СЕҲР ХАЁЛИЙ деган фикр Имом Аъзамга туҳматми?

2563363778759852405Сеҳр ҳақида камина биринчи бўлиб, “Ижмоъ ва ижмоъий масалалар” номли илмий ишимда қисқача маълумот бериб ўтган эдим. Ундан иқибос:

Сеҳргарлик билан шуғулланмоқ ҳаромдир.

Изоҳ:

Сеҳр турли афсунлар, азоимлар ва ношаръий руқялар ўқиш, тугунлар тугиш билан шайтон ва унинг малайлари воситасида амалга оширилади. Сеҳр баданга таъсир қилади, у билан эр-хотин ораси бузилиши, инсон бемор бўлиши ва ҳатто ўлиши мумкин. Имом Молик, Шофеъий ва Аҳмад ҳанбалий (р.а.)нинг наздида сеҳр ҳақиқатдир ва жисмга таъсири бор. Аммо, имом Абу Ҳанифа (р.а.)нинг қавлига кўра, сеҳрнинг ҳақиқати йўқ ва инсон жисмига таъсири ҳам (руҳият билан боғлиқ) ҳаёлий нарсадир. Шофеъий мазҳаби уламоларидан Абу Жаъфар ал-Устурабодий (р.а.) ҳам бу масалада Абу Ҳанифа (р.а.) билан ҳамфикр бўлган.

Сеҳрни ўрганишлик, сеҳргарликдан таълим бериш ижмоъан ҳаром бўлсада, бу иш билан шуғулланувчиларнинг иймон-куфр масаласида уламоларнинг фикри ихтилофли бўлган. Имом Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмад (р.а.)ларнинг қавлига кўра унинг ҳукми куфрдир! Ҳанафий олимлари ичида: “сеҳр тасиридан сақланиш, сеҳргарлар зарарини даф қилиш ниятида ўрганса кофир бўлмайди”, деганлар ҳам бор. Агар, “сеҳрнинг фойдаси бор, ўрганишлик жоиз, шайтонлар сеҳргарнинг хоҳлаган нарсасини бажо айлагай”, деган эътиқод билан ўрганса, шубҳасиз кофир бўлади.

Имом Шофеъий айтганлар: сеҳргардан “сеҳргарлик ҳақида гапириб бер”, деб сўралади, агар у ўз касбини куфрий сўзлар билан сифатласа кофир бўлади, аксинча бўлса, йўқ. (“Ижмоъ ва ижмоъий масалалар”. 1740-масала).

Китоб салафи солиҳлар, тўрт мазҳаб мужтаҳидларининг асосан ижмоъий ва қисман ихтилофли масалалари тўпламидан иборат. Ўзбекистон Республикаси Диний Ишлар бўйича қўмита экспертизасидан ижобий хулоса олиб, расмий intiqom.uz сайтида word шаклда ва ahlisunna.uz сайти мобил иловалар бўлимида андроид дастур шаклида эълон қилинган.

Эътибор берганингиздек, имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Устурободийнинг сеҳр масаласида жумҳурга қўшилмагани айтиб ўтилган. Худди шу масалада эътироз туғилиб қолди-ки, ҳанафий мазҳабида сеҳр ҳақиқат бўлмаса-ю, бироқ сеҳргарларга турли жазо чоралари исбот этилиб фатволар берилган бўлса, бу мантиқсизлик эмасми? Бўлиши мумкин эмас! Сеҳр ҳаёлий деган фикр имом Абу Ҳанифага туҳмат! Ва ҳоказо…

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга мансуб у фикр ҳеч қандай туҳмат ҳам иғво ҳам эмас. Аксинча ҳақиқатдир! Бу маълумотни ўз асарларига муҳрлаган олимлар, уларнинг хабарларини туҳмат дегувчиларга нисбатан минг чандон балки зиёда, илмий омонатдорлик ҳисси ва масъулиятини тўлиқ англар даражада етук олим ва замонасининг даҳолари бўлган:

1-) Ҳижрий 476-санада вафот қилган олим Ферузободий раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Муҳаззаб”да шундай ёзади:

و للسحر حقيقة و له تأثير في إيلام الجسم و إتلافه و قال ابو جعفر الأسترابادى من اصحابنا من قال لا حقيقة له و لا تأثير له

Сеҳрнинг ҳақиқати ва жисмга алам бериш ва ҳалок қилишда таъсири бор. Абу Жаъфар ал-Устурабодий: “бизнинг (шофеъий) асҳобларимиздан сеҳрнинг таъсири ҳам, ҳақиқати ҳам йўқ деганлар бўлган”—деган. (Қаранг: Ферузободий. “ал-Муҳаззаб фи фиқҳил-имом аш-шофеъий”. 3 – Ж. 260 — Б).

2-) Ҳижрий олтинчи асрда яшаб ўтган ҳанбалий мазҳаб олими ал-Вазийр Авфолуддин Абулмузаффар Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ижмоъ ул-аимматил арбаъа ва ихтилафуҳум” номли асарида шундай ёзади:

و اجمعوا علي ان السحر له حقيقة. إلا ابا حنيفة فإنه قال: لا حقيقة له

 Сеҳрнинг ҳақиқати бор, деб ижмоъ қилганлар. Магарам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) унинг ҳақииқати йўқ, деган. (Ижмоъ ул-аимматил арбаъа ва ихтилафуҳум. 325 – Б. Дор ал-ула. 2009).

3-) Ҳижрий саккизинчи асрда яшаб ижод қилган шофеъий мазҳабли олим Муҳаммад ибн Абдураҳмон Димашқий ўзининг ижмоъ ва ихтилоф масалаларига бағишлаб ёзган “Раҳмату-лумма фи ихтилафи-л-аимма” номли асарида шундай деган:

السحر عزائم و رقي و عقد تؤثر فى الأبدان و القلوب فيمرض و يقتل و يفرق بين المرء و زوجه. و له حقيقة عند الأئمة الثلاثة. و قال ابو حنيفة: لا حقيقة له و لا تئثير في الجسم. و به قال ابو جعفر الأستربادي من الشافعية. و تعلمه حرام بالإجماع.

Сеҳр азоимлар, руқялар ўқиш ва тугунлар тугишдир. Бадан ва қалбларга таъсир қилади. Бемор қилади, ўлдиради, эр-хотин орасини ажратади. Унинг уч имом наздида ҳақиқати бор. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ): унинг ҳақиқати йўқ ва жисмга таъсири ҳам йўқ. (Қаранг: “Раҳмату-лумма фи ихтилафи-л-аимма”. 250 – Б. Ал-мактабатут тавфиқийя. Санаси кўрсатилмаган).

4-) Ҳижрий олтинчи асрнинг биринчи ярмида дунёга келган, йирик тасаввуф шайхи Абдулқодир Жийлоний ҳазратларининг шогирди, ўз даврида ҳанбалий мазҳабининг мужтаҳидлик мақомида деб тан олинган олим Муваффақуддин ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Муғний” номли асарида мавзумизга доир қуйидаги мазмунда маълумот беради:

Сеҳр тугунлар тугиш, руқялар ўқиш ва ҳар хил гаплар, ёзувлар ё ҳаракатлар орқали амалга оширилади. Сеҳр масфодан туриб масҳурнинг баданига, қалбига ва ақлига таъсир қилиши мумкин. Унинг ҳақиқати мавжуд. Сеҳр одамни ўлдириши, касал қилиши, эр-хотинлик муносабатига монелик қилиши, эр-хотин орасини бузиб юбориши, бир-бирларига нисбатан нафрат ёки муҳаббат ҳисларини пайдо қилиши мумкин. Бу имом Шофеъийнинг қавлидир. Лекин у кишининг баъзи соҳиблари сеҳрнинг ҳақиқати йўқ, у хаёлий нарсадир – деган. Чунки Аллоҳ таоло: “У Мусо: “Йўқ. Сизлар ташланг”, деди. Бирдан уларнинг арқонлари ва асолари унга сеҳрлари сабабдан худди ҳаракатланаётгандек бўлиб хаёл қилинди.—деган. (Тоҳа — 66).

Имом Абу Ҳанифанинг соҳиблари эса: Агар сеҳрланмишнинг ичига тутун ё шунга ўхшаган нарсалар билан киритилган бўлса, унинг ҳақиқати бўлиши мумкин. Мабодо, баданга моддий нарсалар орқали эмас, аксинча қуруқ афсун ва азоимлар орқали таъсир этиб беморлик ё ўлим ҳолатига олиб келган бўлса, бу турдаги сеҳрнинг моддий ҳақиқати бўлиши мумкинмас. (Қаранг: Ибн Қудома. “ал-Муғний” 12 —  Ж. 299 — Б).

Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига мос тарзда сеҳрни иккига бўлинишини англатувчи маълумотни ҳанафий мазҳаби олимларидан шайх Мулла Али ал-Қори ҳазратларининг “ал-Фиқҳ ул-акбар”га ёзган шарҳида ҳам учратиш мумкин: Мазмуни қуйидагича:

Сеҳр бизнинг наздимизда мўътазилаларга хилофан ҳақдир! Аммо Аллоҳ таолонинг “Тоҳа” сурасида айтган:

 “قَالَ بَلْ أَلْقُوا فَإِذَا حِبَالُهُمْ وَعِصِيُّهُمْ يُخَيَّلُ إِلَيْهِ مِن سِحْرِهِمْ أَنَّهَا تَسْعَى”

У Мусо: Йўқ. Сизлар ташланг, деди. Бирдан уларнинг арқонлари ва асолари унга сеҳрлари сабабдан худди ҳаракатланаётгандек бўлиб хаёл қилинди.—деган оятда келган сеҳр эса, сеҳрнинг бошқа бир навидир. (Қаранг: Мавлоно Мулла Али. Шарҳи фиқҳ ул-акбар. 133 – Б).

Мазҳаббошимизга мансуб фикрни туҳмат деган илмсизларга Анваршоҳ Кашмирий ҳазратларининг Бухорий бобомизнинг “ал-Жоме”сига ёзган шарҳидаҳам гўзал ва қониқарли жавоб бор:

ثُمَّ إِنَّ السِّحْرَ لَهُ تَأْثِيْرٌ فِي التَّقْلِيْبِ مِنَ الصِّحَّةِ إِلَى المَرَضِ، وَبِالعَكْسِ، أَمَّا فِي قَلْبِ المَاهِيَّةِ؛ فَلَا، وَمَا يَتَرَاءَى فِيْهِ مِنْ قَلْبِ المَاهِيَّةِ لَا يَكُوْنُ فِيْهِ إِلَّا التَّخْيِيْلُ الصَّرْفُ، قَالَ تَعَالَى: ﴿ يُخَيَّلُ إِلَيْهِ مِنْ سِحْرِهِمْ أَنَّهَا تَسْعَى ﴾ فَلَمْ تَنْقَلِبِ الحِبَالُ إِلَى حَيَّاتٍ! وَلَكِنْ خُيِّلَ إِلَيْهِ أَنَّهَا انْقَلَبَتْ.
وَهَذَا مَا نُسِبَ إِلَى أَبِي الحَنِيْفَةِ أَنَّ فِي السِّحْرِ تَخْيِيْلًا فَقَط، وَلَا يُرِيْدُ بِهِ نَفْيَ التَّأْثِيْرِ مُطْلَقًا! فَإِنَّهُ مَعْلُوْمٌ مَشْهُوْدٌ، بَلْ يُرِيْدُ بِهِ نَفِي التَّأْثِيْرِ فِي حَقِّ قَلْبِ المَاهِيَّاتِ

Сўнгра, сеҳрнинг соғликни ўзгартиришда таъсири бор. Аммо моҳиятни ўзгартириш борасида сеҳрнинг таъсири йўқ. Одамлар кўзига моҳиятни ўзгартирган бўлиб кўринганлари бу ғирт ҳаёлий нарсадир холос (замонавий тилда фокус). Аллоҳ таоло айтган: “Мусога уларнинг сеҳри ортидан у ҳаракатланаётган (илон)дек туюлди” деган. Аслида арқонлар илонга айланган эмас! Лекин унга илонга айлангандек ҳаёлан туюлган.

Шу изоҳ имом Абу Ҳанифага нисбат қилинган: “сеҳ фақат ҳаёлий нарсаир” деган фикрнинг мазмунидир. Бу билан имом Абу Ҳанифа сеҳрнинг таъсирини мутлақо инкор этишни ирода қилмаганлар. Зеро, сеҳрнинг таъсири барчага маълум ва воқеликда исботини топган. Балки имом Аъзам Абу Ҳанифа сеҳр ҳаёлийдир деган сўзлари билан моҳиятларни ўзгартира олмаслигини кўзда тутиб айтганлар! (Қаранг: Файз ул-бори ъала саҳиҳил-бухорий. 4 –Ж 293 — Б).

ДЕМАК, БУНГА КЎРА

1-) Сеҳрнинг бир тури инсон баданига моддий нарсалар едириб ё ичириб таъсир ўтказиш; Бу турнинг воқеликда моддий ҳақиқати мавжуд.

2-) сеҳрнинг яна бир тури масофадан туриб инсон руҳиятига таъсир ўтказиш. Бу тур сеҳрнинг ҳақиқати воқеликда моддий жиҳатдан мавжуд эмас балки у хаёлий ва руҳий ҳолатлардан иборат васваса холос;

3-) Сеҳрнинг ҳар икки тури ҳам инсон баданига ўз таъсирини ўтказиши мумкин;

4-) Сеҳргар моҳиятларни моддий жиҳатдан ўзгартиришга қодир эмас.

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *