Ғийбат ҳақида янги гаплар

Lotin alifbosida

Ғийбат гуноҳи кабира – катта гуноҳ эканлигини барча яхши билади. Бироқ, ғийбат эканини билиб турса ҳам, ғийбат қилаверадиганлар, унга бажонидил қулоқ соладиганлар ҳамма ерда топилади. Ғийбатнинг ўзи нима ва унинг қандай ҳукмлари бор? Биз қуйида шу масалага қисқача тўхталмоқчимиз. Аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан бошласак:

عن أبي هريرة رضى الله عنه قال قيل يا رسول الله ما الغيبة قال ذكرك أخاك بما يكره قال أرأيت إن كان فيه ما أقول قال إن كان فيه ما تقول فقد اغتبته و إن لم يكن فيه ما تقول فقد بهته

Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ғийбат нима?”, дейилди. У зот: “Биродарингни у ёқтирмайдиган нарсаси билан эсламоғинг”, дедилар. “Нима дейсиз, агар унда мен айтаётган нарса бўлса-чи?” деди. У зот: “Агар унда сен айтаётган нарса бўлса, демак, сен уни ғийбат қилибсан. Борди-ю унда сен айтган нарса бўлмаса, у ҳолда, сен унга бўҳтон қилибсан”, дедилар (Термизий, 3/1934).

Шарҳ. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғийбатнинг таърифини айтиб бердилар. “Ғийбат нима?” деб сўралганида, “Биродарингни у ёқтирмайдиган нарсаси билан эсламоғинг”, дедилар. Эслаш сўз билан бўладими, кўз билан ишора қилиш орқали бўладими, орқасидан ёзиб-чизиш билан бўладими, қисқаси, ҳар қандай ҳолатда бўлса-да, биродарининг ортидан хатти-ҳаракат қилинадиган бўлса, у ғийбат дейилар экан. Маълумки, у ниҳоятда ёмон нарса. Унинг қабоҳати ва ёмонлигини Парвардигори олам Қуръони каримда хос бир йўсинда баён қилиб берган: “…Ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот, 12-оят). Бу оятда ғийбат қилган киши тавба қилиши лозимлигига ҳам ишора қилинган.

Ғийбат қилинган одамнинг гўштини ейиш билан тенглаштирилган бу гуноҳ оддий одамларда, қўни-қўшнилар, ёру дўстлар, ён-атрофимиздаги одамлар тўғрисида бўлса, шундай. Демак, ғийбат бировнинг гўштини ейиш билан баробар! Агар ғийбат қилинаётган одам аҳли суннат ва жамоатнинг олими бўлса, у ҳолда унинг ғийбати заҳарли гўшт ейиш билан баробардир! Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳнинг: لحوم العلماء مسمومة – “Уламоларнинг гўшти заҳарлидир!”, деган гаплари жуда кўплаб манбаларда такрор-такрор келтирилади. Яъни, оддий одамларни ғийбат қилган инсон гуноҳи кабира орттиради, бу гуноҳининг жазосини охиратда албатта тотади. Бироқ, уламоларни ғийбат қилган кимса заҳарли гўштни еган одамдек ўлмасдан қолмайди, балога гирифтор бўлмасдан қолмайди, бу дунёда ҳам жазосини олмасдан қолмайди. Охиратда эса унинг жазоси янада оғирроқ бўлади.
Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида: “Аниқ гап шуки, ғийбат гуноҳи кабира. Агар бир ғийбатчидан азиятланиш ниҳоят даражада кам бўлса, у гуноҳи сағира бўлади”, деганлар. Яъни, ғийбат қилинган киши ўзи борасида қилинган ғийбатни эшитган чоғда хафа бўлмай, бепарво қараса, мазкур ғийбат гуноҳи сағира бўлади.

Мусулмонлар ихтиёрий равишда ғийбатни эшитишдан ҳам қайтарилган. Ҳозирги кунга келиб суҳбатнинг зийнати ғийбат бўлиб қолган. Агар киши бирор мажлисда ўтирганида ўша ерда ғийбат қилинса ва у еран чиқиб кетишнинг имкони бўлмаса, қулоғига кирган ғийбат учун гунҳкор бўлмайди. Аммо, мажбур бўлмай туриб, ғийбатга қулоқ тутиш мумкин эмас.

Ғийбат ёмон амал экани, ғийбат қилиш биродарини гўштини ейиш билан баробар экани оятда айтилган. Лекин, уламолар олти ўринда ғийбат жоиз бўлишини зикр қилганлар:

1. Мазлум учун. У подшоҳ ёки қозининг ҳузурига бориб, золимнинг устидан шикоят қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ қабиҳ сўзларни сўзлаш(ингиз)ни севмас. Илло, зулм кўрганлар (бундан мустасно)”, дейди (Нисо, 148-оят).

2. Мункар ишни ўзгартириш, осийни тўғри йўлга солиш учун бировдан ёрдам сўраб, уни ғийбат қилса жоиз. Ҳазрати Зайд ибн Арқам разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убайнинг иккита гапини етказганлар. Бу “Мунофиқун” сурасининг 7-8 оятларида зикр қилинган. Яна Абдуллоҳ ибн Масуъд разийаллоҳу анҳу Ҳунайн ғазоти тақсимоти борасида ансорлар ўртасидаги бўлаётган гап-сўзни Пайғамбар алайҳиссаломга етказганлар.

3. Фатво олиш учун ҳам ғийбат қилиш жоиз. Ҳинда разийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз эри Абу Суфён разийаллоҳу анҳунинг бахиллигидан шикоят қилиб, етарли миқдорда харажатга пул бермаслигини айтиб келганлар. Бу ҳолда, нима қилишини сўраганлар.

4. Мусулмонларни ёмонликдан сақлаш учун ғийбат қилиш жоиз. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, ҳузурларига киришга рухсат сўраган. Бу хабар Набий алайҳиссаломга етказилганда, у зот мусулмонлар унинг ёмонлигидан сақланишлари учун: “Кирсин. У фалон қабиланинг ёмон одами”, деганлар. Яна бир ҳолат шуки, ҳадисшуносликда заиф ровийларнинг ҳоли баён этилиб, уни жарҳ қилинади, яъни айби очиқ баён этилади. Бу билан эса диннинг илми ҳимоя қилинмоқда. Ўта заиф ҳадисдан ёки мавзуъ – тўқима ривоятдан ҳукм олиб, унга амал қилинса, мусулмонларга зарар бўлади.

5. Фисқ ва фужур ишларга мубтало бўлган кишидан одамларни огоҳлантириш учун ўша кимсани ғийбат қилиш жоиз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккита мунофиқ борасида: “Булар бизнинг динимиздан ҳеч нарсани билмайди, деб ўйлайман”, деганлар.

6. Бир кишининг лақаби бўлиб, ана шу лақаб билан машҳур бўлса, уни танитиш учун ана шу лақабини айтиш ғийбатга кирмайди. Мисол учун, бир киши чўлоқ бўлса, уни танитиш учун “фалончи чўлоқ” дейиш мумкин, кўр бўлса, “фалончи кўр”, дейиш мумкин.

Хуллас, ғийбат катта гуноҳ бўлиб, ундан сақланишимиз керак. Омма ўртасида гуноҳ саналмай қўйган иллатлардан бири бу. Давраларда ғийбат бошланиши биланоқ, уни тўхтатишга ҳаракат қилмоқ лозим. “Бу ғийбат эмасми? Ғийбат бўлаяпти-ю!”, деб эслатиб қўйилса, ғийбатга киришувчи дарҳол ўзини тийишга ҳаракат қилиб қолади. Зотан, бир мусулмоннинг обрўсини ҳимоя қилишнинг савоби беҳад юксакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай башорат берганлар: “Кимки биродарининг обрўсидан бир ёмонликни даф қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг юзидан жаҳаннамни рад қилади” (Термизий, 3/1931).
Шундай экан, ғийбатдан сақланинг!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *