ЗАКОТГА ДОИР ТУРЛИ МАСАЛАЛАР (1-қисм)

depositphotos_18353951-stock-photo-money-in-the-bag1. Қарздор кишининг закоти.
Қарздор одам қарзини ҳисоблаб тўлаганда қўлидаги нисобга етган моли нисобдан камайиб қолмаса, қарз миқдорини айириб ташлаб, қолган пулидан закот чиқаради. Бордию, қарзини ҳисоблаганда унинг молини нисобдан тушириб юборса ёки буткул қўлидаги маблағни қоплайдиган даражада бўлса, бундай инсон закот бермайди.

2. Тижорат ниятида олинмаган буюмлар учун закот берилмайди. Уй бўлсин, машина бўлсин, хўжалик буюмлари бўлсин хизмат учун ёки мулк учун олинган бўлса, улардан закот чиқарилмайди. Лекин, мазкур мулклардан бирортасини сотиб пулга айлантирган бўлса, ўша пулларни ўз қўлидаги нисобга етиб, бир қамарий йил ўтган закотий молига қўшиб закотини беради.

Масалан, қўлингизда 85 грам тилла қийматидаги ва ундан ортиқ пул мавжуд бир неча йилдан бери. Ҳар йили улардан закот бериб келяпсиз. Бир машинангиз ҳам бор. Уни сотдингиз. Ва закот бериш вақти келганда ҳам машинанинг пули қўлингизда турибди. Бу ҳолатда ўша пулларни ҳам ўзингиздаги нисобга етган пулларга қўшиб закотини чиқариш мажбуриятидасиз.

Чунки, қўлингиздаги аввалроқ нисобга етган қийматга қўшилаётган ҳар бир пул бир қамарий йилни бошидан ўтказиши шарт эмас закот вожиб бўлиши учун. Балки, биринчи марта нисобга етган мулкка эгалик қилган пайтингиздагина закот бериш вожиб бўлиши учун бир йил ўтиши керак. Ундан кейин нисобга қўшилиб турувчи қийматлар мазкур нисобга қўшилиб кетади.

Лекин, қўлингиздаги нисобга етган пулдан закот берганингиздан сўнг маълум вақт ўтиб орада машинангизни сотиб, кўп ўтмасдан бошқа бир мулкни ёки бошқа бир машинани эҳтиёж учун олсангиз (эътибор беринг тижорат учун эмас эҳтиёж учун) орада бу пулдан закот бермайсиз. Чунки, ҳали закот берадиган муддат келмасдан туриб, у пулни эҳтиёж учун сарфладингиз.

3. Тижорат молларининг закотини чиқаришда уларни яхшилаб ҳисоб-китоб қилиб, нархини чиқариб, сўнг амалдаги валюталарнин бирида умумий миқдори чиқарилиб, сўнгра закоти чиқарилади.

Ҳанафий мазҳаби дохил уламолар жумҳурининг наздида тижорат молларининг нархи мазкур молнинг бозордаги нархи бўйича ҳисобланади. Бозорда деганимизда айнан биз тушунган бозор эмас умуман, дўкон, биржа ёки умуман қаерда ва қай тарзда сотилишидан қатъий назар унинг истеъмолчига сотиладиган нархи назарда тутилади.

Бироқ, айрим замондош аҳли илмлар закот учун тижорат молларининг қийматини ҳисоблашда тижоратчининг ўзига келиб тушган нарх яъни молларнинг таннархи бўйича ҳисоблашни тўғрироқ деб биладилар. Чунки, ҳали сотилмаган молларни неча пулдан кетишини аниқ айтиш қийин. Агар, улар бозор нархи бўйича ҳисобланса, тижоратчи ҳали эгалик қилмаган мулк юзасидан ҳам закот чиқараётган бўлиб қолади. Чунки, у молларни бозорга қараб турли нархда сотиши ва гоҳида паст нархга сотишга мажбур бўлиши мумкин. Шу боис, Доктор Муҳаммад Ашқор, доктор Ҳоний Жубайр каби айрим замондош олимлар наздида тижорат молларини ҳисоблашда уларнинг таннархи бўйича ҳисоблаш ҳақидаги қавл масалада кучлироқ мақомни эгаллайди (қаранг: » أبحاث فقهية في قضايا الزكاة المعاصرة 1/45″).

4. Тижорат моллари икки шерик орасида бўлиб, уларнинг ҳиссалари алоҳида ҳисобланганда нисобга етмаса, ундан закот берилмайди. Яъни, масалан нисобга етган маблағ икки киши ўртасида айлантирилади. Уларнинг ҳар бири ўз ҳиссасини алоҳида айириб олганда нисобдан камайса, битта бўлган ҳолида нисобга етганининг аҳамияти йўқ. Бу ҳолатда закот вожиб бўлмайди.

5. Бир кишида тижорат моли ва нақд пуллар бор. Уларни алоҳида ҳисоблаганда бирортаси нисобга етмайди. Бироқ, бирбирига қўшганда нисобга етади. Бунда мазкур нарсаларнинг қиймати бир-бирига қўшилади ва бир ҳавл тўлгач, закоти адо этилади. Ундан сўнг ҳар сафар бир-бирига қўшиб закоти бериб борилаверади.

Бунга сабаб, тижорат учун орттирилган моллар нақдайн яъни тилло ва кумуш нисоби бўйича ҳисобланади. Чунки, тижорат моллари моҳият эътибори билан тилло ва кумушнинг ишини қилади, улар каби муомалот воситаси вазифасини бажаради. Шу боис ҳам тижорат моллари закот борасида пул ҳукмида бўлади.

Бугунги кунда тижорат моллари кумуш нисоби бўйича ҳисобланмайдиган бўлиб кетди. Негаки, кумуш бугунга келиб, ўзининг пуллик функциясини сақлаб қололмади. Ўз қийматини анча йўқотди. Олтин каби сотиш ва айирбошлаш осон бўлган ҳолини сақлаб қололмади. Шунинг учун ҳам бугунга келиб, бутун дунёда ҳар қандай валюта ҳамда тижорат молларидан чиқариладиган закот тилло нисоби бўйича ҳисобланадиган бўлди.

6. Қарздор кишининг номидан, унинг илтимоси билан ҳақдорга қарзни тўлаб юбориш жоиз. Яъни, бу ўринда закот берувчи закотга ажратган пулни қарздорга бермаган ҳолда, унинг илтимоси билан ҳақдорга ўтказиб юбориш мумкин.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...