ОЛДИНГИ ВА КЕЙИНГИ ГУНОҲЛАР МАҒФИРАТ ҚИЛИНАДИГАН АМАЛЛАР

utro-pole-kolosya-cvetyБисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ҳадиси шарифларда: “Фалон ишни қилинса, олдинги ва кейинги гуноҳлар мағфират қилинади!”, деган маълумотлар учрайди. Бу билан ваъда қилинган ишни қилган мусулмоннинг шу пайтгача қилган гуноҳлари мағфират қилинишига ва то вафотига қадар қиладиган гуноҳлари ҳам кечирилишга сабабчи бўлади. Бу жуда катта ваъдадир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадиси шарифларида булар айтилган бўлиб, уларнинг амалга ошишига шак-шубҳа йўқ. Зотан, Аллоҳ таоло карами кенг, мағфиратли зотдир!

Биринчи амал

Рамазон ойи энг шарофатли ва энг муборак ой ҳисобланади. Унинг шарофати ва мубораклиги шу ердаки, ихлос ва эътиқод билан рўза тутган кимса олдинги гуноҳларидан тозаланган ҳолда ҳайитга етиб боради. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақида қуйидаги саҳиҳ ҳадисни бир неча марта такрор келтирганлар:

مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки рамазон рўзасини имон ва ихлос билан тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/38).

 

Иккинчи амал

Рамазон ойида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннат қилган бир амал бор. У ҳам бўлса, кечаси хуфтондан кейин алоҳида махсус намоз ўқиш амалиётидир. Буни “таровеҳ” деб аталади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

إِنَّ اللَّهَ تَبَارَكَ وَتَعَالَى فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ عَلَيْكُمْ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ

“Аллоҳ таборак ва таоло сизларга рамазон рўзаси фарз қилди. Мен эса сизларга унинг намозини суннат қилдим” (Насоий, 2/2520; Ибн Можа, 1/1328; Ибн Абу Шайба, 2/7787).

Таровеҳ йигирма ракъат бўлиб, уни бир ой давомида ихлос ва эътиқод билан тўлиқ ўқиган одамнинг олдинги гуноҳлари ювилиб кетади. Бу ҳақида ҳам Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ алоҳида ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки рамазон ойида имом ва ихлос билан намозда турса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/37).

 

Учинчи амал

Рамазонда яна бир амал борки, у Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматига махсус берилган. У ҳам бўлса, рамазондаги муборак бир кеча ибодатидир. Бу кеча минг ойдан яхшироқ, бу кечадаги ибодат мисоли минг ойда қилинган ибодат савобига тенгдир. У “қадр кечаси” (“лайлат ал-қадр”) деб аталади. Бу кечада қилинган ибодатларга минг ойлик савоб берилиши билан бирга, ўтган гуноҳларнинг ювилиш фазилати ҳам мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

      مَنْ يَقُمْ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки қадр кечасида имом ва эътиқод билан (ибодатда) турса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/35).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ва бошқа муҳаддислар ривоятида саҳобалар “лайлат ул-қадр” ҳақида сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У рамазон ойида бўлади. Уни охирги ўн кунликдан изланглар! У тоқ кечаларида: йигирма бирда ёки йигирма учда ёки йигирма бешда ёки йигирма еттида ёки йигирма тўққизда ёки энг охирги кечада бўлади. Кимки уни имон ва ихлос билан ибодатда бедор ўтказса, олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар (Аҳмад, 5/22793).

Тўртинчи амал

Усмон ибн Аффон разийаллоҳу анҳу қумғонда сув олдириб, таҳорат олиб кўрсатибдилар. Кафтларини уч марта ювибдилар, оғизларини чайибдилар, бурунларини чайқабдилар. Сўнг юзларини уч бора чиғаноқлари билан бирга қўшиб ювибдилар. Кейин бошларига масҳ тортиб кўрсатибдилар. Сўнг оёқларини тўпиқлари билан бирга уч бора ювибдилар. Таҳорат қилиб бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деб марҳамат қилганларни айтибдилар:

مَنْ تَوَضَّأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ لَا يُحَدِّثُ فِيهِمَا نَفْسَهُ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки менинг мана шундай таҳоратимга ўхшаш таҳорат қилиб, сўнг икки ракъат намоз ўқиса, унда ўзича гапириб қўймаса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/159; 3/1934; Насоий, 1/84).

Бешинчи амал

Жамоат намозида иштирок қилишнинг фазилатлари жуда кўп. Улардан яна бири имом “Фотиҳа” сурасини ўқиб бўлгандан сўнг, қавмнинг оҳиста “Омин!” демоқларидир. Бу фаришталарнинг “омин”ига тўғри келса, олдинги гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади:

إِذَا أَمَّنَ الْإِمَامُ فَأَمِّنُوا فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلَائِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Агар имом “омин” деса, сизлар ҳам “омин” денглар. Чунки, кимнинг “омин”и фаришталарнинг “омин”ига тўғри келса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/780; Насоий, 2/928).

Шу ерда Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтишларига қараганда, Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ааамин!” дейишларини айтган эканлар. Яъни, биринчи алифни чўзиб, “м” ҳарфини ташдидсиз айтардилар.

Мазкур ҳадиснинг яна бир ривоятида бундай дейилган:

إِذَا قَالَ أَحَدُكُمْ آمِينَ وَقَالَتْ الْمَلَائِكَةُ فِي السَّمَاءِ آمِينَ فَوَافَقَتْ إِحْدَاهُمَا الْأُخْرَى غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Қачон сизлардан бирингиз “омин” деса, осмондаги фаришта ҳам “омин” дейди. Улардан бири бошқасига тўғри келса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/781; Насоий, 2/930).

إِذَا قَالَ الْإِمَامُ{غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ}فَقُولُوا آمِينَ فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلَائِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Қачон имом “ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн” деса, “Омин!” денглар. Чунки, унинг сўзи фариштанинг сўзига тўғри келса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”  (Бухорий, 1/782; Насоий, 2/929).

Олтинчи амал

Жамоатда иштирок қилишнинг яна бир фазилати, рукуъ қилиш асносида бўлади. Бу ҳақидаги аъло даражадаги саҳиҳ ҳадиси шарифда бундай дейилган:

إِذَا قَالَ الْإِمَامُ سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا اللَّهُمَّ رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلَائِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Агар имом “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ” деса, “Аллоҳумма, роббана лака-л-ҳамд!” денглар. Чунки, унинг сўзи фариштанинг сўзига тўғри келса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Бухорий, 1/796; 4/3228; Муслим, 1/409; Абу Довуд, 1/848).

Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ривоятида: رَبَّنَا وَ لَكَ الْحَمْدُ – “Роббана, ва лака-л-ҳамд!” деб келтирилган (Насоий, 2/1063).

“Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ”дан сўнг айтиладиган калиманинг ҳадиси шарифларда 4 хили учрайди.

1)Бизнинг юртларда айтиладиган, асосий, калима “Роббана, лака-л-ҳамд!” бўлиб, “Саҳиҳи Бухорий”да учта ўринда учрайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан бундай кўрсатма берилгани маълум бўлади:

وَإِذَا قَالَ سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ

“Имом “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ” деганида, “Роббана, лака-л-ҳамд!” деб айтинглар!” (Бухорий, 1/722; 733; 789).

2)Иккинчи тури “Роббана, ва лака-л-ҳамд!” бўлиб, “Саҳиҳи Бухорий”да роппа-роса 14 та ўринда такрор келтирилган. Уларнинг айримларида: “Имом “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ” деганида, “Роббана, ва лака-л-ҳамд!” деб айтинглар!”, деб келтирилган (Бухорий, 1/732, 734).

3)Учинчи тури “Аллоҳумма, роббана лака-л-ҳамд!” бўлиб, “Саҳиҳи Бухорий”да юқорида иқтибос олинган ҳадиси шариф каби тўрт марта такрорланган (Бухорий, 1/796; 4/3228; 6/4560; 7442).

4)Тўртинчи тури “Аллоҳумма, роббана, ва лака-л-ҳамд!” бўлиб, “Саҳиҳи Бухорий”да икки марта такрорланган (Бухорий, 1/795, 9/7346). Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъдан бош кўтариб, “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ” деганларидан сўнг “Аллоҳумма, роббана, ва лака-л-ҳамд!” дейишлари келтирилган.

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “Умдат ар-риъоя”да мазкур тўрт хил калимани айтиш мумкинлигига ишора қилганлар (Абдулҳай ал-Лакнавий. Умдат ар-риъоя фи ҳалли Шарҳ ал-Виқоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1910. – Б. 137).

 

Еттинчи амал

Машҳур ҳанафий олими Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ томонидан беш вақт намозни масжидда жамоат билан ўқиш ниятида чиқишнинг савоби ҳақидаги ажойиб ҳадиси шариф ривоят қилинган. Унда жамоат билан намоз ўқиш учун чиқилганда хоҳ намозни имом билан топсин, хоҳ кеч қолган бўлсин, фарқи йўқ олдинги гуноҳлари кечирилади. Бу унинг ихлоси ва эътиқодига яраша бўлади:

إِنَّ الْعَبْدَ الْمُسْلِمَ إِذَا تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ، ثُمَّ عَمَدَ إِلَى الْمَسْجِدَ ؛ لَمْ يَرْفَعْ رِجْلَهُ الْيُمْنَى إِلَّا كُتِبَتْ لَهُ بِهَا حَسَنَةٌ، وَلَمْ يَضَعِ الْيُسْرَى إِلَّا حُطَّتْ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةٌ، حَتَّى يَبْلُغَ الْمَسْجِدَ، فَلْيَتَقَرَّبْ أَوْ لِيَتَبَاعَدْ، فَإِنْ أَدْرَكَ الصَّلَاةَ فِي الْجَمَاعَةِ مَعَ الْقَوْمِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ , وَإِنْ أَدْرَكَ مِنْهَا بَعْضًا وَسُبِقَ بِبَعْضٍ، فَقَضَى مَا فَاتَهُ فَأَحْسَنَ رُكُوعَهُ وَسُجُودَهُ ؛ كَانَ كَذَلِكَ، وَإِنْ جَاءَ وَالْقَوْمُ قُعُودٌ كَانَ كَذَلِك

“Мусулмон банда агар таҳорат қилиб, таҳоратни ггўзал тарзда амалга оширса, сўнг масжидни қасд қилиб чиқса, то масжидга етиб боргунча, ўнг оёғини ҳар бор кўтарар экан, унга биттадан яхшилик ёзилади. Чап оёғини ерга ҳар сафар қўяр экан, ундан битта хатолик ўчирилади. Хоҳ имомга яқин ўтирсин ва хоҳ узоқ ўтирсин, намозни жамоатда қавм билан топар экан, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Намознинг баъзи қисмини ўтказиб юбориб, бир қисмини топадиган бўлса, қолдирганини туриб қазо қилса, рукуъ ва саждасини кўзал қилса ҳам савоб шу хилда берилади. Агар келганида намоз тугаб, қавм ҳали ўринларидан туриб кетмаган бўлса ҳам, савоб худди шундай бўлади”  (Таҳовий, “Шарҳ Мушкил ал-асор”, 6/2322, 2351).

 

Саккизинчи амал

Тавба-тазарруълар чин дилдан қилинган, тавбанинг барча шартларига амал қилинган бўлиб, ҳаж ҳам барча фарз, вожиб, суннатлари билан бирга адо этилган, зиёрат жараёнида, уруш-жанжал ва гуноҳ ишлар қилинмаган бўлса, унинг мақбул бўлишида шак-шубҳа йўқ. Мақбул ҳаж қилувчи ҳожи онадан янги туғилгандек гуноҳлардан пок-покиза бўлиб уйига қайтади. Бу дегани, унинг ўтган олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Бу ҳақда Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ бундай ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

مَنْ حَجَّ فَلَمْ يَرْفَثْ وَ لَمْ يَفْسُقْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки ҳаж қилса, бузуқлик ва уруш-жанжал қилмаса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади” (Термизий, 3/811).

“ал-Матолиб ал-олия”да бу маъно бу тарзда келтирилган:

مَنْ قَضَى نُسُكَهُ، وَسَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ

“Кимки ҳаж амалларини адо қилса, (зиёрат асносида) мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлишса, унинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилади” (“ал-Матолиб ал-олия”, 1/1162).

Тўққизинчи амал

Аллоҳ таоло берган неъматларга чин дилдан шукрона келтириш ўша неъматларнинг янада зиёда бўлиши ва кўпроқ берилиши бор гап. Шукронанинг савоби фақатгина ўша неъматнинг зиёдаси бўлиб қолавермасдан, олдинги ва кейинги гуноҳларнинг авф этилиши ва мағфират қилинишига сабаб ҳам бўлади. Бу ҳақидаги ҳадиси шарифда бундай дейилган:

مَنْ أَكَلَ طَعَامًا فَقَالَ اَلْحَمْدُ لِلهِ الَّذِي أَطْعَمَنِي هَذَا وَ رَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّي وَ لَا قُوَّةَ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки таом еб бўлиб, “АЛҲАМДУЛИЛЛАҲИЛЛАЗИЙ АТЪАМАНИЙ ҲАЗА ВА РОЗАҚОНИҲИ МИН ҒОЙРИ ҲАВЛИН МИННИЙ ВА ЛА ҚУВВАҲ” (“Мени бу билан таомлантирган ҳамда мендан ҳаракат ва куч-қувват талаб қилмасдан мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!”) деса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади” (Термизий, 5/3458).

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ва Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ривоятларида бу ерда таом еб бўлгандан кейин ҳам, кийим кийганида ҳам, шундай дуо қилса, олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилади, дейилган:

مَنْ أَكَلَ طَعَامًا ثُمَّ قَالَ الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِى أَطْعَمَنِى هَذَا الطَّعَامَ وَرَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّى وَلاَ قُوَّةٍ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ وَمَنْ لَبِسَ ثَوْبًا فَقَالَ الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِى كَسَانِى هَذَا الثَّوْبَ وَرَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّى وَلاَ قُوَّةٍ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ

“Кимки таом еб бўлиб, кейин “АЛҲАМДУЛИЛЛАҲИЛЛАЗИЙ АТЪАМАНИЙ ҲАЗА-Т-ТАОМА ҲАЗА ВА РОЗАҚОНИҲИ МИН ҒОЙРИ ҲАВЛИН МИННИЙ ВА ЛА ҚУВВАҲ” (“Мени ушбу таом билан таомлантирган ҳамда мендан ҳаракат ва куч-қувват талаб қилмасдан мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!”) деса, унинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилади. Кимки бирор кийим кейиб, “АЛҲАМДУЛИЛЛАҲИЛЛАЗИЙ КАСОНИЙ ҲАЗА-С-САВБА ВА РОЗАҚОНИҲИ МИН ҒОЙРИ ҲАВЛИН МИННИЙ ВА ЛА ҚУВВАҲ” (“Мени ушбу кийим билан кийинтирган ҳамда мендан ҳаракат ва куч-қувват талаб қилмасдан мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!”) деса, унинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилади” (Абу Довуд, 4/4025; Ҳоким, 4/7409).

 

Ўнинчи амал

Аллоҳнинг розилиги йўлида юрганида, қаттиқ чарчаш натижасида боши оғриб қолса ёки боши ёрилса, умуман жароҳат олса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади. Чунки, Худо учун қилинган ҳар амалнинг машаққатида савоб борлиги, шубҳасиз. Масжид қурилиши, йўл, кўприк қурилишлари, илм таҳсили йўлида чарчаш, талабалар ва ҳали илмларга хизмат қилиш, ҳаж зиёрати асносида ҳамда Ватан ҳимояси йўлида жароҳатланиш кабиларда Аллоҳнинг ризолиги мавжуд. Хуллас, ҳадиси шарифда бундай дейилган:

مَنْ صُدِعَ رَأْسُهُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ تَعَالَى ، غَفَرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимнинг Аллоҳ таоло йўлида боши қаттиқ оғриса ва ёрилса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади” (“ал-Матолиб ал-олия”, 2/1937).

 

Ўн биринчи амал

Ҳаж ёки умра, одатда, уйдан бошлаб қилинадиган амал ҳисобланади. Бироқ, у Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадан кейин исломнинг энг муқаддас учинчи шаҳри бўлмиш Қуддуси шарифдан бошланса, аниқроғи, Масжиди ақсодан ҳаж ёки умрага ният қилинса, унинг савоби янада ортиқроқ бўлади. Чунки, Масжиди ақсога боришнинг ўзи бир машаққат, имкони камроқ бўлган зиёратдир. Ҳадиси шарифларда бунинг фазилати алоҳида зикр қилинган:

مَنْ أَهَلَّ بِحَجَّةٍ وَ عُمْرَةٍ مِنَ الْمَسْجِدِ الْأَقْصَى إِلَى الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَ مَا تَأَخَّرَ وَ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимки Масжиди ақсодан бошлаб Масжиди ҳаромга ҳаж ёки умра учун таҳлил (“Лаббайка…”) айтса, унинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилади ва унга жаннат вожиб бўлади” (Абу Довуд, 2/1743; Байҳақий, 2/9192; Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 6/6515; Дорақутний, 3/2742).

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни ривоят қилар экан, “Имом Вакеъни Аллоҳ раҳмат қилсин, Байтулмуқаддасдан Маккага томон эҳром қилиб зиёратга чиққан эди”, деганлар. Яъни, тарихда мазкур ҳадис мазмунига ишониб, ихлос билан амал қилишга урунган улуғ зотлар ҳам ўтган экан.

 

Ўн иккинчи амал

Масжидда азон айтувчи – муаззинлик қилишнинг савоби алоҳидадир. Имомлик қилганга ҳам савоб алоҳида берилади. Бу амаллар холис Аллоҳ учун имон ва эътиқод билан, ихлос билан амалга оширилса, уларнинг гуноҳлари мағфират бўлишига сабаб бўлади:

مَنْ أَذَّنَ خَمْسَ صَلَوَاتٍ وَأَمَّهُمْ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки беш вақт намозга азон айтса ҳамда имон ва ихлос билан уларга имомлик қилса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Байҳақий, 1/2122).

Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ “ал-Жомеъ ас-сағир” асарларида мазкур ҳадисни қуйидаги жумлалар билан ривоят қилганлар:

مَنْ أَذَّنَ خَمْسَ صَلَوَاتٍ إِيمَانًا وَ إِحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ، وَ مَنْ أَمَّ أَصْحَابَهُ خَمْسَ صَلَوَاتٍ إِيمَانًا وَ إِحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки беш вақт намозга имон ва ихлос билан азон айтса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Кимки имон ва ихлос билан ўз шерикларига имомлик қилса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Суютий, “ал-Жомеъ ас-сағир”, 2/8378).

 

Ўн учинчи амал

Муаззиннинг азонига жавоб қайтариш лозим бўлади. Бу азон калималарини муаззин ортидан қайтариб туриш билан бўлади. Айрим ҳадиси шарифларда: إِذَا سَمِعْتُمْ النِّدَاءَ فَقُولُوا مِثْلَ مَا يَقُولُ الْمُؤَذِّنُ – “Агар азон нидосини эшитсангиз, муаззин айтганининг ўхшашини айтиб туринглар”, дейилган (Бухорий, 1/611). Бошқа ривоятларда эса муаззиннинг: “Ҳаййа ъала-с-солаҳ!” деганида, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳ!” дейиш ҳам тавсия қилинган (Бухорий, 1/613). Қуйидаги ҳадиси шарифда эса мана бу умидбахш башорат мавжуд:

مَنْ قَالَ حِينَ يَسْمَعُ الْمُؤَذِّنُ: وَ أَنَا أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَ أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَ رَسُولُهُ رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَ بِالْإِسْلَامِ دِينًا وَ بِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ رَسُولًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки муаззиннинг азонини эшитиб, “ВА АШҲАДУ АНЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲУ, ВАҲДАҲУ ЛА ШАРИЙКА ЛАҲУ, ВА АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАН АБДУҲУ ВА РОСУЛУҲУ. РОЗИЙТУ БИЛЛАҲИ РОББАН ВА БИ-Л-ИСЛАМИ ДИЙНАН, ВА БИ-МУҲАММАДИН СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМА РОСУЛАН” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. У якка-ю ягонадир, унинг шериги йўқдир. Ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканига ҳам гувоҳлик бераман. Мен Аллоҳни раббим, исломни эса диним, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни расулим эканига рози бўлдим!”) деса, олдинги гуноҳлари кечирилади” (Термизий, 1/210; Ибн Ҳиббон, 4/1693; Ибн Хузайма, 1/422).

Абу Авона раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида муаззин: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ!” деганида, “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ! Розийту биллаҳи роббан, ва би-л-исломи динан, ва би-Муҳаммадин набиййан ва росулан!” деса, олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилади”, дейилган (Абу Авона, 1/995).

 

Ўн тўртинчи амал

“Духон” сурасининг ҳар бир ҳарфига ўнтадан савоб ёзилишидан ташқари алоҳида фазилати ҳам бор экан. Қуйидаги ҳадисда бундай дейилган:

مَنْ قَرَأَ سُورَةَ الدُّخَانِ فِي لَيْلَةٍ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки тунда “Духон” сурасини ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади” (“Канз ал-уммол”, 1/2633).

Ўн бешинчи амал

“Ёсин” сурасининг фазилати кўп экани, шубҳасиздир. У “Қуръон”нинг қалби дейилган. Ватандош муҳаддис олимимиз Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:

إِنَّ لِكُلِّ شَىْءٍ قَلْباً وَإِنَّ قَلْبَ الْقُرْآنِ يس مَنْ قَرَأَهَا فَكَأَنَّمَا قَرَأَ الْقُرْآنَ عَشْرَ مَرَّاتٍ

“Ҳар бир нарсанинг қалби бўлади. Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Кимки уни ўқиса, гўё Қуръонни ўн марта ўқигандек бўлади” (Доримий, 2/3479).

Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ эса қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:

مَنْ قَرَأَ يس ابْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ فَاقْرَءُوهَا عِنْدَ مَوْتَاكُمْ

“Кимки “Ёсин”ни Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини истаган ҳолда ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади. Уни ўлаётган одамларингиз ҳузурида ўқинглар!” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 4/2231).

Бошқа муҳаддислар эса ушбу ривоятни қуйидагича ривоят қилганлар:

وَيس قَلْبُ الْقُرْآنِ لَا يَقْرَؤُهَا رَجُلٌ يُرِيدُ اللَّهَ تَبَارَكَ وَتَعَالَى وَالدَّارَ الْآخِرَةَ إِلَّا غُفِرَ لَهُ وَاقْرَءُوهَا عَلَى مَوْتَاكُمْ

“Ёсин” – Қуръоннинг қалбидир. Бирор кимса уни Аллоҳ таборак ва таоло ҳамда охиратни истаган ҳолда ўқиса, у мағфират қилинади. Уни ўлаётган одамларингиз ҳузурида ўқинглар!” (Аҳмад, 33/20300; Табароний, 16/511).

 

Ўн олтинчи амал

Жумъа – кунларнинг саййидидир. Унинг фазилат ва шарофати кўп. Жумъа намозига эрта борганлар ихлос билан жумъа ўқиганларга алоҳида фазилатлар баён этилган. Жумъа намозидан кейин “Фотиҳа”, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нос” сураларини етти марта ўқишнинг фазилати ҳақида қуйидаги ривоят мавжуд:

مَنْ قَرَأَ إِذَا سَلَّمَ الْإِمَامُ يَوْمَ الْجُمْعَةِ قَبْلَ أَنْ يُثْنِيَ رِجْلَيْهِ فَاتِحَةَ الْكِتَابِ وَ «قُلْ هُوَ اللهُ أَحَدٌ» وَ «قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ» وَ «قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ» سَبْعًا سَبْعًا، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَ مَا تَأَخَّرَ

“Кимки жумъа куни имомнинг салом берганидан сўнг оёқларини ёзмасидан олдин “Фотиҳа” сурасини, “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу би-робби-л-фалақ” ва “Қул аъузу би-робби-н-нос”ни етти марта-етти мартадан ўқиса, олдинги ва кейинги гуноҳлари мағфират қилинади” (Суютий, “ал-Жомеъ ас-сағир”, 2/8955; Суютий, “ал-Фатҳ ал-кабийр”, 3/12166).

Ўн еттинчи амал

Тун авлиёларнинг ибодат қиладиган вақтидир. Тун дуолар ижобат бўладиган пайтдир. Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Қайси дуо энг тез эшитилиб, мақбул бўлади?” деган маънода сўралганида, جَوْفُ اللَّيْلِ الْآخِرِ – “Туннинг охирги ичида” деб жавоб берганлар (Термизий, 5/3499). Бошқа ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

عَلَيْكُمْ بِقِيَامِ اللَّيْلِ فَإِنَّهُ دَأْبُ الصَّالِحِينَ قَبْلَكُمْ وَ إِنَّ قِيَامَ اللَّيْلِ قُرْبَةٌ إِلَى اللهِ وَ مِنْهَاةٌ عَنِ الْإِثْمِ وَ تَكْفِيرٌ لِلسَّيِّئَاتِ وَ مُطَّرِدَةٌ لِلدَّاءِ عَنِ الْجَسَدِ

“Сизлар ўзларингизга кечаси туриб намоз ўқишни лозим тутинглар! Чунки, у сизлардан олдинги солиҳ одамларнинг одатидир. Кечаси туриб намоз ўқиш Аллоҳга қурбат – яқин бўлишдир. У гуноҳларни ўчирувчи, ёмонликларга каффоратдир. У бадандан дардларни қувувчи ҳамдир” (Термизий, 5//3549).

Тунда туриб, Аллоҳ таолони зикр қилган ва ибодат этган кимсанинг фазилати қуйидаги ривоятда алоҳида зикр қилинган:

إِذَا رَدَّ اللهُ عَلَى الْعَبْدِ الْمُسْلِمِ رُوحَهُ مِنَ اللَّيْلِ فَسَبَّحَهُ وَ حَمِدَهُ وَ اسْتَغْفَرَهُ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَ إِنْ هُوَ قَامَ فَتَوَضَّأَ وَ صَلَّى وَ ذَكَرَهُ وَ اسْتَغْفَرَهُ وَ دَعَا تُقُبِّلَ مِنْهُ

“Агар Аллоҳ мусулмон бандага жонини қайтариб, тунда уйғотса, у Аллоҳга тасбеҳ билан ҳамду сано айтиб, истиғфор айтса, олдинги гуноҳларидан мағфират қилинади. Агар у ўрнидан туриб, таҳорат олиб, намоз ўқиса, Аллоҳни зикр қилиб, истиғфор айтиб, дуо қилса, у қабул қилинади” (“Канз ал-уммол”, 7/21384).

Ўн саккизинчи амал

Рамазон ойида масжиддан чиқмай эътикоф ўтириб, ибодат билан машғул бўлиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъкидланган суннатларидан бири ҳисобланади. Эътикоф – бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўп тарғиб қилган ва ўзлари ҳам канда қилмасдан ҳар йили рамазонда адо қилишга урунган ибодатдир. Бир ривоятда имон-эътиқод ва ихлос билан эътикоф ўтиришнинг фазилати қуйидагича баён этилган:

مَنْ اِعْتَكَفَ إِيمَانًا وَ إِحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَ مَنْ إِعْتَكَفَ فَلَا يَحْرُمَنَّ الْكَلَامَ

“Кимки имон ва ихлос билан эътикоф ўтирса, олдинги гуноҳлари кечирилади. Эътикоф ўтирган киши гапиришдан асло маҳрум бўлмайди” (“Канз ал-уммол”, 8/24017).

Ўн тўққизинчи амал

Адашган одамга йўл кўрсатиб қўйиш савобли амалдир. Кўзи ожиз кишини етаклаб, унга йўл кўрсатиш эса янада савоблироқдир. Исломий ривоятларда бунинг фазилатли иш экани қуйидагича зикр қилинган:

مَنْ قَادَ أَعْمَى أَرْبَعِينَ خُطْوَةً غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки кўзи кўр одамни қирқ қадам етаклаб борса, олдинги гуноҳлари кечирилади” (“Канз ал-уммол”, 15/43049).

Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ “Шуаб ал-имон” асарида мазкур мазмундаги ҳадисни бундай жумлалар билан ривоят қилганлар:

مَنْ قَادَ مَكْفُوفًا أَرْبَعِينَ خَطْوَةً غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

“Кимки кўзи сўқирни қирқ қадам етакласа, олдинги гуноҳлари кечирилади” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 10/7220).

Охирги амал

Узоқ умр кўришнинг ўзига хос фазилати мавжуд. Албатта, Аллоҳ таолога осий бўлмасдан, ҳаётини яхши яшаб ўтказган қари, кекса отахон ва онахонлар, оқсақол нуронийларнинг дуолари ижобат бўлиши, ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ экани инсоний ва исломий қадриятлардан ҳисобланади. Қуйидаги заиф бир ривоятда узоқ умр кўришнинг қуйидаги шарофатлари ҳам борлиги зикр қилинган. Ушбу ривоят саҳиҳ ҳадислар тўпламларида келтирилмаган бўлишига қарамасдан, у инсонга узоқ умр кўришга, ўтказган умрига шукрона келтириб, айб-нуқсонлари ва гуноҳларига тавба қилиб қолишга рағбат ва умид ато қилади:

إِذَا بَلَغَ الْمُسْلِمُ أَرْبَعِينَ سَنَةً عَافَاهُ اللهُ مِنَ الْبَلَايَا الثَّلَاثِ: مِنَ الْبَرَصِ وَ الْجُذَامِ وَ الْجُنُونِ وَ إِذَا بَلَغَ الْخَمْسِينَ خَفَّفَ اللهُ حِسَابَهُ فَإِذَا بَلَغَ السِّتِّينَ رَزَقَهُ اللهُ الْإنَابَةَ إِلَيْهِ فِيمَا يُحِبُّ فَإِذَا بَلَغَ السَّبْعِينَ أَحَبَّتْهُ مَلَائِكَةُ السَّمَاءِ فَإِذَا بَلَغَ الثَّمَانِينَ مَحَا اللهُ سَيِّئَاتِهِ وَ كَتَبَ لَهُ الْحَسَنَاتِ فَإِذَا بَلَغَ التِّسْعِينَ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَ مَا تَأَخَّرَ وَ شُفِّعَ فِي أَهْلِ بَيْتِهِ وَ سَمَتْهُ الْمَلَائِكَةُ أَسِيرُ اللهِ فِي الْأَرْضِ

“Агар мусулмон қирқ ёшга етса, Аллоҳ уни учта балодан соғ-саломат сақлайди. Песлик, мохов ва жиннилик. Агар у эллик ёшга етса, Аллоҳ унинг ҳисоб-китобини енгил қилади. Агар у олтмиш ёшга етса, Аллоҳ унга Ўзи севган нарсаларга қайтишни, Ўзига инобат қилиб тавба қилишни насиб қилади. Агар у етмиш ёшга етса, уни осмон фаришталари ҳам яхши кўриб қолади. Агар у саксон ёшга етса, Аллоҳ унинг ёмонликларини ўчиради, унга яхшиликлар ёзади. Агар у тўқсон ёшга етса, унинг олдинги ва кейинги гуноҳларини кечиради. Аҳли оиласини шафоат қиладиган қилиб қўяди. Фаришталар эса уни “Аллоҳнинг ердаги асири” деб аташади” (“Канз ал-уммол”, 15/43004-43005).

ХУЛОСА

Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги, карами кенглигидан умид қилиб, юқорида саналган амалларни ихлос ва ният билан қилмоқлик олдинги ва кейинги гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади. Албатта, бу амалларни қилиб, бунга мағрур бўлиш керак эмас. Бўлди, шу ишни қилдим, гуноҳларим кечирилди, деб ғурурга берилмаслик, бунга суяниб қолиб, бошқа хайрли амалларни тарк этиб қўйиш керак эмас. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисларнинг бирида бундай деган эдилар: لَا تَغْتَرُّوا – “Мағрур бўлиб қолманглар!” (Бухорий, 8/6433).

Аллоҳ таоло қилаётган хайрли амалларингизни қабул айласин! Уларни олдинги ва кейинги гуноҳларингизнинг мағфират қилинишига сабабчи қилсин! Аллоҳ таолонинг ўзи ҳамиша Сизни қўлласин, бу амалларни бизга ўргатган севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг шафоатларига нойил қилсин! Омин!

Аллоҳумма солли ъала саййидина ва набиййина Муҳаммадин ва ъала олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин!

Осий ва гуноҳкор, лекин раҳмон ва раҳим Парвардигорининг раҳмати ва суюклиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг шафоатларидан олдинги ва кейинги барча гуноҳлари мағфират қилинишидан умидвор

ҲАМИДУЛЛОҲ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *