Али Хоразмийнинг “Фавоид” асари: Ҳукмдор учун Дастуруламал

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ким аҳмоқ билан суҳбат қурса,
кунма-кун ўзининг асл мақсадидан узоқлаша боради.
(Али Хоразмий)

Тўлиқ номи Али ибн Муҳаммад Али ибн Али ибн Маҳмуд ал-Мухторий ал-Кубровий ал-Хоразмий. Олим тўғрисида маълумотлар жуда кам. Дунёнинг ҳеч бир қўлёзмалар илмий тавсифи тўпламларида олим ҳақида, унинг асарлари ҳақида маълумот берилмаган.

Али Хоразмий ўз асарларини Шайбонийхонга (1500-1510 йй.) бағишлаб ёзганидан уни XV аср охирида Хоразмда туғилганлигини ва XVI асрнинг биринчи ярмида яшаганлигини айтиш мумкин. Нисбасидаги ал-Кубровий сўзи уни Кубровийлик тариқатига мансублигини англатади. Ал-Мухторий нисбаси унинг хоразмлик шайх Мухтор валий авлодидан эканлигини билдиради.

Али Хоразмий илк таълимни Хоразмда олган, Самарқанд ва асосан Бухорода яшаган. Бухоро қозиси Мавлоно Абу-л-Маҳомид унинг устозидир. У “ал-Жомиъ ал-алиййа» асарида ҳали балоғат ёшига етиб улгурмасдан (мураҳиқ) фақиҳ ва уламолардан ижоза олгани ва фатво бериш мартабасига етгани ҳақида ёзади. У Бухорода қози ва муфтий бўлган. «Фавойид» асарида 901/1495 йилларда муфтий бўлганлигини ёзади.

Али ибн Муҳаммад Али ал-Хоразмийнинг қуйидаги асарлари борлиги қайд қилинган ва илмий тавсифи берилган:

1.“Фатовойи Шайбоний”. Ҳанафийлик фиқҳига оид ушбу фатво асари араб тилида ёзилган бўлиб, Шайбонийхонга бағишланган. Асар 43 та китобга бўлинган, фиқҳий масалалар баён этилган. Асарнинг ШҚМ қўлёзмалар фондида 15 га яқин қўлёзма нусхалари мавжуд бўлиб, улар орасида муаллиф дастхати билан кўчирилган қўлёзма ҳам сақланади. Мазкур қўлёзмалар илмий тавсиф этилган.

2.“Фатовойи Алиййа”. Муаллифнинг Шайбонийхонга бағишланган фатвога оид китобидан бошқа асари. Уни Убайдуллоҳхонга бағишлаган. Муаллиф «Фатовойи Шайбоний» ни 1496 йилда ёзган бўлиб, кейинчалик уни кенгайтириб, Убайдуллоҳхонга бағишлаган бўлса керак.

3.“ал-Жомиъ ал-алиййа фи-л-васойиқ аш-шаръиййа ва-с-сижиллот ал-маръиййа” (Риоя этилган сижилллар ва шаръий васиқалар ҳақида олий тўплам). ШҚМ қўлёзмалар фондида 9138 тартиб рақами билан сақланадиган ушбу асар икки дафтардан иборат. Биринчи дафтарга 25 мақола, иккинчисига 34 мақола киритилган. Асар сўнгида хулоса сифатида хотима берилган. Бу қўлёзма Хива хони Аллоҳқули Баҳодирхоннинг (1825-1842 йй.) сарой кутубхонасига тегишли бўлган.

4.“Китоби Сайдиййа” (Овнома). Асар муқаддима, 15 мақола ва хотимадан иборат. Овнинг шаръий ва қонуний шарт-шароитлари баён этилган. Ўн биринчи мақолада маданий, ваҳший ва сув жонзотлари ҳақида, уларнинг шаръий ва тиббий ҳукмлари борасида сўз юритилган. Фойдали томонлари, истеъмолга яроқлилиги, тиббий жиҳатлари зикр этилган, булар ҳақида ҳикоят ва ривоятлар келтирилган. Бу Шайхулислом ал-Ҳиравийнинг «Сайдия» асаридан 3 баробар катта асар ҳисобланади.

5.“Равзат ал-муфтиййин” (Муфтийлар боғи). Фиқҳга оид мазкур асар ҳам Али ибн Муҳаммад Али ал-Хоразмийга тегишли бўлиши мумкин. Чунки, ШҚМ қўлёзмалар фондида 10702 тартиб рақами билан сақланаётган “Сайдиййа”нинг 04а варағида муаллиф асарлари қаторида номи тилга олинган қайд мавжуд.

6.“Фавойид” (Фойдалар). Али ибн Муҳаммад Али ал-Хоразмийнинг Шайбонийхонга атаб ёзган «Фавойид» асари ШҚМ қўлёзмалар фондида 6133 тартиб рақами билан сақланади. Бу асар ҳақида маълумот, илмий тавсиф учрамайди.

Форс тилида битилган, 260 варақлик “Фавойид” асарида муаллиф Шайбонийхонга давлатни бошқаришда нималарга эътибор бериш кераклигини кўрсатади, давлатнинг обод бўлиши учун керакли фойдалар ҳақида батафсил тўхталади. Асар охирида муҳтасиблар (ички ишлар нозирлари) нималар қилиши, қандай сифатларга эга бўлиши, қандай фаолият олиб боришлари каби мавзулар ҳам ёритилган. Асарда давлатнинг маънавий юксалишида зарур бўладиган одоб-ахлоқ, миллий қадриятлар тўғрисида сўз юритилади.

«Фавойид» тўртта мажлис (боб)га бўлинган. Ҳар бир мажлис қонун, зарб, матлаб каби фаслларга ажратилган. Давлатнинг амал қилиши лозим бўлган маънавий омиллар – аждодларга муносабат, ота-оналар, қариндошлар ҳаққи, устодларни ҳурмат қилиш, фарзанд тарбияси, оила муносабатлари, эру хотин муомалалари ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, асарда сарой амалдорлари, олим ва мирзалар амал қилиши лозим бўлган маънавий хулқлар, деҳқонлар, бадавлат одамлар, ҳунармандлар, тижоратчилар эътибор қилиши керак бўлган қадриятлар ҳақида ҳам зикр этилган. Кейин муҳтасиблик шарт-шароитлари, сифатлари, мусулмонлар орасида муомала-муносабатлар, жиноятчиларни жазолаш қонун-қоидалари тўғрисида батафсил сўз юритилади.

«Фавойид» асари ер юзида зулм-ситам қилмаслик, бир-бировга хушмуомала бўлиш, амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш, адолат билан давлат юритиш ҳақидаги ҳадислар билан бошланган. Унда «Дин насиҳатдир!» ҳадиси ҳам зикр қилинган.

Кейин халифалик ҳақида сўз юритиб, ҳаққоний халифалар тўртта чаҳорёрлар бўлганини, ундан сўнг подшоҳликлар бошланганини айтади. Ҳукмдорларга қарши чиқишни боғийлик деб таърифлайди. Салтанат ва подшоҳлик юритишда 8 та шарт борлигини зикр қилади.

1) Еб-ичиш, кийиниш, масканда халқи билан бир хил бўлсин;

2) Ҳукмронликда халқнинг ризоси билан давлатни бошқарсин;

3) Ташқи сиёсатда барча подшоҳ ва ҳокимлар билан ўз фуқаролари сингари муаомала қилсин;

4) Ҳукумат ва давлатнинг хатарларидан огоҳ бўлсин;

5) Фаросатли бўлсин, ҳодиса ва воқеаларга ақл билан муносабатда бўлсин;

6) Амалдорларнинг хиёнати, зулм ва ситамларидан бохабар бўлиб турсин;

7) Фуқароларига шафқатли бўлсин, такаббурлик қилмасин;

8) Олимлар, солиҳ кишилар, ақл-идрокли, тажрибали кимсалар билан ҳамсуҳбат бўлишга рағбатли бўлсин.

Асарда муҳтасиблик (назорат) ҳақида алоҳида боблар ажратилган. Али Хоразмий: «Эҳтисоб (назорат) иши ҳокимнинг изни билан олиб борилади. Зеро, ҳокимнинг изнисиз бу ишни амалга оширилса, фитна-фасодга сабабчи бўлиб қолинади», деган. Ҳозирги кундаги ҳизбут-таҳрир, ИШИД сингари бошқа жамоалар «ҳокимларнинг ўзларини эҳтисоб қилиш лозим», деб чиққанлари учун бутун дунёда ҳар хил фитна-фасодлар тарқалиб турибди.

Али Хоразмий 1495 йиллардаги Темурий шаҳзодалар ўртасидаги Самарқандда юз берган уруш-жанжалларни ёзар экан, қозилик ва муфтийлик ташкил қилган, пул зарб этган, уламолар унинг подшоҳлигини тан олган ҳокимга қарши чиқишни боғийлик эканини, бу эса шаръан ҳаромлигини ёзади. Давлат раҳбарига қарши чиқиб, урушда ўлган кимсага жаноза ўқимаслик кераклигини айтади.

Асарнинг охирги қисмларида таъзир бериш учун нималарга аҳамият бермоқ кераклиги, қайси ношаръий ва ноқонуний ишларга таъзир бериш лозимлиги, у қай тариқа амалга оширилиши борасида сўз юритилган. Ливота (баччабозлик), қазф (туҳмат) каби ишларда жазолаш кераклиги, акс ҳолда жамиятда бузуқлик кўпайиб кетиши ҳақида ҳукмдорга кўрсатмалар берилади. Асарда шариатда гуноҳ саналган ишлар бирма-бир кўрсатиб берилган, алфози куфр – куфрга сабаб бўлиб қолинадиган амаллар ва гап-сўзлар борасида сўз юритилган.

Мамлакатда яшаётган ғайримуслимлар борасида ҳам алоҳида боб ажратилган. Уларга яхши муносабатда бўлиш, ўзларининг тоат-ибодатлари ҳамда тирикчиликларини эркин адо этишлари учун шароит яратиб берилмоғи кераклиги ҳақида ҳам алоҳида кўрсатмалар берилган. Бироқ, мусулмонлар уларга ўзларини ўхшатиб олмаслиги (ташаббуҳ) лозимлиги уқтирилади ва бунга эътиборли бўлиш кераклиги айтилади. Яъни, халқ ўзларининг миллий анъана ва қадриятларини сақлаб, ҳурмат қилиб яшамоқлари лозим.

Хуллас, Али Хоразмийнинг «Фавойид» асари ҳукмдор учун дастуруламал бўлиб, унда давлат бошқарувида керак бўладиган кўрсатмалар ўрин олган. Мазкур асарда зикр этилган қоида ва шартлар, шаръий қонунлар, одоб-ахлоқ нормалари бугунги кун учун ҳам долзарбдир.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *