ЖУМА АЗОНИ ВАҚТИДА САВДО ҚИЛИШ ҲУКМИ

-R_mHtIxMDR97LxePh_qpUbaN1JbyTEKАллоҳ таоло Қуръони каримда шундай амр қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِي لِلصَّلَاةِ مِن يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ

Эй иймон келтирганлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир. (Жума сураси / 9).

Ибн Абу Шайба раҳматуллоҳи алайҳ Маймун ибн Меҳрондан ривоят қилишича, Мадинаи мунавварада жума азони айтилгандан кейин кўчада “савдо-сотиқ ҳаром бўлди, савдо-сотиқ ҳаром бўлди” – деб жар солинар экан.

Аҳли сунна уламолари ижмоъсига кўра, жума намозининг азони вақтида савдо қилиш макруҳи таҳримийдир!

Лекин савдонинг жоиз бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф бор. Ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳолари ва имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг қавлига кўра, жума намози вожиб бўлган одам жума намозига азон айтиш чоғида савдо-сотиқ билан шуғулланса савдоси жоиз аммо ўзи гуноҳкор бўлади.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ эса бундай деган:

Жума куни жума намозининг азонидан кейин, имом минбарга чиққан онда савдо-сотиқ қилган одамнинг савдоси бузуқ бўлади. Бу вақтда савдо қилиш мумкин эмас. Ҳур-озод кишига ҳам, эрки ўзида бўлмаган қулларга ҳам, ёш бола ва ҳатто хотинларга ҳам мумкин эмас. (Аслида буларга жума намози вожиб эмас. Шундай бўлса ҳам азондан кейин савдо ишини тўхтатишлари лозим. Тарж).

Ибн Қосим имом Моликдан ривоят қилишича, жума ўқиши вожиб бўлмаган юқоридаги кабиларга жума азони вақтида савдо қилиш макруҳ бўлади ва байлари бузуқ бўлади.

Имом Лайс раҳматуллоҳи алайҳ айтади: имом минбарга чиққанда унинг рўпарасида азон айтилиши билан одамлар ва имом то жумадан қайтгунларича савдо-сотиқ жоиз бўлмайди.

Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Савдо-сотиқ билан овора бўлиб жума намоз вақти кирганини сезмай қолди. Ёдига келганда эса фурсат жуда оз—аранг намоз ўқиб олишга етарли вақт қолган. Бу одам гуноҳкор бўлади аммо савдоси жоиз бўлаверади. Шунингдек, жума намози ўқиётган одамга кимдир: “шу молимни сенга шунчага сотдим”—деса, у намозда турган ҳолида: “олдим”—деса, бу савдоси жоиз бўлаверади. Аммо намозни бузгани ва азондан кейин то намоз тугагунча бўлган оралиқда савдо билан шуғуллангани учун осий бўлади. Имом Таҳовий. Мухтасару ихтилаф ал-улама. 3 –Ж 1142 масала. Таҳрирчи Ботиржон қори.

Содиқов МУҲАММАДАМИН

Андижон туман “Кўк тўнли ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *