Абу Жаъфар ат-Таҳовий (229-321/843-933)

Lotin alifbosida

Абу ЖаъфарАҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салама ал-Аздий ал-Ҳажрийат-Таҳовий Мисрнинг юқори қисмидаги Таҳийа, “Китоб ал-ансоб” муаллифи ас-Самъоний (1113-1167) фикрича эса Мисрнинг пастки тарафидаги Таҳо қишлоғида туғилган.

Машҳур Азд қабиласинингҲажр уруғидан бўлганлиги боис одатда нисбасига улар ҳам қўшилади. Абу Жаъфарат-Таҳовийнинг туғилган йилини баъзилар 238/853 йил деб хато кўрсатган бўлса-да, лекин аксар манбаларда уни 229 йил рабиъ ал-аввал ойи (843 йил ноябрь)да туғилганлиги алоҳида қайд қилинган.
Абу Жаъфарат-Таҳовий ёшлигида бошланғич таълимни тоғаси, яъни онасининг укаси шофиъийлик мазҳабининг машҳур фақиҳи Исмоил ибн Яҳё ал-Музаний (791-877) олдида ўзлаштиради. У ёшлигидан ҳанафий фақиҳларининг асарларини кўплаб мутолаа қиларди. Сабаби тоғаси Абу Ҳанифа (699-767) ва унинг асҳобларининг китобларини кўп ўқир эди. Жиянининг ишидан жаҳли чиққан Имом ал-Музаний: “Сендан ҳеч нарса чиқмайди!” деб қасам ичиб юборади. Аслида Имом ал-Музанийнинг ўзи ҳам ҳанафийларнинг асарларини кўп ўқир эди.

Муҳаммад ибн Аҳмадаш-Шурутий (X аср) Абу Жаъфарат-Таҳовийдан “Нимага мазҳабингизни ўзгартирдингиз?” деб сўраганида, у: “Тоғам доим Абу Ҳанифа ва унинг асҳоблари китобларига қарайвергани сабабли”, деган эди.
Ҳанафийлик мазҳабига кўнгил қўйганлигига яна бир сабаб Абу Жаъфарат-Таҳовийнинг онаси унга ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида вафот қилган. Қорнида бола қимирлаётганини сезган ҳанафий олимлар қорнини кесиб, болани чиқариб олишга фатво берадилар. Имом ал-Музаний бошлиқ шофиъий олимлари бундай қилмасликни ёқлаб чиқадилар. Ҳанафийлар қозиси, фақиҳлари билан бирга қаттиқ туриб олганликлари сабабли Абу Жаъфарат-Таҳовий тирик қолган эди.

Абу Жаъфарат-Таҳовий шу зайлда ҳанафийлик мазҳабига ўтади ва ҳанафий фақиҳларидан мужтаҳиди мунтасаб даражасигача етади. Бу Имоми Аъзамдан кейинги унинг Абу Юсуф (731-798), Муҳаммадаш-Шайбоний (749-805) каби асҳобларининг табақаси эди. Баъзи тадқиқотчилар уни учинчи табақа фақиҳлари қаторига қўядилар.

Кейинчалик Абу Жаъфарат-Таҳовий юртининг энг таниқли фақиҳи, мушкул саволларга қийналмай жавоб берувчи иқтидор соҳиби, мунозараларда ҳанафийликнинг энг кучли ҳимоячиси бўлиб етишди. У ўзининг фиқҳий матн китоби “Мухтасар”ни ёзган вақтида: “Агар тоғам буларни кўрганида, қасамининг бузилгани учун каффорат тўлаган бўларди!” деб фахрланган эди. Абу Жаъфарат-Таҳовий фиқҳни асосан Абу Жаъфар Аҳмад ибн Имрон (вафоти 280/893)дан олади. Сўнг Шомга сафар қилиб, қози ал-қузот Абу Ҳозим Абдулҳамид ибн Абдулазиз (вафоти 292/905) олдида ҳам таҳсил олади. Бу қозикалон ҳанафий олими Муҳаммадаш-Шайбоний (749-805)нинг шогирдларидан Исо ибн Аббон (вафоти 221/835)нинг шогирди эди. Кейин Ҳорун ибн Саид ал-Ирбилий (IX асри ккинчи ярми)дан ҳам сабоқ олган.
Абу Жаъфарат-Таҳовий, айниқса, ҳадисшунослик соҳасида маҳорат касб қилади. Мисрда жуда кўп муҳаддислардан ҳадислар тинглаб, имло қилади ва ҳифз қилиб олади. Аллома Жалолиддин ас-Суютий (1445-1505) “Ҳусн ал-муҳозара” асарида Абу Жаъфарат-Таҳовийни ҳадис ҳофизларидан бири, ҳадис ривоятида ишончли ва маҳкам зот, фақиҳ, ундан сўнг унга ўхшаши чиқмаган, Мисрдаги ҳанафийларнинг бошлиғи сингари мақтовлар билан зикр қилган. Унинг ҳадис соҳасидаги устозларидан Али ибн Маъбад ибн Нуҳ ал-Бағдодий (вафоти 259/873), Ҳорун ибн Саид ал-Ийлий (787-867), Юнус ибн Абдулаъло Абу Мусо ас-Садафий (787-877), ар-Рабиъ ибн Сулаймон ал-Муаззин ал-Жийзий (797-869), Абу Бакра Баккор ибн Қутайба ал-Бакровий (798-884), Муҳаммад ибн ал-ҲажжожАбдуллоҳ ибн Сулаймон ал-Ҳазрамий (817-910), Баҳр ибн Наср ал-Хавлоний (798-880), Муҳаммад ибн Хузайма (838-924) каби ишончли ҳадис ровийларини кўрсатиш мумкин.

Абу Жаъфарат-Таҳовий муҳаддис устоз сифатида Абу Бакр ал-Бурдаъий (вафоти 350/961), “Мўъжам”лар соҳиби муҳаддис Абулқосим Сулаймон ат-Табароний (873-973), “Маоний ал-асор”ни устозидан эшитиб, нақл қилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Муқиррий (898-991), “Ақидатат-Таҳовий”ни биринчи ривоят қилган Маймун ибн Ҳамза (Х аср), Юсуф ибн Қосим ал-Миёнжи (901-985), тўққиз нафар Ғандар лақабли ҳадис ровийларидан иккинчиси Муҳаммад ибн Жаъфар Ғандар ал-Варроқ (вафоти 370/980) сингари олимларга сабоқ берган.

Ибн Абдулбарр (978-1071) айтган: “Абу Жаъфарат-Таҳовий кўфалик (Абу Ҳанифа)нинг мазҳабида бўлиб, барча уламоларнинг мазҳабларига олим эди”, деган.
Абу Жаъфарат-Таҳовий Мисрда 321 йил 5 зулқаъда (933 йил 27 октябрь)да вафот қилган. Унинг асарларидан айримлари қуйидагилар:

1.“Шарҳи маоний ал-асор” (Ҳадис ва хабарлар маъноларини шарҳлаш). “Китобу маоний ал-асор” ҳам деб аталган ушбу китоб муаллифнинг илк ёзган асари бўлиб, ғоятда машҳурдир. Унда мазҳаблар орасидаги фикрларни ҳадис ва саҳобалар ривоятлари орқали ҳамда муаллифнинг қиёсий фикрлари билан келтирилган ва ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ қарашларини илгари сурган. Араб ва ҳинд диёрларида бирнеча марта нашр этилган.

2.“Аҳком ал-Қуръон” (Қуръон ҳукмлари). Асли 20 жуздан ортиқ бўлган мазкур асарида муаллиф Қуръоникаримнинг ҳукмий оятларини фиқҳий шарҳлаган.
3.“ал-Мухтасар” (Қисқартма). Мазкур асар фиқҳий матн китоби бўлиб, бир неча олимлар томонидан шарҳланган. Ҳанафийлик мазҳабининг асосий фиқҳий манбаларидан бири ҳисобланади.

4.“Китоб аш-Шурут” (Шартномалар китоби). Муаллиф мазкур асарини катта, кичик ва ўртача қилиб уч хил вариантда тузган. Катта “Шурут” анча яхши ўрганилган бўлса ҳам, бироқ учаласи ҳам ҳали тўла нашр этилмаган.

5.“Китобу маноқиби Абу Ҳанифа” (Абу Ҳанифанинг маноқиби). Ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (699-767)нинг ҳаёти ва ижодига бағишланган асар. Асарда ҳанафий олимларнинг илм-фанга, ислом маданиятига кўрсатган хизматлари алоҳида таъкидланган.

6.“ан-Наводир ал-фиқҳийа” (Нодир фиқҳий масъалалар). Ҳанафийлик мазҳабига оид фиқҳий ривоятларнинг “Наводир” даражасига оид фиқҳий қарашлар ўз ифодасини топган. Мазҳаб асосчилари томонидан “зоҳири ривоят” номли асарларга киритилмаган масъалалар тўпламларига “Наводир” номи берилган.

7.“Ихтилоф ал-уламо” (Олимлар ихтилофлари). Мазкур асар қиёсий мазҳаб шуносликка оид илк асарлардан бири бўлиб, ҳанафийлик, шофиъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик фиқҳий қаршларининг фарқлари кўрсатиб берилади.

8.“Таърихи кабийр” (Катта тарих). Мазкур асар ҳадисшуносликка оид бўлиб, ҳадис ровийлари ҳақида сўз юритилади.

9.“ар-Радду ъала Аби Убайда” (Абу Убайдага раддия). Абу Убайда Муаммар ибн ал-Мусанно (728-823) хорижийларнинг олимларидан бўлиб, “ал-Масолиб” (Нуқсон ва бўҳтонлар) номли асарида араб қабилаларининг келиб чиқиши ҳақида сўз юритган. Унинг баъзи фикрларига Абу Жаъфарат-Таҳовий раддия ёзган.

10.“Ақидат ат-таҳовийа” (ат-Таҳовийнинг ақидаси). Ақида матнига оид кичик ҳажмли рисола. Аҳлисуннатва-л-жамоат ақидаси бўйича машҳур манба бўлиб, ўзбек тилида ҳам бирнеча марта нашр этилган. Ваҳҳобийлар ушбу ақида матнини ўзларига ниқоб қилиб ўзларининг мафкуравий изоҳлари асосида ўқишади.

11.“Мушкил ал-асор” (Асарларнинг қийини). Мазкур асари муаллифнинг “Маоний ал-асор”ининг қайта ишланган, кенгайтирилган варианти ҳисобланади ва энгохирги ёзган асари сифатида тилга олинади.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *