деб аталадиган Ғавс ал-аъзам қуддиса сирруҳу ҳазратларининг хатмлари ҳам кўпинча шу хилга айланиб кетган (Ҳар ойнинг ўн биринчи куни Ғавс ал-аъзам қуддиса сирруҳунинг рамзий қабрини зиёрат қилиш, у ерда тўпланиб хатми Қуръон ва зикрлар қилиш Бухорода одат бўлган эди ва “мажлиси ёздаҳум” деб аталар эди. Масалан, XIX аср охири ХХ аср бошларида азойимхонлик, дуогўйлик, шоирлиги ва имомлиги билан шуҳрат қозонган Маҳмуд хўжа Афқар Бухорий шундай хатмларни ўтказишга бош бўлган. Қаранг: Қори Раҳматуллоҳ Возиҳ. Туҳфат ал-аҳбоб. ШҚМ, № 60. – Б. 41.

Домла Икромча раҳимаҳуллоҳ Бухоро мударрисларидан Мулло Қамар раҳимаҳуллоҳ билан ҳам ушбу “мажлиси ёздаҳум” борасида оғзаки тортишган эди. Қаранг: Садриддин Айний. Бухоро инқилобининг тарихи. ШҚМ, № 2125. – В. 130а-137а.).

Фисқу фасод аҳлининг кўпчилиги, нағма асбоблари, яъни танбур, дутор, сеторлар ҳамроҳлигида мутриблар, балки, “Фатовойи Хайрия”да айтилганидек, ошиқлар ўз маъшуқлари билан ўша жойга тўпланадилар. Кечаси ўша жойда замона нозанинлари билан бирга кечқурундан то эрталабгача мутриб ва ҳофизлар ошиқона байтлар ўқийдилар. Маҳбубларига етишганлар бир тарафда ханда отиб кулсалар, суҳбатдан узоқлаштирилиб ҳижронда қолганлар бошқа тарафда гиря ва оҳ чекадилар. Ҳамма бир гапга келишиб дейдилар: “Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Пири дастгир хизматига келдик. Бир-кеча кундуз хизмат қилдик. Қилган-қилмаган гуноҳларимиздан пок бўлдик!”. Бу ўтиришларга ҳозир бўлишни айни тоат деб биладилар. Гарчи фарз намозларини ўқимасалар ҳам.

Бундай эътиқод ва ёмонликдан Аллоҳ паноҳ берсин!

Ҳикоят. Иблиси лаин айтган: “Мусулмонларни кўпгина иғволар, сонсиз машаққатлар билан гуноҳга мубтало қиламан. Кимни зинога, бошқасини судхўрликка, яна бировни ўғирликка гирифтор этурман. Бу гуноҳни қилгани билан тавбаю истиғфор қиладилар, гуноҳдан бегуноҳ бўладилар. Мусулмонларнинг бу тавбаю истиғфорлари менинг бел ва бўйнимни синдирарди: битта гап ва озгина надомат бисёр тараддуд ва саноқсиз иғволаримга барҳам беради. “Менга мусулмонларнинг бел ва бўйнини синдириш лозим, токи ўзимни-ўзим мукофатлай!”, деб ўзимча ўйладим. Шундай қилиб, ҳаром қилинган нарсаларларни вожиб ва мустаҳаблар суратида пайдо қилдим. Токи ундан тавба ва истиғфор қилмасинлар, балки, уни вожиб деб эътиқод қилиши билан кофир бўлсинлар”.

Иблиси лаиннинг васвасаларидан Аллоҳ паноҳ берсин!

Агар мусулмонларга ҳар қанча: “Буларнинг ҳаммаси ҳаром қилинган нарсалар!”, десак ҳам ишонишмайди. “Битта мақбул тоат, гуноҳларга каффорат бўладиган нарсамиз тўшагимизда бор, холос. Ундан тўхтасак ва тавба қилсак, қайси амал, қайси тоат ила бандалик даъвосини қиламиз?!” дейдилар. Агар: “Диннинг устуни ва сизнинг бандалигингиз ҳужжати бўлмиш беш вақт фарз намозни ўқинг”, десак, бундай дейдилар: “Беш вақт намозни ўз уйимизда ёлғиз ўқисак, фурсатли вақт, пок жой, пок кийим, пок бадан ва намоз жоиз бўладиган даражада қироат қиладиган пок тил топа олмаймиз. Агар масжидда жамоат бўлиб ўқийдиган бўлсак, жамоат ва жойнамоз топсак ҳам, ҳақ олмасдан имомчилик ва азон айтишни бажармайдиган имом ва муаззин топа олмаймиз. Мисра:

Бундай нолойиқ сабаблар билан қандай бандалик қилайлик!

Агар масжидга ёлғиз борадиган бўлсак, ошиқ ва маъшуқларимиздан узоқлашиб кетамиз.

Демак, беш вақт фарз намозни ўқиб қандай бандалик қилайлик?!”.

Ушбу қисмдан бири гули сурх зиёрати ва Мозори Сахий зиёрати бўлиб, бу иккиси одамлар орасида жуда машҳур ва урфга айланган (Халқ байрамларидан бўлмиш қизил гул сайлига ишора қилинмоқда. Бундай сайиллар “қизил гул сайли”, “лола сайли”, “сумбула сайли”, “бойчечак сайли” деб ҳам аталади. Ҳар йили кўкламда оила аъзолари ва ёр-биродарларнинг лолазорларга сайил қилиши, лола териб хурсандчилик қилиш мақсадида ўтказиладиган дам олиш одати. Қаранг: Гул байрами // Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 3-жилд. – Тошкент-2002. – Б. 112; Жабборов И. Ўзбеклар. – Т.: Шарқ, 2008. – Б. 144.

Бу хилдаги қизил гул сайиллари Бухорода ҳар йили Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389) қуддиса сирруҳу зиёратгоҳини зиёрат қилишдан бошланган. “Ойна” журналида айтилишича, “бу ерда ҳар йили ўн бешинчи саврдан то ўн бешинчи жавзогача (яъни, олтинчи майдан олтинчи июньгача) тўрт ҳафтада тўрт кун сайри гули сурх бўлур”. Қаранг: Муҳаммадизода. Гули сурх сайри // Ойна. 1915, 2-май. № 13, Самарқанд. – Б. 367.).

Ушбу қисмдан яна бири масжидларда дунёвий гаплар сўзлашишдир. Кўпинча, имом, муаззин, аҳли илм ва маҳалла аҳлидан бошқалари аср намозидан фориғ бўлгандан сўнг шом вақти киргунча давра ва ҳалқа қилишиб, шаҳарларда юз берган ҳодисалардан гаплашиб ўтиришади. Кўпинча бу шикоят, Зайду Амрга ўхшаганларни ғийбат ва чақимчиликка олиб келади (Бу ерда мисол тариқасида айтилган номлар. Ушбу икки ном араб тили грамматикасига оид китоблардаги мисолларда кўп учрагани учун бу ерда ҳам ишлатилган.).

Шу билан бирга: “Масжидда агар дунё гапидан сўзланса, юз йиллик тоатини барбод қилиб кетади”, деб ҳам қўйишади.

Яна муборак рамазонда хатми Қуръон кечаларида масжидларда кўп бидъатлар бўлади. Сўзлашиш, Қуръон тиловати асносида чой ичиш, хусусан, Қуръон хатмининг охирги кечасида ҳар ким “худойи” ва “садақа” деб тўққиз нон, майиз ва ҳалво олиб бориб еб ўтириш, масжид ичида садақа бериш кабилар дуруст эмас. Эътикоф ўтирувчидан бошқа одам масжидда еб-ичиши жоиз эмас!

Энг ажаблинарлиси шуки, ўша маҳалланинг оқсақоли бир рўмолни очиб, ҳар кимнинг садақаси бўлса, бериши учун юриб чиқади. Иложсиз, ҳар ким бир танга ёки ундан зиёда ташлашга мажбур бўлади. Шу тариқа анча маблағ тўплаб, имом, муаззин ва кеча поспонлик қилувчига тақсимлаб берадилар. Агар кимки садақани, унинг қандай бўлишини, қаерга сарфлаш кераклигини билса, узоқ ўйлаб кўрганида, бу хилда тўплаб чиқиш бир қанча ҳаром ва макруҳларни ўз ичига олишини билган бўларди. Мазкур масжидда бу тариқада садақа берган кишилар фарзи айн бўлган закотини бермайдилар!

Бу даъватчи фаросат нури, чуқур назарнинг ўткирлиги ва одамларнинг аҳволини текшириш натижасида шундай топдимки, ҳар қаерда одамлар жуда интилиб тўплансалар, битта иш учун жуда кўп пулни тамоми хурсандлик ила сарф қилсалар, гарчи одамлар наздида бу иккиси ғоят чиройли, балки суннат ва мустаҳаб жумласидан бўлиб кўринса ҳам, аслида олам-олам ҳаром, макруҳ ва бидъатларни қамраб олган бўлади! Бундан зиёда тафсилот бериш яхши эмас. Фаҳм-фаросатли кимса ўзи тушуниб олаверади.

Олимларимиз орасида шуҳрат қозонган мунозаралар ҳам ушбу қисмдандир. Аслида, бу – ҳақиқатни юзага чиқариш учун таҳсинга лойиқ иш. Лекин, у кўпгина бузуқликларни қамраб олган. Хусусан, подшоҳлар буйруғи билан уюштириладиган баҳс-мунозаралар бир-бировга ғалаба қозониш, ташланиш, мулзам қилиш, хижолатга қўйиш, озор етказиш, ҳақорат қилишдан ўзга нарса ҳосил қилмайди. Унинг охирги ҳосили фазлу шараф, ифтихор ва мақтанчоқлик, одамлар ва султонларнинг юзини ўзига майл қилдириш бўлиб, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ олдидаги ёмонланган хулқлар, Иблис, унга  лаънат бўлсин, олдида эса мақталган хулқлардир. Бу хилдаги мунозаралар кибр, ажабланиш, ҳасад, рақобат каби ботиний бузуқликларга қараб олиб борувчи бўлиб, худди ароқ ичишнинг зино, ўлдириш, ўғирлик каби зоҳирий бузуқликларга қараб олиб боришига ўхшайди. Бинобарин, ароқ ичишлик зино, ўлдириш, ўғирлик кабиларни бажартиргани каби мазкур мунозара ҳам ҳасад, кибр, риё, мақтанчоқлик ва бошқа ёмон хулқларни бажартиради. Аллоҳнинг элчиси (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Ҳасад худди олов ўтинни егандек яхшиликларини еб кетади!”.

Бу айганларимизнинг ҳаммаси мунозаранинг зарарларидан очиқ кўриниб турган зарарлар денгизидан бир томчи, холос. Бу ҳақида “Иҳё ал-улум”да келтирилган (Ҳужжат ал-ислом Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий (вафоти 505/1111) раҳимаҳуллоҳнинг араб тилида тўрт жилд қилиб ёзилган “Иҳё ал-улум ад-дийн” асари назарда тутилмоқда. Бундан ташқари ушбу асарнинг қисқартмаси ҳисобланган форс тилидаги “Кимё ас-саодат” асари ҳам бор.).

“Ширъат ал-ислом”да эса “Хизонат ал-муфтийин”дан олиб келтирилган қуйидаги масала бор (Ҳанафийлик мазҳаби фиқҳига оид 2 жилдлик фатво асарлардан бири “Хизонат ал-муфтийин” бўлиб, уни Ҳусайн ибн Муҳаммад ас-Самъоний ал-Ҳанафий (вафоти 740/1340) раҳимаҳуллоҳ ёзганлар.):

“Кимки илмни олимлар билан фахрланиш, нодонлар билан тортишиш учун ўрганса, оловдан бўлган юган билан жиловланади”. Тамом.

“Фатовийи Хайрия”да эса бундай дейилган: “Мунозара сен билан мунозара қилган кимсанинг қадами тойилиши учун, сен билан мунозара қилаётган ва сенга тақлид қилаётган кимсанинг билмаслигини кўрсатиш учун бўлса, ҳаром бўлади. Мунозара билан Аллоҳнинг розилигини қасд қилиш вожиб бўлади”. Тамом.

Олдин неча карра ва неча марта айтдимки, бизнинг замонамизда ҳар ишга ниҳоятда машғул бўлиб кетишса, у ҳаром ва бидъатлардин холи эмас, гарчанд у ўз зотида вожиблардан бўлса ҳам. Фарзу вожиб ва суннату мустаҳабларни бузуқлик ва ғаразий мақсадларга аралаштирмай адо этиш, беш вақт намозни жамоат билан таъдили аркони ила риё ва хўжакўрсинсиз бажариш, таҳажжуд намозини шайхлик даъвосини қилмасдан ва муридларга мақтанишдан қочиб адо қилмоқдан – бу хилдаги ибодатлардан замонамиз одамларининг аксарияти фарсах-фарсах қочгандирлар. Бироқ, рақсу самоъ ва бесақоллар ҳозир бўлган жамоатга ҳозир бўлишда ёки бекорчи ўйинлар билан бўладиган тамошогоҳ ва турли-туман шодликлар бўладиган гули сурх, Нуротаю Шоҳимардон ва бошқа жойларга сайр қилишга шавқу завқ билан ҳозир бўладилар. Уни гуноҳларга каффорат бўлувчи, намозу закот таркининг ўрнини қоплайдиган ҳақиқий ибодат деб тушунадилар. Байт:

Сенинг олдингда озгина айтим, лекин дил ғамидин қўрқдим,

Дилинг оғриб қоларди, бўлмаса, гап кўп эди!

Бу айтганларимизнинг ҳаммаси уйқудагиларни бедор этиш ва ғофилларни огоҳлантириш учун эди, олимлар ва амал қилувчиларнинг мутолааси учун эмас. Эй, Аллоҳим! Бизни олим ва омиллардан қилгин. Омин, эй оламлар роббиси! Омин!

Рисола тамом бўлди.

Таржимон ва изоҳлар муаллифи: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...