Закот ва бошқа садақаларга доир ижмоъий масалалар

Lotin alifbosida

Қуйида ҳукмингизга ҳавола этилмиш рўйҳатда муборак рамазон ойи муносабати билан закот ва бошқа садақа турларига тааллуқли бўлган, солиҳ салафларимиз ва машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб муассислари томондан иттифоқ қилинган фиқҳий масалалар қатор келтирилди:

1. Закот Ислом арконларидан биридир.

2. Закот китоб (Қуръон), суннат ва ижмоъ билан собит бўлган фарз ибодатдир.

3. Закот тўрт турли нарсаларда вожиб бўлади: яйловда боқиладиган наъам (чорва ҳайвонлари); саман—нақд пул, тилла-кумушлар; тижорат ниятида олинган моллар; ердан олинган ҳосиллар; мана шу тўрт нарсадан закот берилади[1].

4. Закот пайғамбарларга вожиб эмасдир[2].

5. Ақли расо, ҳур ва балоғатга етган кишининг мулкида икки юз дирҳам (кумуш танга пул) миқдорида маблағи бўлиб, қамарий ҳисобда бир йил ўтса, қирқдан бирини яъни, беш дирҳамини закот тариқасида бериши вожиб бўлади.

6. Закот бериш асносида қалбдан ният қилиш лозим. Закотда ният фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар[3].

7. Бир йил ўтиши биланоқ молининг закотини берган, шунингдек, ҳосилни йиғиб олибоқ ушрни берган кишилар зиммасидаги фарзини бажарган ҳисобланади.

8. Аҳли китобларнинг, мажусийларнинг молларидан, чорваларидан ва ҳосилларидан закот олинмайди.

9. Тилла, кумуш пуллар ва тижорат молларидан ҳар йили закот бериш вожиб бўлади.

10. Йиғиб олинган ҳосилдан бир маротаба ушр берилса, неча йил ўтса ҳам ушбу ҳосилдан бошқа ушр бериш вожиб бўлмайди.

11. Туя, сигир ва қўйлардан закот чиқариш вожибдир.

12. Адади бештадан кам бўлган туяларда закот вожиб бўлмайди.

13. Бешта туяси бор кишига бир қўйни закот қилиш вожибдир.

14. Қирқтадан оз қўйларда закот вожиб эмас.

15. Қирқта қўйда токи бир юз йигирматагача бир қўй вожиб бўлади. Бир юз йигирмадан ортса, то икки юзтагача икки қўй вожиб бўлади.

16. Қари моллар сигир ҳукмидадир.

17. Нисобда қўй ва эчкилар бирлаштириб ҳисоб қилинади.

18. Нисобда туяни қўй ва сигирга бирлаштирилмайди, шунингдек, сигирни ҳам туя ва қўй билан бирлаштириб, нисоб ҳисоб қилинмайди. Яна, бу жониворларнинг ҳар бирида то ўз нисобига етмагунларига қадар закот соқит бўлади.

19. Нисоб миқдорича туялар эгаси ўз туяларини олти ой боқиб, сўнгра уларни мол-сигирларга алмашса, йил айланиши кесилади[4].

20. Йил айланиб тўлди-ю, закотни адо қилишдан олдин нисобга талофат етиб мол ҳалок бўлса, яъни, агар нисоб эгасида закотни адо қилишга имкон пайдо бўлишидан олдин мол ҳалок бўлган бўлса, бу ҳолда закот соқит бўлади.

21. Мевани шохида турган ҳолида қуритиб қоқи қилувчи деҳқон, бирон мевани масалан узумни шоҳи билан дарахтидан синдириб олмай туриб, жойида турган ҳолида қоқи қилса-ю, унга бирон офат келиб меваларига талофат етса, бу ҳолда деҳқонга ушр ва бошқа тўловлар вожиб бўлмайди.

22. Икки юз дирҳамдан беш дирҳам закот берилади.

23. Агар тилла йигирма мисқол вазнича бўлиб, унинг қиймати икки юз дирҳамга тенг бўлса, ундан закот вожиб бўлади[5].

24. Агар тилланинг вазни йигирма мисқолдан кам бўлса, шунингдек, унинг қиймати ҳам икки юз дирҳамга етмаса, ундан закот вожиб эмас.

25. Топиб олинган хазинадан бешдан бирини давлат хазинаси (байт ал-мол)га топшириш топиб олувчига вожиб бўлади.

26. Мол эгасининг қўлида бир йил турмас экан, яъни бир йил бўлмагунча, ундан закот бериш вожиб бўлмайди.

27. Бир йил тўлиқ ўтиши билан мол эгасига закот вожиб бўлади, бир йилдан кейин закот берган кишининг закоти дуруст бўлади.

28. Мукотаб – хўжаси билан озод бўлиши учун шартнома тузган қул то озод бўлгунига қадар, унинг молидан закот вожиб эмас[6].

29. Яшаб турган уйи, кийиб турадиган кийимлари, уй анжомлари, миниб турадиган уловлари, хизматидаги қуллари ва ишлатадиган қурол-аслаҳаларидан закот чиқариш вожиб эмас.

30. Фитр садақаси ҳур-озод мусулмонларга вожибдир[7].

31. Фитр садақаси то ўрнига берилмагунча зиммадан соқит бўлмайди. Адо қилингунга қадар гарданда қарз бўлиб туради.

32. Киши ўзининг номидан, шунингдек, фақир гўдакларининг номидан фитр садақасини адо қилиш имконига эга бўлса, унга фитр садақаси вожиб бўлади.

33. Мусулмон бой кимса ўз қулининг номидан ҳам фитр садақасини адо қилади.

34. Хожасининг изни билан сафарга кетган ва қайтиб келишига умид бор бўлган қулларнинг номидан хожаси фитр садақаси беради.

35. Зиммийлар модомики муқим экан, уларнинг молидан закот вожиб эмас[8].

36. Зиммийга яъни мусулмонлар юртида яшаётган ғайридинга мусулмон қулининг номидан фитр садақасини бериш вожиб бўлмайди.

37. Аёл киши эрга тегишидан олдин ўзи учун ўз мол-мулкидан фитр садақасини бериши вожиб.

38. Онасининг қорнидаги ҳомила номидан фитр садақаси вожиб бўлмайди[9].

39. Аҳли зиммадан бирортасига закот молидан берилмайди, кофирларга закот садақаси берилмайди.

40. Тижорат учун олинган моллардан бир йил ўтиши билан закот вожиб бўлади.

41. Тижорат учун олинган ҳайвонларда ҳайвон закоти эмас, балки, тижорат закоти вожиб бўлади[10].

42. Закотни ундириш вазифаси ҳазрати Усмон (р.а.)нинг даврларига қадар айнан султоннинг зиммасида эди. У кишининг замонасига келиб, саҳобалар ижмоъ билан закотни ундириш вазифасини султоннинг вакилларига топширдилар. Шу-шу закотни ундириш султон вакилларига ўтди, ҳатто энди султоннинг шахсан ўзи фуқародан закот қарзларини униришга ҳаққи йўқ.

43. Кўмиб қўйилган моллар унутилиб, бир қанча йиллардан кейин топилса, шунингдек, бировга омонат қўйилган мол унутилиб, бир қанча йиллардан кейин ёдга тушса, орада қолган йиллар учун ҳам закот вожиб бўлади, аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.

44. Шахсий ҳовлиси, улови, ходимлари бор киши модомики уларга муҳтож экан, закот олишлиги мумкин. Шунингдек, бойларнинг бу ҳолдаги кишиларга закот бериши мумкин.

45. Ҳошимийларга закот садақасини емоқ ҳаромдир[11].

46. Муҳаммад алайҳиссалом ва ул зотнинг оила аъзоларига закот ва бошқа садақаларни олиш ва истеъмол қилиш мумкин эмас.

47. Бойларга закот олиш ҳалол эмас[12].

48. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг даврларида ул зоти шарифнинг ўзларига, ул зотнинг элчиларига, закот ишига мутасадди бўлган ходимларга ва уларга элтиб бериш буюрилган кишиларга закот берилар эди[13].

49. Инсон ўз ота-онасига закот бермайди[14].

50. Эр киши ўз аёлига закот бера олмайди[15].

51. Ўз қули ва мукотабига закот бера олмайди.

52. Закот пулларини масжид қуришга, ўликни кафанлаш ишларига сарфланмайди.

53. Шаҳар аҳолиси ичида закот олувчи масриф топилмаса, қўшни шаҳар масрифларига элтиб бериш жоиз бўлади.

54. Масриф аз-закотнинг, яъни закот олиш мумкин бўлганлар мусулмон бўлишлари шарт.

55. «Бой», деб танилган шахсларга суъол—тиланчилик қилиш ҳалол эмасдир.

56. Ўтган маййитларнинг номидан садақа қилиш жоиз. Садақа, қул озод қилиш, ҳаж ва истиғфорнинг савоби марҳумларга ҳадя қилинса шубҳасиз етиб боради[16].

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

“Ижмоъ ва ижмоъий масалалар” китобидан

[1] “Наъам” сўзидан фиқҳий истилоҳда қўй, сигир ва туя тушунилади.

[2] Чунки аслида, закот бойларнинг молларини покловчи ибодат тариқасида жорий қилинган бўлиб, Пайғамбарларни Аллоҳ таоло ҳаром ва нопок моллардан сақлаб қўйгандир.

[3] Имом Авзаъий (р.а.)дан “ниятга эҳтиёж йўқ”, деган қавл ҳам ривоят қилинган.

[4] Яъни, юқоридаги суратда мол-сигирларга эга бўлган кундан бошлаб бир йил ўтиши билан ҳайвонлар закоти вожиб бўлади. Туялар билан ўтган олти ой туяларни сотган вақтида бекор бўлади.

[5] Ҳасан ал-Басрий роҳимаҳуллоҳнинг наздида қирқ динордан кам бўлса, ундан закот берилмайди.

[6] Фақат Абу Савр (р.ҳ.) мукотабга ҳам закот вожиб бўлади, деган. Бу ижмоъни  ибн ал-Мунзир роҳимаҳуллоҳ ўз тўпламида 127-рақам билан қайдга олган. Мукотаб—ўз эркини сотиб олиш учун хожаси билан келишув битимини тузган қулга айтилади. Шариатимиз қуллар табақасига мансуб кишиларга закот ибодатини юкламайди, шунга биноъан, жумҳур уламолар мукотаблар тўлиқ ҳурликка эришмагунларича, уларнинг зиммасига закот вожиб эмас, дейдилар.

[7] Фитр садақаси ҳур мусулмонларнинг ҳаммасигами ё маълум сифат эгаларига вожибми? Бу масалада ихтилоф бор:

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: фитр садақаси нисобга ёки нисоб миқдорига етарли молга эгадор бўлган бойларгагина вожиб—деганлар.

Имом Молик, Шофеъий ва имом Аҳмадлар эса: ҳайит куни ва кечасида ўзи ва қарамоғидагиларнинг емоқ-ичмоғидан фитр садақси миқдорига етарли ортиқча моли бор бўлган шахсларга фитр садақаси вожиб бўлади—деганлар.

[8] Лекин, зиммийлар тижорат ниятида бошқа юртларга сафар қилишса, уларнинг молидан бож ундирилади.

[9] Фақат Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) ҳомила номидан фитр беришлик вожиб эмас, аммо, мустаҳаб деган. Бу ижмоъни  ибн ал-Мунзир роҳимаҳуллоҳ ўз тўпламида 133-рақам билан қайдга олган.

[10] Яъни ҳайвон агар тижорат мақсадида сотиб олинган бўлса, унинг сони қанча бўлишидан қатъий назар қиймати ҳисоб-китоб қилинади.

[11] “Ҳошимий”, деганда асосан беш уруғ тушунилади: Али (р.а.)нинг оиласи; Аббос (р.а.)нинг оиласи; Жаъфар (р.а.)нинг оиласи; Ақийл (р.а.)нинг оиласи; Ҳорис ибн Абдулмутталиб (р.а.)нинг оиласи.

[12] Ихтиёрий нафл садақалар бойларга ҳалолми ёки йўқ, бу масалада ихтилоф бор. Агар бой ўзи сўраб олмаса ҳалолдир, деганлар ҳам бор.

[13] Бу масалада кўрсатилганлар закотни еювчилар эмас, балки асл масрифига етказиб берувчилардир. Бинобарин, бу хизмат мутасаддилари бой бўлсалар ҳам уларга закот садақаларни берилаверади.

[14] Чунки, ота-онасининг нафақа-таминоти фарзандлар зиммасидадир. Имом Молик (р.а.)нинг мазҳаби бўйича, бобо ва бувисига, шунингдек, набираларига закот бериш мумкин. Чунки, уларнинг нафақаси бойларга вожиб бўлмагани туфайли уларга закот бериш жоиздир. Аммо жумҳурнинг мазҳаби бўйича, ота-она қанча юқориласа ҳам фарзандидан закот ололмайди. Шунингдек, зурриёдлар ҳам қанча қуйи поғона бўлишидан қатъий назар ота-боболарининг закотини ея олмайди.

[15] Чунки хотиннинг нафақаси эрининг зиммасидадир. Эрнинг бойлиги хотиннинг ҳам бойлигидир.

[16] Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ: дуо, истиғфор ва садақанинг савоби етиб боришида хилоф борлигини билмайман—деган (ал-Муғний 2 / 427).

Намоз, Қуръон тиловати ва рўзанинг савоби марҳумларга етиб бориш-бормаслигида ихтилоф бор.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *