Тасаввуфнинг тўрт рукни

Lotin alifbosida

sofiy_sozinig_manosiБисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Тасаввуф Ислом динининг учдан бири ҳисобланади. Бунга «Жаброил ҳадиси» номи билан машҳур ривоятни далил сифатида келтиришимиз мумкин. Ҳадисда тасаввуф ва тариқат “эҳсон” номи билан зикр қилинган. Тасаввуф аҳлининг аксари тасаввуфнинг тўрт машҳур рукни борлигига иттифоқ қилишган:

1. Сумт – хомушлик;
2. Узлат – хилват;
3. Жувъ – очлик;
4. Саҳр — уйғоқлик.

БИРИНЧИ РУКН – ХОМУШЛИК.

Сумт — хомушлик икки хил бўлади:
1. Сумтул лисон — тилнинг сукути;
2. Сумтул қалб — қалбнинг сукути.

Сумтул лисоннинг ҳақиқати шуки, тил Аллоҳнинг зикридан бошқасида қимирламайди. Зикру тасбеҳ айтиш, Қуръон тиловати, амру маъруф наҳий-мункар қилиш, исломий дарс ўқиш ва ўқитиш билан машғул бўлиш ҳамда бошқа тоат ибодатлар Аллоҳнинг зикри ҳисобланади.

Сумтул қалбнинг ҳақиқати эса, нафсда пайдо бўлувчи барча хаёллар ва истаклардан қалбнинг сокин бўлишидир.

Кам гапирган кишининг гуноҳи озаяди. Қалби сокин банда ҳикмат ила сўзлайди. Тили ва қалби бирга хомушликни ихтиёр этган кишига эса сирру-асрорлар очила бошлайди ва унда Аллоҳнинг нури тажаллий этади. Тилнинг сукут сақлаши солик — мурийдга хос, қалбнинг сукут сақлаши комил муршидга хос ҳолдир.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда тасаввуфнинг ушбу рукни сумт — хомушликка ишора бор: «Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса яхши сўзларни сўзласин ёки жим турсин». (Саҳиҳул-Бухорий. Китобул-Адаб.)

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда ҳам хомушликка тарғиб қилинган: «Беҳуда ишларни тарк қилиш кишининг Исломининг гўзаллигидандир». (Муватто Имом Молик. Бобу Фазлил-Ҳаё)

Беҳуда нарсаларни тарк қилишнинг маъноси кўп гапириш ва бефойда ишлар билан машғул бўлишдан тийилишдир! Улуғларимиз: «Ал-вараъ таркуш-шубуҳот», яъни «Тақво – шубҳаларни тарк қилишдир», деганлар. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Ҳаромдан битта эшикка кириб қолишдан қўққанимиз учун ҳалолдан етмишта эшикни тарк қилар эдик», дердилар.

ИККИНЧИ РУКН – УЗЛАТ.

Узлат — хилват икки турга бўлинади:
1. Мурийднинг узлати;
2. Комил муршид узлати.

Мурийднинг узлати жисми билан бўлади. Мурийд доимо ағёрлардан четлашиши керак. Комил муршиднинг узлати эса қалби билан бўлади. Яъни бутун борлиқдан узлатда бўлади. Қалби дунёдан бутунлай узулган ва Ҳаққа восил бўлгандир.

Узлатга чекиниш уч хил ниятнинг бири билан бўлиши керак:
1. Одамларнинг шарридан сақланиш ниятида.
2. Бошқаларни ўзининг шарридан сақлаш ниятида. Ниятнинг бу тури биринчисидан афзалроқдир. Чунки биринчиси мурийднинг қалбида одамлар борасида ёмон гумонни пайдо қилиши мумкин, иккинчисида эса мурийд ўз нафсидан ёмон гумон пайдо бўлади.
3. Ўзини Аллоҳга топширган ҳолда, ўз нафсининг шарридан узлат қилишни ният қилиш. Бу тур узлат соликни энг олий мақомларга элтувчидир.

Узлат ва хилватга далил ўлароқ Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳиро ғорида узлатга кетганлари, ҳамда Ул Зоти бобаракотнинг ўз саҳобалари билан бирга саҳоба Арқам бин Абул Арқам розияллоҳу анҳунинг ҳовлисидаги узлатларини келтиришимиз мумкин. Кейинчалик ушбу набавий суннат давр талабига айланди, хусусан фитналар замонида фитналардан узоқ туриш мақсадида узлатга чекиниш мақсадга мувофиқ бўлган. Ҳадиси шарифда келишича, Пайғамбаримиз алайҳис-солату вас-салом: «Аллоҳ Таъолога энг суюкли кишилар ғариблардир», дедилар. Саҳобалар: «Ғариблар кимлар Ё Расулуллоҳ?», деб сўрашганида, ул зот шундай жавоб бердилар: «Ал-фирорувна би дийниҳим – Ўз динларини олиб қочувчилардир!». (Аз-Зуҳд. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ).

Ҳазрат Абдуллоҳ бин Умар розияллоҳу анҳумо дейдилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимим ва баданимдан тутиб дедилар: «Эй Абдуллоҳ! Сен дунёда бир ғариб мусофир ё бир йўловчи каби бўл! Нафсингни ўликлардан деб ҳисобла».
Бошқа бир ривоятда:
«Нафсингни қабристон аҳлидан сана», деб марҳамат қилдилар.
(“Муснади Имом Аҳмад”, ва “Аз-Зуҳд” Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ).

УЧИНЧИ РУКН – ЖУВЪ (ОЧЛИК).

Жувъ – очлик мақсади ила рамазон рўзасини тутиш фарз қилинди ва мана шу жувъ сабабли кам ейиш мандуб қилинди.

Жувъ яъни очлик икки хилдир:
1. Жувъул ихтиёр — ихтиёрий оч юриш;
2. Жувъул изтирор — мажбурий очлик.

Биринчиси мурийдга, иккинчиси комил муршидга хос ҳолат.

Очликнинг ҳикмати шуки, кўп ейиш шаҳвоний нафснинг ғолиб келганлигининг аломати бўлса, кам ейиш қалбга илоҳий файз тўлганлигига ишоратдир. Бироқ оч юришдан мақсад инсонни ҳалок қиладиган ёки жисмга зарар етадиган даражадаги очлик эмас. Чунки жисмнинг эҳтиёжига қараб ейиш-ичишда зарар йўқ.

Оч юришнинг қулай йўли овқатланганда бир тўйиб овқатланиш ва шу билан узоқ вақт давомида ейиш ичишдан тийилиб юришдир. Кўнгил тусаган нарсалардан тез-тез еб туриш мурийд учун зарарли.

Оч юришнинг фойдалари, очлик мурийднинг қалбида хушуъ, сукун пайдо қилади, хорлик ва фақирликни ҳис эттиради, ҳамда бутун аъзо-баданнинг ҳузур ва роҳат ичида бўлишини таъминлайди. Қолаверса инсон ортиқча исрофдан ҳам қутилади. Аммо комил муршид учун очлик унинг қалбида сафо — поклик ва риққат — қалб юмшашини кучайтиради.

ТЎРТИНЧИ РУКН – САҲР (УЙҒОҚЛИК)

Саҳр — бутун вақтни Аллоҳнинг зикри билан ўтказиш демакдир. Уйғоқлик очликнинг табиий натижасидир.

Саҳр икки турга бўлинади:
1. Саҳрул ъайн – кўзнинг уйғоқлиги;
2. Саҳрул қалб – қалб уйғоқлиги.

Кўзнинг уйғоқлиги – муроқаба талабида, қалбда ҳимматнинг боқий қолиши учун кўзнинг бедорликка бўлган рағбатидир.

Қалбнинг уйғоқлиги – мушоҳада талабида, қалбнинг ғафлат уйқусидан уйғонишидир.

Уйғоқликда ҳаёт — тириклик бор. Уйғоқлик нафснинг ризқланишига сабаб бўладиган фанонинг бир тури ҳисобланади. Бу фанода нафснинг ҳаёти мавжуд. Маълумки фано бўлган, ўлган кишигина қайта тирилгай. Ўлимдан олдин тирилиш йўқ. Худди шундай нафс ҳам ўлимидан олдин тирилиши мумкин эмас.

Ҳозир бизнинг тириклигимиз аслида яратилишдан олдинги ўлимимиз сабабидандир. Чунки яратилишимиздан олдинги йўқлик ўлим ҳукмидадир. Шунинг учун машойихларимиз «Ла бақоъа илла баъда фаноин — Фанодан кейингина бақо бордир», деганлар.

Ҳазрат Мусо алайҳиссалом унга суянадиган, қўйларни ҳайдайдиган ва бошқа ишларда фойдаланадиган ҳассасини Аллоҳнинг амри билан ташлаши ва ундан фано бўлиши аслида Аллоҳ учун эди. Вақтоки Мусо алайҳиссаломга «Ҳассани ол, қўрқма», деб амр қилинган пайтда ҳассани Аллоҳ учун олдилар. Мусо алайҳиссаломга ҳасса олдингидан кўпроқ фойдалироқ қилиб қайтариб берилди. Тарк қилиш фанодир ва қайтариб олиш бақодир. Мана шу бедорлик — уйғоқлик тариқат аҳлларидагина топиладиган маънавий ўлимнинг маъноларидан биридир.

Очлик, яъни маънавий ўлим аста-секин фано шаклига кириб боради. Нафснинг шаҳватлари, истакларининг фоний бўлиб, тугашига олиб боради. Маънавий ўлимнинг тўрт хил тури мавжуд бўлиб, улар рамзий суратда ранглар билан таъбир қилинган:
1. Мавтул абйаз — оқ ўлим;
2. Мавтул асфар — сариқ ўлим;
3. Мавтул асвад — қора ўлим;
4. Мавтул аҳмар — қизил ўлим.

Мавтул абйаз – оқ ўлимнинг ҳақиқати, ботиннинг нурланиши учун очлик орқали қорин шаҳватининг ўлишидир.

Мавтул асфар – сариқ ўлимнинг ҳақиқати, қаноат орқали зоҳиднинг ҳаёти сарғайганлиги сабабидан ямоқли кийимларни кийишидир. Сариқ ўлим зийнатли кийимларга бўлган шаҳват ва истакнинг ўлишига айтилади.

Мавтул асвад – қора ўлим азият, машаққатларни кўтариш ва чидашлик. Мурийд ҳар бир нарсани Аллоҳдан деб билганлиги туфайли нафсига бериладиган ёрдамнинг ўлишидир.

Мавтул аҳмар – қизил ўлим, нафсга ва унинг ҳавойи хоҳишига қаршилик кўрсатиш, нафснинг туғёнга келтирадиган истакларига қарши чиқишдир. Ҳадиси шарифда келган “жиҳоди акбар” – катта жиҳоднинг маъноси шудир. Бу тур ўлимларни муҳаққиқ машойихларимиз фано деб номлаганлар. Кимда фано топилса дарҳақиқат ҳадисда келган, ўлимдан олдин ўлиш, яъни маънавий ўлимни топибди. Кимки маънавий ўлимни топса, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг жамолини мушоҳада қилгай!

Шайх Абул-Аббос ал-Мурсий раҳимаҳуллоҳ дейди: “Аллоҳнинг ҳузурига икки эшик орқали кириб борилади: Бири фаноул-акбар эшиги орқали, у табиий ўлимдир. Иккинчиси тасаввуф аҳли наздидаги фано эшиги (маънавий ўлим) орқали”. (Ал-Кавокиб аз-Зоҳира.)

Ушбу фано ҳолатини жамловчи нарса зуҳд (дунёдан юз ўгириш) ва вараъ (парҳезгорлик)дир. Зеро, зуҳд ва вараъ орқали яқийн — иймон соғлом ва бақувват бўлади. Банданинг Аллоҳ Таолога таъаллуқи комил даражада бўлади. Аллоҳга бўлган таваккули — ишончи қувватлангай. Бандада бу сифатлар нафсининг ўлиши ва Аллоҳдан бошқасидан ҳожатини сўрашдан беҳожат бўлганидан кейингина пайдо бўлади. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга шундай буюрган эдилар: «Парҳезгор бўл, одамларнинг обидроғи бўлгайсан». (Сунан Ибни Можа. Китоб аз- Зуҳд. Вараъ ва тақво боби).

Бошқа бир ҳадисда: «Дунёдан юз ўгир, Аллоҳ сени севади. Одамларнинг қўлидаги нарсадан юз ўгир, одамлар сени яхши кўради». (Сунан Ибни Можа. Китоб аз-Зуҳд).

ХУЛОСА

Тариқатнинг асоси ушбу тўрт аркондан иборат:
1. Кам гапириш;
2. Кам аралашиш;
3. Кам ейиш;
4. Кам ухлаш.

Кам гапириш хомушликдадир, одамларга кам аралашиш узлатда, кам ейиш очликда ва кам ухлаш уйғоқликдадир!

Тариқат йўлининг бутун усул ва арконларида ният тўғри бўлиши керак. Ва Аллоҳ Таолога чин қалбдан юзланиш ва қайтиш даркор! Ибн Атоуллоҳ Искандарий роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: «Қалб қандай юксалсин, ваҳоланки, бутун борлиқнинг суврати қалб ойнасига босилган. Ёки қалб Аллоҳга қандай йўналсин, ваҳоланки у шаҳватларга муккасидан кетгандир. Ёки Мавлонинг ҳузурига етишишни қандай тамаъ қилсин, ваҳоланки, қалб ғафлатлардан ҳануз покланмаган. Ёки дақийқ асрорларни англашга қандай умид қилсин, ваҳоланки ўз хоҳишига эргашишдан тавба қилмаган бўлса!?».

Демак, мурийд ушбу асосий рукнларни қаттиқ тутиб, амал қилса ва амал қилишда бир лаҳза ҳам сустлик кўрсатмаса, фариштасифат инсонга айланади ва Аллоҳнинг наздида юксак мақомларни топади.

Абдулвоҳид Иброҳим
26.04.2018й.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *