ИСТИҒФОР МУАММОЛАР ЕЧИМИДИР

كيف_تغير_بالاستغفارАллоҳ таоло Қуръонда айтади:

فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّاراً * يُرْسِلِ السَّمَاء عَلَيْكُم مِّدْرَاراً * وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ وَيَجْعَل لَّكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَل لَّكُمْ أَنْهَاراً

Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир. Нуҳ Сураси 10-11-12 оятлар.

Аллоҳ таоло ҳазрати Нуҳни (унга ва Расулимизга саловат ва саломлар бўлсин) қавмига пайғамбар қилиб юборгач, у даъват ишларини бошлади. Бироқ адашган қавм унинг сўзларига қулоқ тутмади. Ўзларидан кетиб, Аллоҳнинг пайғамбарини калака қилишар, устидан кулиб масхаралаб таҳқирлашар, уни ёлғончига чиқаришар эди. Шунда Аллоҳ таоло жазо сифатида уларнинг бошига қаҳатчилик балосини юборди. Чорва-ю паррандалари қирилиб кетди. Ўзларини бепушт, хотинларини эса туғмас қилиб қўйди. Бу баоло уларнинг бошида қирқ йил давом этди.

Ҳазрати Нуҳ алайҳис-салом уларга қарата: «Бу балодан қутулишнинг ягона йўли бор: Аллоҳни якка деб тан олинг, ширкдан тавба қилинг. Аллоҳ кечирмли Зот. Тавбангизни қабул қилади ва неъмат эшикларини яна очиб қўяди. Зеро, тоат-ибодат мўл-кўлчилик калитидир. Куфр эса қаҳатчилик, камбағаллик сабабидир. Иймон келтирсангиз ва Яратганга қуллик қилсангиз, дунёда ҳеч нарсага муҳтожлик сезмасдан, муаммосиз яшайсиз» дейди.

Ҳазрати Нуҳнинг бу насиҳатлари аслида Аллоҳнинг ваъдаси эди. Оятнинг биринчи бандида муаммога гирифтор бўлган қавмга нажот йўли сифатида истиғфор айтиш тавсия этилган. Истиғфор – Аллоҳдан кечирим сўрамоқ кўплаб дардга даво, муаммоларга ягона ечимдир. Фақир ҳам кўп истиғфор айтса бой бўлади. Бемор ҳам кўп истиғфор билан шифо топади. Бефарзанд ҳам истиғфор билан фарзанд неъматига мушарраф бўлади.

Тобеинларнинг улуғи Ҳасан ал-Басрийнинг олдига бир деҳқон камҳосилликдан шикоят қилиб келди. Унга истиғфор айтишни тавсия қилди. Яна бир одам фақирлик ва бефарзандликдан шикоят қилиб келди. Унга ҳам истиғфор айтишни тавсия қилиб қайтарди. Яна бир одам даомадининг камлигидан арз қилиб келди. Унга ҳам аввалгиларга айтилган тавсия айтилди. Бундан таажжубга тушган Рабиъ ибн Сабиҳ: ҳар хил одамлар турли шикоятлар билан келди. Аммо уларнинг ҳаммасига бир ҳил тавсия бердингиз?!—деди. Шунда Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятларни ўқиб, “сен бу оятни билмасмидинг?!”—деди.

Истиғфорнинг энг осон сийғаси: (استغفر الله العظيم) “Астағфируллоҳ ал-азийм” Буюк Аллоҳдан мағфират сўрайман, кечиришини истайман.

Эй Раббим! Биз ожиз ва гуноҳкор бандларингмиз. Уялмасдан такрор ва такрор гуноҳ қилаверамиз. Сен бизни кечирмасанг, ҳолимизга вой бўлади. Ўзинг бизга раҳм айла, гуноҳларимизни авф эт. Зеро сен гуноҳларни кечиришни яхши кўрувчи Ғаффор Раббимизсан!

Нодирбек КЕНЖАЕВ

“Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *